O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қамоқдан Мактублар

Қамоқдан Мактублар
196 views
14 May 2012 - 12:04

Тошкентда содир бўлган 1999 йил февраль портлашларидан сўнг минглаб тинч мусулмонлар қамоққа ташлангач, қамоқхоналардан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига (2011 йил 15 июльдан бошлаб Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти) махбуслар хатлари кела бошлади.

2003 йил март ойида ташкилот компьютерига ҳукумат томонидан кучли хакерлик ҳужуми уюштирилиши натижасида мазкур хатларнинг катта қисми компьютер хотирасидан ўчиб кетди, бироқ уларнинг 5-6 таси сақланиб қолган экан. Қуйида биз шу хатларнинг иккитасини муҳтарам ўқувчилар диққати учун келтирмоқдамиз. Барча соҳаларда, хусусан давлат пенитенциар (қамоқхоналар) системасида ҳам, ўз сиёсатини аксилинсоний, хусусан аксилмусулмон, руҳда ташкил этган Ўзбекистон ҳукуматининг асл башарасини англашда муҳтарам ўқувчилар учун қуйида келтирилаётган икки хат шўбҳасиз ёрдам беришига ишонамиз.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурорига

Ўзб. ЖКнинг 159-3, 244-1, 244-4 моддалари билан
7 йилга озодликдан маҳрум этилган, 1981 йилда
Қумқўрғон туманида туғилган маҳкум
Шоймардонов Беҳзод Янгибоевич томонидан

ШИКОЯТ ХАТИ

Мен 2002 йил 19 июлда УЯ 64-18 муассасасига этап бўлиб бордим. Мен билан бирга тахминан 20 га яқин маҳкум борди. Маҳкумларнинг кўпчилик қисми 159-модда билан қамалган маҳкумлар эди. Муассасага кириб келганимизда тезкор бўлими бошлиғи Қаҳҳоров Баҳодир, тартибот бўлимии бошлиғи Жўраев Ғайрат ва назоратчи ходимлар, ТСБ ходимлари бизларни кутиб олди.

Кутиб олиш чоғида ТСБ ходимларига маҳкумларни бемалол уриб, тепишга рухсат этилган экан. Изоляторга киритиб, тинтув қилиб бўлгандан кейин, тезкор бўлими бошлиғи Қаҳҳоров Баҳодир ҳамма маҳкумларга қарата «Бу муассасада намоз ўқимайсанлар, намоз ўқиш таъқиқланган» – деб уқтирди ва бизларни эрталабки текширувга олиб чиқди.

Бу ерда хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам Ўзбекистон Республикасининг мадҳиясини мажбуран айттиришар экан. Мен Ўзбекистон Республикаси мадҳиясини эътиқодимга зид бўлгани учун айтмадим, текширувдан мен билан бирга янги келган этапникларни, ҳаммамизни карантинга олиб борди, у ерда ТСБ бошлиғи Абдували, Линур ва Влад ёрдамчилари билан бизни «Гимн айтмайдиганлар» – деб ажратиб олиб, биттадан хонасига олиб кириб ура бошлашди.

Биринчи Умаров Равшанбекни олиб кириб ура бошлади, кейин мени олиб кириб «гимн айтасанми ёки айтмайсанми» деб сўрашди. «Гимнни айтмайман» деб жавоб берганимдан кейин ТСБ бошлиғи Абдувалининг «уринглар» деган кўз ишораси билан қолган ТСБ ходимлари менга бирданига ташланиб уриб кетди, бу ишлари натижа бермаганидан кейин икковимизни бошқа жойга олиб борди.

У ерга маъмурият ходимларидан тезкор бўлими бошлиғи Қаҳҳоров Баҳодир, тартибот бўлими бошлиғи Жўраев Ғайрат, тартибот бўлими ходими Одил ва назоратчи ходимлар, ТСБ ходимлардан ҳам бир нечтаси бор эди. У ерда ҳам бизларни ура бошлади. Умаров Равшанбекнинг қорнига урган эди, қаттиқ оғриқдан юролмай қолди, мени эса оғзимга мушти билан уриб оғзимни қонатди, оғзимга урган ТСБ ходими Линур эди.

Икковимизни шу ҳолатимизда тепиб, ураверишди, кейин Умаров Равшанбекни кўтариб Санчастга олиб кетди. Мени эса стол-стули йўқ бўлган катта хонага олиб кирди ва у ерда мени йиқитиб, оёқ қўлимдан ушлаб, оғзимга латтани тиқиб, қайириб ушлаб турди. Бу ердагиларнинг ҳаммасига Қаҳҳоров Баҳодир бошчилик қилаётган эди.

