Менинг ёшимдаги ва мендан 40-35 ёшлар орқадагилар, коммунистлар замонида туғилдик, коммунистлар мактабида ўқидик ва уларнинг тарбиясини (шундай аташ мумкин бўлса) олдик. Коммунистларнинг тартибига кўра яшашга мажбур этилдик. Ачинарлиси шулки, кўпчилигимиз, ўша замонларда биз кун кечирган коммунистик ҳаёт тарзидан бошқачароқ ҳаёт борлиги ҳақида ўйлашни ҳам истамасдик, тўғриси бошқача ҳаётнинг борлигини билмасдик. Коммунистлар замонида менимча кишилар: совет коммунистик яшаш тарзини сўзсиз тўла қабул қилганлар, ҳатто қалбдан қабул қилганлар, яъни ҳақиқатан атеист (даҳрий), чинакамига коммунистлар ва уни-коммунистик ҳаёт тарзини мажбуран қабул қилганларга бўлинган эдилар.
Оллоҳнинг қудрати билан коммунистлар тузими(шайтон ўйини) ҳукмрон бўлган бир буюк мамлакат-империя тарқаб кетди. Шу билан у мамлакатда яшашаётган аҳоли ҳам коммуниистлар ва уларга қарши бўлганларга бўлиниб қолди. Бироқ коммунистларнинг кўпчилиги давлат ҳокимиятини қўлда сақлаб қолишдилар. Улардан бир мисол, бу Ўзбекистондир.
Бу мамлакатнинг, яъни тарқаб кетган совет мамлактининг нифуси, ҳокимятдагилар-қалбдан коммунистлар ва совет даврида мажбуран коммунистларча яшашга мажбур қилинганларга бўлиниб қолди, дедик. Бу икки бўлак табиатан ҳеч қачон бир бир-бириларига яқинлаша олмасдилар. Чунки замонида мажбуран ўзларига ёд бўлган бир тарзда яшаганлар, илк имкон пайдо бўлганида (Горбачев давриниг бошлариданоқ) тавба қилишиб, ўзларининг анъанавий, маънавий-маданий яшаш тарзларини бошлашга киришгандилар. Айниқса, Ўзбекистонда (умуман бутун Ўрта Осиёда) Горбачев даври мусулмон ўлароқ яшаш даври келди шаклида қабул қилинганди. Бироқ советлар битганидан сўнгра Ўзбекистонда Каримов бошлиқ коммунистик тўда ҳокимиятни қўлда сақлаб қолишнинг уддасидан чиқди. У тўда, халқ оммасининг асосий қисмини қурол кучи билан бугун ҳам коммунистларча яшашга мажбур қилиб турибди.
Кўраяпсизми, Ўзбекистондаги бутун муаммо, коммунистик (шайтоний) ҳукумат ва ўтмишда билиб-билмай йўл қўйган хато-камчиликларига тавба этган нуфус (фуқаро) орасидаги, яъни тавба қилганлар ва тавба қилмаганлар ўртасидаги фарққа бориб тақалмоқдадир.
Шу ерда яқин тарихдан(1988-1990), тўғриси советлар мамлакати исмли бир империянинг тугатилишига саноқли йиллар қолган замондан бир кичик ҳикоя келтираман. Ўша замонларда Самарқанда “Бирлик“ халқ ҳаракатининг Самарқанд бўлимини тузиш ташаббускорлари ҳар ҳафтанинг пайшанба кунида йиғилиш ўтказадиган бўлишгандилар. Йиғилишимизга горком, обком, гор-облискомдан, гор-облкомсомол комитетларидан [Совет давлат тузимида ҳокимиятни коммунистик партия бошқарарди. Шу сабаб масалан, вилоят(область)да обком, шаҳар(город)да горком каби ташкилотлар жойлардаги совет ҳукумати ҳисобланар эди)]ҳам вакиллар келарди. Ҳукуматдан келганларнинг вазифаси бизни кузатиш, “сиёсий хато“га йўл қўймаслигимизни назорат қилишдан иборат бўларди, албатта. Йиғилишлар одатда Самарқанд университетининг биноларидан бирида ўтказиларди. Бу сабабдан эса, университет раҳбарияти устига ҳам маълум даражада масъулиятлар тушарди. Шунинг учун университет раҳбариятининг вакили ҳам ўз набатида бизнинг йиғилишларимизга қатнашиб бизни назорат этарди. Унивеситетнинг вакили Ўзбекистонда таниқли шоир, драматруг Душан Файзий (Д. Файзиев) эди. Душан Файзий, бизни назорат қилишда университет раҳбарияти вакили бўлишига қарамасдан, халқ ҳаракати тарфдори бўлган зиёлилардан бири эди.
