Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 2017 йилнинг 13 ноябр куни Тошкент ГУВДси томонидан қўлга олинган 52 ёшли Насиба Узоқова 12 кун давомида қийноққа тутилганини айтмоқда. Тергов иши тугагач онаси билан учрашган Азиза Узоқованинг айтишича, бошига дубинка билан урилган онасининг бурнидан йиринг оқмоқда.
“Онамнинг айтишича, 12 кун давомида боласи тенги эркаклар бошига қора целофан тақиб, ерга ётқизиб тепкилашган. Бошига дубинка билан уришган. Тўғри келган жойига уришган. Зарба натижасида ҳали ҳам бурнидан йиринг оқмоқда. Нима касаллигини билмасак ҳам ўзимиз қўлдан келгунча дори киритяпмиз”, дейди Азиза Узоқова.
Насиба Узоқова, унинг қизи Умида Узоқова ва ўғли Муҳаммад Амин Абдураҳмоновлар устидан тергов жараёни тугаган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244- моддаси бўйича айбланаётган бу шахслар дастлабки тергов давомида қийноқларга тутилганини айтган.
Икки ойдан сўнг ўтказилган ички текширув ва экспертиза айбланувчиларнинг баданида қийноқ излари топилмагани учун уларга нисбатан қийноқ қўлланилмаган деган хулосани берган.
Би-би-си Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати билан боғланиб ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олишга ҳаракат қилди.
Бир муддат Facebook да “Тошкент ИИББ матбуот хизмати” деб рус тилида очилган ва кейинчалик йўқ бўлиб қолган саҳифадаги телефон рақамларига қўнғироқ қилдик.
Бироқ у ерда гўшакни кўтарган ходимлардан жўяли жавоб олишнинг имкони бўлмади.
Тошкент ИИББ одамлар орасида обрўсини кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар қилинаётганини таъкидлаган.
“Биз ҳатто ҳуқуқбузарлар билан ҳам хушмуомала бўлишимиз керак, улар барибир қонун олдида жавоб беришади. Биз ижрочилармиз. Агарда улар хато қилишган бўлса, тушунтириш керак. Жазони суд тайинланди, ҳуқуқбузар қонун олдида жавоб бериши керак, бизнинг олдимизда эмас. Буни ички ишлар органлари ходимлари ҳам тушунишлари керак”, – деган Ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев 12 март куни журналистлар билан мулоқотда.
ЎХҲ хабарлар бўлими