БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги бошқармаси (UNHCR) тайёрлаган маърузага кўра, дунёда энг кўп сиёсий қочқинлар Суриядан, сўнгра Россия ва Афғонистондан, улардан кейин Ироқ ва Сербиядан.
UNHR маълумотларига кўра, 2013 йил мобайнида дунёнинг 44 та ривожланган давлатига қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилганлар сони кескин ошган, бу асосан Суриядаги уруш билан боғлиқ албатта. Мурожаат қилганлар сони 2013 йили 612.700 кишига етган ва 2012 йилга нисбатан 28% га ошган. Бу 2001 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Шундан Европа давлатларидан қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилган фуқаролар сони 484.600 кишини ташкил қилади. 2012 йилда Европа давлатларида бу кўрсаткич 368.400 кишини ташкил этганди.
2011-2012 йилларда мазкур рейтингда Афғонистон етакчилик қилган бироқ, 2013 йил Россия ва Сурия олдинга чиққан. UNHCR маърузасида айтилишича, 2013 йил қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилганлар биргина Суриядан 56.351 кишини ташкил қилган. Бу кўрсаткич Россия фуқароларида 39.779, Афғонистон фуқароларида эса 38.653 кишини ташкил қилади.
Рўйхатни дастлабки беш давлатдан кейин Эритрея, Сомали ва Покистон давом эттиради. Бундан ташқари, Эрон ва Хитой ҳам рўйхатнинг дастлабки ўнталигидан жой олган.
Қочқинлик мақомини олганлар сони мансуб бўлгани давлатига кўра фарқ қилади. Масалан, Сурия, Эритрея, Ироқ, Сомали ва Афғонистон фуқароларида бу кўрсаткич фоиз ҳисобида 62-95% ни ташкил қилади. Россия Федерацияси ва Сербия фуқароларининг имкониятлари эса 28-5% атрофида.
2013 йили қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилувчи россияликлар сони 2012 йилга нисбатан 76%га ошган. Уларнинг аксарияти Германия ва Польшага мурожаат қилган.
Марказий Осиё давлатларидан 2013 йилда 1.089 фуқаро қочқинлик мақоми учун мурожаат этган. Улардан энг кўпи – 520 нафари ўзбекистонлик. Қирғизистонликлар – 476, қозоғистонликлар – 93 нафар.
Ўзбекистонлик қочқинларнинг 64,5% дан ортиғи (335 киши) АҚШ ва Канада, қарийб 35% (181) Туркия, 1%дан камроғи Латвияда бошпана сўраган.
Қирғизистонликларнинг 418 нафари АҚШ ва Канада, 53 нафари Польша, 5 нафари Лихтенштейнда қолишни афзал билган.
Қозоғистонлик қочқинлар АҚШ ва Канадага умуман бормаган: 76 нафари Польша ва 17 нафари Чехияда қолган.
ЎХҲ хабар маркази