1992 йил 17 январь воқеалари ҳали ҳамон кечагидек ёдимда. Техника Университетининг кечки бўлимида таҳсил олардим. Кундузи заводда ишлаб кечга дарсга борар эдим.
Ўша куни қишги семестрдан зачетми ёки курс ишиними топшириш учун курсдошим билан факультетга, талабалар шахарчасига бордик. Хамма талабаларни оғзида кечаги, нон нархи оширилган кундаги можоролар. Курс ишини топшириб, тролейбусга чиқиш учун бекатга йўл олдик.
“Конечка” томондан бақир-чақир овозлар эшитиларди. Курсдошимни шуёққа ундадим. Истар истамас менга ҳамрох бўлди. Борсак, катта йўл тўла лиммо-лим талабалар. Бир томонда талабалар, бир томонда тўлиқ жанговар ҳолатда каска, совут, ва дубинкалар билан қуролланган ОМОНчилар. Икки денгизни орасидаги оралиқ масофа чамаси 150 метрларни ташкил этарди. Мен ҳам талабаларнинг олдинги сафига қўшилдим.
Курсдошим пиёдалар йўлкасидаги томашабинлар сафидан жой олди. Ўша ерда билдимки, аввалги кунги норозиликда қатнашган талабаларнинг айримлари хибсга олинган экан. Айни дамда талабалар уларни озод қилишини қатъий равишда талаб қилиб, сафдош талабалар озод қилинмас экан у ердан ҳеч ким тарқалмасликларини билдиришган экан. Олдинги сафдан 5-6 метр олдинда мен, ўша пайтдаги мех. факнинг деканимиди ёки зам. деканимиди Ўткир ака ва яна Жиззахлик бир аспирант талабалардан тинчликни сақлашни провакацияга берилмасликларини сўраб тинчлантиришга ҳаракат қила бошладик. Чунки орқа томондан бақир чақир қилиб хуштак чалиб, шусиз ҳам таранг тортилган асабларни жунбушга келтириш учун ҳаракатлар бўлаётгани сезилиб турарди. Бу ҳолатга қарши қарама-қарши томондан ОМОНчилар дубинкаларни темир совутларга думбира қилиб уриб янада жанговор тус беришарди. Орадан қанча вақт ўтди билмайман орқа томондан сўкиниш, хуштак товушлари ва ҳар хил ҳитоблар эшитила бошлади. Биз учаламиз имкон қадар тинчликни сақлашга чақирардик, талабаларни. Бир томонда қийқириқлар иккинчи томонда дубинкалрнинг зарбидан совутларнинг гумбирлаши даҳшатли тус олди.
Айни шу пайтда талабалар турган томоннинг орқа қисмидан ОМОНчилар томон тошлар отила бошлади. Бу пайтга келиб ҳудди команда берилгандек ОМОНчилар ҳам талабалар томон ҳаракатлана бошлашди. Ўртада биз икки томонни мувозанатни сақлашга чақира бошладик, лекин энди кеч эди. Талабаларга етиб олган ОМОН уларни дубинкалар билан аёвсиз калтаклашар, ким қаёққа қочган, хуллас ит эгасини танимайдиган даражада тўполон қув-қув бошланди. Мен ҳам ўзимизни мехфагимизни ётоқхонаси томон илдам юриб, бироз югириб кета бошладим. Ортимдан етиб келиб елкам аралаш тушган дубинканинг зарби мени ҳам чопоғонлар сафига қўшди. Менимча ўша югуришим билан Олимпиадада қатнашганимда биринчи бўлмасаям учинчи ўринга илинардим, деб ўйлайман ҳозиргача. Шу орада тасур-тусур отилган ўқ овозлари ҳам эшитила бошлади.
Мех факнинг ётоқхонасига етиб борганимда Ўткир ака талабаларни тезроқ ичкарига киришга чақирар ва ҳамма ўз хонасида тинчликни сақлаб ташқарига чиқмасдан ўтиришларини такидлар эди. Шу ерда улар билан биргаликда ётоқхона эшикларини ичкаридан ва ташқаридан беркитиб ичкарига омончиларни кирмасликлари учун ташқаридан эшиклар ёнида ичкарига ҳеч кимни қўймай турдик. Ўқ овозлари тинди. Аҳён аҳёнда атрофдаги ётоқхоналардан омончиларнинг бақир чақирлари эшитилиб қоларди. Бир пайт гурух гурух бўлиб ортларига қайтаётган ОМОНчилардан бири мени кўрсатиб анави оқ шарфли олдинги қаторда турганди деб қичқириб қолди. Шу билан 5-6 таси мен томонга чопиб келиб ўртага олиб дубинкалар билан савалай кетишди.
Ўша пайтда устоз Ўткир ака билан аспирант йигит бўлмаганда ҳолим не кечарди, билмадим. Иккиси аранг уларни чангалидан тортиб олишди. Шундан сўнг деканимиз мени қаерда ўқишимни ва манзилимни сўраб, бу ерда нима қилиб юрибсан сен деб танбех берган бўлди. Атроф тинчигандан сўнг ўз ётоқхонамга йўл оддим. Дубинкаларнинг зарби бир хафталарда ўтиб кетди. Лекин, ўша куни талабалар 2 нафар бир сафда турган дўстларидан айрилишди. Ўша куни 2 нафар талаба омончилар ўқидан ҳалок бўлган эди. Ўша воқеаларни бевосита қатнашчиси сифатида айтишим мумкинки, агарда ўшанда номаълум кимсалар томонидан уюштирилган провокация бўлмаганда, икки ёш навқирон талаба ёшлигини айни гуллаган даврида қурбон бўлмасмиди…
Ҳозир ўйлаб қарасам ўша пайтдаги талабаларнинг аксарият қисми миллатнинг, ватаннинг илғорлари, ўз даврининг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлган экан. Чунки, ўша давр ёшларида, айниқса талабаларида мамлакатда кечаётган ижтимоий- сиёсий жараёнларга дахлдорлик ҳислари бор эди. Улар Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили сифатида эътироф этилишида, Ўзбекистон собиқ Иттифоқ таркибидан чиқиб ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИ қўлга киритилишида мамлактнинг эркпарвар зиёлилари билан елкама елка турганлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таало юрт ва элнинг келажаги учун қон тўкиб қурбон бўлган ва зиндонларда вафот этган қаҳрамонларни оҳиратини обод қилиб Ўзининг раҳматига олсин.
Абдулқодир Абдулкарим Обид



ГЎЗАЛ БЕГИМ: РЎМОН ҚУТЛИ БЎЛСИН
Концептуалист рассом Вячеслав Ахунов Венецияда ўз кўргазмасини очди
Таниқли рассом Исфандиёр Ҳайдар оламдан ўтди
УРУШ — ЧАЛҒИТИШ ВОСИТАСИМИ?
Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида