O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ
157 views
08 May 2012 - 21:12

Аҳмад Лутфий Қозончи

Волий Абу Ҳурайра

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар томлари тунукадан ёпилаётган, деворлари охаксувоқ қилиб курилаётган уйни кўрдилар. Ўша давр учун бу уй ҳашаматли ҳисобланарди. Ҳазрати Умар уй кимникилигини сўраганларида, одамлар Баҳрайн волийи Абу Ҳурайраники эканини айтишди. Ҳазрати Умар бир муддат ўйлаб туриб: “Динору дирҳамлар буларнинг бурнини кўтариб қўйибди” дедилар.
Зеро, Абу Ҳурайра Мадинадан кетаётган пайтда бундай уй қурдирадиган имкони йўқ эди. Лекин ўша ерда топган пулларига шундай ҳашаматли уй қурдиряпти.
Ҳазрати Умар сўраб-суриштириб, бир минг динорга зотдор от ҳам сотиб олганини аниқладилар. Тезда Баҳрайнга хабар юборилди ва Абу Ҳурайра Мадинага етиб келди.
Ҳазрати Умар мол-мулкининг ярми Байтулмолга олинажагини айтганларида, Абу Ҳурайра эътироз билдирди. Бунисини ортиқча деб билган Ҳазрати Умар қўлларидаги таёқ билан тушириб қолдилар.
— Ўзи бир ёқдан келиб, Баҳрайнга кетган бўлсанг. Одамлар ўзлари олиб келадиган мол-мулклари билан сени бой қилиб қўйсинлар, шунаками?
Абу Ҳурайрага нисбатан “Пора олган” иборасини қўллашдан йироқмиз. У бундай қилиши мумкин эмасди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Пора олган ҳам, берган ҳам жаҳаннамга киради”, деганларини у зотлар яхши билишади.
Абу Ҳурайра пора кенг тарқалган жамиятда хотиржамлик йўқолишини, адолат ўртадан кўтарилишини яхши тушунарди. Балки у тажрибасиз волийлиги учун савдо-сотиқ қилаётганда кўпроқ фойда қилиб, имкониятлари кенгайгандир.
Ажаб, у ёкқа волий эмас, Абу Ҳурайра сифатида борганида ўша ҳушсуханлик билан кутиб олиниб, ўша қулайликларга эга бўлармиди? Жамият хусусиятларини яхши биладиган одамлар бу саволга “Ҳа” деб жавоб бермаса керак. Абу Ҳурайра эртага яна Баҳрайнга қайтса, фақат волий сифатида эмас, у муомалалар ўзгарганига гувоҳ бўлиши турган гап эди. Кеча очиқчеҳра, ширин тил билан мурожаат қилган, ҳол-аҳвол сўраб саломига алик олишига илҳақ турганлар бугун уни кўрмасликка олиб кетадилар. Кеча ёнига келиши учун имкон излаганлар бугун нари юриш учун минг баҳона топиб берадилар.

* * *

Бомдод намозини ўқигандан сўнг Абу Ҳурайра ўтирган жойида Ҳазрати Умарнинг ҳақларига дуо қилди. Уйлай-ўйлай Ҳазрати Умарни ҳақ деб ҳисоблай бошлади. У закот йиғувчи бир одамнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Расулуллоҳ булар закотга берилган моллар, манавиларни эса менга ҳадя қилишди”, деганда: “Отангнинг уйида ўтирганингда ҳам буларни сенга келтириб беришармиди?” дея, унга берилган молларни ҳам закотга қўшиб юборган эдилар. Шуларни ўйларкан, Абу Ҳурайранинг елкасига кимдир қўлини қўйди.
— Лавозимингга қайтасанми, Абу Ҳурайра?
— Йўқ, буни истамайман.
— Фақат Юсуф алайҳиссаломгина вазифасини яхшироқ бажарган.
— У киши пайғамбар эдилар. Мен эса бор-йўғи Умайманинг ўғлиман. Бундан буёғига иззат-нафсимга тил теккизишларини, гарданимга қамчи тушишини ва мол-мулкимни мусодара қилинишига йўл қўёлмайман.
Шу тариқа Абу Ҳурайранинг бошқарув сохасидаги фаолияти ниҳоясига етганди.

Уч талоқ масаласи

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин одамларда қандайдир бўшликни ҳис қилган Ҳазрати Умар талоқ масаласида ҳам жиддий ҳаракатлар қилиш кераклигини англадилар. Қуръон ва суннатга кўра, бир оиланинг бутун ажрашиб кетиши учун алоҳида-алоҳида ҳолда уч маротаба талоқ тушиши керак эди. Бунга кўра, ҳомиладор бўлмаган хотинидан ажрашишни истаган эркак бир маротаба талоқ қилади. Шундан кейнн у ўша аёл билан бир-бирига бегона бўлади. Агар яна яшаб кетишса, иккинчи маротаба ҳам талоқ қилиш мумкин. Учинчи марта талоқ қилгандан кейин эр-хотин бутунлаи ажрашишган ҳисобланади.
Уч талоқнинг орасида бунча вақт бўлишининг ҳикмати шундай: “Эр-хотин ажрашади ва ёлғиз яшаш афзалми ёки йўқ?” Буни ҳаётда яшаб кўриб, охирги қарорни шунга қараб чиқариш имконини беришдир.
Лекин Ҳазрати Умар даврларига келиб бу жиддийлик йўқолиб, одамлар бир талоқ ўрнига уч талоқ деб юбораётганларини эшитиб, саҳобаларнинг улуғлари билан маслаҳатлашишга қарор қилдилар. Саҳобалар мажлисида ушбу масала кўриб чиқилди ва қуйидаги фикрда тўхталди: Кимки бир вақтнинг ўзида хотинини уч марта талоқ қилса, бу росмана уч талоққа ўтиб, масала шунга кўра ҳал қилинади.
Шу тариқа бу қарор Ислом оламига кенг тарқалди.

Умму Гулсум

— Али, қизинг Умму Гулсумни никоҳимга олмоқчиман.
Ҳазрати Али учун бу кутилмаган таклиф бўлади.
— У ҳали анча ёш-ку, мўминлар амири.
Ҳазрати Умар индамадилар. Бу гаплари билан Ҳазрати Али: “Сиз ёшингизга мосига уйлансангиз яхшироқ бўларди”, демоқчи эдилар.
Ҳазрати Умар бошқа гапирмадилар. Бу фикрни у кишига Амр ибн Ос берган эди. “Расулуллоҳга қариндошлик муносабатингиз бўларди”, деган эди Амр.
Ҳазрати Умарнинг бундай қариндош-уруғчиликка эҳтиёжлари йўқ эди. Зеро, у киши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ораларида қариндошликдан ҳам юқорирок, ришталар бор эди. Қизлари Ҳафса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи аа салламнинг аёллари эди. қолаверса, Ҳазрати Умар инсон охиратда насаб эмас, иймон ва ихлос билан қилинган амал салим қалб билан азиз бўлишни яхши биларди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қариндош бўлиш истагида Ҳазрати Алининг кизларига оғиз солганларини билганлар: “Али сизга рад жавоби берибди”, дея бошладилар. Ҳазрати Умар иккинчи маротаба Ҳазрати Алидан қизларини сўрадилар ва яна “Қизим ҳали ёш”, деган жавобни олдилар.
— Ундай бўлса, уни олдимга юбор, бир кўрай-чи, — дедилар амирул мўминин.
Бир оздан кейин Умму Гулсум ҳирқа кўтариб Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига кирди.
— Мўминлар амири шуни сўраганмикан, дедилар, отам?
— Ҳа шу. Отангта салом айт!
Умму Гулсум ортига ўгирилиб кетаркан, Ҳазрати Умар қўлларини унинг кўйлагидан ўзларига тортдилар. Бундай қилишдан мақсад кизнинг бунга муносабати орқали унинг ҳали ёш болами ёки балоғатга етиб қолганми, шуни билиш эди.
Умму Гулсум қайрилди:
— Амирул мўминин эканлигингизга шукр қилинг, акс ҳолда кўзларингизни ўйиб олардим, — деди ва тез-тез юриб чиқиб кетди. Бу билан у ўзига уйланиш учун йўл очиб берганини билмасди.

* * *

Умму Гулсум Ҳазрати Фотиманинг Ҳасан, Ҳусайн ва Зайнабдан кейинги тўртинчи фарзандлари эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида дунёга келган, лекин суюкли бобосини танимас эди. Унинг бўйи етиб қолгаи эди. Уч-тўрт йил кейин турмуш қурса ҳам кеч бўлмасди, лекин араблар ҳаётида бу каби воқеалар ўша вақтда тез-тез учраб турарди.
Ҳазрати Умар Умму Гулсумдан Зайд ва Руқаййа исмли фарзанд кўрдилар.

* * *

Бу никоҳдан уч-тўрт йил ўтиб, Ҳазрати Умар шаҳид қилиниб, Умму Гулсум бева қолди.
Ҳазрати Али қизига дедилар:
— Қизим, бундан буён ўзинг бўлажак турмуш ўртоғингни танлашинг мумкин. Истасанг мени вакил қил, сени ўзим узатай. Ёхуд хоҳишингга қараб иш тут.
Умму Гулсум яна ёши катта одамга турмушга чиқиши олдини олиш мақсадида:
— Отажон, мен аёлман. Ҳар қандай аёл орзу қиладиганни мен ҳам орзу қилишга ҳаққим бор, — деб жавоб берди.
Умму Гулсум акалари Ҳасан ва Хусайнларнинг қистовлари билан Авф ибн Жаъфар ибн Абу Толибга турмушга чиқди. (“Тарихи Табарий”)

Амр ибн Ос

Кунларнинг бирида Амрга Мадинадан хат келди. Унда Ҳазрати Умар шундай деб ёзгандилар: “Менга келган хабарларга кўра, сенинг жуда кўп йилки, туя, сурув ва қулларинг бор эмиш. Авваллари бунақа бой эмасдинг. Буларнинг бари қаердан келяпти? Ҳеч нарсани яширмай, менга етказ”.
Амр эса куйидаги жавоб хатини жўнатди: “Амирул мўминин яхши биладиларки, мен серсув ва бой ўлкада яшаяпман. Халқ каби зироатчилик ва ҳунармандчилик қилиб, ризқимни топаяпман. Мадинага юборилаётган солиқлар камаймаган, аксинча, ортган. Шуни ҳам айтиб қўяйки, валлоҳи, сизга хиёнат этиш ихтиёри бўлганида, бундай қилинмасди.

Нихованд тарафга

Нўьмон ибн Муқаррин охирги маротаба Каскарни фатҳ қилиб, ўша ерда муқим қолган эди. Каскар серунум ерли, одамлар бой юрт эди. Бу юртни бошқарган одамнинг ҳам бадавлат бўлиш табиий эди. Зеро, бу ерда қолиб, дунё неъматлари лаззатига ғарқ бўлиш, шоҳона ҳаёт кечириб, ўзидан кейингиларга яхшигина мерос қолдириш мумкин эди.
Лекин Нўъмон қўрқув ичра яшар эди. Е бунақа сарват-бойликка маҳлиё бўлган нафс жиловини тортиши керак. Ёки унинг орқасидан югуриб, адаб чегарасини бузиб ўтиши керак.
Шу кунга қадар қанчадан-қанча инсонларга беҳисоб бойлик берилди. Бироқ уларнинг биронтаси яхши ном қолдира олмади. Бинобарин, улар куч-қувватини ўша бойликни кўпайтиришга сарфлаган, ўз ғурури ва кибрига асир тушиб маҳв бўлган эдилар.
Нўьмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларини олган эди. Лекин у ҳам олдинда нималар кутаётганини билмас эди. Яхшиси, вақтида тадбир қилиб, бошига тушмасдан фалокатнинг олдини олиш керак. У кўлига қоғоз-қалам олиб, Ҳазрати Умарга мактуб ёза бошлади: “Мўминлар амири, тасаввур қилингки, ёш ўспирин орзу-ҳавасларга берилган бўлади. Унинг ёнида жозибадор ва дилтортар, сочларини ёйиб олган, хушбўй атир сепиб олган жонон турибди. Каскар билан менинг орамда ҳам шундай муҳит бор. Аллоҳ ризолиги учун мени бу мансабдан озод қилинг ва бошқа қўшинга қўшинг. Вассалому алайкум! (“Тарихи Табарий”)

* * *

Форслар устидан кетма-кет қозонилган ғалабалар мусулмонларга чексиз қувонч бахш этди. Аммо форс халқи, айниқса, бадавлат аҳоли ва ҳокимлар бундан унчалик мамнун эмасди. Фикрларича, мулк ва салтанат қўлдан кетиб улар деярли қулга айланиб қолган эдилар. Бунга чек кўйиб, ўз мамлакатларида яна ўзлари ҳоким бўлишни истардилар. Бир гуруҳ бойлар ва собиқ амалдорлар гапни бир жойга қўйиб, Рай шаҳрига яширинган шоҳ Яздажирд билан учрашдилар. Улар подшоҳга агар у мусулмонларга қарши жанг бошласа, кўллаб-қувватлашларини билдиришди.
Яздажирд бу таклифга рози бўлиб, чор атрофга хабар жўнатди ва Ниховандга тўпланишларини буюрди. Форслар буни мамнуният билан қарши олишди. Шу тариқа улар ҳам қўлдан кетган мулкни қайтариб олиш, ҳам орзиқиб кутилган интиқом онларини нишонлаш мақсадида Нихованд томон отландилар.
Вазиятдан воқиф бўлган Саъд ибн Абу Ваққос вақтни ўтказмай, Ҳазрати Умарга хабар бериб, форсларнинг мақсадини маълум қилдилар.
Айни шу дамда Ҳазрати Умарга Саъд устидан шикоят келиб тушган эди: “Намозни кўнгилдагидек ўқимайди, ўлжа-ғанимат молларини тенг тақсимламайди, раиятга адолат билан муносабатда бўлмайди, қўшин билан бирга юрмайди”.

Шикоятчилар бошида Жарроҳ ибн Синон турарди.
Саъд ибн Абу Ваққос устидан намоз масаласида арз бўлиши мумкин эмасди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан йигирма йил бирга бўлган Саъд намозни билмаса, булар қаёқдан билишади?! Қуръонда намоз ўкиш шакли қандай бўлиши айтилмаган. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай намоз ўкиганларини фақат ва фақат саҳобалардан ўрганиш мумкин эди.
Ҳазрати Умар уларга:
— Сизларнинг ёмон одам эканингизга далил — бу ишга бурун сукишингиздир. Бунақада бошингиз ҳализамон балолардан чиқмай қолади, — дедилар. Кейин Муҳаммад ибн Масламани Куфага жўнатиш учун чақириб, унга бўлган гапни тушунтирдилар ва суриштириб кўриб, натижасини ўзларига етказишни буюрдилар.
Муҳаммад ибн Маслама Куфага йўл олди. Оғир шароитда бир неча кун узоқ йўл босган Муҳаммад них,оят Куфа масжидига етиб келди. У Саъд ибн Абу Ваққосга учрашмай, жамоат билан гаплашиб олмоқчи бўлди.
— Раҳбарингиз ҳақида нима дея оласизлар?
— У ҳақда фақат яхши гапларни айтишимиз мумкин.
— Ундан хурсандмиз.
— Ўзимизнинг раҳбардан бошқаси керакмас.

Муҳаммад борган барча масжидларда одамлардан шу ва шунга ўхшаш жавобларни олди. Фақат Жарроҳ ибн Синоннинг тарафдорлари сасларини чиқармади. У Бану Абс масжидига борди ва:
— Аллоҳ рози бўлсин, билган ҳақиқатни яширмай айтинглар, — деди.
Усома ибн Қатода ўрнидан туриб, сўз олди:
— Аллоҳ билан қасам ичаманки, биз ҳам гапиришимиз керак, — дея, Саъд ҳақидаги ўша нохуш гапларни гапирди.
— Ундай бўлса, Умарнинг олдига ҳам борасиз.
Ибн Маслама Саъд ибн Абу Ваққос ва унга қарши гапирганларни ёнига олиб, Мадинага йўл олди. Улар Саъд ҳақидаги гапларини Ҳазрати Умарнинг ҳузурларида ҳам такрорладилар.
Ҳазрати Умар Саъдга юзландилар:
— Намозни қандай ўқияпсан?
— Дастлабки икки ракатни узунроқ қолганларини қисқароқ ўкияпман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо килиб ўқиган намозни ўзгартирмадим.
Жавобдан маълум бўлдики, шикоят ракатларнинг узун-қисқалиги билан боғлиқ эди.
— Биз ҳам сен ҳақингда шундай ўйлаган эдик. Намозни бошқача ўқишинг мумкин эмас.
Кейин Ҳазрати Умар шикоятчиларга қараб, Саъднинг намози ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламникидан бошқача эмаслигини ва ўзлари ҳам Мадинада шундай намоз ўқишларини айтдилар ва Саъдга юзланиб деди:
— Эҳтиёткорлик лозим бўлмаганида, уларга қандай чора кўрилиши маълум эди.

