O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Расулуллоҳни (сав) севиш имоннинг шартларидандир

Расулуллоҳни (сав) севиш имоннинг шартларидандир
121 views
15 September 2012 - 11:59

Намоз Нормўмин
15 сентябрь 2012 йил

(Ислом дини ва Муҳаммад (сав)га қарши қилинган янги фитнага муносабат ўрнида)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Муҳаммад (сав) ҳеч шубҳасиз инсонларнинг энг яхшиси ва энг буюгидир. Бу нафақат мусулмонлар, инсофли ва ақлу ҳуши жойида бўлган барча инсонлар тарафидан эътироф қилинган ҳақиқатдир.
“Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрурсан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (мавжуддир). “ (Фатҳ сураси 29)

Ушбу ояти карима Муҳаммад (сав) Аллоҳнинг пайғамбари эканликларига очиқ далилдир. У ҳолда бир пайғамбар кимдир? Пайғамбарлар Аллоҳ таоло инсонлар орасида танлаб олган ва улар орқали инсониятга Ўз ҳақиқатларини билдирган буюк зотлардир. Нуҳ (ас), Иброҳим (ас), Муса (ас), Исо (ас) мана шундай буюк пайғамбарлардир. Муҳаммад (сав) эса мана шу пайғамбарлар келтирган ҳақиқатни тасдиқловчи ва инсонларга Аллоҳ таолонинг сўнг китобини, яъни Қуръони Каримни келтирган буюк зот ва буюк пайғамбардир. Муҳаммад (сав) Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбаридир. Бунинг далили ушбу ояти каримадир:

“Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”. (Аҳзоб сураси 40 оят)

Пайғамбаримиз (сав) биз мусулмонлар учун буюк ўрнак, яъни ягона эргашиладиган зотдир. Бунинг далили ушбу ояти каримадир:
“ Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.” (Пайғамбаримиз (с.а.в.) аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Салмони Форсийнинг (р.а.) фикрларини қабул этиб, ҳандақ қазишни бошладилар. У зот (с.а.в.) шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар.)

Пайғамбаримиз (сав) мусулмонларга уларнинг ўзларидан, ота оналаридан, бола чақаларидан, хулласки дунёдаги бутун жонзотлардан суюкли ва яқиндир:

“Ҳеч шубҳасиз, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди. (Ояти каримада Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида У зотдек (с.а.в.) кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз (с.а.в.) сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.)” (Тавба сураси 129)

Ҳақиқатан ҳам инсоният тарихида Расулулллоҳ (сав) каби эътиқодли, инсонлар ишонадиган, тавозе соҳиби, одобли, марҳаматли, ҳар доим ҳаммага, фақат мусулмонларга эмас, инсон зоти борки барча барчага яхшилик қилувчи зот бўлмаган. У Зот (сав) инсонлар орасида Муҳаммадул Амин, яъни инсонлар беқиёс даражада ишонадиган инсон сифатида танилган эдилар. Муҳаммад (сав) аминликлари шу даражада эдики, ҳатто душманлари бўлган Макка мушриклари ҳам ўз омонатларини у Зот (сав)га бериб қўяр эдилар. Ўзларини (сав) ҳижрат кетишга мажбур қилган мушрикларга уларнинг омонатларини эгаларига беришни Али (ра) амр қилган эдилар. Бутун инсоният тарихида душманлари ўз омонатларини топшириб қўйган зот фақат Муҳаммад (сав)дир.

Муҳаммад (сав) Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари бўлишларига қарамай ниҳоятда содда умр кечирганлар. Дунёнинг бутун подишоҳлари у кишининг буюклигини эътироф қилган бўлсаларда, у Зот (сав) дунё шуҳратига, молу мулкига, тахту мансабига эътиюбор қилмадилар. Бир он бўлсада У Зот(сав)ни жонларидан ҳам ортиқроқ севадиган саҳобаларидан айрилмадилар. Ҳатто ваъдаларига вафо қилиб, Макка фатҳ қилингандан кейин ҳам Мадинага қайтиб келдилар ва шу ерда вафот этдилар.
Муҳаммад (сав)ни севиш ҳеч шубҳасиз имоннинг шартларидандир. Чунки Аллоҳ таоло Ўз севгисини Муҳаммад (сав)ни севишга, У Зот(сав)га имон келтиришга ва эргашишга боғлагандир. Бунинг далил ушбу ояти каримадир:
Айтинг (Эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг. (У ҳолда )Аллоҳ ҳам сизни севади ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади», (Оли Имрон сураси 31)

Ҳозир кўп инсонлар хато ва гуноҳ ичида ўтган умрларига пушаймон бўлиб, энди бу гуноҳларимдан қандай қутулсам экан, дея надомат ичидадирлар. У ҳолда улар қиладиган иш Аллоҳ таолога ширк қўшмасдан имон келтириш ва юқорида келтирилган келтирилган ояти каримада ифодаланган ҳақиқатга, яъни Муҳаммад (сав)га эргашишдир. Мана шунда шу ояти каримада ифодалангани каби Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади.

Пайғамбаримиз (сав), биз мусулмонларнинг ягона раҳномаси, устози ва жони жигаримиз, Аллоҳ таолодан кейин бутун севдикларимизнинг энг устуни, энг яхшиси ва энг қадрлисидир. У Зот(сав)га уммат бўлиш буюк бир шараф, инсонлар бу дунё ва охиратда эришадиган энг олий мақомдир. Қуръони Карим мўминларга доимо Муҳаммад (сав)га салом ва саловат кетиришни амр қилгандир:

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг”. (Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга (с.а.в.) саловот айтишининг маъноси у зотга (с.а.в.) ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўрсатиши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.) (Аҳзоб сураси 56)

Мўминларнинг Расулуллоҳ (сав)га салом ва саловот айтишларининг амалий кўриниши Ислом динига маҳкам боғланишлари, динларига аввало ўзлари амал қилиб, кейин уни ва шу туфайли Муҳаммад (сав)нинг номларини дунёга ёйишларидир. Зеро, Муҳаммад (сав)нинг муборак исмлари ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқа ва ҳар сонияда навбатма навбат дунёда муборак азон шаклида самога ўқилади. Мана шунинг ўзи ҳам Муҳаммад (сав)нинг буюкликларига далилдир.
Муҳаммад (сав) мана бу ояти каримада ифодаланган каби Аллоҳ тало тарафидан набий (илоҳий хабар келтирган), улар орасида кимлар мусулмон бўлган ва бўлмаган бу ҳақда шаҳодат берувчи, мўминларга жаннатнинг, кофирларга жаҳаннам хабарини берувчи, даъватчи, инсонларни қоронғуликдан ёруғликка чиқарувчи нур сифатида юборилганлар:

“Эй Набий (Эй Муҳаммад), албатта, Биз Сизни гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи. Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик. (Ушбу оятда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) тўртта вазифалари ва битта сифатлари зикр қилинмоқда. Ҳа, Муҳаммад (с.а.в.) жоҳилият зулматларидаги нурли чироқдирлар. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига бошловчи нурли чироқдирлар.) (Аҳзоб сураси 45, 46)

Муҳаммад (сав) пайғамбар бўлиб келганларидан эътиборан у Зот (сав)нинг ғанимлари Ислом ҳақиқатини қабул қилмаслик учун Расулуллоҳ (сав)га, Ислом динига ва мусулмонларга туҳмат тошларини отишган ва бу йўлда ҳақорат, фитна ва турли иғволарни ишлатишган. Аммо Аллоҳ таоло мана бу оятда ифодалангани каби кофирлар исатамасларда Ўз нурини тамомлаяжакдир:

“Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини тугал этгувчидир. ( Ислом динини йўқ қилиш учун уринувчиларнинг ҳаракати қуёшнинг шуъласини оғиз билан пуфлаб ўчиришга ҳаракат қилишга ўхшайди.)” (Саф сураси 8 оят)

Демак, Исломнинг ер юзида қайта ғалаба қилишида ва бу орқали инсоният ичида тўғри эътиқод, тинчлик, яхшилик, яхши ахлоқ ва одоб, тоат ва ибодат, марҳамат ва шафқат, ҳақиқий маънода инсон ҳуқуқларнинг устун бўлишида ҳеч қандай шубҳа йўқдир. Чунки Аллоҳ таоло бундай ҳақиқатнинг ер юзида устун бўлиши учун ўзининг сўнги Китоби Қуръони Каримни ва сўнгги пайғамбари Муҳаммад (сав)ни юборгандир:

“ У Зот (Аллоҳ таоло), Ўз Расулини (Муҳаммад сав.ни) ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам.” (Саф сураси 9)

Ислом динига, Қуръони Каримга, Муҳаммад (сав)га ва мусулмонларга туҳмат тошини отадиганлар, уларни ҳақоратлайдиганларга келадиган бўлсак, булар жоҳил, ахлоқсиз, эътиқодда адашган, шайтонга малайлик қиладиган, ер юзида фитна фасод чиқарадиган, зулмни ёядиган, ёмонликда “илғорликни” кимсага бермайдиган нодон ва ақлсиз кимсалардир. Буларнинг устозлари Фиръавнлар, Абу Жаҳллар, Абу Лаҳаблардир. Шайтон қиёматга қадар бор бўладигани учун, унинг малайлари ҳам доимо ўзларининг ёқимсиз сўзлари ва фитна фасодлари билан инсонлар орасида ёмонликни тарқатишга уринадилар. Аммо уларнинг Муҳаммад (сав) келтирган Ҳақ дин ва уни тамсил қиладиган мўмин мусулмонлар устидан мутлақ ғалаба қилишлари имконсиздир. Чунки Аллоҳ таоло бундай маълунларга (лаънатланганларга) дунё ҳаётида ва охиратда разилликни тақдир қилгандир:

“Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди. (Аллоҳга озор бериш–Аллоҳга ширк келтириш, унга осий бўлиш, Уни Ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, Пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш. Пайғамбарга (с.а.в.) озор бериш, ўша вақтда у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво, бўҳтон қилишдан иборатдир. Ҳозирда ҳам худди шундай: ким у кишининг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зотга (с.а.в.) озор берган бўлади.)” (Аҳзоб сураси 57)

Шундай экан, биз мўмин мусулмонларнинг вазифалари Аллоҳ таоло Қуръони Каримда амр қилгани каби Унга имон келтириш ва Муҳаммад (сав)га У Зот (сав)нинг саҳиҳ суннатларида кўрсатилгани имон келтириб, Расулуллоҳ (сав)га эргашишдир. Бунинг маъноси соғлом бир эътиқод (тавҳид) эгаси бўлиш, тоат ибодатни тарк қилмаслик, илму маърифатни ўрганиш, яхши ахлоқ эгаси бўлиш ва дунёга Аллоҳ Расули (сав) келтирган динни ёйишдан иборатдир.

Аллоҳ таолонинг саломи ва саловати Муҳаммад (сав)га, У Зотнинг оила аҳлига, саҳобаларига ва қиёматга қадар Расуллоҳ (сав) келтирган йўлдан юрадиганларга бўлсин! Омин!