Қаҳҳоров Баҳодирнинг буйруғи билан ҳарбий назоратчилар ётган жойимда мени дубинка билан кўтимга ура бошлади, маълум муддат ургандан кейин уларни Қаҳҳоров Баҳодир тўхтатиб, «бунинг танаси калтак сезмай қолди» – деб устимдан бир пақир сув септирди ва яна калтакни давом эттирди, бу қилган зулм ва зўравонликларидан бирор натижага эриша олмаганликларидан кейин, шимимни мажбурлаб ечиб, эркаклик нафсониятимга тегмоқчи бўлишди.

Мен эса «булар қўрқитмоқчи бўлса керак» – деб ўз фикримда қаттиқ туравердим. Йўқ, улар бу жирканч ишни қилиш учун қаттиқ киришишди, мен шундан кейин Ўзбекистон Республикаси мадҳиясини айтишга мажбур бўлдим. Мен гимнни айтганимдан кейин ТСБ бошлиғи Абдували менга қарата, «Агар яна гимнни айтмайман дейдиган бўлсанг, сени ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз – деб ҳар хил ҳақорат сўзлар билан ҳақоратлади. Кейин Одил деган тартибот бўлими ходими мени қўрқитиш йўли билан мен қилмаган нарсаларни қилдим, деб тушунтириш хати ёздириб олди.

Тушунтириш хатининг қисқача мазмуни шундан иборат:
«Мени Халилов деган маъмурият ходимларидан бири тинтув ўтказмоқчи бўлганида мен қаршилик қилиб қўл кўтардим» – деб, тушунтириш хатини тўҳматдан ёздириб олди. Мен «Прокурорга шикоят қиламан» деган гапим учун тушунтириш хатини мажбурлаб ёздириб олди.

Мен тупроққа беланган ҳолатда чўккалаб туриб мадҳияни айтаётган вақтимда Умаров Равшанбекни Санчастдан олиб келишди. Умаров Равшанбек мендан «Нима бўлди? Яна Қизилтепадаги жирканч ишни қўллашдими?» – деб сўради. Мен «Ҳа» – деб жавоб бердим. Қизилтепада ҳам худди шундай инсонийликка тўғри келмайдиган жирканч ишларни бошимга солишган эди, унда ҳам ўзим тўғри – деб билган ғоямдан қайтмаганим учун шу ифлос ишларни қўллаган эди.

Умаров Равшанни хонага олиб кириб роса уришди. Қаҳҳоров Баҳодир, Жўраев Ғайрат ва бошқа ходимлар бор эди. Мен эшикнинг ёнгинасида тупроққа беланиб ётган эдим, ичкарида бўлаётган ишларни аниқ билиб турган эдим, чунки эшик очиқ турган эди. Ураётган киши Жўраев Ғайрат эди. Уриб бўлганидан кейин шимини мажбурлаб ечиб, эркаклик нафсониятига тегишди, барибир гимн айтмади, кейин шими ярим ечилган ҳолатда менинг олдимга судраб олиб келишди, орқа томони дубинканинг зарбидан қорайиб шишиб кетганди. Кейин кўтариб олиб бориб ҳаммомга чумилтириб келишди.

Бизин шу ерда ўзимизга келгунга қадар ушлаб турди, кейин мени замполит Улуғбек ака хонасига олиб кирди. Улуғбек ака менга 5 сутка изолятор берди. Изоляторда Маъсуд, Шуҳрат Болтаев, Эркин исмли маҳкумлар билан кўришдим. Улар менинг бу ахволимга гувоҳ бўлишди ва мен билан УЯ 64/36 муассасасига бирга борган маҳкумлар ҳам мени уришганидан хабардор ва гувоҳдир.

Менинг бу ҳолатимдан хабар топган онам Навоий вилоят прокурорига шикоят хати ёзган, Навоий вилоят прокурори катта терговчиси келиб мен билан ариза бўйича савол-жавоб ўтказди ва мен гапирган гапларни ёзиб олди, кейин Навоий ИИБ бошлиғи муовини томонидан одам келиб мен билан бўлиб ўтган зулмларни ёзиб беришимни сўради. Мен Умаров Равшан ва менга бўлиб ўтган зулмларни ёзиб бердим.