Бу билан: “Улар билан нима қилишни яхши билардим. Лекин Форсга қарши жанг олдидан уларга жазо бергим келмаяпти”, демоқчи эдилар. Ҳолбуки, Набий алайҳиссалом замонларида бундай вазиятларда Ҳазрати Умар жаҳллари чиқиб: “Изн беринг, Расулуллоҳ калласини олай”, дердилар. Лекин орадан анча вақт ўгиб, воқеага теранроқ ёндошиши талаб этиларди.
Саъд қаттиқ ранжиган эди. Агар намоз хусусида танбеҳ бериладиган бўлса, фақат амирул мўминингина бундай қилиши мумкин эди. Ёки Ҳазрати Али, Убай ибн Каъб, Усайд ибн Хузайр, Зубайр ибн Аввомлар бу ҳақда гапирсалар, бунга рози эди. Бироқ ўзи эндигина Исломни қабул қилган ва тўғри гапираётганига ўзлари ҳам ишонмайдиган одамлар бунақа масалаларда оғиз очса, кўнгилга оғир ботаркан. Устига-устак, бу одамлар амирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек намоз ўқигани учун унинг устидан арз қилаётган эди. Яъни, Саъд тўғри иш қилгани, Аллоҳ ва Расули айтган йўлдан юргани учун танқидга учраётган эди. Ҳозир бундай вазиятларда кўли таёққа етган ва ҳаддидан ошганларга таъзирини бериб кўядиган Ҳазрати Умар ҳам жим эдилар. “Менимча, калтак егингиз келяпти, шекилли”, — демадилар. Қодисия фотиҳи шундай деди:
— Мушрикларнинг қонини оқизган менман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақатгина менга: “Отам ва онам сенга фидо бўлсин”, деганлар. Мендан аввал ҳам, кейин ҳам ҳеч кимга бундай демаганлар. Мен Исломни қабул қилган илк беш инсондан бириман. Асад авлодлари мени тўғри намоз ўқимасликда айблаяптилар, овга берилиб, вазифамни бажара олмаётганимни айтяптилар.

Сўнгра Саъд кўлларини кўтарди:
— Аллоҳим, булар менга туҳмат қилиб, одамларнинг кўзига яхши кўринмоқчи бўлсалар, фитна-фасод чиқариб, жанжал чиқаришга ҳаракат килаётган бўлсалар, уларга қайтарилмас бало юбор, — дея дуо қилдилар.
Аввалроқ Куфада турганида ўзига қарши гапирган Усома ибн Қатода ҳақида ҳам:
— Аллоҳим, агар бу киши бу гапни ҳақиқат учун эмас, туҳмат қилиб айтаётган бўлса, кўзларини кўр кил, оиласини парокандаликка гирифтор айлаб, фитналарга дучор эт, — деб дуоибад қилди.
Ривоятларга караганда, Саъд баддуо қилган одамлар, ҳақиқатда ҳам турли балоларга гирифтор бўлганлар.
— Бу ерга келаётганингда ўрнингга кимни қолдирдинг, Саъд?
— Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Итбонни.
Ҳазрати Умар мактуб ёзиб, Абдуллоҳни волий қилиб тайинлаганларини маълум қилдилар. Шу тариқа Қодисиянинг машҳур қўмондони асоссиз равишда вазифасидан олинди.
* * *

Золим бир четда қолиб, мазлум жазоланган эди. Ҳолбуки, Саъд ваколатлари кўпайтирилган ҳолда яна ўз лавозимларига қайтарилиши ва туҳматчилар ўз жазосини олиши керак эди. Ҳазрати Умар ҳам тамойиллардан чекиниб, иғвогарлар кўз ўнгида ортга қадам ташладилар. Зеро, Ярмук ғазотидан кейин Ислом тарихида энг буюк ғалабага эришган Саъд ибн Абу Ваққос эса бутун Куфа халқи унинг шаънига илиқ гаплар айтганига қарамай, уч-тўрт нафар иғвогарнинг бемаъни гап-сўзи туфайли номи қорага чиққан эди. Кўпчиликнинг фикри инобатга олинмай қолиб кетди.

* * *

Ҳазрати Умар Саъднинг масаласини ҳал қилиб бўлиб, эътиборини Форс билан бўладиган жангга каратдилар. Амирул мўминин Хурмузонни чақириб, Форснинг ҳозирги аҳволи ҳақида сўрадилар.
— Ҳозир У ерда бир бош ва икки қанот қолган. Қанотларни эплолсангиз, бир бошнинг ўзи ҳеч нарсага яролмайди. Улар Ниховандда, Бундарнинг ёнида ҳозир.
Ҳазрати Умар Хурмузоннинг фикрига қўшилмадилар.
— Мен бошдан бошламоқчиман. Бош кетса қанотлар ҳам синади.
Халифага келган хабарларга кўра, Форс қўшини Ниховандда тўпланган эди. Шу кунгача бўлиб ўтган жанглардан кейин уларнинг кўллари ва қанотлари синган, бир зарба билан бутунлай маҳв этиш қолган эди, холос.
Ҳазрати Умар жангда қатнашиб, қўшинни шахсан ўзи бошқармоқчи бўлдилар.
Лекин бошқалар бунга унамадилар:
— Аллоҳ хайрингизни берсин, Умар, ишни қўмондонларингизга топширинг. Сизга бирон нарса бўлса, мусулмонлар орасида тартибсизлик вужудга келади, — дейишди.
Бу гапни ҳатто саҳобалар ҳам қўллаб-қувватлашди ва Ҳазрати Умар ҳам шу гапга рози бўлдилар. Ҳазрати Усмон Яман, Сурия, Макка, Мадина, Куфа ва Басрадан қўшин тўплаб, Ниховандга жўнатиш таклифини ўртага ташладилар. Лекин ҳазрати Али бу фикрга кўшилмадилар.

— Ямандан аскар олсак, хабашлар ҳужум қилиб қолиши мумкин. Суриядан ҳам мадад ололмаймиз, румликлар ҳаракатга тушиб қолишади. Менимча, Куфа ва Басрадан қўлига қурол ушлай оладиганларнинг ҳар учтадан иккисини қўшинга жалб килиш керак. Қолганлар болалар ва аёлларни ҳимоя қилади. Шундай қилмасак, қўшин ортида чиқадиган муаммолар бизга муҳорабадан ҳам ёмонроқ ташвиш келтиради. Зеро, биз шу кунга қадар сонимизнинг кўплигига қараб эмас, балки Аллоҳнинг мададига ишониб жанг қилдик.
Ҳазрати Умар унинг таклифини тўғри деб билдилар.
— Хўш, қўмондонликка кимни тавсия киласизлар?
— Буни сиз биздан яхшироқ биласиз.
Ҳазрати Умар бошларини эгиб жим қолдилар. Хаёлларига биринчи бўлиб, Саъд ибн Абу Ваққос келди. Қодисиядан кейин Нихованддаги зафар ҳам унинг обрўсини оширар эди. Лекин яна фикрлашда давом этдилар. Бир неча номлар хаёлларидан ўтди. Бирдан кўз ўнгиларида кисқа, лўнда ва соф туйғулар асирлигида ёзилган мактуб пайдо бўлди. Ҳазрати Умар ўзлари истаган одамни топгандилар. Бу мактуб муаллифи ўзи. Каскар волийлигидан озод қилиб, қўшиндан жой беришини сўраган эди.
— Топдим! Шу ишга лойиқ одамни топдим.
— Ким экан у?
— Нўъмон ибн Муқаррин. Уни лашкарга қўмондон қилиб тайинлаймиз.
— Ҳа. У бунга муносиб. (“Тарихи Табарий”)

Ҳазрати Умар дарҳол Каскарга мактуб ёздилар: “Эй Нўъмон, хоҳишингни бажо келтириб, сени волийликдан озод қиламан. Вақтни кетказмай Ниховандга отланаётган қўшинга бош бўлиш учун етиб кел. Жангда сенга бирор кор-ҳол юз берса, ўрнингга Ҳузайфа ибн Йамон қолади. Унга ҳам нимадир бўлса, Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий ўрнини эгаллайди. Муҳим қарорларни қабул қилаётганингда Тулайҳа ибн Хувайлид, Амр ибн Маъдий Кариб ва Амр ибн Сулмо билан кенгаш ўтказ. Уларнинг фикрлари билан ҳисоблаш, тавсияларига қулоқ сол, лекин ўзбошимчалик қилишларига йўл қўйма. Аллоҳдан мадад сўраб: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳ”, деб йўлга чиқингиз”. (Ибн Касир, “Ал-бидоя”)
Нўъмон Каскардан келди ва қўшин бошига ўтиб, юришга амр берди. Ўттиз минг кишилик қўшин бир неча кундан кейин Нихованд яқинига етиб келиб, ўша ерда чодир тикди.
Мусулмонлар келганидан хабар топган Бундор элчи жўнатишларини сўради. Элчини ҳайрон қолдириш мақсадида чодири дабдабали тусда безатилди. Тайёргарликлар ниҳоясига етган эди ҳамки, элчининг эшикда кутаётганини хабар қилишди.
Элчи ичкарига кирганда Бундор ҳайратини яшира олмади. Шундай элчи учун бунақа чодир қуриш хайф эди. Кўзларидан чарчоқ аломати ва шошқинлик порлаб турган элчини кузатаркан, Бундор: “Шунча тайёргарлик шу олакўз тиланчигамиди?” деб ўйлади. Йирик қўшин, кучли давлат номидан келган бу одамга кийиш учун тузукроқ кийим топилмаганмикан ёки тахқирлаш мақсадида юборилдимикан? Устига-устак, бу инсон ўзини султон ҳузурида қандай тутишни ҳам билмайди. Худди саҳрода якка ўзи келаётгандек. Унинг бу қилиқларига ҳатто қўриқчилар ҳам чидолмай, туртиб: “Одамга ўхшаб юрсанг-чи”, деб танбеҳ берарди. Бироқ, бир кўзли тиланчи сифат бу одам юришини ўзгартирмай, уларга:
— Мен сизнинг таклифингизга биноан келдим. Элчига бундай муомала қилинмайди, — деди.

— Сен элчидан кўра, кўпроқ кўппакка ўхшайсан.
— Қизиқ. Манави тўрда ўтирган одамни қанчалик ҳурмат килсангиз, мен ҳам қавмим орасида камида шунча обрў соҳибиман.
— Турган гап. Сени кўриб қавминг ҳақида тасаввур киляпмиз.
— Буёққа ўтир!
Муғийра ўтиргач, Бундор гап бошлади:
— Сизлар, хайр ва яхшиликдан энг узоқ одамсизлар. Сиздан кўра кўзи очроқ, расво ва беватан халқ, йўқ, дунёда. Аскарларимга устингизга ўқ ёғдиришни буюриб, ўқларимиз жулдур кийимингизга тегиб ифлос бўлишини истамайман. Агар бу ердан туёғингизни шиқиллатсангиз, сизларга тегмаймиз. Кетмасанглар, ҳар бирингизга ўладиган жойларингизни кўрсатиб қўямиз.
Бундорнинг кўпол ва қаттиқ-қуруқ гапларига Муғийра парво ҳам қилмади.
— Сен тўғри гапирдинг, амир. Биз ҳақимизда гапирганларингнинг барчаси бир пайтлар ҳақиқат эди. Аллоҳ бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборгунча, ҳолимиз сен айтгандек эди. Лекин биз Аллоҳ ва Расулига иймон келтирдик. У эса бизга бу дунёда ғалабани, у дунёда жаннатни ваъда қилди. У ваъда қилган нарсалари бирма-бир рўёбга чиқяпти. Яна шуни яхши биласанки, биз бу ерга ортимизга кайтиб кетиш учун келмаганмиз. Е бу ерларни қўлга киритамиз, ё шу ерларда жон берамиз.
Бундор ёнидагиларга: “Бу бир кўз рост гапиряпти”, деб пичирлади. Сўнг Муғийрага ўгирилди:
— Кетишинг мумкин!

Энди жанг бўлиши аниқ эди. Бундор сал олдинроқ қилган қўрслигидан кейин: “Узр, биз хато қилдик. Жизяни қандай тўлайлик”, дея олмасди. Бундай қилгандан кўра, ўлимни афзал биларди. Элчи чақиришдан мақсад мусулмонларга тўғри тушунтириб: “Яхшиликча бу ерлардан кетайлик”, деган фикрни пайдо қилиш эди. Лекин энди рақиб билан фақатгина жанг орқали орани очди қилиб олиш мумкин. Келишувга кўра, форслар дарёни кечиб ўтадиган бўлишди. Душман дарёдан кечиб ўтиб бўлгач, аскарлар қочиб кетмаслиги учун қўшин ортидан темир тўсиқлар ўрнатишди. Бу тўсиқлар қочмоқчи бўлганлар учун ўлим дегани эди. Кейин улар етти кишидан бўлиниб олишди — бу ҳам қочишнинг олдини олиш мақсадидаги чора эди. Бундан ташқари, ўртага олинган рақиб аскарларига етти киши баравар ташланиб, уни бирёқлик қилиш кўзда тутилган эди. Форслар аввалги жанглардаги аччиқ тажриба — бу усулнинг самарасизлигидан хулоса чиқармаган эдилар.
Нўъмон, аввал огоҳлантириб қўйганидек, туғни тўрт марта силкиганидан кейин жанг бошланди. Ҳар икки тараф олға отилди. Қиличларнинг жаранг-журунги, отларнинг кишнаши, найзаларнинг тараклаши ва жон аччиғидаги қичқириқлар икки тараф учун ширин жон бозоридек гап эди. Аскарлар рўпарасидаги рақибнинг руҳини синдириш мақсадида баланд ва таҳдидли овоз билан ҳаракат қиларди. Йироқда турганлар учун бу вазият даҳшатли кўринса-да, яқиндагилар учун бундай деб бўлмасди.
Ер қип-қизил лойга айланди. Аллоҳ йўлида курашаётганлар билан душманлари қони тўкилавериб, ер шу тусга кирган эди.

Шомга яқин жанг ҳал қилувчи паллага кирди. Бир жойга тўпланиб қолган форс аскарлари ўзлари истагандек, олға юришга ҳам, қочишга ҳам имкон топа олмай, рақиблари кўлида жон бера бошладилар. Лашкарбоши Нўъмон майин кулимсиради. Бунга унинг ҳаққи бор эди. Чунки душман сафи пораканда бўлган эди. Улар ғалаба қозониш у ёқда турсин, жонларини сақлаб қолиш мақсадида тумтарақай қоча бошладилар. Нўъмон қўлларини юқори кўтариб, Аллоҳга ҳамду сано айтди. Аммо у бирдан ҳаракатсиз қолди. Кўксига қадалган ўқ нафас олишга имкон бермади. У бир-икки ўқчиди. Шу пайт оти сирпаниб, ерга қулади. Нўьмон бир лаҳзада ўзини ерда кўрди. У бошқа туролмаслигини аниқ биларди. Зеро, унинг атрофини мукаррам руҳини олиб кетгани келган гўзал юзли хилқатлар ўраб олган эдилар. Улар илоҳий фармон олиб келишди. Энди унинг жонини жалол ва қодир Парвардигори ҳузурига етказиб, Сарвари олам Пайғамбаримизнинг дастурхонларига қўядилар. Нўъмон: “Шошманг! Мени ишим бор!” деёлмасди.
Жанг майдонида қилич садолари жаранглаб тураркан, унинг сўнгги сўзлари “Ашҳаду алла илаҳа…” калималари бўлди.
Шу тариқа Музайна қабиласидан бўлган мард ўғлон Нихованддаги ғалабанинг шонли курбони бўлиб жон берди. Нўъмон жангга киришаркан, Аллоҳдан шаҳидлик насиб этишини сўраб ёлворган эди.
Музайна қабиласидан келган етти оға-ини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида иймон келтирган эдилар. Макка фатҳида Нўъмон тўрт юз кишилик Музайна қабиласининг туғини кўтариб бориш шарафига муяссар бўлди. Машҳур қодисийя ғалабасининг хушхабарини Мадинага етказган ҳам Нўъмон эди. Энди у нариги дунёдаги дўстларига ҳам зафар муждасини етказиб, “Руҳим жисмимни тарк этаётган пайтда Форс аскари қочишга жой қидираётган эди”, дейди.
Укаси Маъқил унинг жасади устини ёпиб қўйиб, туғни қўлига олди. Сўнгра Ҳузайфа ибн Йамонни топиб, туғни унга топширди. Бироқ, Муғийра бунга кўнмади:
— Жим! Жим бўлинг! Ортиқча гап гапирманг! Жанг тугагунга қадар ҳатто дўстлари ҳам унинг шаҳид бўлганини билмасликлари керак. Чунки биров билса, зиёни бўлса борки, асло фойдаси йўқ. Муғийранинг гаплари ҳақ эди. Унга қулоқ солишиб, ҳеч нарса бўлмагандай жангни давом эттиравердилар. Ҳатто биров шубҳаланмаслиги учун Ҳузайфанинг амри билан туғни Нўъмоннинг укаларидан бири кўтариб олди.

… Қаъқаъ қочишга шайланаётган бир кишини кўриб қолиб, дарҳол изига тушди. Бу форс қўшинининг катта қўмондонларидан бири Ферузон эди. Лекин бу сафар унинг омади юришмади. Чунки у асал ортилган эшаклар орасида қолиб кетган эди. Каерга боришини билмаган жониворлар гоҳ у ёкқа, гоҳ бу ёққа югуришар, қўмондоннинг қочиб кетишига ҳалақит қилаётганларини билмасди. Иложсиз қолган Ферузон тепаликка тирмаша бошлади. У оёғидан кимдир ушлаб олмагунча умидини узмаган эди. Оёғидан тутган одам куч билан тортиб, уни ерга қулатди. Ферузон дарҳол қуролига қўл юборди, ваҳоланки, Қаъқаънинг қуроли қўлида эди. Форс қўмондони қаршисида донғи кетган, ўлимга тик карайдиган қаҳрамон турганини билгач, қўрқувдан тиззалари калтираб кетди. Ҳаммаси тамом. Ферузон яна бир неча маротаба нафас олади ва… У бошидан айрилиши учун расм-русумнинг кераги йўқ эди. Ферузон ғалаба умиди билан келган жанг майдонида тирик қолиш имконини ҳам йўқотиб жон берди. Уни тутиб берганлар эса устига асал ортилган эшаклар бўлди. Шу сабаб, мўминлар: “Инна лиллаҳи жунудан минал асал” (Аллоҳнинг асалдан ҳам лашкари бор), дея гапириб юришди. Бу гап ҳатто араблар орасида мақолга айланиб кетди.
Ферузон ўлдирилган жой эса, “санийятул асал” (яъни, асал тепалиги) деган ном олди.
Кўп ўтмай, бу майдонда мурдалар, яраланганлар ва зафар қозонган мўминларгина қолди. Туғ атрофида тўпланган мўмин бош қўмондонни қидириб қолишди. Маъқул ва Сувайд оғаларининг жасадини кўрсатдилар ва туғни Ҳузайфа ибн Йамонга топширдилар.

* * *

Қўлга киритилган ғаниматнинг бешдан бири Мадинага жўнатилган пайтда Ҳазрати Умар қўл очиб, Аллоҳдан мўминларнинг зафар қозонишини сўраётган эдилар.

* * *

— Сени Нўъмон юбордими?
Ҳазрати Умарнинг илк саволлари шу бўлганди. Лекин жавобини билар эдилар.
— Нўъмонга Аллоҳнинг раҳматини сўраймиз, амир. У шаҳид бўлди.
Ҳазрати Умарнинг кўзларида ёш милтиллади ва “Инна лилаҳи ва инна илайҳи рожиъун” дея истиржоъ айтдилар.
— Яна кимлар шаҳид бўлди?
— Фалон-фалон одам. Сиз уларни танимайсиз.
— Уларни Аллоҳ танийди, шунинг ўзи етарли. Умарнинг таниши шарт эмас…
Кейин Ҳазрати Умар минбарга кўтарилиб, соқолларини ҳам ҳўл қилган кўзёшлари билан Нўъмон шаҳид бўлганини бошқаларга маълум қилдилар.
Ҳазрати Умар “Нўъмон дўстим…” дея йиғлар эдилар.

* * *

Ниховандда асир олинганларнинг бешдан бири Мадинага келтирилди. Асир болаларга қараб турган бир одамнинг кўзлари ғилтиллади. Чунки у ҳам ниховандлик эди. У дастлаб румликларга, кейин мусулмонларга асир тушган эди. Ниховандга қилинаётган юриш хабарини эшитиб, бутун эътиборини у ердан келаётган хабарларга қаратган, тунларини бедор, турли хаёллар билан ўтказар эди. Мусулмонларнинг яна ғалаба қозонганларини эшитиб, барчаси тамом бўлганини, асрлар давомида яшаб келган мулк ва салтанатнинг тамал тоши жойидан кўчганини, кдйта тикланмаслигини англаб етди.
Мадинада байрам ҳавоси эди.
Албатта, ғалаба бўлгандан кейин шунга яраша хурсандчилик бўлиши табиий. Лекин бошқа тарафдан қаралганда, зарба еган ўзини ўнглай олмайдиган даражага етганлар унинг миллатдошлари ва ҳамшаҳарлари эди. У тугилган муштлари билан тиззаларини асабий ураркан, тишларини ғижирлатиб: “Ичимга ўт қўйдинг, Умар, ўт қўйдинг”, дея минғирларди. Ҳатто, у келтирилган асир болаларнинг бошларини силар экан, бу жумлаларни такрорлашдан чарчамади. Гўё шу билан у қалбида туғён ураётган аламли ҳисларга бархам бермоқчи бўларди. Бу одам Муғийра ибн Шўъбанинг қули Абу Луълуъ эди. (Тарихи Табарий”; Ибн Касир, “Ал-комил”)

* * *

Зафар муждасини келтирган одам Ҳазрати Умардан: “Ўғлим Абдуллоҳ-чи? Унинг аҳволи қалай?” деган саволни эшитмади.
Ҳазрати Умарнинг ўғли Абдуллоҳ бу жангда оддий аскар сифатида қатнашган эди. Ҳафталар ойларга уланар экан, ҳеч ким: “Халифанинг ўғли (шаҳзода Абдуллоҳ) шу ерда”, деган фикрни хаёлига ҳам келтирмади. Қизиқ, кейинчалик ҳам халифалар фарзандларини жангга ҳеч қандай мансабсиз юборармиканлар?

* * *

Куфаликларнинг аксарияти Саъд ибн Абу Ваққос шаънига яхши гаплар айтган бир пайтда уч-тўрт одамнинг қилган туҳматлари Ҳазрати Умарга ёкмади. Давлат чегаралари кенгайиши билан муаммолар ҳам тобора кўпайиб борарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларини олган оқкўнгил в самимий инсонлар ёнида ғаразли одамлар пайдо бўла бошлаган эди.
Саъддек саҳобага туҳмат тошини отиб, бу одамлар нима кўрдилар? Ҳазрати Умар уларга: “Марҳамат, у ҳолда Куфани ўзингиз бошқара қолинглар!” дермиди.
Зеро, уларнинг йўқотадиган ёки қўлга киритадиган ҳуқуқлари ҳам йўқ эди. Бўлганда Ҳазрати Умар уларга берган бўлардилар. Шу билан бирга, доим ёнларида турадиган таёқлари негадир бу сафар ишга солинмай қолди ва ўша одамлар Мадинадан ниятларига етиб чиқиб кетдилар.

* * *

Ҳазрати Умар Саъд ибн Абу Ваққосни чақирди. Унинг мол-мулкини ҳисобга олдирди. Мулк Ҳазрати Умарнинг назарида сал ортиқчароқ чиқди. Дарҳол амр қилди ва мол-мулкнинг ярми Байтулмолга ўтказилди.
Саъд қаттиқ ранжиди. Кечагина елкама-елка туриб, ёнида жанг қилиб келган қуролдош дўсти бугун уни айблаб, бунинг устига тасарруфидаги молдан шубҳаланиб, ярмини олиб қўяяпти.
— Қасам ичиб айтаманки, ўзимни зўрға тийиб турибман, Умар, нимаданлигини ўзинг яхши биласан, — деди Саъд.
Буни айтишдан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Саъднинг дуоибадидан сақланинг”, деганларини ёдга солиб, “Мен дуоибад қилсам, аниқ мўлжалга тегади”, демоқчи эди.
Ҳазрати Умар:
— Мени дуоибад қилмоқчимисан? — деди.
— Ҳа.
— Ундай бўлса, Саъд, сен ҳам шуни билиб қўй: мен ҳам сени дуоибад қиламан. Ўшанда Раббим қилган дуоимдан қўлимни бўш қайтармаслигини биласан.
Саъд бошқа дуоибад ҳақида гапирмади. Чунки у бир нарсани яхши биларди: бу гапларни гапираётган инсон фақат Амирул мўминингина ўзи эмас, Умар ибн Ҳаттоб ҳам эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кеча-кундуз ҳамроҳлик қилган, у билан Ислом қувватли бўлган, “Шайтон сени кўрса, йўлини ўзгартиради”, деб улуғланган, “Аллоҳ ҳақиқатни Умарнинг тилига ёпиштириб қўйган”, дея олқишланган буюк инсон ҳам эди. Мол-мулкни яна ишлаб топса бўлади, лекин Умарнинг дуоибади билан бошга тушадиган балони осонликча даф қилиб бўлмайди.

* * *

Саъд ибн Абу Ваққос ўрнига қолдириб келган Абдуллоҳ ибн Итбон ёши ўтиб қолган одам эди. Кўп ўтмай унинг устидан ҳам шикоят қилаверишиб, вазифасидан олишди. Унинг ўрнига Зиёд ибн Ханзала тайинланди. Уям кекса муҳожирлардан эди. Бу лавозимнинг ёши ва табиатига мос эмаслигини тезда тушуниб, ўрнига бошқа одам юборишини сўради. Ҳазрати Умар унинг истеъфосини қабул қилди. Бу сафар Аммор ибн Ёсир волий этиб тайинланди. Абдуллоҳ ибн Масъуд аввалгидек Байтулмол ишларини юритади ва одамларга Қуръондан дарс беради, Усмон ибн Ҳунайф хирож ва жизя билан шуғулланади. Бу учовлонга маош тариқасида кунда бир қўй сўйилиб ярми Амморга, қолган ярми Ибн Масъуд билан Усмонга бериладиган бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва салламнинг “Иймон Амморнинг иликларигача сингиб кетган”, деган эътирофларини олган бу инсоннинг тақвоси ва ахлоқига биров шубҳа билдиролмасди. Бироқ Аммор давлат одами эмасди. У волийликка тайинлангандан кейин ҳам ибодатларини олдингидек давом эттирди. Намозини масжидда ўқирди. Лекин волий қилиши керак бўлган вазифа — жамият ишлари билан шуғуллана олмади. Натижада, кўп ўтмай, Ҳазрати Умар Аммор ҳақида шикоятларни тинглашга мажбур бўлди. Бир гуруҳ куфаликлар Мадинага келишди. Улар Амморнинг Куфага нега келганини, вазифаси нимадан иборат эканини билмасликларини айтишди:
— У қобилиятсиз одам. Бир иш қўлидан келмайди, гапини ўтказа олмайди, сиёсатни-ку умуман тушунмайди.
Ҳазрати Умар одам юбориб, Амморни пойтахтга чақиртирди. У одамлари билан йўлга чиқди.
Ниҳоят, у Мадинага етиб келди. Аммор учун ягона йўл бор эди: волийликдан кетиб, олдинги ҳаётига қайтиш. Шу кунгача ўзи истагандек кун кечириб келаётган эди. Аммо гарданига ортилган волийлик ишлари уни беҳузур қилди.
Ҳазрати Умар шикоятчиларга юзланди:
— Амморни лавозимидан оламан. Ўрнига кимни қўйишимни истайсизлар?
— Абу Мусо Ашъарийни.
— Хўп. Истаган одамингизни юбораман.
Ҳазрати Умар Абу Мусога хат ёзиб, Куфага кетишни буюрди.

* * *

Бу Ҳазрати Умарнинг куфаликлар олдида иккинчи марта чекинишлари эди. Аслида, Амморнинг волий этиб тайинланишининг ўзи хато эди. Чунки унинг ибодатга берилган зоҳид инсон экани маълум эди. Амморни бир неча йилдан бери билардилар, яна ўша билганларидек бўлиб чиқди. Саҳобалар орасида волийликка лойиқ тартиб-интизом ўрната оладиган, керак пайтда Ҳазрати Умарнинг ўзи каби таёқ билан адаб берадиганлари йўқмиди?
Холид ибн Валиддек тутган еридан кесадиган, урган жойидан сас чиқарадиган, қўшинни бир ғалабадан бошқа ғалаба сари етаклайдиган паҳлавонни оддий аскар қилиб қўймай, дошқозондек қайнай бошлаган ва фитналар ўчоғига айланиб бораётган Куфага ҳоким қилиб юборсалар, зарар бўлармиди?
Ҳазрати Умарнинг куфаликларга: “Ўзингиз кимни истайсиз?” дейишлари бу ишни уларнинг ихтиёрига топширгани ва енгилганини билдирмаймиди?
Одам бундан буён: “Кимни хоҳламасак бўшаттирамиз, кимни хоҳласак тайинлатамиз”, деб ўйламайдиларми?
Куфаликлар қайтиб кетгандан сўнг Ҳазрати Амморни ҳузурларига чорлади.
— Сени бўшатганимдан ранжидингми?
— Худо ҳаққи, мени волийликка тайинлаганингизда хурсанд бўлмаган эдим, лекин бўшатганингиздан ранжидим.
— Мен волийлик қила оласан деб ўйламаган эдим. Лекин Аллоҳнинг: “Уларни пешво зотларга айлантиришни… истаймиз”, деганини хотирлаб, сени тайинлаган эдим. (“Тарихи Табарий”)

* * *

Орадан бир йил ўтди. Бир кун одамлар Абу Мусонинг хизматкори бозорда банан сотаётганини кўриб қолишди. Бу нарса куфаликларга ёқмади. Энди Валид ибн Абдумалик бошлиқ бир гуруҳ куфаликлар Ҳазрати Умарнинг ҳузурига боришди.
— Абу Мусодан кўнглимиз тўлмаяпти.
— Нечук?
— У бозоримизда банан сотиб, савдогарчилик билан шуғулланяпти.
Бу гап Ҳазрати Умарга ёқмади. Волий у ерга савдо-сотиқ қилсин деб юборилмаган эди. Бир пайтлар Ҳазрати Умар Ҳазрати Абу Бакрга: “Сиз бошқарув ишлари билан шуғулланинг. Ўзингиз учун тижорат қила олмайсиз”, дея у кишини бозордан қайтарган эди. Абу Мусо етарлича маош олар, ҳеч нарсага муҳтож эмасди.
Ҳазрати Умар уларга: “Хизматкорини бозорга жўнатиши сизлар билан шуғулланишига халақит қиляптими?” деб савол бериб ўтирмади. Балки бизгача шу каби саволлар етиб келмагандир. Маълум бўлгани шуки, ўша воқеа Абу Мусонинг истеъфога чиқишига етарли сабаб бўлди.
Ҳазрати Умар:
— Сизларга тадбиркор, оқил, кези келганда, калтак билан адаб ўргатадиган волий керакми, ёхуд иймони бақувват, бироқ, чумчуққа ҳам озор бермайдиганими? — деди.
Бу билан Ҳазрати Умар, ё ўз ҳурматингни билиб итоатда бўлинглар ё мен сизларни одам қиладиганини жўнатай демоқчи эди.
Меҳмонларнинг боши эгилди. Жавоб беришмади.
Тепаларида тадбиркор ва кучли инсон туриши лозим эди. У керак пайтда ёрдамини аямаса, хизматдан қочмаса, яна… уларнинг бемаъни, бемаврид хатти-ҳаракатларидан кўз юмса…
Лекин ҳеч ким Ҳазрати Умарга буни айта олмади.
Куфаликлар янги волийни билмай ортга қайтишди. Абу Мусо эса мувафаққиятли иш юритгани учун волийликда қолдирилди. У яна Басрада ишини давом эттирадиган бўлди.

* * *

Ҳазрати Умар Куфа масаласидан чарчаган эди. Буни уддалайдиган одамни ўйлай-ўйлай, охири Жубайр ибн Мутъим номзодига тўхтади. Кейин уни чақириб, мақсадини айтди. Лекин бу ҳақда бировга оғиз очмай туришини уқтирдилар.
Бу икковининг бир чеккада пичирлашиб гаплашиб турганини кўрган бир одам уйга шошилди. У девор ортидан кўчани кўрадиган, ақлли киши эди.
Уйга келиб овқат пиширтирди ва нималар бўлаётганини билолмай гаранг бўлиб турган хотинига:
— Буларни Жубайр ибн Мутьимнинг уйига олиб бор, — деб буюрди.
— Олиб бориб, нима дейин?
— “Куфага кетаётганингизни эшитиб қолдик. Сафарингиз бехатар бўлсин, буларни йўлга олволинг”, дейсан.
Аёл қўлидаги тоғорачани керакли манзилга етказиб, эрининг тайинлаганини айтди. Уй эгалари шошиб қолишди. Демак, ростдан ҳам деворнинг кулоғи бор экан-да! Зеро, Жубайр Ҳазрати Умар билан гаплашаётганда бошқа ҳеч ким эшитмагани аниқ эди. Модомики, Ҳазрати Умар буни ҳеч кимга айтмасликни тайинлаб, ҳазиллашмаган, ўзи ҳам бировга оғиз очмаган бўлса, ким қаердан билган бўлиши мумкин? Устига-устак Жубайр уйига ҳозиргина келиб турган бўлса. Хотинига ҳали ҳеч нарса дегани йўқ. Жубайрнинг ҳайратга тушиши аёлнинг назаридан четда қолмади.
… Ҳазрати Умар Жубайр билан гаплашиб олганидан кейин ҳам, кўнгли таскин топмай, масжидга кириб ерга узанди.
Муғийра хотинидан Жубайрнинг ҳолатини эшитиб, масжидга келди. Ҳазрати Умар ухлаб ётган эди. Муғийра у киши уйғонгунча кутиб ўтирди.
— Сизни қийнаётган масала бор, шекилли. Йўқса, бунақа пайт ухламас эдингиз, — деди Муғийра, — бирон гап бўлдими?
Савол вақтида берилган эди.

— Биронта ҳам волийдан кўнгли тўлмаган юз кишининг ишини бир ёқлик қилишдан ҳам муҳимроқ иш бор эканми? Бунинг устига юборган волийларим ҳам улардан хурсанд бўлгани йўқ.
— Янги волийингиз у ерга бориб барчасини тартибга солади. Аллоҳ хайрли килсин, ишингизга ривож берсин.
— Бу билан нима демоқчисан? Қайси волийни айтяпсан?
— Мен Жубайр ибн Мутъим ҳақида гапиряпман. У тайинлангандан кейин масала хал бўлгандир.
Ҳазрати Умар бошини эгди. Шошиб қолганди. Жубайрга қайта-қайта уқтиришига қарамай, оғиз бўшлик қилибди. Воқеалар шу тариқа ривож топса, иш яхшилик билан тугамас эди.
— Уларга тақводор одам юборсам, унга қулоқ осмаяптилар, бўйсунмаяптилар. Қаттиққўл одам жўнатсам, куфаликларни кўлга оламан деб шафқатсизлик қилиб, чегарадан чиқиб кетяпти.
Муғийра нима демоқчилигини қуйидагича ифодалади:
— Агар тақводор, лекин волийликка уқуви йўқроқ одам юборсангиз, унинг фазилати ўзига, ожизлиги сизга ва давлатга зарар келтиради. Фисққа йўл қўйиб бўлса-да, қаттиққўл ва сиёсатга уста одамни юборсангиз, унинг фосиқлиги ўзига, сиёсатдаги қобилиятидан давлат ютади.
Муғийра ҳақ эди. Жубайрнинг юборилишига ҳам ҳожат қолмади. Ахир бир сирни икки соат сақлаш қўлидан келмаган одам, Худо билади, у ерда нима ҳунар кўрсатар экан?
— Гапларинг тўғри, Муғийра. Менимча, сен тадбиркор инсонсан. Дарҳол отлан, сени Куфага волий қилиб жўнатаман. Дарҳол йўлга чиқасан. (“Тарихи Табарий”)
Муғийра хайрлашиб, уйига йўл олди. “Умардан тадбиркорроқ инсонни кўрмаганман. У ҳийла ва айёрлик қилмайдиган хулқ соҳиби. Бошқа бировга алдашга йўл қўймайдиган ақли ҳам бор”, деган Муғийра Ҳазрати Умарнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиққан ҳолда, ўз йўлига солиб олган эди. Ҳазрати Умарнинг ҳам: “Мен айёр эмасман, лекин бошқа биров ҳам мени ўз тузоғига илинтиролмайди”, деганлари ҳозир тасдиғини топмаган эди.
Эхтимол, Ҳазрати Умар Муғийранинг ҳийласини кейин тушуниб қоларлар. Лекин Куфа шаҳрига муносиб волийлигини ҳисобга олиб, ҳеч нарса демаслар. Куфаликлар шундан кейин Ҳазрати Умарнинг олдига: “Янги волий истаймиз”, бошқа дея келишмади.

Амир ибн Маъдий Кариб

Ҳижрий тўққизинчи йилнинг охирлари, ўнинчи йилнинг бошларида Мадинага Ямандан келган бир гуруҳ одамлар орасида номи тилларда достон бўлган қаҳрамон ҳам бор эди. У Амр ибн Маъдий Кариб эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида иймон келтирди. Кейин яна ўз қабиласи Забидга қайтди. Амр шу билан бир йил Исломда яшади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин бошланган муртадлик (диндан қайтиш) Амрни ҳам четлаб ўтмади. У Асвад Ахсий деган муттаҳамнинг қилган даъволарига чиппа-чин ишониб, унга эргашди. Асвад каби ахлоқсиз одам пайғамбар бўлолмаслигини англаб етмади ва мусулмонларга қарши курол кўтарди.
Асвад ўлдирилгандан кейин Амр тавба-тазарруъ қилиб, Исломга қайтди. У ўзидаги имкониятни бой бериб бўлган эди. Энди нима қилган тақдирда ҳам у “саҳоба” деган нисбатдан куруқ қолиб оддий мўминга айланган эди.
Амр гуноҳини ювиш мақсадида Ҳазрати Умарнинг ҳузурига бош уриб борди. Ҳазрати Умар у билан пайғамбарлик даъво қилиб, яна тавба қилган Тулайҳани Форсга юбордилар ва лашкарбоши Саъдга ёзган мактубларида бу икки паҳлавонни “икки минг кишига тенг” деб таърифладилар. Уларга жазо тариқасида фақат оддий аскарлик насиб қиладиган бўлди.
Амр жангларда кўп маротаба жонбозлик кўрсатиб, номи тилларга тушди. У Нихованд жангида яраланиб ерга йиқиларкан, унинг Исломга ва мусулмонлар олдида эсласа арзигулик хизматлари борлигини кўпчилик эътироф этарди.
Амр яхши шоир ҳам эди. Унинг: “Иза лам тастатиъ шайъан, фа даъҳу ва жавизҳу ила ма тастатиъу” (Эплолмайдиган юмушингни қўйиб, қўлингдан келадиганини қил), деган байти мақол каби одамлар орасида кенг тарқалиб кетди. Қудратли Аллоҳнинг мағфирати доимо Амр ва у каби Ислом фидойиларига насиб этажак, иншааллоҳ.

Амр ибн Ос билан Муовия

Ҳазрати Умар ҳар йилдагидек бу мавсум ҳам волийларни чақириб, ҳаж давомида Маккада бўлишни тайинладилар. Муовия билан Ибн Осни ёнига чақириб, улардан Шом ва Миср ҳақида сўради. Шу пайт икки волий ўртасида ўзига хос «мусобака» бошланди. Иккови ҳам ўзининг қилган ишларини мақтаб, бир-бирларидан айб топа бошлади. Ўзидан кўнгли тўқ бўлган Муовия:
— Сен менинг ютуқларимни яширяпсан, ҳатто уларни қусур санаяпсан. Яхшиси, сен мен ҳақимда билганларингни гапир, мен эса сен ҳақингда билганларимни айтай, — деди у.
Бу таклиф Амрга ёкмади, чунки “ютқазиб қўйиши” мумкин эди. Ундан ташқари, бир ишнинг ҳидини сезган Ҳазрати Умар ўшанинг охирига етмай қўймасди. Шу сабаб Амр суҳбат мавзусини ўзгартиришга уринди. У тўсатдан Муовиянинг юзига мушт туширди.
Мавзу чинда ҳам бошқа тарафга бурилиб, Ҳазрати Умар ҳам вазиятга тўғри баҳо бера олмай қолди. Амрга қараб:
— Худо ҳаққи, сендақа ахмоқона иш қилган одамни кўрмаганман, — деди ва Муовияга юзланди:
— Қани, сен ҳам муш тушириб, ҳақингни ол.
Муовия карахт ҳолатдан кутулиб, ўзига келиб олган эди. У совуққонлик билан:
— Ҳозир Маккадамиз. Отам ҳам шу ерда. У менга ўзи билан бемаслаҳат иш қилмаслимни сўраганди. Рухсат берсангиз, унинг фикрини билай.
Хабар жўнатилиб, Абу Суфён етиб келди. Ҳазрати Умар унинг тагига кўрпача тўшаб орқасига ёстиқ қўйди. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир қавмнинг каттаси олдингизга келса, унга ҳурмат кўрсатинг”, деганлар, — деди Ҳазрати Умар.
Абу Суфён бўлган воқеани эшитди.
— Мени арзимаган нарсага чақирибсизлар. Амр Муовиянинг иниси кабидир. Ўғлим номидан унинг гуноҳини кечдим, — деди.
Шу тариқа Амр мақсадига етганди.

Убай ибн Каъб

Убай ибн Каъб Мадинанинг илк мусулмонларидан бири эди. У Пайғамбаримиз билан Мино тоғи яқинидаги Ақаба деган жойда танишиб, исломни қабул қилган эди. Ўша кундан бошлаб у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жой олган, қалби Буюк Қудрат соҳибининг муҳаббатига макон бўлганди. Саҳобалар орасида тан олинган тўрт қорининг бири эди. У ҳаётининг охирги йигирма икки йилини исломга, Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилиш билан ўтказганидан бениҳоя бахтиёр эди. Бу унинг юз-кўзида балқиб турарди. Ҳазрати Умар уни “Саййидул муслимин” (мусулмонлар саййиди) дер, халифа бўлганидан кейин:
— Убай, ўқи-чи! Бир эшитайлик, — дерди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга “Абулмунзир, сенга илм муборак бўлсин!” деганларини эшитганлар бор эди. Убай саҳобалар орасида фатво бера оладиган саноқли кишилардан бири эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга котиблик қилиб, хоҳ Қуръон оятлари, хоҳ мактублар бўлсин, ёзиб борарди. Убай ибн Каъб ўрта бўйли, соқолига оқ оралаган инсон эди. У бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол билан мурожаат қилган кишини эшитиб турди:
— Ё Расулуллоҳ бизга бир касаллик етса, унга нима дейсиз? Бу туфайли биз савоб ё мукофот оламизми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— У гуноҳларингиз учун каффоратдир (гуноҳларни яширади ва йўқ қилади), — дедилар.
Шу дам Убай гапга аралашди:
— Унда… Касаллик енгил бўлса-чи, Расулуллоҳ?
— Тикан кирса ҳам, ҳатто ундан кичикроқ нарса бўлса ҳам, — дедилар.
Убай жавобдан тўла қониқди Бундан кейин дуоларида ҳаётининг сўнгги дамларига қадар оғриқ ва хасталик аримаслигини, лекин ҳаж, умра, жиҳод ва жамоат билан ўқиладиган намоздан чалғитмайдиган даражада бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қиладиган бўлди. Унинг бу дуоси ижобат бўлгани шубҳасиз. Чунки дўстлари кўпинча унинг юқори ҳароратли бўлганини айтишган.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саломатлик ва тансоғликка катта аҳамият берганларини, бошқаларга ҳам шуни тавсия қилганларини Убай билиши керак эди. “Аллоҳим, сендан сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик ва яхши ахлоқ сўрайман”, дердилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб олдларига дуо сўраб келганларида: “Аллоҳдан офият (балолардан нари бўлиш)ни сўранг”, деганлар. Балки Убай бу ҳақда эшитмагандир. Қолаверса, ҳар кимнинг ўзига хос хулқ-атвори ва истаклари борлигини ҳам унутмаслик даркор.

* * *

Ҳижрий ўн тўққизинчи йили эди. Убайнинг умри охирлаб қолган. Хасталик бу буюк инсоннинг Убай экани, пешқадам саҳобий ва Қуръон олимларидан бирилигига қараб ўтирмади. Убай қуввати кетиб, дармонсизланганда ҳам, жойидан туролмай қолганда ҳам тинч ётмади. Касаллик йиқолмаган, ўрнидан кўзғатолмаган бошқа нарсалар бор эди: бақувват иймон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқлик. Қадри қанчалик заиф бўлмасин, қалби азалий ва адабий муҳаббат билан лиммо-лим эди. Баъзан кўзларидан чиққан ёш ёноқларидан сирғалиб тушарди. Ёнидагилар билардики, бу ёшлар дунёдан надомат билан кетаётганидан эмас… Балки ўша он Убай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган бир воқеани хотирлагандир…
… Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақирдилар.
— Убай, Аллоҳ сенга Баййина сурасини ўқиб беришимни буюрди.
— Аллоҳ менинг исмимни тилга олдими, ё Расулуллоҳ?
— Ҳа!
Жавобдан Убай кўз ёшларини тия олмади.
Ширин хотиралар билан безалган, ўн йил давом этган дўстлик тугаганига ҳам мана тўққиз йил бўлибди. Энди яна Унга қовушиш дамлари келди. Унинг сўнгги кунлари шу хаёллар ичра кечди.
Кунларнинг бирида Ҳазрати Умарнинг эшиги тақиллади ва янги хабар келтирилди: “Убай Ҳақ сари йўлга чиқди…”
— Убай ўлган бўлса, бу уммат Қуръонни кимдан ўрганади?!
Бу савол кўпчилик кўнглидан ўтган бўлса керак. Бу кўнгиллар ҳаракатсиз ётган вужуд соҳиби билан боғлиқ ажойиб хотиралардан хурсанд эди. Яхшилик билан ном чиқарган бу инсон вафоти одамларнинг дарё кўзёшлари-ю тўйиб йиғлашларига сабаб бўлди. Унинг пок жасадини олиб кетишар экан, одамларнинг кўзи боғнинг бир бурчагидаги тўнкага тушди. Бу оддий тўнка эмасди. Шунда бундан ўн икки йил аввалги бир воқеа ёдга келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саккиз йил мобайнида шу тўнкага суяниб хутба ўқидилар.
Бу тўнка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айрилганини ҳис қилганида, бўталоғини йўқотган туядек бўзлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутбаларини бўлган эди. Сўнгра Пайғамбаримиз унга муборак қўлларини текказганларида, жим бўлган ва Убай уни уйига олиб кетиб, ёдгорлик сифатида сақлаб юрган эди.
Жанозасини Буюк Форуқ ўкидилар. Убай Бақиъ қабристонига қўйилди. Шу пайтгача унинг бир неча дўстлари етиб келган эди. Яна қолган дўстлари ҳам келишади.
Убай ҳаёти давомида ўқиб юрган Қуръон қабрда ҳам ҳамроҳлик қилишига шубҳа йўқ эди. У кафанлангандан кейин Ҳазрати Умар ўринларидан туриб айтган гапларида оламжаҳон маъно мужассам эди: “Бугун Саййидул муслимийн (мусулмонлар саййиди) оламдан ўтди”.

Хотиралар

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар ҳазин бир овоз эшитиб қолдилар. Бир одам ўгириб олиб: “Парвардигорим, мени оз бўлганлардан қил”, дея қайта-қайта дуо қилар эди. Ҳазрати Умар тўхтаб, бир зум ўйланиб қолдилар. Неча йиллар Расули Акрам билан бирга бўлган бўлсаларда у зотдан бу каби дуо эшитмаганди. Қизиқиб дуогўй одамнинг ёнига чўкдилар. У эса самимий ихлос билан дуо қилишда давом этарди.
— Эй банда! Сен ҳозир мен билмаган тарзда дуо қиляпсан. Бунинг устига яхши тушунмадим. Ўзи ким у: “Оз бўлганлар?”
Нотаниш мўмин Ҳазрати Умарга ўгирилдилар:
— Аллоҳ шундай деганини эшитганман: “Унга (Нуҳга) иймон келтирган кишилар жуда оз эди”. Яна буюкликда тенги йўқ Тангрим: “Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир” деган. Ожиз банда ҳакикий билим Эгаси Аллоҳ суюкли Расулига “Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган зот Парвардигоримдир. Уларни оз киши билади” деб марҳамат қилганлар. Ёки Тенги йўқ Мавлонинг Довудга қилган хитобини эшитмаганмисан? “Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар, аммо) улар жуда оздирлар” (Сод, 24).
У оятларни ўкиб бўлиб, қаршисида танимаган одамига қараб шундай деди: “Бир нарсани ёдингда тут: оз нарсанинг қадри баланд бўлади. Мен ҳам Раббим наздида қадр-қиммати баланд бандалардан бўлишни истайман”.
Ҳазрати Умар бу одамдаги нозик ҳислар олдида ҳайрат денгизига чўмдилар ва беихтиёр “Раббим, бу дунёда ҳамма Умардан кўра зеҳнлироқ бўлса керак” дедилар.

* * *

Ҳазрати Умар бошқа куни яна бир астойдил дуо қилиб ўтирган одамни кўриб қолиб, унинг сўзларига эътибор бердилар: “Парвардигорим, сен бир инсон билан бошқасининг қалби орасига кирасан. Буни муборак Китобингда билдирдинг. Бунга ишондим! Аммо мен гуноҳларим билан менинг орамга киришингни истайманки, токи улар орамизга суқилмасин”.
Ҳазрати Умар унинг дуосидан қаттиқ таъсирланиб кетдилар. “Аллоҳ сенга ўз раҳмати билан муомалада бўлсин. Дуоингни қабул қилсин” дедилар ва йўлларида давом этдилар.

* * *

Кунларнинг бирида хизматкорлари Асламни чақирдилар:
— Отимга қанақа ем беряпсан?
Аслам ҳар кун маълум миқдорда арпа бераётганини айтди. Унинг жавобидан Ҳазрати Умарнинг муборак бошлари эгилиб, ўйлай бошладилар:
— Яхшиси, отни яйловга юборайлик. Ўша ерда қорнини тўйғазади. Унга бераётган арпангни бир мусулмон оилага тортиқ қиламиз. Умар эса кўпроқ пиёда юрса, бир жойи камайиб қолмайди.

* * *

Ҳазрати Умарнинг ёнларида доимо тўққиз дона идиш турарди. Мабодо муҳтарама оналаримизга ҳадя келиб қолса, ўшаларга солиб жўнатилар эди. Ҳар сафар қизлари ҳазрати Ҳафса онамизнинг идишлари охирида тўлдирилар эди. Тақсим пайти кимгадир етмай қолса ёхуд камроқ насиб килса, ўша одам албатта қизлари Ҳазрати Ҳафса бўлар эди.
Бир гал Ҳазрати Умар келган ғаниматларини тарқатаётган эдилар. Охирида бир кийимлик мато қолди. Мато жуда антиқа ва кўз қамаштирар эди.
— Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари Умму Гулсумга бера қолинг, Мўминлар амири, — дейишди.
Емон таклиф бўлмади. Давлат раҳбарининг хотини шундай матодан кўйлак кийса, унга ярашади. Бироқ Ҳазрати Умар бунга унамадилар.
— Бу мато Умму Салитга янаям ярашади. У бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилганди. Ундан ташқари, Ухуд жангида бизга мешда сув етказиб турган.
Умму Гулсум Ҳазрати Умарнинг хотини бўлмаганида, юқоридаги таклиф, шубҳасиз қабул қилинган бўларди.