Биласиз, совет замонида ҳалол-ҳаром каби тушунча умуман йўқ эди. Ҳатто ҳалол-ҳаром дейилган сўзни эшитмасдингиз у замонлар. Аммо тўғри сўз бўлиш, адолат қилиш, ҳақиқатпарварлик ҳақида жуда кўп сўзланарди ва ёзиларди. Булар ҳақида том-том китоблар ёзилганди ва ёзиларди. Мамлакатнинг бутун ахборот воситалари, жумладан радио-телевединиеси тинмасдан адолат, ҳақиқат, тўғри сўзлилик ҳақида сўзлаб, кўрсатиб турарди. Уларнинг асосий ва энг муҳим вазифаси советлар мамлакати деб аталадиган давлатнинг дунёда тенгги йўқ адолатпарвар, ҳақиқатпарварлигини сўзлайверишдан иборат эди. Афсуски, мамлакатда катта-ю кичик ҳеч ким тўғри сўзламасди. Ҳеч бир жойда адолат, ҳақиқат каби қадриятлардан бир ҳарф ҳам топиб бўлмасди. Одамлар, ҳар қандай арзимас кичик бир имкон бўлганида бир-бирларини алдаб кетаверарди. Кишилар орасида бу салбий хусусият шундай даражага кўтарилгандики, ҳатто улар ўз жигарбандлари-болаларини ҳам ёлғонлар билан алдашга уринишардилар ва ҳақатида ҳам у гўдакларни алдашга ўргатишардилар.
Қисқаси совет замонида, кишиларнинг яшаш тарзи уч хил эди, яъни бир киши бир вақтнинг ўзида уч хил кўринишга эга эди. Уларнинг сўзи, иши ва кўнгули(агар уларда қалб бўлса, қалблари) ҳеч замон, ҳеч бир ишда , ҳеч бир муомалада бир-бирига деярли мос, уйғун бўлмасди.
Хуллас, совет замонида ахлоқ шу даражада бузилганлигидан “Бирлик“ ҳаракатининг бошланғич даврларидаги фаолиятида ахлоқ масаласи ҳам жуда аҳамиятли ўрин эгалларди. Затон ҳаракат илк бор мамлакатдаги экологик вазиятнинг бузилиб кетаётганини кўтариб чиққанди. Кишиларнинг ахлоқи, ижобий ахлоқи ҳам экология(атроф муҳит)нинг таркибий қисми эди. Шунинг учун бизнинг йиғлишларимизда шартли равишда “инсон экологияси“ ҳақида ҳам фикр алмашишлар бўларди. Шу муносабат билан биз(самарқандликлар)нинг орамизда ахлоқни тузатиш масаласи ҳақида самарали ишлар бошлаш масаласи ҳам келиб чиққан эди. Совет ахлоқ хусусиятини тузатиш эса, қилганларимиз, сўзлаганларимиз, ўша замонда яшаш тарзларимидаги қусурларга тавба қилишдан бошланиши кераклигини ўртага қўйгандик. Бизнинг ўша ҳаракатларимиз таъсирида шоир Душан Файзий эса, “Тавба-тазарру“ деб аталган узун бир шеър ҳам ёзганди ва ўша замонларда пайшанба кунлари ўтказилиши йўлга қўйилган самарқандлик бирликчилар йиғилишида ифодали ўқиб берганди. Айтишим мумкинки, мен ўтмишдаги советларча (Оллоҳга шукрки, мен коммунист бўлмаганман) аянчли ва уятли яшаш тарзимга ўша замонлардан бошлаб тавба қилишни бошладим. Динсизлар тарафидан мамлакатдан қувилганимдан сўнгра, мусофирлик (ғурбат)да эса, тавба этиш қоидаларини ўргандим ва тартибли бир шаклда тавбаларимни такрорладим. Оллоҳу таолога чексиз шукрлар бўлсинки, 2005 йилда Ҳаж қилиш ҳам насиб бўлди ва менга такрор-такрор тавба қилиш имкони туғилди. Тавбаларим қабул бўлган бўлсин, омин.
