O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қозоғистонда ҳарбий учоқ ҳалокатга учради (видео)

25 декабр куни, махаллий вақт билан 18 дан 55 дақиқа ўтганида, (Москва вақти билан 16:55да) Қозоғистон жанубидаги Чимкент шахри атрофида харбий учоқ халокатга учрагани хақида нохуш хабарлар келди.

Қозоғистонда ҳарбий учоқ ҳалокатга учради (видео)
140 views
26 December 2012 - 10:21

an7225 декабр куни, махаллий вақт билан 18 дан 55 дақиқа ўтганида, (Москва вақти билан 16:55да) Қозоғистон жанубидаги Чимкент шахри атрофида харбий учоқ халокатга учрагани хақида нохуш хабарлар келди. Учоқ ичидаги 27 одамнинг хаммаси халок бўлгани хам айтилаяпти.

Қозоғистоннинг “Седьмой канал” телеканали халокат хақидаги ўзининг тезкор хабарида, харбий учоқнинг Астанадан, Ўзбекистон пойтахтига учиб кетаётгани хақида айтди.

“Учоқ Шимкент шахрида бир қўниб ўтиб, у ердан Ўзбекистон чегара хизмати рахбарияти билан бўладиган учрашув учун Тошкентга учиб кетиши лозим эди” деди телеканал бошловчиси техкор хабарда.

Халокатга учраган учоқнинг маркаси АН 72 бўлиб, у Қозоғистон Миллий Хавфсизлик кўмитасининг (МХҚ) чегара хизмати ташкилотига тегишли эканлиги хам айтилаяпти.

Қозоғистон телеканаллари тарқатган маълумотга кўра, халокатдан бир кун олдин Астана шахрида мамлакат Чегара хизматининг 2012 йил якунларига бағишланган харбий кенгаши бўлиб ўтган. Учоқ ичидаги Қозоғистон чегара хизматининг рахбарлари, Тошкентга учиш олдидан, харбий кенгаш қарорини жанубий чегара хизмати қўшинларига етказиш учун Шимкентга кўниб ўтишни режалаштирган эдилар

Учоқ ичида 7 нафар экипаж аъзоси ва 20 нафар Қозоғистон МХҚ чегара хизмати қўшинлари ходимлари хам бўлиб, улар орасида Чегара хизмати директори вазифасини бажарувчи Тарғанбек Истамбеков хам борлиги айтилаяпти.

Хабарларнинг баъзиларида, харбий учоқнинг халокатига мураккаб оби хаво шароити хам сабаб бўлиши мумкинлиги айтилди. Дархақиқат, Шимкентлик фуқароларга кўра, халокат куни эрталаб бошланган ёмғир, куннинг иккинчи ярмидан кучли кор бўранига айланган ва у деярли хозирга қадар давом этаяпти.

Бироқ, Қозоқ матбуотига АН 72 харбий учоғининг характеристикалари хақида маълумот бераётган мутахасислар, бу учоқнинг жуда хам пухта пишиқ яратилганлиги ва унинг хар қандай оби хаво шароитида хам ўз вазифасини бемалол бажариши хақида гапиришаяпти. Уларга кўра. Харьковда ишлаб чиқариладиган ушбу учоқ ўзининг 27 йиллик тарихи давомида, бу фожеага қадар фақат бир марта халокатга учраган холос.

Учоқнинг Жанубий Қозоғистондаги Сайрам қишлоғи атрофига қулагани айтилгач, биз ана туманда истиқомат қилувчи танишларимизга телефон қилдик.

“Қоронғу тушиб қолганди. Кучли қор ёғаётганди. Уйимизга келган мехмонни кузатиш учун, кўча дарвозаси олдида эдим. Овулимиз устидан самолет пастлаб учиб ўтди. Бир оздан кейин худди бомба портлагани каби кучли овоз эшитилди. Қишлоғимизга яқин жойдаги тош карьер яқинига учоқ қулабди дейишди кейин махалла болалари. Бориб узоқдан кўрдик, думи кўриниб турибди холос, учоқ парчаланиб кетган. Хаммаёқ ёниб ётибди. Хеч кимни у ерга ўтказишмаяпти. Хамма томони тўсилган” деди (номини айтмасликни сўраган) Сайрам атрофидаги қишлоқларни бирида яшовчи Д. исмли фуқаро.

Сайрам қишлоғига яқин бўлган Пахтакор ахоли пунктида яшовчи фуқароларнинг айтишларича, пастлаб учаётган учоқнинг қанотлари ва трубинаси ёнаётган бўлган.

“Хаммамиз югуриб чиқдик. Учоқ паст учиб ўтди, унинг иккала қаноти ва моторидан хам ўт чиқарди. Бир оздан сўнг кучли портлаш овози келди. Деразаларимиз очилиб кетди” деди А. Исмли сухбатдошимиз.

Бу каби хабарларни Ўзбекистон матбуотидан фарқли ўлароқ, дархол тарқатадиган қозоқ матбуоти Жанубий Қозоғистон фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Валихон Ережеповни хам сўзларини келтиради. Бошқарма бошлиғининг матбуотга билдиришича, учоқ бутунлай парчаланиб кетган ва ундаги одамлар ичида тирик қолганлар йўқ…
Қозоғистон харбий прокуратураси воқеа юзасидан жиноий иш очганини маълум қилди.

Махаллий матбуотнинг ёзишича, мамлакат чегара хизматида 2 дона АН 72 учоғи бўлган. Борт номери UP-72859 бўлган халокатга учраган АН 72 учоғининг иш бошлаганига атига икки ой бўлганлиги хам айтилаяпти.

Улуғбек Хайдаров тайёрлади
(Канада)