O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қув одамнинг бир кун чиқади миси…

Қув одамнинг бир кун чиқади миси…
232 views
07 February 2015 - 11:40

1Кезанган билан     
Етмиш ёшли қардош, кирмагил жангга,
Ўқ нишонга тегмас кезанган билан,
Қувонма, кесакдан бўлган бинога,
Кесак бино тутмас, тузатган билан.

Одамзотдан келар одамлик иси,
Қув одамнинг бир кун чиқади миси,
Мўминни қийнайди одамнинг пасти,
Қайтиб туҳмат қилар, туз еган билан.

Узоқ йўлга бедавлатни бош этма,
Эркни қўлдан бериб, дилни таш этма,
Аҳмоққа иш бериб, сиринг фош этма,
Ғалвирда сув турмас, ушлаган билан.

Дўст тутма кўп ёшлик одам кўсасин,
Борни “йўқ” деб, бўш кўрсатар киссасин,
Бирубор бўш этса, бошинг косасин,
Не фойда, сиртидан безаган билан.

Аввал, Махтумқули, ўзинг тузатгил,
Ўзингни сен ўзгаларга кўз этгил,
Оз егин, оз ётгил, сўзинг оз этгил,
Не фойда маъносиз сўзлаган билан.

Далолат яхши     
Одамзотга асло аччиқ сўз деманг,
Фақир, мискинларга далолат яхши.
Бахилга учраманг, кулар юз берманг,
Муҳим битирмоққа кифоят яхши.

Етимни кўрганда, кулар юз бергил,
Қўлдан келса, унга таом, туз бергил,
Ғамлини кўрганда, ширин сўз бергил,
Ўксикни қўлларга ҳимоят яхши.

Йигит улдир – сўзга айласа амал,
Қўлдан келмас ишга этмаса жадал,
Аллоҳнинг амрига қилмагил баъдал,
Бекка – берим, шоҳга – адолат яхши.

Ғариблик бир дарддир – одам ўлдирмас,
Ўлдирмаса, тирикликда кулдирмас,
Ит ҳам ориқлигин қуртга билдирмас,
Албатта, душманга сиёсат яхши.

Махтумқули, шукр, ширин тил берди,
Шажарлар кўкариб, булбул, гул берди,
Гўрўғли Райҳонга қанча ёлворди,
“Омондир” деганга диёнат яхши

(Қурт – бўри)

Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди.