Роппа-роса 100 йил бурун Николай II нинг бир фармони чиққан.
Унда Туркистон ўлкасидаги рус бўлмаган 19 ёшдан 49 ёшгача бўлган жами 250 минг эркакни фронт ортидаги ишларга сафарбар қилиш кўзда тутилган.
Менинг жафокаш халқим нима деган биласизми? “Майли, империянинг уруш харажатларини тўлашга розимиз, лекин болаларимизни мардикорликка боришига қаршимиз”.
Чунки бу халқ оммавий мардикорликни ўзларига иснод деб билди.
Кафангадо бўлсак бўламиз, лекин фарзандларимизни мардикор қилмаймиз, деб туриб олишди.
Бу йўлда қўлига қурол олди ва минглаб шаҳидлар беришди. Онаизорлар йиғладилар:
Поездингни жилдирган
Ўтхонаси билан дўнгалаги.
Двинска кетишди
Мард йигитнинг бир бўлаги.
Двинска кетмас эди
Мард йигитнинг бир бўлаги,
Двинска кеткизган
Николай золим замбараги.
Двинска йўл бўлсин,
Қарағайзоринг кул бўлсин,
Йигитларни қийнаган
Николайинг йўқ бўлсин.
Тошкентингиздан миниб,
Тўп остидан чиқдилар.
Оналари: “Вой, болам!” деб,
Кафан тўнин бичдилар.
Қисматнинг шафқатсиз ўйинини кўринг, орадан 100 йил ўтиб, ўзимиз мардикор бўлмоққа бел боғладик.
Улуғларимиздан мерос қолган ғуруримизни тирикчилик еб битирди.
Алишер Назар