Рауф Парфи ЎЗТУРК, Ўзбекистон халқ шоири ~Муҳаммад Солиҳ ҳақида:
“Шеърият муқаддас манзилларда доим собитдир. Шеърият боши берк кўчаларни, сўнгсиз масофаларни, турма панжараларини кесиб, покиза қалбларга ета олади. Турк дунёси XX асрда ҳам инсониятга улуғ шоирларни берди. Чўлпон, Жовид, Алавий, Доғларжа каби буюк шоирлар қаторида Муҳаммад Солиҳнинг муносиб фахрли ўрни бор.
XX аср ярадор аср, яралари битмаган Вақтнинг узун ҳайқириғидир. Ёрилган яранинг тимсолларини улуғ шоирлар яратади. Фожеанинг тиниқ қонини, ўлимнинг тирик тасвирини мен Муҳаммад Солиҳ шеъриятида аниқ кўраман. Муҳаммад Солиҳнинг жаҳон шеъриятида ўз сўзи борлигидан фахрланаман”.
ШОИРНИНГ ИЛК КИТОБИ “БЕШИНЧИ ФАСЛ”ДАН ШЕЪРЛАР
ЙИГИТЛАР
Ҳа, бизлар шундаймиз, шундай азалдан,
Дон Кихот қалбидай бор поклигимиз.
Бизда хаёл кўпдир хотиралардан,
Ғамлардан кўпроқ қувноқлигимиз.
Суронли ҳаётга аллақачонлар
Бизларни кузатди она бўсаға.
Ташнамиз (юрак ва лабда ўт ёнар!)
Дўстларга, китобга, баъзан бўсага…
Ҳа, бизлар шундаймиз, яширмоқ нега,
Ҳаётда севамиз Ғолиб отини.
Биламиз бир вақтлар яшириб биздан
Оталар симирган майнинг тотини.
Қизлар номимизга мактублар битар,
Дўстлар қилишади узоқда хотир.
Мунис она эса биздан хат кутар,
Оталар жимгина олар хавотир…
ҚЎШИҚ
Йиғлаб бўлди булутлар охир,
Япроқлар ҳам титраб бўлдилар.
Шунда сукут аро, қайдадир,
Қўшиқ айта бошлайди гуллар.
Гуллар қўшиқ айта бошлайди,
Титроқ кирар танимга менинг−
О, бу қўшиқ жуда ўхшайди
Сочларингнинг исига сенинг!



Нега бутун дунё давлат тилини талаб қилади, Ўзбекистонда эса бу “миллатчилик” ҳисобланади?
«Халқ дарди» талаби билан Элтузнинг яна бир канали ёпилди
Gulnor (8-qism)
Gulnor (7-qism)
Gulnor (6-qism)