O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қозоғистон БМТ қарорига зид равишда ўзбекистонликни экстрадиция қилди

Қозоғистон БМТ қарорига зид равишда ўзбекистонликни экстрадиция қилди
117 views
15 March 2013 - 10:17

120328101205_kazakh_almaty_uzbek_kazakhstan__304x171_bbc_nocreditҚозоғистон қарийб бир йилдан бери ҳибсхонада ушлаб турилган ўзбекистонлик қочқинни Тошкентга топширган.

Сал аввалроқ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Ҳайрулло Турсуновнинг шикояти кўриб чиқилмагунча, уни Қозоғистонда ушлаб туриш ҳақида мактуб юборган эди.

Бу билан Қозоғистон иккинчи марта қочқинлар ҳуқуқлари борасида ўзи имзолаган халқаро конвенцияларни бузмоқда.

Хайрулло Турсуновнинг Тошкентга бериб юборилгани ҳақида jarayon.com саҳифаси маълум қилди.

Сайтда айтилишича, 13 март куни эрталаб соат 10:15 Олма ота – Тошкент йўналиши бўйича учган учоқда Турсунов ватанига қайтарилган.

Қозоғистон ҳукумати ушбу хабарни инкор ҳам қилмади, тасдиқламади ҳам.

Шу йилнинг 28 февраль куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Турсуновнинг иши бўйича Қозоғистон ҳукуматига мурожаат билан чиққан эди.

БМТ бошқармаси Турсуновнинг шикояти Қийноқларга қарши қўмитада 6 ой давомида кўриб чиқилмагунча, уни Ўзбекистонга бериб юбормаслик ҳақида сўраган эди.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси юристи Денис Живага Қозоғистон ўзи имзо чеккан ковенцияга амал қилиб бошпана изловчини юбормай туриши керак бўлганини айтади.

“Қозоғистон қийноқларга тўғрисидаги конвенцияга имзо чекканидан сўнг ва БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасидан ушбу фуқаронинг иши кўриб чиқилаётгани ҳақида мактуб келганидан сўнг ушбу текширувнинг якунланишини кутиб туриши керак эди. Уни экстрадиция қилмаслиги лозим эди”, – дейди Денис Живага.

Ҳайрулло Турсунов 2012 йилнинг апрелида Ақтўбеда қўлга олинган ва вақтинчалик тергов изоляторида сақланган.

Ўзбекистон томони уни конституцион тузимга тажоввуз қилиш, терроризм, Туркистон Исломий Ҳаракатига аъзолик ва Олма-ота шаҳрида жиноий диний жамоатда фаолият юритишда айблаб қидирувга берган.

Қозоғистон ҳукумати диний қарашлари учун таъқибдан қочган ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг 29 нафарини бир йиллик ҳибсда ушлаб туриши ортидан 2011 йилнинг июнь ойида Ўзбекистонга топширган эди.

Қозоғистондаги қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси аъзоси, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов мусулмонларнинг халқаро ҳамжамият томонидан таъқиқларга қарамасдан Ўзбекистонга бериб юборилишини Қозоғистонда Ислом динига ва унга амал қилувчиларга нисбатан муносабатнинг ўзгаргани билан боғлайди.

“Кейинги 4-5 йил ичида Қозоғистондаги сиёсий элитанинг дин тўғрисидаги тафаккури ўзгарди. Унгача анча мўътадил муносабатда бўлган Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистоннинг йўлини тута бошлади ва жамиятнинг диндорлик даражасини қаттиқ назорат қилиш керак деган хулосага келди”, – дейди жаноб Раббимов.

Узоқ йўл

38 ёшли Хайрулло Турсунов муқаддам Ўзбекистонда судланган, аммо 2005 йилнинг феврал ойида амнистия қилинган.

Бироқ, 2009 йилнинг август ойида маҳкама қарори билан қисқа муддатга яна ҳибсга олинган. Унинг шикоятида айтилишича, унда уни ҳибсда ушлаб турган Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари қийноқлар қўллаб, ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулла Жалиловни топиб беришни талаб қилишган.

Турсунов 2009 йили ҳибсдан чиқиши билан Россияга қочган. Кейинчалик Ўзбекистондан қочиб чиқишга мажбур бўлган турмуш ўртоғи Нодира Бўриева ва фарзандлари билан бирлашиш учун Олма-ота шаҳрига келиб БМТдан қочқинлик мақомини сўраган. Бироқ, БМТ ва Қозоғистон Миграция полицияси уларнинг аризасини рад қилган.

Турсуновнинг турмуш ўртоғи учинчи бир давлатга чиқиб кетгани айтилади.

bbc.co.uk/uzbek