* * *

Ямандан қанчадир кийим-кечак келганди. Ўша пайт Ҳазрати Умарнинг ёнларида бўлган Абдулмалик ибн Умайр кўрганларини шундай ҳикоя қилади:
Зайд ибн Собит ичкарига кириб:
— Муҳаммадлар келишди. Сиздан кийим сўрамоқчи улар. Чақиришингизни кутяптилар, — деди.
— Чақир, киришсин.
Тўрт ўспирин ичкарига кирди. Ҳар бирининг исми Мухаммад эди. Жаъфар ибн Абу Толибнинг ўғли Муҳаммад, Ҳазрати Абу Бакрнинг ўғли Муҳаммад, Талҳанинг ўғли Муҳаммад ва Хатибнинг ўғли Муҳаммад.
Зайд ибн Собит юриб келиб, кийимлардан энг яхшисини танлади ва Хатибнинг ўғли Муҳаммадга берди. Чунки бу ўспириннинг онаси Хатибнинг вафотидан кейин Зайд билан турмуш курган эди. Зайд ўгай ўғлини афзал кўриб, кийимларнинг энг яхшисини берган эди.
Ҳазрати Умар:
— Э, йўқ! Сен ҳозир адолатга зид иш қилдинг, Зайд, — дедилар ва Хатибнинг ўғлига қарадилар:
— Қани, ўғлим, ўша кийимни бу ёққа қўй-чи.
Кийимлар қопга солиниб, яхшилаб аралаштирилди. Ҳазрати Умар Зайдга мурожат қилдилар:
— Ана энди қўл солиб, кийимлардан бирини ол.
Чиққан кийим биринчи одамга берилди. Навбатдагиси ундан кейин турган одамга тақдим қилинди. Бошқаларга ҳам шу тарзда кийим тарқатилди. Абдулмалик ибн Умайр ўша воқеани айтиб тугатаркан, ўшанда, адолат деганлари мана бундай бўлибди деб юборгандим, деганди.

* * *

Ҳазрати Умар бир хутбаларида қуйидагиларни айтди:
— Биласизларми, кўзи очлик мискинликдир. Кўзи тўқлик ҳақиқий бойликдир. Инсон бир нарсага эришиш орзусидан воз кечса, ўша нарсага муҳтож бўлмайди. Биз фаровон ҳаёт сабр қилиб яшашда эканлигига ишонч ҳосил қилдик.
Ҳазрати Умар кўпинча қўлларини кўтариб, шундай дуо қилардилар:
— Роббим, амалларимни ўзинг суйган амаллардан қил! Фақат Сен учун қилинадиган, Сендан бошқасига аталмайдиган амал соҳиби бўлишимни насиб қил!

* * *

Волийлардан бирининг олдига одамлар зиёратга келишди. Волий аввал араб бўлган меҳмонларни қабул қилди. Араблар бўлмаганларни улардан кейин қабул қилди.
Иймон ва ислом доирасида бир хил ҳақ-ҳуқуққа эга бўлган бу инсонлар бунақа муомаладан турган гапки хурсанд бўлмадилар.
Воқеа Ҳазрати Умарнинг қулоқларига етиб боргач, қаттиқ ғазабландилар. Ахир шу кунгача исломга даъват қилинган инсонларга: “Исломга кирган тақдирингизда бошқа мўминлар эга бўлган ҳақ-ҳуқуқларга сизларга ҳам берилади. Уларга лозим булган нарса сизларга ҳам мажбурият бўлади”, дейилмаганмиди?”
Ҳазрати Умар дарҳол қўлларига қалам олиб мактуб ёздилар. Мўмин биродаримни менсимай, унга паст назар билан карашдек ёмонлик йўқ. Бошқа қусур ва нуқсон қидириб ўтиришнинг ҳожати йўқ бўлса керак”.
Бундан буён волий йўл кўйган юқоридаги хато такрорланишига йўл қўймаслиги лозим эди.

* * *

Утба ибн Фарҳод Озарбойжонга келган кезлари у ерда тайёрланадиган ҳолвани яхши кўриб қолди. У ўша ҳолвадан кўпгина пишириқ буюрди ва туянинг икки тарафига юклаб пойтахтга жўнатди.
Мадинага келгунча орадан бир ярим ойча вақт ўтиб, ҳолва оз-моз урилиб қолган эди. Шунга қарамай Ҳазрати Умарга тақдим этилди. Ҳолва у кишига роса ёқди.
— Карвондаги ҳамма мусулмонлар бундан еб кўрдиларми? — деб сўраб қолдилар дафъатан.
— Йўқ, мўминлар амири, — дейишди.
Буни эшитиб Ҳазрати Умар дарҳол кўлларини лагандан тортдилар:
— У ҳолда олиб кетинг буни. Бунақа ширинликка эҳтиёжимиз йўқ.
Кейин Ҳазрати Умар ўтириб, Озарбойжондаги волий Утбага мактуб ёздилар: “Бошқаларга ўзинг тановул қиладиган нарсани едир. Ўзинг ҳам улар ейдиган таомдан истеъмол қил. Ажамларга ўхшаб, ранг-баранг кийинишга берилма”.

* * *

Ҳазрати Умар Ҳузайфани меҳмондорчиликка чақирди. Дастурхонда уч-тўрт бурда нон ва озгина зайтун бор эди. Буни кўрган Ҳузайфанинг пешонаси тиришди:
— Мени уйимдаги овқатдан қўйдингиз. Хотиним гўшт билан нон тайёрлаб қўйганди. Энди дастурхонингиздаги шу овқатни ейишга мажбурмиз.
Ҳазрати Умар:
— Мен сени фақат таомнинг ўзига чақирдим. Дастурхондаги емиш эса оддий мусулмоннинг кундалик таоми, — деб жавоб бердилар.

* * *

Ҳазрати Умар бир кун ўғли Абдуллоҳнинг олдига кирдилар. У гўшт еётган экан.
— Нима киляпсан?
— Кўнглим гўшт тусади.
— Кўнглинг нимани тусаса, ўшани еяверасанми? Исрофгар бўлиш учун нафс буюрган ишни қилиш етарли.
Ҳазрати Умарнинг фикрича, инсон фарзанди нафсининг асири бўлмаслиги керак. Аксинча, кези келганда нафсига: “Бас, етар!” дейишни билмоғи даркор. Рухсат берилган бир қанча амал ва ҳалол бўлган бир неча тур таом борки, буларни қилиш ва ейиш истаги туғилганда “Йўқ, бу ишни қилмайман. Бу нарсани емайман” дея олиш лозим. Ҳалол ва мубоҳлардан истаганини қилдирган нафс, бир кун келиб улардан бошқасини ҳам истаб қолади ва қилишга ундайди. Макруҳ ва ҳаромга нисбатан бардошли ва чидамли бўла олиш учун, аввало одам ҳалол ва мубоҳларда ўзини тийиши керак. Кепаксиз ундан қилинган нондан биров сўралмайди. Лекин Ҳазрати Умар шунга ҳам эътибор берадилар. “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кепакли ундан нон еганларини кўрдим. Шунинг учун менга нон ёпаётганда унини эламанглар”.

* * *

Ҳазрати Умарнинг олдига бир одам келди:
— Қабиламдагилар мени имом қилиб қўйишди. Намозда имомчилик қиляпман. Энди улар масжидда маъруза қилишимни сўраяптилар. Уларнинг бу илтимосини ҳам бажо келтирдим, — деди.
Ҳазрати Умар:
— Имомликни давом эттиравер, аммо маъруза қила кўрма.
Бояги одам кетди. Кейинчалик бир неча бор келиб, одамлар маъруза қилишни талаб қилишаётганини айтди. Ҳазрати Умар ҳам ҳар доим ўша жавобни беравердилар. Охирги марта келганида:
— Кулоқ сол, — дедилар Ҳазрати Умар, маъруза қилиб, яхши гапириб турганингда нафсинг сенга бир нарсалар дейди.
У ўзингни бошқалардан устун қўйишингни сўрайди. Охири сени Худо уриб қўяди. Ана унда Аллоҳ сени ҳисоб-китоб қилади, сен эса нажот топалмагайсан.

* * *

Ҳазрати Умар ҳар бир ишларини ўлчаб-тартиблаб кўйгандилар. Ейишлари ўлчовли, гапиришлари ўлчовли, инсонларга қиладиган муомалалари ўлчовли. У зот бир куни албатта ҳисоб-китоб қилинажакларига ишонардилар. Ўша билим ва ишонч у кишининг фикр юритишларида ва хатти-ҳаракатларида ўз аксини топганди. Ҳазрати Умар ҳар куни ўзларини тергаб турардилар. У киши одамларга: “Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китоб қилинмасдан бурун ўзингизга ҳисоб беринг”, деб, шунчаки чиройли гап айтишни ният қилмаганлар.
Дастурхонга ўтирганларида кўз олдиларига Аллоҳнинг кофир бўлган кимсаларга: “Мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатлардан фойдаланиб чорва молларидек еб ичурлар ва дўзах уларнинг жойи бўлур”, деган ояти келар ва: “Умар, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўстисан. Шуни учун бу оятдаги кимсалардек бўлма”, дер эдилар.
Гапирганларида ҳам жуда диққат қилардилар: бу гапнинг мўминларга фойдаси борми ё зарар қиладими уларга? Агар кўнгиллари чопмаса, бошлаган гапларини шу заҳоти тўхтатиб, охири етказмай қўя қолардилар. Бир куни одамлар Ҳазрати Умарни кўчада сув тўла кўзани кўтариб кетаётганларини кўриб қолишди.
— Қаерга кетяпсиз, мўминлар амири? — деб сўрашди.
— Ҳеч қаерга, — дедилар ва қўшиб қўйдилар: нафсим ҳаддидан ошиб кетибди шекилли. Уни жиловлаб кўяй деб шундай киляпман, — дедилар Ҳазрати Умар.

* * *

Искандария фатҳи хушхабарини олиб келаётган Муовия ибн Хадич шаҳарга келганида чошгоҳ вақти охирлаб қолган эди. У масжид олдида уловидан тушди. Шу дам Ҳазрати Умар хонадонларидан чиққан бир жория уни кўриб, ичкаридагиларга мусофир келганини етказди.
Бир оз ўтиб қайтиб чиққан жория Муовияга: “Сизни Амирул мўминин чақиряптилар”, деб, уни ичкарига таклиф қилди. Унинг олдига таом ва хурмо қўйишди. Қорнини тўйғазиб олган Муовия Амр ибн Ос уни Искандариядан жўнатганини, мусулмонлар шаҳарни фатҳ қилганларини айтиб берди.
— Нега тўғри олдимга келавермадинг?
— Сиз дам оляпсиз деб ўйлаган эдим.
— Қандай бемаъни фикр! Муовия, мен кундузи ухлайдиган бўлсам, қўл остимдагиларга хизмат қилолмай қоламан. Ҳуқуқларини паймол қилган бўламан. Тунда ухласам, ўзим учун қиладиган ишларим қолиб кетади. Шунча вазифалар турганида мен қандай қилиб шу вақтда ухлай?
Ҳазрати Умар бу билан: “Мен умуман ухламайман”, демоқчи эмаслар. Аммо жаннат башорати берилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпгина эътирофларига сазовор бўлган адолат шамширининг уйқуси қатъий чегараланган эди. Тўшакка чўзилганларида виждон амрларига мувофиқ иш кўрганларига, раиятнинг дардига дармон бўлиб, кўнгиллари хотиржам тортганига шубҳа йўқ эди. Лекин у зот қилган ишларидан кўра, кўпроқ қилмаганларини ўйлар эдилар. Ўзлари Мадинада эканлар Миср, Сурия, Форсни ўйлар, Фурот қирғоғида йўқолиб қолиши мумкин бўлган бўталоқ тақдирига ҳам ўзларини жавобгар ҳис қилар эдилар.
“Обрўйимга яраша кийинай, шунга мос дастурхон тузай, борган пайтимда халифалигимни эсдан чиқармай, мос равишда кутиб олсинлар”, деган фикрни хаёлларига ҳам келтирмасдилар.
“Ҳокимият илкимга тушибди. Энди аввал қорнимни тўйдирай, бола-чақам, қариндош-уруғларим роҳат-фароғатда яшасин. Мендан кейин ҳам халифалик ўзимиздан бўлган одамга қолиши учун вақтида ҳаракат қилиб қолай”, деган каби паст ва ахмоқона ўйлар у кишига бегона эди.

* * *

Ҳазрати Умар олдларига келтирилган ҳеч бир таомдан қусур қидирмасдилар. Баъзан ейдиган нарсалари қуллар ҳам бурун жийитадиган таом бўларди. Бундан хизматкорлари Асламнинг (ёки Йарфа) ҳам жаҳли чиқарди. Ҳазрати Умардек каҳри қаттиқ инсон лоақал бир маротаба қизишиб: “Йўқотинг буни дастурхондан! Ейдиган нарса келтиринг”, дейишлари керак эди.
Бир куни Аслам: “Бугун амирул мўмининни гапиришга мажбур киламан”, деб, ўшанга яраша иш қилди: кул бўлатуриб, ўзи ҳам хушламайдиган таом — қотган нон ва нордон сут келтириб, Ҳазрати Умарнинг олдларига қўйди. Аслам ҳеч бўлмаса: “Буни ўзингга илинсам ермидинг?” деган гапни эшитишдан умидвор эди. Ҳеч бўлмаганда шундай десинлар… Йўқ, Ҳазрати Умар ҳар доимгидек дастурхондагиларни индамай едилар ва Аллоҳга ҳамду санолар айтдилар. Ўша пайтда Ҳазрати Умарнинг айтган гаплари Асламнинг қулоқларида муҳрланиб қолди: “Оҳ нақадар яхши неъмат! Бугун шуни ҳам тополмаган қанча одамлар бор!”
Ҳазрати Умар ҳид билмасмидилар? Ё тиллари таъм билмай қолганмиди? Аччиқ билан чучукни ажратолмайдиган, ширин билан нордоннинг фарқига бормайдиган инсонмиди ёхуд?
“Ҳа” деб жавоб бериш учун ҳақиқатдан кўз юммоқ лозим. Чунки, рамода — очарчилик йилида ўғилларидан бирининг уйидан гўшт хиди келаётганини билиб жаҳллари чиққан эдп. Ўшанда одамлар очликдан ўлаётган бир пайтда бунақа қилиш яхши эмаслигини айтиб, койиб берган эдилар. Бир сафар олдларига қўйилган овқатга бурунларини жийириб, уйларида мазалироқ овқат ейишлари мумкинлигини айтган меҳмонларига:
— Мени таъм билмайди, деб ўйлаяпсизми? — деб гап бошлаб, сўнг қўй сўйиб, уни қовуриб, дастурхонга келтиргунча қилинадиган ишларни айтиб берган эдилар.
Хуллас, Ҳазрати Умар ҳидни ҳам сезардилар, таъмни ҳам билардилар. Лекин биладиган бошқа нарсалари бор эди. Қоринларини лаззатли овқатлар билан тўйғазиб олсалар, фақирларни унутиб қўйишлари мумкин эди. Балки Аллоҳ наздида юксак мақом соҳиблари шу он очликдан қийналаётган бўлар.

* * *

Бир жума куни уйларида ушланиб қолиб, масжидга ҳадеганда чиқавермадилар. Жамоат у кишини кутиб қолди. Ниҳоят, эшикда Ҳазрати Умар кўриниб, минбар томон йўналдилар.
— Куттириб қўйганим учун узр! Эгнимдаги либосимни ювган эдим. Қуриши қийин бўлди. Кечикишимнинг сабаби шу.
“Мўминлар амири, бошқа кийим кийсангиз бўларди-ку. Шуни кийиш шартмиди?” дегувчи топилмади. Чунки Ҳазрати Умарнинг бошқа кийими йўқлиги ҳаммага маълум эди.

* * *

Озарбайжондан келган Утба ибн Фарҳаднинг араблар киймайдиган енги узун кийими бор эди. Уни кўрган Ҳазрати Умарнинг юзларида норозилик аломатлари пайдо бўлди. Чунки сал аввал унга шу ҳақда танбеҳ бериб, араблар киймайдиган кийимдан узокроқ юришни буюрган эдилар. Ҳазрати Умар пичоқ сўрадилар. Утба халифанинг мақсадини англади. Ҳазрати Умарнинг ҳазиллашмаётганлари аниқ эди. Ҳозир пичоқ билан енгларини кесиб, бармоқлари билан баробар қилиб қўядилар. Утба қилмайдиган ишини гапирмайдиган, бироқ, айтганини албатта қиладиган амирул мўмининга аста пичирлади:
— Бу кийимни эгнимдалигида кесманг, мўминлар амири, илтимос. Уяламан. Изн берсангиз, уйга боргач, ўзим кесиб ташлайман.
— Яхши, сен айтганча бўлсин, — дедилар ва пичоқни эгасига қайтариб бердилар.

