Намоз Нормўмин, ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси
15 ноябрь 2012 йил
Сизларга нисбатан тажрибали ҳамюртингиз сифатида баъзи гапларни айтмоқчи эдим. Бу гапларни истаганлар насиҳат, истаганлар маслаҳат ёки ахборот ўрнида кўришлари мумкин.
1.Сизларнинг ҳозир Ўзбекистон, яъни ватанимиз ҳақида аниқ маълумотлар ва тасаввурга эга эмаслигингизни яхши биламан. Чунки Ислом Каримов диктатураси сизларга ватанимиз ва дунё ҳақида тўғри маълумотлар бермайди. Чунки Ўзбекистонда сўз, эътиқод ва матбуот эркинлиги йўқ. Шунинг учун ҳам сизлар бирор соҳада тўғри маълумот олишнинг тўлиқ имконига эга эмассизлар.
2. Сизлар учун энг муҳим масала ёлғон сўз, ёлғон маълумот ва уларга асосланган ишлардан узоқ туришдир. Чунки ёлғон таъсири узоқ давом этадиган заҳардир. Шунинг учун ҳам аввало ўзингиз ўзингизни (нафсингизни) текшириб кўринг. Агар ҳаётингизда ёлғон мавжуд бўлса (ёлғон гапирсангиз, эшитсангиз, ўқисангиз, кўрсангиз) ундан қутулишга ҳаракат қилинг. Бу осон эмас, албатта. Аммо ўзингиз тўғриликка ўргансангиз аста секинлик билан бошқа нарсаларнинг ҳам ҳақиқатини билиб бораверасиз.
3.Ҳозирги энг катта ёлғон Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Президенти эканлиги ва унинг мустақил Ўзбекистон давлатини барпо қилганидир. Мустақиллик йилларида сиз болакай эдингиз, баъзиларингиз эса у йилларда туғилгансиз. Биз ҳозир ёши 50 ёки 60 бўлганлар бу воқеаларга тирик гувоҳлармиз. Ислом Каримов СССР деган империя қулаётганда унинг тарқалишига, яъни Ўзбекистоннинг мастақил давлат бўлишига қарши чиққан эди. Бунинг далили 1990 йил март ойида СССРни сақлаб қолиш учун Горбачев томонидан ўтказилган референдумда Ислом Каримов Ўзбекистон халқини СССР сақлаб қолиш учун овоз беришга мажбурлаган, қарши овоз беришга чақирган мухолифатчиларнинг овозини ўчириб, уларга турли тазйиқлар ўтказганди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистоннинг ҳозирги Президенти эканлиги ҳам катта ЁЛҒОНдир. Чунки унинг Президентлик ваколатлари 2000 йилда тугаган, яъни Ўзбекистон Конституциясига кўра у фақат икки марта Президент бўлиши керак эди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистонда янги давлат асосчиси эканлиги ҳам ёлғондир. Чунки у деярли чорак аср давомида ватанимизда ўзбошимча хўжайин бўлишига қарамай давлатчиликнинг асоси ҳисобланадиган янги мафкурани, эркин сиёсат қоидаларини, ҳуқуқий (адолатли) давлатни, ривожланган замонавий иқтисоднинг асосларини, янги мактаб ва яхши ахлоқ тизимига асос солгани йўқ. Бу асосларсиз эса янги давлатчилик ҳақида гапириб бўлмайди.
4. Яна бир ҳақиқат диктатор Ислом Каримовнинг қизи Гулноранинг бизнинг халқимизга ҳамма томондан (эътиқодий, миллий, маънавий, маданий ва ҳк) бегоналигидир. Тўғри у Ўзбекистонда туғилган аммо ўзининг ҳаёти, отасига қўшилиб халққа зулм қилиши, давлатнинг пулларини ўғирлаб чет эл банкларига қўйиши, Ўзбекистонда иш олиб бораётган маҳаллий ва чет эл корхоналарини талон тарож қилиши ки, булар ҳужжатлар билан исботланган, буларнинг барчаси Гулнора Каримованинг Ўзбекистонликларга бегона эканлигини кўрсатади.
5. Ўрганишингиз керак бўлган яна бир ҳақиқат сизлар оз яшаган ва баъзиларингиз яшаб кўрмаган СССР дейилган давлатнинг атеистик, коммунистик (динсиз диёнатсиз) империя эканлигидир. Бу қизил империя айни пайтда ёлғоннинг маркази ҳам эди. Ҳозир халқимиз ичида кенг тарқалган ёлғончилик, фирибгарлик, порахўрлик, ароқхўрлик, инсонларнинг бир бирларига, давлат ҳокимиятнинг ўз фуқароларига зулм қилиши каби иллатлар мана шу Империядан бизга мерос қолган.
6.Демак сиз учун муҳим бўлган нарса аввало инсон сифатида ўзингиз ва кейин фуқаро сифатида жамият ва давлатимиз ҳақида ҳақиқатларни ўрганишингиздир.
