O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қулликдаги тинчлик алдаб қўймасин!

Қулликдаги тинчлик алдаб қўймасин!
120 views
24 September 2013 - 16:57

 

Мисрда қулликда юрган даврида,

Тинчликни севарди Бани Исроил

Ортиқча ғам ташвиш йўқ эди унда,

Бандилик ҳаётга у эди қойил.

Барчаси қул эди бутун бир халқнинг

Шижоат ғурурдан йўқ эди нишон.

Бир бурда нон учун эркини сотиб,

Қадрини йўқотди мукаррам инсон.

Ҳазрати Мусони юбориб Эгам,

Кетиш йўлин берди буюк Мисрдан.

Қуллардан узилди темир кишанлар,

Лек қалблари қолди – занжирбанд кишан

Очлик, ташналикка чидамай улар,

Ҳазрати Мусога қилдилар дашном.

«Бундай эркин ҳаёт бизга керакмас,

Бандилик ҳаётда олардик инъом».

Қулликда тинчликни севган Исроил,

Минг йиллар дарбадар бўлди дунёда.

Бир тан – бир жон бўлиб, курашиб улар,

Барча миллатлардан бугун зиёда.

Ўзлигинг, қадрингни билиб олишга,

Наҳотки минг йиллар керак сенга ҳам.

Курашдан қайтмади Бани Исроил,

Миллионлаб қурбонлар берган бўлса ҳам.

Манқурт фарзандларинг чор атрофингда,

Този итдай хизмат қилар золимга.

Андижонда отиб она халқини,

Томошабин улар бугун ҳолингга.

Бирлашгин сен бугун эркинг йўлида

Тарих саҳнасидан ўчмасдан бурун.

Курашни истамай миллионлаб халқинг,

Дунёга тарқалиб кўчмасдан бурун.

Кўзингни оч халқим, уйқудан уйғон,

Қулликдаги тинчлик алдаб қўймасдан.

Бир тан – бир жон бўлиб эрк учун кураш,

Бу золим яккалаб ютиб бўлмасдан.

 

Муҳаммад Нуруллоҳ