O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

1 ярим миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Каримовга қарши овоз берди

1 ярим миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Каримовга қарши овоз берди
175 views
07 April 2015 - 16:53

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси президентлик сайлови якуний натижаларини эълон қилди.

Ана шу расмий натижалардан хулоса қилинадиган бўлса, Ислом Каримовга овоз бермаганлар сони 1 ярим миллиондан ортиқроқдир.

Бу дегани бир ярим миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар президентлик курсисига Ислом Каримов эмас, балки унинг «рақиб»лари лойиқ деган фикрда бўлишган.

Комиссияга кўра, жараёнда сайловчиларнинг 91,08 фоизи (18 миллион 942 минг 349 нафари) иштирок этган.

Улардан 90,39 фоизи (17 миллион 122 минг 597 нафари) жорий Президент Ислом Каримов номзодини ёқлаб овоз берган.

Эълон қилинган сўнгги натижалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси номзоди Акмал Саидов 3,08 фоиз, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмонов 2,92 фоиз, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси кўрсатган номзод Наримон Умаровга 2,05 фоиз овоз тўплаганини кўрсатган.

Сўнгги натижалар Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон қонунларига биноан Ислом Каримовни қайта лавозимига сайлангани хусусида қарор қабул қилишдан бошқа чора қолдирмаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мазкур сиёсий жараёнда турли халқаро давлатлар, ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этганини эътироф этар экан, сайлов эркин, демократик андазаларга мос ва шаффоф ўтди дея хулоса қилган.

Аммо, Ўзбекистондаги президентлик сайловларига чекланган кузатувчилар гуруҳини йўллаган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти баёнотида “29 март куни ўтказилган сайловларда ҳақиқий мухолифат мавжуд бўлмаган ҳолатда сиёсий саҳнада жорий раҳбар сиймоси устуворлик қилган”и айтилди.

Каримов обрўси ҳақида эртак ва ё такрорланаётган тарих

muhammad_solih bbc_nocreditЎзбекистон Марказий сайлов комиссияси тақдим қилган рақамларга қаралса, сайловчиларнинг 9, 61 фоизи мухолиф номзодларга овоз беришгани маълум бўлади.

Бу ҳар қандай сиёсий эркинликлар устидан тоталитар назорат ўрнатган тузум учун ҳам «ноқулай» бўлган ҳақиқатдир.

Расмий рақамларга ишониладиган бўлса, 1991 йилда президент сайловида Каримовга рақиб бўлган, ўша пайтлар сиёсатчи ўлароқ деярли ҳеч ким танимайдиган Муҳаммад Солиҳнинг бир ўзи 12.7 фоиз овоз тўплагани айтилади.

Мухолифат ва кузатувчилар эса ўшанда унга овоз берганлар сони бир неча баробар кўп бўлганини айтишади.

«Эрк» демократик партиясининг раҳбари ва ҳозирда Ислом Каримовнинг мухолифатдаги асосий рақиби деб кўриладиган Муҳаммад Солиҳнинг бир ўзи 1991 йилда бир ўзи расман 12.7 фоиз овоз олгани сўнгги сайловни мутлақо озод бўлмаганидан дарак беради.

Шунда ҳам, кузатувчилар кўра, расман бир ярим миллион ўзбекистонликнинг Каримовга овоз бермагани унинг тузуми учун ҳушёр торттирувчи ҳолатдир.

1991 ва ундан кейинги сайловларга солиштирилса, Каримовнинг обрўси юқорилаб бораётгани ҳақида расмий матбуот даъволари пучга чиқади.

Кўпда таҳлилчилар сайловга оид рақамларнинг ҳақиқийлигини шубҳа остига олишади.

Уларга кўра, бундай сонлар олдиндан белгилаб қўйилган бўлади.

Ислом Каримовга овоз бермаганлардан бири журналист ва ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова.

bbc.co.uk/uzbek

Редакциядан:

Мазкур мақоладаги “Ҳеч ким танимаган Муҳаммад Солиҳ 12.7% овоз олди” деган ибора нотўғри талқиндир. Чунки Муҳаммад Солиҳ 1990-йилларда Ўзбекистон сиёсати саҳнасида энг машҳур ва халқ тарафидан дастакланган сиёсий арбоблардан эди. Унинг бу сайловда 12.7% эмас, ундан 4 баравар кўп овоз олганлиги ҳақда тахминлар мавжуд. Бу ҳақиқат албатта, Каримов ҳокимиятдан кетгандан сўнг юзага чиқади.