У кетгандан кейин маъмурият ходимлари мени чақириб ундан бошқача кўрсатма беришга мажбурлашди. Мен «Кўрсатма берганман, бошқа кўрсатма бермайман» деб айтдим. Лекин улар мендан бошқача кўрсатма олиш учун 2 кун ҳаракат қилишди, охири икки кун қаттиқ тазйиқлар остида, оёғимнинг тагига уриб, мажбурлаб ёздириб олди. Шу билан бу ишларнинг чораси кўрилмай қолиб кетди. Шундан кейин муассасада шикоят ёзишга имконият топа олмадим.

Менинг онам Навоий вилоят прокурорига ёзди. Бу ишни вилоят прокурори чорасиз қолдирди ва шу пайтгача чорасиз кўрилмасдан қолмоқда. Бу иш чорасиз қолдирилмаслиги учун Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурорига ёзишга мажбур бўлдим. Шу ишларинг чорасини зудлик билан кўришингизни талаб қиламан, – деб Шоймардонов Беҳзод.

Тушунтириш хатини ўз қўлим билан ва сўзим билан тўғри ёздим.

Шоймардонов Беҳзод Янгибоевич имзо.
22.06.03 йил

*******


Ўзбекистон РеспубликасиБош Прокурорига

Нусхаси: Халқаро уюшмалар, бирлашмаларига,
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси органларига

ЎзР ЖКнинг 159-моддаси 3-қисми билан турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган маҳбуслардан

ШИКОЯТ

Ушбу шикоятнинг ёзилишига сабаб бўлган омиллар УЯ 64/36 бу оғир сил касаллигига чалинган маҳкумларни даволаш керак бўлган муассасадаги қонунбузарликлар, инсон ҳақ-ҳуқуқини қўпол тарзда паймол этиш, касалванд маҳкумларни мисли кўрилмаган қийноқ ва азобларга солиш, касалини оғирлаштириш, ҳатто ўлимига сабаб бўлиш ва қатор бошқа ғайриинсоний муносабатлардан иборатдир.

ЖИЭМда кириб боришда инсонларни қийнаган ҳолда барча кийимларини ечинтириб, яланғоч ҳолда бир неча бор ўтириб туриш талаб қилинади, бажармаганларни уриб куч ишлатилади. Инсонларнинг хоҳишига зид равишда ариза ёздирилиб, ТСБ (тартибни сақлаш бўлими)га аъзо қилиниб, билагига белги (повязка) тақтирилади. Хорлаш максадида тракторда тортиладиган боронани бир неча маҳкумга қўлда торттирилади.

Бу зона касалхона ҳисобида эканлиги ва бу ерда сил касали билан оғриганлар сақланиши эътиборга олинса, бу ва қуйидаги ишлар мутлақо нотўғридир. Зонага келган маҳкумлар 15 кун карантинда сақланади ва уларга оғир, қаттиқ талаблар қўйилади: барча якка тартибдаги югуриш, жисмоний ҳаракатлар армиядаги сингари саф тортиб, ер тепган ва бақириб қўшиқ айтган ҳолда бажарилади – баъзи ногиронларни ҳам доимий саф ортида судралиб ёки кимдир кўтариб олиб югуришга мажбур қилинади, маҳкумлар кун бўйи баракка киритилмасдан қишда, совуқда, ёғин остида, ёзда иссиқда, чангда ҳар хил ишлар билан, кўпинча оғир ва кераксиз ишлар билан банд қилиб турилади.

Ишсиз вақтда эса давомли суратда «гимн» қўшиқларини бақиртириб айттирилади. Йўқ кишиларга «салом» деб бақиртирилади, саф юришларига мажбур қилинади. Бу ишларни бир оз суст бажарганларни оёқ билан тепиб, қўл билан уриб, ҳар хил сўзлар билан ҳақорат қилинади. Инсонларни чанқатиб, ҳожатга бориш, ўз вақтида ибодат қилиш каби оддий эҳтиёжларни қондиришга қасддан тўсқинлик қилинади. Бу ишлар асосан маъмурият томонидан қўйилган ТСБ аъзолари ва маъмурият ходимлари томонидан амалга оширилади ҳамда маъмурият раҳбарларининг оғзаки буйруқ ва кўрсатмалари асосида йўлга қўйилади.