* * *

Ҳазрати Умар садақа ва закотдан тушган молларни тарқатган эдилар. Ёнларига бир киши келиб:
— Менгаям беринг. Муҳтожман.
Ҳазрати Умар унга ўгирилдилар:
— Кимсан?
— Абу Шажараман.
Жавобдан Ҳазрати Умарнинг кўзларида учқун порлади, юзларида қаҳр зоҳир бўлди. Кўз олдларига Ислом учун жон фидо қилган инсонлар келди. Бу одам кечагина Исломни қабул қилган, аммо закот беришдан қочибми, ё маҳв этолмаган куфр туйғусининг ундашидами, ишқилиб яна диндан қайтган ва Ҳаққа қарши ботилни қурол қилиб кўтариб чиққан бадбахтлардан бири эди. У яна такрор Исломни қабул қилди, лекин аввал кўрсатган ҳунарлари…
Уни ўлдириб ҳам бўлмасди. Бироқ, ҳозир яхшигина дарс бериб қўйиш имкони туғилган эди.
— Эй Аллоҳнинг душмани, — дедилар Ҳазрати Умар. — Бир пайтлар: “Холиднинг аскарларидан бирининг нимталанган жасадидаги қон билан найзамни ювганман. Умид қиламанки, унинг ўзини ҳам кўраман”, деган пасткаш сенмасмисан?!
Абу Шажара ўзини таништирганидан пушаймон бўлди. Ҳазрат Умарнинг қарашларидаги ҳайбат ичини тилка-пора қилиб ташлади. Энди у ташлана олмас, қаҳрамон бўлган кунлари ортда колган эди.
— Мард бўлсанг, чиқ майдонга, эй Умар! — дейдиган ҳоли ҳам йўқ эди.

Абу Шажара сония ичида бўлиб ўтган ишларни хаёлидан ўтказаркан, Ҳазрати Умар:
— Қанчадан-қанча мусулмон дўстларимни ўлдириб, қўшиқ хиргойи қилганларингни эсла! — дедилар. Сўнг у зотнинг қўллари таёққа чўзилди. Абу Шажара гарданига тўсатдан тушган таёқ зарбидан ўзини йўқотиб кўйди. Дастлабки зарбанинг ортидан иккинчи ва учинчиси ҳам тушди.
— Мана сенга! Мана! Сен шунга лойиқсан! Кетма-кет тушаётган зарбалар остида ётиб қолгандан кўра, қочиб қолган афзал эди. Абу Шажара амаллаб сирғалиб чиқиб, думини тугди.
Ҳазрати Умар суюкли акалари Зайднинг қотили Абу Марямга ҳеч нарса қилмаган, фақат: “Сени кўришни истамайман”, дейиш билан чекланган эдилар.
Абу Марям:
— Ёқтирмаганингиз учун мен мусулмонларга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум бўламанми? — деб сўраганида, Ҳазрати Умар:
— Йўқ. Оддий мусулмонга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлар сенга ҳам берилади. Уларга бурч бўлган нарса сенга ҳам бурч ҳисобланади, — деб жавоб бердилар.
Абу Марямнинг илмий салоҳияти ошгач, уни Куфа қозилигига тайинлаган ҳам Ҳазрати Умар эдилар.
Ҳазрати Умар Абу Шажарадан ҳам кўра, Абу Марямни ёмон кўрардилар. У киши жондан ортиқ кўрган акаларининг қотилини Абу Шажарани жазолагандек жазоласалар бўлмасми? Турли усулда қийнаб, жонидан тўйдирсалар бўларди-ку! Ҳа, албатта, буларни қилсалар бўларди. Лекин бундан фақат нафсларини қондириш учун интиқом олган бўлардилар. Бунақа иш эса одил Умарга асло ярашмайди!
Абу Шажарани эса, ўзлари учун эмас, ўнлаб қон йиғлаган одамлар учун саваладилар. Агар у Исломни қабул қилмаганида, Ҳазрати Умарга уни ўлдиришларига ҳеч ким халақит қилолмас эди. Биров Ҳазрати Умарни Абу Шажарага қилган муомалалари учун айбламади.

Бир масала ечими

Ҳазрати Умар бир кун Каъб ибн Савр Асадий билан суҳбатлашиб ўтирган эдилар, ҳузурларига бир аёл кирди. Салом-аликдан сўнгра аёл гап бошлади:
— Мўминлар амири, турмуш ўртоғим кундузлари рўза тутади, кечаларни ҳам ибодат билан ўтказади. Унинг бу ишларидан шикоят қилишдан хижолатдаман. Зеро, у Аллоҳга қуллик киляпти. Бундай инсондан шикоят қилиш яхши иш эмас.
Ҳазрат Умар:
— Яхши эр экан, — дедилар.
Аёл бундай жавоб кутмаган эди. У айтганларини яна бир бор такрорлади. Ҳазрати Умар бу сафар ҳам аёлнинг эрини мақтаб қўйдилар. Шу тобда Каъб уларнинг суҳбатига қўшилди:
— Менимча, бу аёл эридан шикоят қиляпти, мўминлар амири. У эрининг ётоқдан узоқлашиб кетганини айтмоқчи.
Каъбнинг гапларидан аёлнинг юзи қизариб, кўзлари ерга қадалди.
Ҳазрат Умар:
— Модомики, сен бу аёлнинг нима демоқчилигини англаган экансан, ҳукмни ҳам ўзинг чиқар! — дедилар.
— Аёлнинг эрини топиб келтиринглар, — деди Каъб.
Эри келди. Каъб ундан исмини ва кимлигини сўраб олгандан кейин айтди:
— Хотининг сендан шикоят қилиб келди.
Ҳалиги одам шошиб қолди:
— Нимадан? Еб-ичишданми ёки кийим-кечакданми? Мен уни ҳеч нарсага муҳтож қилмадим.
У инсон эҳтиёжи фақат еб-ичиш ва кийинишдан иборат деб ўйлаб, у ёғини ўйламаган эди. Каъб:
— Йўқ. Икковларидан ҳам эмас, — деди.
Кейин аёл гап бошлади:
— Эй адолат мезони соҳиби бўлган қози, эрим ётоғини масжидга алиштирган. Кечаю кундуз ибодат килавериб, ётоғини унутиб қўйган. Аёллар ҳақларига риоя қилишда у ҳақда яхши гап айтолмаганим учун хижолатдаман. Аҳволимиз шу. Энди сиз адолатли ҳукм чикариб беринг.
Бутун фикру зикри ибодатда бўлган эр ҳам бўш келмади:
— Ётоқдан, унинг чиройидан, зийнатидан кўнглимни совутган нарса Нахл ва бошқа сураларда келган бир неча оятдан туғилган қўрқувдир.
Бу одам Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир пайтлар Абдуллоҳ ибн Амрга: “Зиммангда нафсинг, мусофир ва хотининг ҳаққи бордир”, деган ўгитларини эшитмаган кўринади. Ёхуд Усмон ибн Мазъун каби бу ўгитларни эшитган эса-да, кўнгли оддий оилавий ҳаёт кечиришни тусамас эди.
Каъб гапни чўзиб ўтирмай куйидаги жавобни қайтарди:
— Эркак зиммасида аёлининг муайян ҳақлари бор. Ақли жойида инсон тўрт кечада бир аёлга насибасини беради. Аллоҳ сенга тўрттага уйланишга рухсат берган. Тасаввур қил: тўртта хотининг бор. Сен уч кеча-кундуз рўзадор бўлиб, ибодат киласан. Лекин аёлни ҳар тўрт кеча-кундузда сенда битта ҳаққи борлигини эсдан чиқарма. Уни бу насибасидан маҳрум этишга ҳаққинг йўқ. Қани энди хотинингни олдингга сол-да, уйингга бор.
— Аллоҳ сиздан рози бўлсин, қози.
— Сиздан ҳам рози бўлсин, хоним.
Уларни завқ билан кузатиб турган Ҳазрати Умар Каъбга юзландилар:
“Худо ҳаққи, нимага ҳайрон қолишни ҳам билолмай қолдим: масалани тушуниб етганинггами ёки чиқарган ҳукминггами. Сени ҳозироқ Басра қозилигига тайинлайман. Дарҳол ишга киришасан.

* * *

Кайсидир ҳаж мавсумида Ҳазрати Умар Талҳа ибн Убайдуллоҳни охори тўкилган эски кийимда кўрдилар:
— Сени бу аҳволда жоҳил одам кўрса, ҳажда эски-тускиларни кийиб олса ҳам бўлар экан деб ўйлайди. Яхшироқ эҳром кийиб ол, — дедилар.

Тунги шарпа

Қабристонга маййит келди. Бошқа марҳумлар каби унинг ҳам ортидан кўз ёш тўкиб қолишди. Бошқа марҳумлар каби у ҳам яқинлари, таниш-билишларида хотиралар қолдириб кетди.
Оила аъзоларининг бу мусибатдан ташқари бошқа бир муаммолари ҳам бор эди. Буни тилга олишнинг ўзи ғалати. Муаммо… ўлик билан боғлиқ эди. Тасаввур қилинг, бир уятсиз одам келиб… марҳумнинг кафанини ечиб олса…
Бу ҳол кишини ўйга толдирарди. Бу ҳол шунчаки тасодиф эмасди. Чунки гоҳида атрофга шунақа нохуш хабар тарқалар, эшитганларнинг ичи зил кетар эди. Дарҳақиқат, баъзи иймонсизлар кафан ўғирлашни касб қилиб олганди.
Одам табиати бундай ишлардан нафратланади, ҳатто ирганади. Лекин, афсуски, табиатида фазилат деган нарса бўлмаган, инсоний туйғулардан маҳрум одамлар ҳам дунёда сен билан ёнма-ён яшаркан.
Марҳумларнинг тириклардан кутадиган ягона нарсаси улар учун сўраладиган раҳматдир. Бироқ ўликларга гўрида ҳам тинчлик бермайдиган пасткашлар аввал чамалаб, кейин белгиланган қабрни очиб, шу орқали кун кўраётған эди. Кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайдиган бу иш тўғри эмасди. Ахир у ҳам тер тўкяпти. У ҳам қоронғуликда қўлга тушиб қолиш қўрқуви билан ҳаяжон ичра ҳаракат қилади. Лекин бу ишнинг дўконда ўтириб олиб, харидор кутишдан фарқи бор эди.

Марҳумнинг укаси ўша тун қиличини тақиб, акасининг қабрига яқин жойда яширинди ва кута бошлади. У тунни қабристонда ўтказди. Ҳеч ким келмади. Иккинчи кеча ҳам ҳеч зоғ кўринмади. У учинчи кун яна келиб, ўзи учун анча таниш бўлиб колган қабрлар орасига яширинди.
У кечаси қабристонда ўтириш билан уйда ётишнинг катта фарқи борлигини сезди. Тўғри ҳеч бир қабр тоши қимирламайди. Бирорта қабр очилиб, ичидан ўлик чиқиб келмайди. Бу айни ҳақиқат. Лекин қабристонга келиб, шунча ўлик орасида тунни юрак ўйноғи билан ўтказганларгина бу ҳақиқатнинг мағзини чақади.
Итларнинг дамба-дам акиллаб туриши кечага ўзгача тус берарди. Узоқ вақт қимирламай ўтираверганидан, “изқувар” ҳолдан тойиб, уч-тўрт дақиқага ухлаб оларди. Аммо бу кеча у қаттиқ, ухлаб қолиши мумкин эди. Кейин эрталаб очиқ қабрга кўзи тушса, ўзини виждони олдида қандай оқлайди?!
Туриб у ёқдан-бу ёққа юриш уйқу қочиришнинг энг яхши усулидир. Лекин туриб юрадиган бўлса, уни кўрган одам изига қайтади, шунча меҳнат бесамар кетади.
“Изқувар” ўтирган ерида баъзан қиличи қинини суқиб, баъзан оёқ-қўлини увиштириб, уйқусини қочириб ўтираркан, бирдан сергак тортди. Қулоқлари қадам товушларини эшитаётган эди. У бутун диққатини кўзи ва қулоғига тўплади. Йўқ, янглишмабди! Елкасига кетмон ва белкурак кўйиб олган бир одам эҳтиёткорлик билан яқинлашиб келарди. У қабрни худди ўзи қазигандек янглишмай топиб келди. Энди ишни бошлаш қолди, холос. Бунинг учун ҳеч қандай расмиятчиликнинг кераги йўқ эди. Белкуракни олиб, янги уйилган тупроқни аста торта бошлади. “Шарпа” уч-тўрт қадам нарида икки жуфт кўз диққат билан кузатиб турганидан бехабар эди. Бу кўзлар эгаси лабини тишлаганча, пешонасидан чиқаётган терга ҳам эътибор бермасди.

“Изқувар” бир пайт бармоқларида оғриқ ҳис этди. Қиличининг қинини сиқиб олгандан кейин бармоҳлар ҳам оғрийди-да. У бир қўли билан потирлаётган юрагини чангаллаб турарди. Тишларини ғижирлатиб, бир оз ҳовуридан тушди.
“Шарпа” қабрнинг анча-мунча жойини очиб қўйди. Сўнг нафас ростлади, терини артди. У ўзига-ўзи: “Яна ярим соат. Ўлган одамга кафаннинг нима кераги бор экан?” дерди. У бир оз тин олгач, яна ишга киришди. Ўликка яқинлашган сари ичини ҳаяжон босди. Тупроқка тушаётган белкурак товуши оркадан нафас чиқармай келаётган одамнинг қадам ташлаши билан ҳамоҳанг эди.
“Шарпа” икки кураги ўртасига тиғли нарса тиралганини ҳис қилиб, тирноғигача музлаб кетди. Бечоранинг кўрқувдан тиззалари дағ-дағ қалтирарди. Тун ярмидан оққанда ёлғиз боши билан мозорда яширинча иш қилаётган одамнинг шу алфозда қўрқишини тасаввур қилинг.
— Қўлингдагини ташла!
“Изқувар”нинг гапи мантиқсиз янгради. Чунки, шарпанинг қўлидаги белкурак аллақачон ерда ётарди.
— Менга қара!
У ўгирилди.
— Нима қилаётувдинг?!
Тил калимага айланмасди. “Шарпа” ғўлдираганча:
— Кўряпсиз-ку… — дея олди.
Шу жавобнинг ўзи етарли эди. Ҳеч бир жавоб унинг ҳолини шу биргина сўздан яхшироқ англатолмасди. Бу жиҳатдан жавоб эгасини қутлаб қўйиш керак.

Ажаб, тун ярмида келиб, дағал муомала қилаётган ким экан у? Балки у ҳам ўзига ўхшаган кафан ўғрисидир?” “Шарпа калласига келган бу фикрдан бир оз дадиллашди.
— Сен ҳам шу иш билан шуғуллансанг, гап йўқ. Арра қиламиз!
Ундан чиққан тайинли гап шу бўлди Аммо у янглишганини тушуниб етиши учун кўп вақт кетмади.
— Бу қабрга менинг акам кўмилган.
“Тунги шарпа” тош каби қотди. Пешонасидан муздек тер чиқди. У бу терни ажал шамоли олиб келганини хаёлига ҳам келтирмади.
— Менга қара, бир хато қилдим-да энди. Бошқа бундай қилмайман.
Балки рост гапиргандир. Аммо “изқувар” уни тавбасига таянтириш учун эмас, балки жазолашга келган эди.
— Бошқа қилмаслигингга ишончим комил.
Бу гап инсонга ўзгача умид бахш этиб, хавф ортда қолганини англатарди. Балки гуноҳидан ўтганини билдирар.
— Аллоҳ сендан рози бўлсин. Умринг узоқ бўлсин!
— Омин! Лекин, менимча, бу дуо учун афсус қилсанг керак. Чунки ўлиминг муқаррар.
— Ёлвораман…
Унинг сўнгги сўзи шу бўлди. Тун қоронғусида ҳавода кўтарилган шамшир зарб билан тушди. Яна кетма-кет кўтарилиб, “шарпа”ни ерпарчин қилди.
Балки у дастлабки зарбадан кейиноқ нариги дунёга равона бўлгандир. Аммо ҳали иликларга қадар сингган алам, томирлардаги кин ва интиқом оташи ўчмаган эди. Бир неча сониялардан кейин оёғи пастда, танаси қабр четида ётган “тунги шарпа” яна бир бор нафрат тўла кўзларнинг телбаларча қарашларига дучор бўлди. “Изқувар” мурдани оёқлари билан қабрга итариб тушираркан, лаблари билан пичирлади: “Баъзида одам ўзига-ўзи қабр қазир экан”.

* * *

Бомдод намозидан кейин жамоатга юзланган Ҳазрати Умар тунги воқеалар ҳақида эшитишга тайёр эдилар.
Ёш йигитча ўрнидан туриб, қабристонда бўлган машъум воқеани батафсил айтиб берди ва:
— Ҳар қандай жазога тайёрман, мўминлар амири, — деб гапини тугатди
— Мен ҳеч қандай жазо бермоқчимасман. У жазосини олибди. Кафан ўғрисининг ўлими сабаб бировни айблай олмайман.