Ўйлайманки, ўзбекистонлик ва ўзларини мусулмон ҳисоблаганлардан мен каби ва мендан янада яхшироқ тавба-тазарру қилганлар ҳам оз эмаслар. Такрор шукрки, бугун мен ЎХҲ таркибида ўшандай тавба қилган орасидаман. Афсуслар бўлсинки, Ўзбекистон ватандошлари орасида (жумладан ватанда ҳам) мусулмонча исм ташиётганларнинг сезиларли бир қисми, ўша совет даври яшаш тарзини тарк эта олмадилар. Ҳатто уларнинг баъзилари демократия, демократик принципда давлат бошқаруви амал қилаётган мамлакатларда бир неча йиллардан буён яшаётган бўлсалар-да, демократияни, демократик принципларни ҳам тушуниб этиша олмадилар. Шунинг учун ҳам улар, бугун чет эллар(демократик мамлакатлар)да яшашларига ва ўзларини Каримов режимига мухолиф ҳисоблашларига қарамасдан, ЎХҲ қарши хуруж қилишда бир изга тушиб қолаяптилар. Чунки бугунги чет эллардаги Каримов режимига уйдурма мухолифлар ва Ўзбекистондаги золим Каримов тўдаси мафкуравий бир синф(даҳрийлар, шайтонийлар)нинг намаёндаларидир. Улар бир-бирларини истаганча ҳақорат қилишлари мумкин. Чунки уларнинг сўзлари фақат ёлғонлардан тўқилган бўлади. Уларда тўғри сўзнинг ўзи йўқ, ахир. Адолат, ҳақиқат, тўғрилик, софлик, ҳалолик эса уларнинг ашшадий душманидир. Оллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ЎХҲ ҳаракатига тавба қилганлар йиғилган. Бу Ҳаракатни юргизаётганлар ҳақиқатан Оллоҳ ризоси учун адолатли, ҳақиқатпарвар бўлишга, ҳалол еб, ҳалол ичишга аҳд қилишганлардир.
Каримов тўдаси ва чет эллардаги унинг овоздошлари, идеологик ҳамкорлари билиб қўйингларки, биз ЎХҲ доирасида бирлашганлар, орамиздаги арзир-арзимас ихтилофлар, шахсий манфаатлар ва нафсимиз истакларидан устун тура олдик. Ниҳоят, Оллоҳу таолога шукрлар бўлсинки, бизга бутун коммунистик ўтмишимизга тавба-тазарру қилиш насиб бўлди. Оллоҳ ризоси учун, халқимиз бахти учун, жаножон Ватанимиз чинакам эрки ва озодлиги йўлида золим(Тағут)га қарши курашиш учун биз бирлаша олдик, бирлашдик. Сиз эса, даҳрийлигингиз, шайтон йўлига чуқур кириб, нафсингиз қулига айланиб қолганлигингиз ҳисобига бундай олий неъматдан маҳрум қолдингиз. Сиз ва бизнинг орамиздаги энг муҳим ва аҳамиятли муросасиз фарқ ана шудир.
ЎХҲ дастури ва Низоми доирасида бирлашган азиз ва қадрли ҳамфикрларим ва бутун ватандошларим! Сизнинг диққатингизга такрор айтаманки, биз тавба қилганлармиз. Бизга қарши хуруж қилаётганлар эса, ҳаромхўрликларини ташлай олишмаган, Оллоҳ, тавба қилишни насиб этмаган очкўз кимсалардир. Биз ва улар орамиздаги буюк фарқ: биз тавба қилдик, улар тавба қилмадилар ёки қила олмадилар.
Алибой Йўляхши,
08.05.2012 сешанба.