Владимир исмли карантин масъули, ТСБ аъзоси «Сенларни уришга муассаса бошлиғи рухсат берган» – деб айтган. Ошхонага киришда столга овқатлар қўйилган бўлишига қарамай, ҳамма ёқни чанглатиб, шиддат билан югуртириб киритилади, баъзан бу ишлар бир неча марталаб қайтартирилади. Столга ўтиришга рухсат берилгунча бир неча марталаб «Ёқимли иштаҳа. Раҳмат» – деб бор овозда бақириб жавоб қайтаришга мажбур қилинади.

Сўнг бир неча марталаб ўтириб туришга мажбур қилинади. Ана шундай ғайриинсоний ҳаракатлардан чарчаган, терга ботган, иштаҳаси кетган касал маҳкумларга овқат ейишга рухсат берилади. Ошхонадан чиқишда ҳам шу каби ишлар такрорланади. «Поели?» хитобига «Да» дейилгандан сўнг (бир неча марта) ошхонадан югуриб чиқилади. Кираётган ва чиқаётган вақтда бир ТСБ аъзоси эшик олдида «Эшакдек бегом» – деб бақириб, уриб ва туртиб туради. Карантиндан туркумга чиққан маҳкумларни бир неча кун кетма-кет ҳар хил ишларга қўйиб доимий банд қилиб турилади.

Зонадаги умумий ҳолатга келсак, қуйидагиларни кўриш мумкин: мутлақо кераги бўлмаган ҳолда 3-4 жойга кечаси-ю кундузи 4-5 соатлаб, об-ҳаво қандай бўлишига қарамай постда (навбатчиликда) туришга мажбур қилинади. Бирор маъмурият ходими ўтса бутун секторга «Турилсин» деган команда берилади, узоқда бўлган, уни кўрмайдиганлар ҳам ўрнидан туриш талаб қилинади. 10 тага яқин ТСБ ходими ўтиб колса, уларга ҳисобот бериш талаб қилинади.

Постда турган кишига чой ичиш, чекиш, ўтириш маън қилинади. Яшаш жойи, ҳовли саҳни, ҳожатхоналарни тозалаш учун маош тўланадиган махсус ишчи маҳкумлар бўлишига қарамай, доимий равишда таҳқирлаш оҳангида барча маҳкумларни бу ишларни қилишга мажбурланади. Бу ишларни бажаришда хўжалик мудири, бригадир ёки ТСБ аъзолари маҳкумларга қулларга қилгандек муомалада бўладилар.

Уларга эътироз билдирилса, ҳар хил тўҳмат бўҳтонларни қўшиб маъмурият ходиларига етаклаб борадилар. Маъмурият ходимлари эса маҳкумнинг гапини инобатга олмасдан, ТСБ аъзосининг ёлғон ва тўҳмат гапларига биноан ноқонуний жазо чораларини қўллашади. Масалан, бир неча кун кетма-кет (5-15 кун) ҳожатхона тозалашга буюрилади.

Кўпинча кичик лавозимдаги маъмурият ходимлари тўҳмат бўлаётгани, зулм қилинаётганини билсалар ҳам, бу ТСБ аъзолари ўзларининг устиларидан ҳам юқори раҳбарларга айтса сўкиш эшитишларидан қўрқиб, билиб тургани ҳолда нотўғри хукм чиқарадилар. Бундан ташқари расмийлаштирилгани бизларга номаълум бўлган маҳкумлар томонидан қўйилган 20-25 кг оғирликдаги ғиштларни оғир юк кўтариш мумкин бўлмаган касалларга юзлаб метр масофага қўлда ташишга, машиналарга ортишга, юк ортилган прицепни судрашга мажбур қилинади. Бу ишлар баъзан дам олиш соатларида амалга оширилади.

Яшаш биноси ичидаги ҳолатлар қуйидагича: эрталаб соат 6.00да уйқудан тургандан кеч соат 22.00да уйқуга ётиш вақтигача кроватлар орасидаги йўлакларга кириш, кроватларда ўтириш таъқиқланади (14.00-16.00гача дам олиш соатидан ташқари). Майдони тахминан 25 кв-м бўлган маиший хонага юздан ортиқ маҳкумларни киритиб, соатлаб ўтиришга мажбур қилинади.

Шу жойда бир вақтнинг ўзида телевизор кўриш, чой ичиш, китоб ўқиш, хат ёзиш, шахсий ишлар билан шуғулланиш амалга оширилади. Натижада доимий асаб таранглик вужудга келиб, гина-жанжалларга сабаб бўлади. Сиёсий машғулот номи остида кераксиз сафсата, эски газета-китоблардан ақлни чалғитувчи мавзулар ўқилади. Шахсий овқатлардан истеъмол қилиш, буюмлардан фойдаланиш чеклаб қўйилган. Тинтувлар маҳкумларнинг иштирокисиз ўтказилади. Нарсалар ағдар-тўнтар қилиниб, халталар йиртилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари бошқа буюмлар билан аралаштириб юборилади.

