O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

17 мартгача «Тошкент – Сочи – Тошкент» йўналиши бўйлаб парвозлар бекор қилинди

17 мартгача «Тошкент – Сочи – Тошкент» йўналиши бўйлаб парвозлар бекор қилинди
113 views
13 February 2014 - 10:20

aeroflot_1302201“Кun.uz”нинг хабарига кўра, Тошкентдан Сочига 13 февралга ўтар кечаси учиши керак бўлган самолёт парвози бекор қилинган. Ўзбекистонлик қишки спорт мухлислари Олимпиадага бора олмаган.

Хабар беришларича, 13 февраль соат 3:20да Тошкентдан Сочига учиши керак бўлган рейс бекор қилингани ҳақида парвоз учун чипта сотиб олганларга 12 февраль куни шахсан қўнғироқ қилиниб, рейс бекор қилингани ҳақида хабар берилган. Айни вақтда, рейснинг бекор қилиниши сабаблари айтилмаган.

«Аэрофлот» вакиллари йўловчиларга қўнғироқ қилиб, агар Тошкентдан Сочига учмоқчи бўлганлардан кимда-ким Олимпиададаги мусобақалар учун чипта сотиб олган бўлса, авиакомпаниянинг Тошкентдаги идорасига келиши ва у ерда ёрдам кўрсатилиши айтилган, бироқ амалда ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган, авиачипта учун тўланган пулларни эса шаҳар авиакассаларида қайтариб олиш мумкинлиги маълум қилинган.

Сочига учмоқчи бўлганлардан бирининг сўзларига кўра, у 13 февраль куни бўладиган хоккей учрашувига чипта сотиб олган, Сочидаги меҳмонхонадан жой ҳам банд қилиб, пулларни ўтказиб ҳам қўйган. Йўловчининг: «Ким энди пулларимни қайтариб беради?», – деган саволига, «Аэрофлот»нинг Тошкентдаги ваколатхонасида: «Битта сизни деб энди самолёт ташкил қилишимиз керакми?», – деб жавоб беришган.

Тошкентдан Сочига учувчи авиарейслар 17 мартгача бекор қилинган. «Рейслар шу қадар узоқ муддатга бекор қилинганига қарамай, Россия авиакомпаниясининг бирор бир ходими ушбу вазият юзасидан изоҳ беришга ўзида куч топа билмади», – дейилади Кun.uz хабарида.

Қайд этишларича, Россия хоккей терма жамоаси иштирокидаги Олимпиада баҳсларига кириш чипталари нархи 300 долларгача кўтарилган, ҳозирги вақтга келиб расмий сотувда чипталар қолмаган. Сочи ва Адлердаги меҳмонхоналарда эса бир кеча қолиш нархи 100 доллар атрофида бўлиб турибди.