Отиқа хоним

Баҳрайндан мушк келтирилди. Ҳазрат Умар:
— Қанийди тош-тарозуни яхши тушунадиган аёл бўлса-ю, мушкни мўминларга тарқатса, — дедилар.
Шунда аёллари Отиқа айтди:
— Буни мен қиламан. Олиб келинг.
— Йўқ, бўлмайди.
— Нега бўлмас экан, мўминлар амири? Қўлидан келмайди, деб ўйлаяпсизми?
— Ундай эмас, қила олишингта ишонаман. Лекин сен уни тарқатаётиб қўлингга юқади, мушкни юзингга, қулоқларингга суртиб олишинг мумкин. Ана унда Умарнинг оиласи бошқалардан кўпроқ улуш олган бўлиб қолади. Мен шундан хавфсираяпман.

* * *

Отиқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат хушхабарини берган Саид ибн Зайднинг синглиси эди.
У ниҳоятда гўзал аёл эди. Илк турмуши Ҳазрати Абу Бакрнинг ўғиллари Абдуллоҳ билан эди. Абдуллоҳ Отиқани жонидан ортиқ кўрарди. Шу даражада севардики, ҳатто баъзи жангларга қатнашолмаган. Ҳазрати Абу Бакр ўғлининг аҳволини кўриб, уни бир чеккага тортдилар ва хотинини талоқ қилишини буюрдилар.
Ота буйруқ берган, лекин кўнгил бунга бўйсунмас эди. Абдуллоҳ отасига қарши бориш катта гуноҳлигини билар, лекин кўнгилга ҳам буйруқ беролмай, ҳис-туйғуларга берилиб, икки ўт орасида қолди, ҳатто бу ҳақда шеър ёзди.
Ота-ўғил ўртасидаги келишмовчилик Абдуллоҳнинг хотинини талоқ қилиши билан якун топди. Аммо талоқ ҳам қалб оташини сўндира олмади, аксинча кучайиб кетди. Абдуллоҳ гоҳ-гоҳида Отиқани кўриш мақсадида йўлини пойларди.
Унинг бу ҳолини эшитиб, Абу Бакр Сиддиқ яхшилаб сабоқ бериб қўймоқчи эдилар. Лекин ўғлининг Отиқага бўлган оташин муҳаббатини эшитиб қолдилар: “Унингдек гўзалдан айрилиб, менинг ҳолимга тушганни кўрмадим. Айбсиз талоқ қилиниб, унинг ҳолига тушган аёлни ҳам кўрмадим. Жуда ахлоқли эди, уятчан ва оқила аёл эди…”.
Хассос қалбдан чиқаётган бу садо жуда таъсирли эди. Унинг ҳолатини кўриб Ҳазрати Абу Бакр ортга чекиндилар. Абдуллоҳни ёнларига чақириб, бошини силадилар.
— Ўғлим, бор-да, Отика билан ярашиб ол!
Отасининг гапидан Абдуллоҳнинг кўз ёшлари дарё бўлди. Лекин бу қувонч ёшлари эди. У Ҳазрати Абу Бакрнинг қўлларига осилди.

Бу тариқа Отиқа Ҳазрати Абу Бакрнинг хонадонларига иккинчи бор келин бўлиб тушди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Макка фатҳига борган, Ҳунайн ва Тоиф жангларида катнашган Абдуллоҳ қалъадан отилган ўқдан яраланди. У Мадинага ярадор ҳолда қайтди. Отиқа унинг кўнгил яраларини даволай олди, лекин баданидаги жароҳатларига малҳам бўла олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кўп ўтмай, Абдуллоҳ ҳам абадий сафарга йўл олган эди.
Отиқа Абдуллоҳ учун роса йиғлади. Лекин кўз ёшлар кетганни ортга қайтаролмайди. Булар фақат кўнгил иши эди. Одамлар Отиқанинг Абдуллоҳга атаб ёзган марсиясини эшитиб қолдилар: “Сен мени ташлаб кетдинг. Кўзларим ортингда ёшланиб қолди. Юзимни ерга кўяман. Ёноқларим тупроқ бўлажак”.
Абдуллоҳ энди ортга қайтмайди. Ҳаёт ўз йўлида давом этади. Эрининг вафотидан тўрт ой ўтди. Бу муддат ўлган эридан ҳомила бўлган-бўлмаганлигини билиш учун керак. Ҳомила бўлса, бола туғилиб аёл поклангунгача, йўқса тўрт ой-у ўн кун ўтгунча биров билан турмуш қурмайди, бу ҳақда ҳеч ким билан гаплашмайди.
Бир кун Ҳазрати Умарнинг акаси Зайд ибн Ҳаттоб Отиқанинг эшигини тақиллатди. У киши Отиқага уйланмоқчи эди. Зайд рад жавоби бериладиган инсон эмасди.
— Сизга турмуш чиқишдан олдин бир шартим бор.
— Нима экан у?
— Намозларимни масжидда ўқишимга қаршилик қилмайсиз.
— Хўп. Бу шартни қабул киламан.
— Ундай бўлса, розиман.
Отиқа иккинчи марта турмушга чиқди. Лекин кўп ўтмай, Зайд сохта пайғамбар Мусайламага қарши жангга кетиб, Ямомада шаҳид бўлди.

Гўзалликда тенги йўқ Отиқа иккинчи марта тул қолди. Бир куни ҳайбатли, басавлат киши эшигини қоқди. У одамнинг кўзларига қарай олиш учун ўзгача жасорат керак эди.
— Отиқа, сенга турмуш масаласида таклифим бор эди.
— Менга уйланмоқчи бўлган ким, мўминлар амири?
— Ўзим.
— Яхши. Лекин шартларим бор.
— Қандай?
— Мени урмайсиз. Хотинлик ҳуқуқларимни унутмайсиз, намозни масжидда ўқишимга қаршилик қилмайсиз.
— Розиман.
— У ҳолда мен ҳам розиман.
Ҳазрати Умар суннатга мувофиқ тўй қилдилар. Тўй куни Ҳазрати Али Ҳазрати Умарга яқинлашдилар:
— Рухсат берсангиз, мўминлар амири, Отиқага бир-икки гап айтсам.
— Марҳамат, Али!
Ҳазрати Али Отиқа ўтирган уйга яқинлашиб, пардани кўтардилар.
— Бир паитлар Абдуллоҳнинг ортидан: “Мени ташлаб кетдинг, энди кўзларим ортингдан ёш тўкади”, деган сенмидинг? — дедилар.
Унинг гапларидан Отиқа хўнграб йиғлаб юборди. Ҳазрати Умар гапга аралашдилар:
— Абулҳасан, нега бундай деётганингни тушунмаяпман. Эри ўлган ҳар қандай аёл шундай қилишга мажбур, — дедилар.

* * *

Пайти келиб Отиқа Ҳазрати Умарнинг шаҳидликларига гувоҳ бўлажак.
Ҳазрати Умардан кейин Зубайр ибн Аввом билан ҳам юқоридаги шартлар асосида турмуш қурган Отиқа бир оқшом шом намозига кетаётганида рашкчи эрининг хаёлидан нелар кечаётганидан бехабар эди. У масжидга яқинлашиб қолганда тўсатдан орқадан берилган зарбадан гангиб қолди. Ортига ўгирилиб: “Инсонлар фасод ботқоғига ботиб кетибдилар”, деди. У шундан кейин масжиддан қадамини узиб, намозларини уйда ўқийдиган бўлди.
Зубайр ибн Аввом хотинини бир уриб муродига етган бўлса-да, лекин бу қилмиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан узоқлаштирманглар, масжидга келишларига қаршилик кўрсатманглар”, деган ўгитларига амал қилишни унутган эди. Аёл киши намозни жамоат билан ўқишидан оладиган завқ-шавқидан ташқари, бебаҳо диний маърифатдан ҳам маҳрум қилишган эди.
Масжиддан четлаштирилган, диний таълимга рухсат ололмаган аёллар ақлга тўғри келмайдиган хурофотларга берилиб кетишига уларни шу ҳолга туширганлар жавоб беришлари даркор. Диний маърифати йўқ аёлга осмондан илҳом келармиди?!

* * *

Ҳазрати Али билан у кишининг мухолифлари ўртасида битмас жароҳат қолдирган Жамал жангида Зубайр ибн Аввом шаҳид бўлди. Отиқа тўртинчи эридан ҳам айрилди.
…Отиқа бир кун қаршисида ўрта бўйли, елкалари кенг, қуюқ соқолли, юзи нурли бир одам қўлини сўраб келганида, унга: “Шартларим бор”, дея олмади.
— Мўминлар амири! Сизга “йўқ,” деёлмайман. Лекин ўзингизга маълумки, мен тўрт бор турмушга чиқдим. Собиқ эрларимнинг барчаси шаҳид кетишди. Сиз ҳам қилич остида жон беришингизни истамайман. Шунинг учун мени маъзур тутасиз.
Ҳазрати Али бошқа бу ҳақда оғиз очмадилар. Зеро, аччиқ тажриба аёлни шундай йўл тутишга мажбур қилди. Тақдири азал бетакрор гўзаллик соҳибасининг пешонасига фақат шаҳид кетадиган эркаклар билан бирга бўлишни битган эди.
Ҳазрати Алининг: “Шаҳид кетишни истаган одам Отиқага уйлансин”, деганлари ривоят қилинган.
Ҳазрати Алини шаҳид бўлишдан қўрқишда айблаш у кишининг шаънларига туҳмат бўларди. Чунки Ҳазрати Алининг бутун ҳаётлари жангларда кечган ва Аллоҳ йўлида қурбон бўлишнинг нақадар юқори мартаба эканини Каломуллоҳда ўқиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган эдилар. Бир манбада у кишининг: “Энг олий ўлим Аллоҳ учун шаҳид кетишдир”, деган гапларига кўзимиз тушган.
Ҳазрати Али Отиқага уйланмадилар, лекин барибир шаҳид бўлиб жон бердилар.

* * *

Ҳазрати Умар бир аёлни ҳузурларига чорлади. Аёл қаттиқ қўрқиб, ҳомиласини тушириб қўйди. Ҳазрати Умар бу воқеадан қайғуга тушди. Энди нима қилиш кераклигини сўраб, ўзлари ишонган одамларга маслаҳат солди. Ҳар ким билганича маслаҳат берди. Бажариш энг оғир ечим Ҳазрати Алидан чиқди: “Бу бир мўминни билмай ўлдириб қўйиш билан баробардир”.
Ҳазрати Умар:
— Энг мақбули Абул Ҳасаннинг (Али ибн Абу Толиб) гапидир, — дедилар.
Аёлга юз бош туя берилди.
Давлат раҳбари сифатида Ҳазрати Умар энг осон йўлни танлашлари ҳам мумкин эди. Бунга биров эътироз билдиролмасди. Аёлнинг эрига учраб: “Кечирасизлар, бундай бўлишини истамаган эдим”, десалар ҳам бўларди.
Ҳатто тепадан келиб: “Ким унга боласини туширсин дебди”, дея бақириб-чақиришлари ҳам мумкин эди.
Келажакда шу каби хатти-ҳаракатлар юз беради. Масалан, Сиффин жангида Ҳазрати Али тарафида туриб урушган Аммор ибн Ёсир бир гуруҳ тарафидан шаҳид қилинади. Ўзининг буйруғи эслатилганда Сиффин қўмондони шундай дейди: “Амморни биз ўлдирганимиз йўқ. Уни жангга ким олиб келган бўлса, ўша ўлдирди” (Ибн Саъд, “Табақот”).

* * *

Ҳазрати Умар диннинг моҳиятини тушуниб етгаи инсон эдилар. У зот, аввало, Қуръонга, кейин суннатга таянар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътибор берган нарсага Ҳазрати Умар ҳам эътибор билан қарарди.
Бир ҳаж мавсумида Ҳазрати Умар Ҳажарул асвад қаршисида туриб: “Сен оддий тошсан. Бошқа тошлардан фарқинг йўқ,. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени ўпмаганларида, мен ҳам ўпмасдим”, дедилар ва тошни ўпдилар. Кейин шерикларига ўгирилдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўминлар учун мукаммал намуна эканликлари ҳақдаги оятни ўқидилар.
Ҳазрати Умар яна бошқа бир нарсани эслар эдилар: Ҳудайбия сулҳидан бир йил ўтиб, умра қилиш учун Маккага келишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажарул асвад қаршисида туриб, Умарга: “Шу ерда кўз ёш тўкилади, Ҳаттобнинг ўғли”, дедилар.
Бир кун Ҳазрати Умар ҳаж ва умрага келиб-кетаётганларнинг Ҳудайбиядаги дарахт атрофида кўп ўралашиб қолишаётганини кўриб қолдилар. У кишининг амрлари билан ўша дарахт кесиб ташланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшга қарши курашиш учун байъат олаётганларида шу дарахт остида ўтирган эдилар. Бироқ муҳими дарахт эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган ваъда эди.
Келаси йили келганлар дарахтни жойида кўрмадилар. Кейинчалик у одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди.

* * *

Кунларнинг бирида Йаъло ибн Умаййа:
— Ҳузурингизга бир масала бўйича келдим, — деди.
— Бемалол, гапиравер.
— Аллоҳ: “Агар куфр келтирганлар сизларни фитна ва муаммога дучор қилишларидан қўрқсангиз, сафарга чиққанингизда намозни кисқа ўқишда ёмонлик йўқдир”, деган. Биз эса, шу кунларда Аллоҳнинг марҳамати билан тинчлик-хотиржамликда яшаяпмиз.
Йаъло бу билан: “Бизнинг душмандан қўрқадиган жойимиз йўқ, аксинча, улар биздан қўрқишади. Шундай экан намозни тўлиқ ўқиганимиз дуруст эмасми?” демоқчи эди.
Ҳазрат Умар:
— Сени қийнаётган масалани мен ҳам ўйлаб кўрганман. Худди шуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганимда, ул зот: “Намозни сафарда қисқартириб ўқиш Раббингиздан сизга инъом қилинган садақадир. Аллоҳнинг садақасини қабул этинглар”, деган эдилар, — деб жавоб қилдилар.

* * *

Шу ўринда Ҳазрати Умар даврларидаги пул бирлиги ҳақида икки оғиз сўз айтиш лозим кўринди. Ўша пайтларда тўрт хил пул бирлиги бўлган. Булар — бағолий, табарий, мағрибий ва яманий тангалар. Ушбу пуллар саккиз, тўрт, уч ва бир даниқ оғирлигида эди.
Ҳазрати Умар бундай шароитда чора кўриб, одамларни ягона пул бирлиги атрофида тўплаш ва савдо-сотиқда рўй бериши мумкин бўлган турли найрангбозликларнинг олдини олиш мақсадида кузатув ишларини олиб боришни буюрдилар. Шунда энг кўп муомалада бўлган иккита пул бирлигини аникладилар. Улар бағолий ва мағрибий тангалар эди.
Ҳар икки пулнинг оғирлиги қўшилиб ўртадан бўлинди. Натижада янги зарб этиладиган тангалар олти даниқ (яъни, ўттиз арпа дони оғирлиги билан баробар) этиб белгилашга қарор қилинди.
Бир нарсани айтиб ўтиш лозимки, бу пуллар фақат оғирлигига қараб тартибга келтирилган. Пул ислоҳотини ҳар тарафлама амалга ошириб, исломий ўлчовлар асосида муомалага киритган киши Молик ибн Марвон бўлади.
Усмон ибн Ҳунайф қўли остидаги Ироқ аҳли орасида тарқалган узунлик ўлчов бирлигини Ҳазрати Умар давлат номидан расмий деб эътироф қилдилар. Айнан шу ўлчов бирлиги уммат амири тарафидан имзоланиб кучга кирди.
Узунлик ўлчови уч турли эди. Ўша уч ўлчов бирлиги кўшилди ва яна учга бўлинди. Бундан ҳосил бўлган узунлик расман қабул қилинди. Ўлчанган чивиқнинг учлари эритилган кўрғошин билан муҳрланди ва Ирокқа — Усмон ибн Ҳунайфга ерни ўша асосда ўлчаш учун юборилди. Ушбу ўлчов бирлиги кейинчалик “Зирои умарийя” (Умар аршини), деган ном олди.

Ҳазрат Умар Аббоснинг уйи олдидан ўтиб кетаётган эди. Тарновдан окиб тушаётган сув кийимларини ифлос қилди. Юқоридан сўйилган хўрознинг қони аралаш сув оқиб тушаётган эди. Табиийки, бундай аҳволда намоз ўқиб бўлмасди. Ҳазрат Умар уйга қайтиб, кийимларини алмаштирдилар ва шундан кейингина намозни адо қилдилар. Сўнгра у кишининг амрлари билан тарнов жойидан олиб ташланди. Бу воқеадан бир оз вақт ўтиб, Аббос розийаллоҳу анҳу Ҳазрати Умарнинг олдига келди.
Олдириб ташланган тарновни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўша ерга ўрнатган эдилар, — деди Аббос.
Ҳазрат Умар ўринларидан туриб, Аббоснинг ёнларига чиқдилар.
— Аббос, уйингда нарвонинг бор. Лекин бу сафар сенга ўзим нарвонлик киламан. Устимга чиққин-да, тарновни жойига ўрнатиб қўй.
Аббос воқеани кузатиб турганларнинг ҳайратомуз қарашлари остида буйруқни бажарди. (Ибн Саъд).