Ошхонага бориш, текширувга чиқиш олдидан бир соатга яқин иссиқ совуққа қарамай маҳкумларни ўтказиб қўйилади. Бориш келишда эса куч билан ер тепиб, бор овозда ашула айтиб юриш талаб қилинади. Икки текширув вақтида гимн айттирилади. Текширувдан сўнг кўпинча ТСБ раҳбари маҳкумларни саҳнда сафга йиғиб, тайинсиз гаплар гапириб бир неча марта айттиради.

Кўпгина ҳолларда ётиш жойини таъминлаш, маиший хонада ўтириш, ўзаро муомалада бўлиш, чой ичиш, ишга, постга қўйиш, ошхонада бир столга ўтириш каби ҳолларда эътиқоди ва айбланган моддаси (159-модда) асосида ажратиш, фарқлаш кузатилади. Эътиқоди талаб қиладиган ибодатлар, маросимларни бажаришга тўсқинликлар мавжуд. Диний адабиётлар олиш, ўқиш, ўрганиш чеклаб қўйилган, тўсқинликлар мавжуд.

159-модда билан қамалган маҳкумлар тўҳмат билан қилмаган ишлари учун изоляторга қамалади. Яхши одоб ахлоқли, муомаласи билан ажралиб тургани ҳолда, ашаддий тартиб бузарлар рўйхатига киритилган. «Ҳамма бир киши учун» деган соғлом ақлга зид қоида қўлланиб «Режим» ниқоби остида телевизор кўришни маън қилиш, чой қайнатишни таъқиқлаш каби ишлар қўлланилади. Ҳатто-ки баъзи ТСБ аъзолари руҳий касал рўйхатида турадиган маҳкумларга буюриб намоз ўқиган маҳкумларни уриш ҳоллари бўлди. Урганлар бир четда қолиб намоз ўқиганлар изоляторга қамалди.

Бирор маҳкум очиқ намоз ўқиши билан бутун отрядни тўплаб қўшиқ айтиб саф юришга мажбур қилинади ва бунга намоз ўқиган маҳкум сабаб қилиб кўрсатилади. Агар ҳеч ким намоз ўқимаса очиқчасига отряд эркин юраверади – деб айтилади. Эрталаб соат 6.00дан аввал турганларни тунги навбатчилар ва ТСБ навбатчилари қўлларидан тортиб, туртқилаб, намозларини бузиб юборишади.

Намозларини очиқ ўқиган маҳкумлардан бир нечаси ҳар хил тўҳматлар қилинган ҳолда изоляторга ёпилган. Баъзи маҳкумларни ҳақиқатни очиқ гапиргани учун бўҳтон билан узоқ муддатларга карцерга ёпишди. Бундан ташқари 2000 йил феврал ойининг 2-чи ярмида махсус 142-бригада ташкил қилинди. Бу бригада бошқалардан ажратилиб, алоҳида ўралган жойга тўплаб қўйилди.

Улар ошхонага ҳам ҳеч ким қолмаганда алоҳида келтирилади. Улардаги режим карантиндаги каби. Бир қанча муштуми зўр маҳкумларни шу бригадага ўтказиб, бошқа маҳкумларни уриб калтаклашга буюрилади. Намозни очиқ ўқийдиган маҳкумларни мана шу бригадага ўтказиб, уларга тазйиқ ўтказилади, уриб калтакланади. Сангороддан борган, шундай деб тавсифланган маҳкумлар ҳам шу бригадага ташланади.

Қилинаётган бундай ноқонуний муомалаларни очиқ гапирган, уларни бажаришдан бош тортган бир қанча маҳкумларнинг устидан тўҳмат билан иш очилиб, режимлари ўзгартирилиб, ёпиқ турдаги колонияларга ўтказилган. Икки маҳкумга нисбатан ноҳақ яна 159-модда билан иш очилиб, турли муддатлар қўшиб берилди.

