O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳақиқий халқ ёзувчиси

Ҳақиқий халқ ёзувчиси
173 views
10 July 2017 - 6:00

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

ҲАҚИҚИЙ ХАЛҚ ЁЗУВЧИСИ
(Мирзакалон Исмоилий ҳақида сўз)

Мирзакалон Исмоилий — расмий унвони бўлмаса ҳам — ҳақиқий халқ ёзувчиси эди.

Ёзувчининг обруси унинг унвон ва нишонларида эмас, унинг ёзган китобларидадир. Бу қадимий, исбот талаб қилмайдиган мезон. Биз “Фарғона тонг отгунча” романининг бир неча нашрларини кўрганмиз. Турли соҳада ишлайдиган, феъл-атвори ҳар хил одамлар қўлида кўрганмиз. Варақланавериб, титилиб кетган муқоваларда кўрганмиз. Халқ муҳаббатининг белгиси шу бўлса керак.

Афсуски, Мирзакалон Исмоилий ижоди адабий доираларда етарли даражада баҳосини олмади. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор.

Шахсга сиғиниш даврида ҳар бир соф виждонли ёзувчи, бировни сотмаган, ўзини сотмаган ҳар бир ёзувчи ёки космополит деб саналган ёки “халқ душманлари” қаторига қўшиб қўйилган. Мирзакалон Исмоилийни космополитизмда айблашди.

Бу ҳақда домланинг ўзлари айтиб берган эдилар. Урушдан қайтиб келган ёш ёзувчи немисларнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилаётиб, хатога йўл қўяди. Немисларни жуда одобли халқ экан, трамвайга чиқаётиб ҳам “бите, бите” — “марҳамат, сиз чиқинг”, деб йўл бериб туришади, дейди. Ва шунинг учун жазо олди. Жазо муддати тугаганидан кейин ҳам тепадагилар ёзувчини узоқ вақт хуш кўрмайдилар. Мирзакалон Исмоилий шахсан ўртоқ Рашидовга ёқмай қолиш шарафига муяссар бўлади.

Тўғрисўз, принсипиал одамнинг бировга ёқиши, этимол, қийиндир. Лекин Мирзакалон Исмоилийнинг адабий жараёндан сунъий четлаштирилганига сабаб фақат унинг шахси эмас.

Ҳамма гап шундаки, ёзувчининг ижодий принсипи шу давр талаби — қасидабозликни қабул қилолмасди. Эҳтимол, у замонавий мавзуларда кўп ёзиши мумкин эди. Аммо ҳар қандай виждонли ёзувчи замонавий мавзуни замонасозлик деб тушунмайди ва ҳозирги даврни тасвирлар экан, бор гапни очиқ ёзишга мажбур бўлади. Аммо бу ёзгани босилиб чиқармикан?

Шу хаёл ҳаммамизни ўйлантириб қўяди. Эҳтимол, шунинг учун бизнинг ёзувчиларимиз 50-йилларда “босиш мумкин бўлмаган” асарлар ёзишга ҳафсала қилмагандир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Мирзакалон Исмоилийга ўхшаган ёзувчилар кўпроқ ўтмишимизга — аллегорияга ва болалар ҳаётига оид мавзуга мурожаат қилгандир. Бу ҳам ҳақиқатни айтишнинг бир йўли.

Шу йўлда ҳурматли ёзувчимиз самарали хизмат қилди. “Фарғона тонг отгунча” романи шу ижоднинг энг юксак жойида ҳамон жилваланиб турибди.

1988

(25)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (124-125-саҳифалар.)

(давоми бор)