Салмон уйланмоқчи эди

Салмон Форсий Ҳазрати Умарнинг бир қизларига совчи қўйиб, ижобий жавоб олди. Аммо унинг ўғли Абдуллоҳ орадаги ёшнинг фарқи катталигиданми ёки бизга маълум бўлмаган бошқа сабабданми, рози эмасди.
Салмоннинг комил мусулмонлигига шак-шубҳа йўқ эди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда: “Салмон биздан, бизнинг аҳли байтимиздандир”, деган эдилар. Бироқ бир одамнинг бошқа одамга хуш келиши ёхуд турмуш қуриши учун рози бўлишига бошқа сабаблар бўлиши мумкинлигини ҳам инкор қилолмаймиз. Балки қўли сўралган қиз ўзи рози бўлмай, бу ҳақда оғаси Абдуллоҳга гап очгандир.
Абдуллоҳ ҳам ўз навбатида отасининг олдига келиб: “Мен синглимни Салмонга узатилишига қаршиман”, дея айтолмагандир. У ота турганда аканинг гапи иккинчи даражали эканлигини яхши тушунарди.
Абдуллоҳ ўша кунларда Мадинада юрган Амр ибн Осни кўриб: “Мана шу одам бирор чора топиб бера олади”, деган фикрни кўнглидан ўтказди. Бориб вазиятни Амрга тушунтирди. Амр: “Буни менга қўйиб бер”, деди.
— Умарнинг қизига совчи қўйибсан. Уям қизини сенга беришга рози бўлибдими, Салмон?
— Ҳа.
— Умар кўнгли бўшлик қилибди…
Амр бошқа ҳеч нарса демай йўлида давом этди. Салмон гап нимадалигини англаши ва унинг ортидан югуриб келиб: “Бу билан нима демоқчисан, Амр?” дейиши учун озгина вақт керак эди. Бу гап Салмонни ўйлантириб қўйди. У Амрни топиб: “Бу нега сени қизиқтиряпти, Амр? Оғиз солган мен, қизини бермоқчи бўлган у. Сен нега бу ишга аралашяпсан?” демоқчи бўлди. Лекин иш шу билан ҳал бўлиб қолмасди. Худо билади, яна қанча одам Амрдек ўйлаб юрибди. Уларнинг фикрини йўқотиб бўлмайди-ку! Ундан ташқари, Амр ҳам боплаб жавоб бериб, ишнинг пачавасини чиқарар. Шу бир оғиз гап Салмоннинг ақлига ўрнашиб, хаёлини банд этди.
Уйлай-ўйлай, у Ҳазрати Умарнинг олдига борди ва “Бу ишга кўнглим чопмаяпти” деб, фикридан қайтганини маълум қилди.

Исфаҳон

Ҳазрати Умар Куфага Амморни юборганларидан сўнг олдинги волий Абдуллоҳ ибн Утбани қўшинга бош қилиб, Исфаҳон сари юришни буюрдилар.
Абдуллоҳ Куфада турган аскарлар билан Нихованддан қайтган лашкарни қўшиб, йўлга чиқди. Йўлда Шаҳр Бароз Жазовайҳ исмли кекса қўмондон бошчилигидаги қўшинга дуч келди. Ўртада жанг бўлиб ўтди. Бир куни мўйсафид майдонга чиқиб, яккама-якка олишувга рақиб чақирди. Ўртага Абдуллоҳ ибн Варқо чиқди. Бўлиб ўттан олишув қариянинг ерга жонсиз қулаши билан якун топди. Унинг ўлганини кўрган қўшини қочиб қолди. Шу тариқа Исфаҳон атрофидаги йирик қишлоқ қўлга киритилди. Бу жой кейинчалик: “Рустакуш шайх” (Мўйсафид кишлоғи), деган ном олди.
Ислом лашкари илгарилаб, Исфаҳон шаҳри яқинигача етиб келди. Бу сафар ўртага Фосузтон деган қўмондон чиқди.
— Қўмондонингиз ўртага чиксин! Куч синашамиз! — дея қичкирди у.
Абдуллоҳ олдинга чиқди. Фозустон:
— Шерикларимни ўлдиришингизни истамайман. Мабодо, сени ўлдирсам лашкаринг ортга қайтсин. Мен ҳалок бўлсам, ватандошларим сиз билан сулҳ тузишади, — деди.
Абдуллоҳ қўмондоннинг инсоф юзасидан қилган таклифини қабул этди. Илк зарбани форсий берадиган бўлди. Фозустон отини ниқтаб, найзасини бор кучи билан рақибига улоқтирди. Найза Абдуллоҳ ўтирган отнинг эгарини эзиб ташлади, лекин отга шикаст етмади. Абдуллоҳ бунақа аҳволда отда ўтиролмаслигини англаб, пастга тушди ва отнинг устидан эгарни олиб ташлади. Кейин ўзи яланғоч отга минди. Энди зарба бериш навбати уники эди. Фозустон қўлларини кўтарди:
— Сен билан олишмайман. Сен кучли инсон экансан. Яхшиси сулҳ тузайлик. Шаҳар сизларга таслим бўлади. Шу шарт биланки, хоҳлаган одам жизя тўласин ва шаҳарда қолсин, хоҳлаган одам тинчгина шаҳарни тарк этсин ва истаган ерига кетсин. Ундан қолган ерлар сизга бўлсин.
Абдуллоҳ бу таклифга қарши ҳеч нарса демади. Келишув Фозустон айтганидек тузилди. Ўттиз киши шаҳарни тарк этиб, Кирмонга йўл олди, қолганлар жизя тўлашга рози бўлди. (“Тарихи Табарий”)

* * *

Кейинчалик ака-ука Нуайм ва Сувайд ибн Муқарринларнинг жонбозликлари туфайли Моҳ, Малвия, Ҳамадон, Рай, Хумс, Журжон ва Табаристон шаҳарлари жангсиз фатҳ қилинди. Сўнгра Симоқ ибн Ҳораш Озарбойжонда турган Букайр ибн Абдуллоҳга мадад сифатида юборилди. Лекин улар ортиқча қаршиликка дуч келишмади. Натижада Озарбойжон ҳам қўлга киритилиб, Утба ибн Фарқод волий этиб тайинланди.

* * *

Озарбойжондан Боб томон йўл олган Абдураҳмон ибн Рабиа шаҳар ҳокими Шаҳрбоздан мактуб олди. Унда ҳоким хавфсизлиги таъминланса, мусулмон қўшини билан учрашмоқчи эканини айтган эди. Абдураҳмон унинг истаги қондирилишини маълум қилди. Шаҳрбоз келди:
— Биз зоти паст қабилалар билан билан яшаяпмиз. Шараф соҳиби бўлган инсонлар бунақаларга ёрдам қўлини чўзмайдилар. Шарафли инсон шарафли инсон билан ёнма-ён бўлиши лозим. Шу сабаб биз качларнинг ҳам, арманиларнинг ҳам тарафини олмоқчимасмиз. Уларга қўшилиб, сизга қарши чиқиш ниятимиз йўқ, Биз жизя тўлашдан ташқари, уларга қарши курашиш ва истаган ерингизда ҳозир бўлишга розимиз. Шундай экан, жизя олиб, уларнинг олдида бизни пастга урманг.
Ҳоким виқор билан гапирарди. Гаплари ҳам жарангларди. Абдураҳмон бу борада бошқа қўмондон Суроқа билан кенгашиб кўрди, Суроқа гапни чўзиб ўтирмади:
— Душманга қарши бориб, бизга нисбатан бош кўтариш нияти бўлмаган одамларнинг ўзига яраша ҳожатлари бўлса керак. Биз сизлардан бошқа солиқ олмаймиз.
Бундан буён чегара ҳудудларида туриб, ислом давлатини тан олмаганларга қарши курашганлардан жизя олмаслик одат тусига кирди. Ҳазрати Умар бу ҳақда хабар бирилганда, қабул қилинган қарорни тўғри ҳисоблаб, уни тасдиқладилар.

Яздажирд салтанати емирилиб бораётганини англаб турарди, лекин қўлидан бирор иш келмасди. Унинг охирги бор Ниховандда омади чопган эди, шундан кейин ишлари чаппа кетиб, чорасиз қолди. Энди у шаҳардан бу шаҳарга кўчманчи каби кўчиб юришдан бошқа иложи йўқ эди. Яздажирд сўнгги марта Райдан паноҳ топди, лекин у ерда ҳам тинч яшолмагач, Хуросон тарафларга қочди. У мажусийликнинг тимсоли ва илоҳи деб қараладиган оловни ўзи билан олиб юрар, бу билан минг йилдан бери ёниб турган ўтни ўша ерда қурдирган «Оташгоҳ»га келтирарди.
Ахнаф ибн Қайс бошчилигидаги қўшин ҳам тобора илгарилаб, Хуросон тупроқларига қадам қўйди. Ахнаф Ҳиротни забт этди, кейин Нишопур ва Марвга йўл олди.
Яздажирд атрофидаги подшоҳликларга ёзган мактубларида ёрдамга муҳтожлигини билдирди. Лекин Ахнафнинг келганини эшитиб, Марвдан Рузга, у ердан Салҳ шаҳрига йўл олди.
Бу орада Куфадан келган кичик қўшин Балхга етиб олди. Яздажирднинг қўшини билан бўлган жанг мусулмонларнинг ғалабаси билан якунланган эди. Ахнаф Балхга етганда жанг тугаган, бироқ, Яздажирднинг ўзи йўқ эди.
Ахнаф Хуросон фатҳ қилингани ва Яздажирднинг қочганини ёзиб, Ҳазрати Умарга мактуб жўнатди. Ииллар давомида жанг ташвишларидан ҳориган Ҳазрати Умар: “Қанийди, у ёкқа аскар жўнатмасам. Қанийди, Форс билан ўртамизда оловли уммон бўлсаю, уларга дуч келмасак”, дедилар.

Бу ёқда Яздажирднинг чақирувига биноан Ҳоқон билан Суғд подшоҳи Хуросон тарафга юрди. Бундан хабар топган Ахнаф ибн Қайс кийимларини одамлар танимайдиган даражада ўзгартириб, ўз қўшинини айланиб чиқди. Мақсад аскарларнинг фикрларини эшитиш эди. Тасодифан у икки жангчининг суҳбатини эшитиб қолди.
— Амир қўшинни шу тоғ этагига жойлаштирса, яхши иш бўларди, — деди улардан бири. Шериги бош ирғаб, уни тасдиклади:
— Тўғри. Ҳеч бўлмаса, душман ортимиздан ҳужум қилолмасди, биз ҳам бир тарафга қараб жанг қилардик.
Бу гапда жон бор эди. Эрталаб Ахнафнинг қилган дастлабки иши қўшиннинг орқа тарафини тоққа қаратиб жойлаштириш бўлди.
Кўп ўтмай, турклар қўшини етиб келди. Тонгда рақиблар икки тарафга сафланди. Турклар орасидан бир суворий ўртага чиқиб, яккама-якка олишувга чақирди. Ўртага Ахнафнинг ўзи чиқди. Олишувда лашкарбошининг қўли баланд келди. Кейин чикқан икки аскар ҳам Ахнафнинг қиличи остида жон берди. Ахнаф ортга қайтди. Рақиб эса ҳануз унинг қўшин қўмондони эканини билмасди.
Ҳоқон кетма-кет уч кишидан айрилганидан хурсанд бўлмади. У: “Бу одамлар билан уришишдан наф йўқ. Ортга қайтамиз”, деди. Унинг буйруғи ижро этилди. Бомдод намозига турган мусулмонлар кечаги қўшин жуфтакни ростлаб қолганига ҳайрон бўлишди. Ҳоқоннинг оқилона йўл тутиши ҳар икки тараф учун фойдали бўлди.
Яздажирднинг бир чақируви билан шунча инсонни ўлим билан юзма-юз қилиш ақл ва мантиққа тўғри келмасди.

Яздажирд Турк ҳоқони қайтиб кетганини билгач, режалари барбод бўлганини англаб етди. Зеро, ихтиёридаги саноқли аскар билан ҳеч нарса қилолмасди. Бундан қудратлироқ қўшинларни ер тишлатган мусулмонлар бу сафар бор кучини сафарбар қилиши аниқ эди. У бир қарорга келди: “Чин ҳукмдорларининг олдига боради”.
Яздажирд бутун хазинасини тўплади, энди бу ерларга ҳеч қайтиб келмайди. Унинг йўл тадоригини кўрганлар:
— Нима қилмоқчисиз? — деб сўрашди.
— Турк ҳоқонининг ёнига. Е у билан қоламан ёки Чин тарафларга кетаман.
Ҳукмдорнинг бу гаплари одамларнинг сабр косасини тўлдирди:
— Шошмасак бўлармиди. Қарорингиз бир фикрга асосланган. Ҳозир бошқа элат ёнига борасиз ва ўз юртингиз, элатингизни тарк этасиз. Яхшиси, араблар билан келишиб, ўз юртингизда қолинг. Улар ҳеч бўлмаса, диндор, ваъдасига вафо қиладиган одамлар-ку! Ҳолбуки, сиз олдига бормоқчи бўлаётган ҳукмдорларнинг динларини ва аҳдига вафодор эканликларини яхши билмайсиз.
Яздажирд бу гапларни эшитишни истамади.
— Унда ҳазинани бизга қолдиринг. Чунки у бизнинг мулкимиздир. Уни биздан йиғиб олгансиз.
Яздажирдга халқидан илк бор эшитиб турган бу сўзлар ёқмади.
— Аввал хулқларингни тузатиб олсангиз, яхши бўларди. Подшоҳингизга нисбатан бундай муомала қилиш одобдан эмас.
— Агар сен ҳақиқий подшоҳ бўлганингда бизни бундай аҳволга тушириб қўймасдинг!
Бўлар иш бўлган эди. Яздажирд шоҳ эмас, давлатнинг мол-мулкига чанг солаётган оддий раҳбар бўлиб қолган эди халқ наздида. Жанжал тезда ниҳоясига етди. Жонини қутқариш мақсадида Яздажирд хазинани ўша ерда қолдириб, мамлакатни тарк этди. У тўғри Турк ҳоқонининг ҳузурига йўл олди. Форслар эса Ахнаф билан учрашиб, сулҳ туздилар ва жизя тўлашни бўйинларига олиб, юртларига қайтишди. Улар энди бундан буён кисролар давридагидан фаровонроқ ҳаётда яшашади.
Ахнаф ибн Қайс Ҳоқон билан Яздажирд Балх шаҳрида эканини эшитиб, қўшинни ўша ёққа юришга буюрди. Бундан хабар топган Ҳоқон дарёнинг нариги соҳилига ўтиб кетди. Ахнаф Балхдан уларни топа олмади. Ҳазрати Умарни вазиятдан бохабар этдилар.

* * *

Дарёни кечиб ўтган Ҳоқон билан Яздажирд аввалроқ Чин ҳукмдорига юборилган элчини учратишди. Элчи Чин ҳоқони билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни айтиб берди.
Ҳукмдор шундай деган эди: “Айтишингизга қараганда, уларнинг сони жуда оз. Лекин сен ҳар сафар улар зафар қучаётганларини айтяпсан. Мен шуни тушуниб етдимки, улар яхшилик билан, сизлар эса ёмонлик билан иш юритяпсиз. Энди бир-иккита саволларимга жавоб бер.
“Улар берган сўзларида туришадими?”
“Ҳа, туришади”.
“Жанг бошлашдан аввал нима дейишади?”
“Бизга уч таклифдан бирини танлашни айтишади. Ё мусулмон бўлишимизни ёки жизя тўлаб, ҳимояларига киришимизни ёхуд жанг қилишимизни”.
“Аскарларнинг қўмондонларига итоатлари қай даражада?”
“Итоат дегани шундай бўлса”.
“Ҳалол ва ҳаром хусусида нима дейишади?”
Элчи ҳалол-ҳаром тўғрисида билганларини гапириб берди. Кейин у яна қуйидаги саволларга жавоб берди:
“Ҳалол қилинганни ҳаром, ҳаром қилинганни ҳалол дейдиларми?
“Бунақаси бўлмайди”.
“Тушунишимча, сен айтган одамлар ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром демас, аниқроғи, динларининг ҳукмларини оёқости қилмас эканлар, мағлубиятга учрашмайди”.
Элчи шу гапларни етказиб, Чин ҳукмдорининг хатини топширди.
Чин ҳукмдори мактубда: “Бир учи Марв, бошқа учи Чинга етадиган қўшин юборишим мумкин. Лекин бундай қилмайман. Чунки бўйнимдаги вазифани яхши тушуниб етганим йўқ. Элчининг гапларига қараганда, душманингиз киришса, бутун тоғни жойидан қўпориб ташлайди. Йўлини қилсалар мени ҳам бу ердан суриб чиқаришлари мумкин. Менимча, сиз улар билан учрашиб, сулҳ тузишингиз керак. Улар сизга ҳужум қилмагунча сиз ҳам ҳужумга ўтманг”, — деб ёзган эди.
Яздажирднинг бутун умидлари чилпарчин бўлди. Энди у ё ҳоқон ёнида бир мусофир сифатида яшайди, ё бош олиб чиқиб кетади.

давоми бор.