2000 йилнинг тахминан март ойида муассаса бошлиғи, текширув пайтида шундай деди: «159-модда билан қамалган баъзи тор фикрли маҳкумларни чой, чекиш, ширинликлар бериб, ўз йўлларига тортяптилар. Шунинг учун бундан буён йўқловлар (посылка, передача) 159-модда билан қамалганларга ўз вақтида ва 8-10 кгдан ошмаган ҳолда берилади. Бошқаларга эса вақти ҳам, оғирлиги ҳам чекланмайди» – деб айтди ва шундай қилинди. Бир қанча маҳкумларнинг посылкалари қайтариб юборилди.

Маҳкумларнинг кўпгина хатлари уйига етиб бормайди. Ота-оналар бу ҳақда гапиришганда уларга «болаларингизниниг хати даъватдан иборат, бундай хатлар жунатилмайди» – деб, бир хонадонга юборилмаган 4-5 та хат кўрсатилган, лекин ота-оналарининг қўлига берилмаган.

Маҳкумларга зарурий тиббий хизмат ўз вақтида ва етарли тарзда кўрсатилмайди. Тиббий хизмат 159-модда билан қамалган ва собит турганларга жуда ёмон ҳолатда. Улар то йиқилиб қолмагунча тиббий бўлимга ётқизилмайди. Ётқизилса ҳам тезда тузалмасдан чиқариб юборилади. Улар Сан.городга ҳам ўз вақтида юборилмайди, ўлим ҳолатига яқинлашсагина юборилади.

Маҳкум Исманов Араббой оғир ахволда тиббий бўлимига ётқизилганда, тезкор бўлими ходимлари кўриб: «Ахир бу қайтмаганлардан-ку? – деб тиббий бўлимда фақат қайтганлар даволанади» – деб у кишини тиббий бўлимдан чиқариб юборади. Ҳатто-ки ўзлари қонун ҳимоячилари бўла туриб, ичкарида бунга заррача ҳам амал қилмасдан, маҳкумларни ўлар ҳолатигача уриб, ғайриқонуний ва қонунга зид бўлган моддасини айнан ўзлари қўллаётганлари инсоннинг тили бормайдиган ғайриинсоний ҳолатларнинг тез-тез содир этишлиги.

ЖИЭМга кириб келишда «Гимнни айтмайман, намозни ўқийвераман» – деганларни калтаклаб, чарчагач, тартибот бўлими ходимлари, тезкор бўлими ходимлари, ТСБ ходимлари томонидан номусга тажовуз қилишлик ҳолатлари мавжуд. Бунга мисол 159-моддаси билан озодликдан маҳкум этилган Шойимардонов Беҳзод, Умаров Равшаннинг номусига тегилган.

Юкорида келтирилган қонунбузарликлар, бузғунчиликлар маҳкумларга ҳар қандай ҳуқуқлардан маҳрум этиш, ҳайвон каби қараш, касалларга зулм эвазига ахволини оғирлаштириб, давлатнинг ишониб қўйган лавозимларини, мансабларини суистеъмол қилиниши, қонунни ҳаётга татбиқ этувчи масъул шахсларнинг бузуқ, яроқсиз қонунларига (ЖК, ЖПК) итоат қилмаслиги, натижада зулм этиш ҳисобига қадар ходимлар жиноий жавобгарликка тортилиши зарурлиги, ТСБ аъзолари – зулм ўтказган маҳкумлар шу каби кескин жазога лойиқлиги шак-шўбхасиздир. Бундай жиноятлар нафақат Ўзбекистонга, балки барча давлатларга жар солиниб етказилиши ва дунё ҳамжамиятининг эътиборини жалб этилиши лозимдир.

Бош Прокурор жаноблари! Қонунларингизни яроқсизлиги аён, акс ҳолда ишлаган бўлар эди. Аллоҳнинг ғазабидан, охират ҳисоб-китобидан огоҳ бўлган ҳолда муносабатингизни кутамиз.

УЯ 64/36 ЖИЭМда бўлиб келган маҳкумлар:

1. Умаров Р.М.
2. Миртолибов А.А.
3. Мамажонов Т.Р.
4. Акрамов В.Т.
5. Авазов М.М.
6. Мамадалиев В.Э.
7. Жамолиддинов Х.Н.
8. Мамадалиев А.Э.
9. Салохуддинов З.
10. Машарипов Р.
11. Исабеков И.
12. Эшманов З.
13. Якубов Г.
14. Шодиев Б.Б.
15. Шоймардонов Б.Я.
16. Тошпўлатов А.А.
17. Назиров Р.Ш.
18. Тоғаев З.А.
19. Турғунов Б.Б.