7. Инсонга ўзини танитадиган манба Ислом динидир. Диннинг асоси имондир, яъни ёлғонни тугатишдир. Имонли киши ёлғон гапирмайди, тоат ибодатли бўлади, бировга зулм қилмайди, ароқ ичмайди, порахўрлик қилмайди, қўлидан келганича ўзгаларга ёрдам беради ва ҳк.. (Бундай яхши сифатлар баъзи мусулмонман дейдиган кишиларда бўлмаслиги ҳам мумкин). Бу сифатлар ҳозир Ўзбекистонга сув ва ҳаводек зарур. Афсуски ҳозир Ўзбекистонда мусулмонларга эркинлик йўқ, шунинг учун ҳам сизларнинг динимизни содда, соф , мўътадил шаклда ўрганишингизга имкон йўқ. Сизлар динни ўрганишга шошилинг, аммо у ҳақдаги мунозара, ижтилофлар масаласига аралашмагангиз маъқул. Турли диний жамоатларда динни ўргансангиз ҳам уларга аъзо бўлмаганингиз маъқул. Чунки Ислом динида фирқачилик ва гуруҳбозлик йўқдир. Унутмангки ҳозирги турли фирқа, гуруҳ ва жамоатларнинг бирортаси ҳам тўлалигича Ислом динини тамсил қилмайди.
8. Унумангки, Аллоҳ таоло инсонларни яхшилик (тавҳид динида бўлиш) учун яратгандир. Шунингдек, ҳеч бир ота она фарзандларининг ёлғончи, безори, жинояткор, ҳеч кимга фойдаси тегмайдиган, яъни танбал бўлишини истамайди. Демак, Аввало Аллоҳ ризоси ва қолаверса ота онангизнинг ҳурмати учун яхшилик йўлини тутинг.
9. Сизлардан баъзиларингиз талабасизлар, истаб истамай ўқув даргоҳларида порахўрликка аралашиб қолаётган бўлишингиз мумкин. Яъни, домлаларингизга пора бераётган, бу ишда воситачилик қилаётган бўлишингиз мумкин. Ўзбекистонда ҳозир диктатор Каримов зулми билан бирга энг ёмон иллатлар ёлғончилик, порахўрлик ва ароқхўрликдир. Агар сиз шундай иллатлардан ўзингизнинг ва жамиятнинг қутулишини истасангиз, у ҳолда аввало ўзингиз буларни тарк қилинг. Каримов зулмидан қутулиш осон эмас, энг камида унга қарши қалбингизда нафрат бўлсин.
10. Ҳозир замон компютер, интернет, чўнтак (сотка) телефонлари каби техник воситалар замони. Диктатор Каримов қанча ҳаракат қилмасин сизлар интернетда истаган сайтларга, ижтимоий тармоқларга (файсбок, твитер ва ҳк) кира оласизлар. (Бу ерда Ўзбекистонда таъқиқланган мухолиф сайтларга кириш учун прокси рўйхати танишишингиз мумкин: www.proxy.org ёки https://s3-eu-west-1.amazonaws.com/tradwrds/index.html?gclid=CIL0sfaHxLMCFUpb3godQ3kA0Q). Аммо интернетда мавжуд ҳамма маълумотларни ҳам тўғри ва яхши маълумотлар, деб бўлмаслигини ўзингиз яхши биласиз. Бу масалада бизнинг сайтимиздан (http://www.uzerk.org), Озодлик (ozodlik.org) ва ББС (bbc.co.uk/uzbek) радиоларининг ўзбек бўлимидан, fergananews.com centrasia.ru каби мустақил сайтлардан фойдаланишингиз мумкин.
11. Ўзбек ёшларининг миллий руҳини ва маънавиятини ортирадиган асосий омиллардан бири адабиётдир. Сиз Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий, Муҳаммад Солиҳ, Мамадали Маҳмудов, Гулчеҳра Нуруллаева, Карим Баҳриев каби ижодкорларнинг асарларини ўқиш орқали маънавиятингизни тараққий қилдиришингиз мумкин.
12. Сизларнинг тенгқурларингиздан жуда кўпчилик ҳозир Русия ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилиб юрибди. Бундай муҳожирликда яхши инсонлар (ёлғон гапирмайдиган, ароқ ичмайдиган, тоат ибодатли) билан бирга бўлиш ўта муҳимдир. Шу билан ота онангиздан доимо хабар олиб туришингиз керак бўлади. Ишлаб топган пулингизни тўю маъракаларда исроф қилманг. Чунки тўю маъракаларни камтар ўтказиш (кўпи билан бир неча ўн киши иштирокида, кераксиз харажатларсиз) маъқулдир. Ҳамма катта, шов шув бўладиган тўйлар, маъракалар ўтказади, дея алданиб қолманг. Қийналиб топган пулингизни имкони бўлса илм олишга, тижоратга ёки ўз корхонангизни очишга сарфлашингиз тўғри ва маъқул ишдир.
13. Ҳаётнинг ҳақиқатларидан бири сиз сиёсатга аралашамасангиз ҳам, сиёсатнинг сизнинг ҳаётингизга аралашишидир. Бунинг далили ҳозирги кунда халқимизнинг инсон ҳуқуқларидан маҳрум қилиниб, жуда қийин иқтисодий шартларда яшаётганидир. Бунга эса диктатор Ислом Каримовнинг зулм сиёсати сабабдир. Шундай экан, истайсизми йўқми сиз ҳам сиёсатга аралашишга мажбурсиз. Каримов режимига қарши сиёсий кураш олиб бораётган мухолиф ташкилотларнинг энг асосийси Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидир. Ҳаракатимизга аъзо бўлиб (http://www.uzerk.org/azolik),
биз билан Ўзбекистонда эркин ва адолатга асосланган жамият қуришга ўз ҳиссангизни қўшишингиз жуда муҳимдир. Чунки ҳаммамиз биргаликда бўлиб ҳаракат қилсак, иншаллоҳ Каримов режимини таг томири билан қуритишга эришамиз.