O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

2019 йилда Ўзбекистон 1996 йилга қайтдими?

2019 йилда Ўзбекистон 1996 йилга қайтдими?
164 views
28 December 2019 - 9:08

Йил якунида ҳар соҳада сарҳисоблар қилинар экан, Президент Мирзиёев ислоҳотларининг учинчи йили мураккаб бўлганини расмийларнинг ўзлари ҳам, ички ва ташқи кузатувчилар ҳам қайд этмоқдалар.

Мустақил иқтисодий таҳлилчи, Тошкентдаги Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов фикрича, 2019 йили Ўзбекистонда иқтисодий соҳалардаги айрим ислоҳотларни ортга қайтариш ҳаракатлари кузатилди, матбуотдаги танқидий чиқишларга тоқатсизлик бошланди.

Юлий Юсупов ўзининг таҳлилий фикрлари билан Uzanalytics.com веб-сайтида бўлашди.

“Кузатаётган йилимизнинг аҳамиятли салбий жиҳати, бу протекционизмнинг кучайиши, импорт ўрнини тўлдириш сиёсатининг кучайиши, деб биламан. Шундай тасаввур уйғонадики, биз гўё 1996 йилга қайтаётгандекмиз. Яъни, қатор давлат идоралари томонидан импортни чеклаш бўйича турли хил ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилмоқда. Бу “ислоҳотлар” фақат конвертацияга тегишли эмас, холос. Қолгани айнан ўша даврни эслатади. Бошқача қилиб айтганда, улар конвертация масаласига тегмаслик учун импорт соҳасининг ҳамма жабҳаларига тўсиқлар қўйишмоқда – бож, акциз тўловларидан бошлаб, янги-янги тартиб қоидаларгача. Буларнинг ҳаммаси импортни чеклашга қаратилган. Мен буни нотўғри иқтисодий сиёсат, деб ҳисоблайман. Сабаби, биринчидан – рақобатчилик мувозанати бузилади, янги монополиялар вужудга келади ёки эскилари бўй кўрсатади. Иккинчидан, импорт чекланган шароитда экспорт ҳам зарар кўради. Натижада, биз яна ёпиқ иқтисодиётга қайтамиз, халқаро бозорларда улушимиз тушиб кетади. Назаримда, импорт ўрнини тўлдиришга қаратилган 20 йилдан ортиқ олиб борилган иқтисодий сиёсат бизни ҳеч нарсага ўргатмаган кўринади. Ахир бу сиёсат Ўзбекистон иқтисодиётини ривожланишида турғунликни вужудга келтирган эдику. Ўйлашимча, худди шу сиёсатни давом эттиришни истаётганга ўхшаймиз. Бизга ўша сиёсат конвертация бўлмагани учун ёмон эди, деб айтишди. Нима, энди конвертация жорий қилиниши билан ўша сиёсат яхши бўлиб қолдими?”, деб айтган Uzanalytics.com сайтига берган интервьюсида Юлий Юсупов.

Би-би-си Юлий Юсуповдан, нега сиз Ўзбекистон 2019 йилда 1996 йилга қайтаяпти, деб ўйлайсиз, деб сўради.

Юлий Юсупов: Келинг, бошида 1996 йили Ўзбекистонда нималар бўлганини ёдга олайлик. 1996 йили ҳаракат йўналиши, Ўзбекистоннинг сиёсати кескин ўзгартирилди. Ўша йилдан “импорт ўрнини алмаштириш” деб номланган сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш бошланди. Бунда мантиқ шу бўлди: Нима қиламиз у ёки бу товарни импорт қилиб, деярли ҳамма нарсани ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак бўлади-ку. Бунинг учун нима қилиш керак? Бунинг учун турли йўллар билан импортни чеклаш лозим. Энг асосий йўли конвертацияни ёпиш. Бундан бошқа йўллари ҳам бор эди, мисол учун, юқори бож тўлови, импортни “тарифсиз чеклаш” деб аталган усули. Яна бир йўли – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар турли имтиёзлар тақдим этиш. Бундай сиёсат Ўзбекистонда 1996 йилдан жорий қилинди. Бу сиёсатнинг натижаси қандай бўлди? Аянчли. Нега? Чунки бундай сиёсат рақобатни барбод этади, бизнесни ривожлантириш учун рағбатни ўлдиради. Ўзбекистон иқтисодиётини халқаро меҳнат тақсимотидан ихоталайди, бундан манфаат топишга имкон бермайди. Кўплаб коррупцион текин томоқ даромад манбалари пайдо қилади, бир гуруҳ одамларга анчагина ноқонуний қўшимча даромад топиш йўлини очиб беради. Бу гуруҳдаги одамлар – ёки мансабдорлар ёки уларга боғлиқ тадбиркорлар. Нега бундай текин томоқлар пайдо бўлади? Чунки амалдорларда кимгадир рухсат бериш ёки бермаслик, имтиёз бериш ёки рад этиш имконияти юзага келади. Бундай катта имкониятлар мавжуд жойда коррупция юзага келиши муқаррар. Имкониятлар қанча катта бўлса коррупция миқёси ҳам катта бўлади. Бунинг оқибатида Ўзбекистон 2017 йили дунёнинг энг қашшоқ 30 мамлакати рўйхатига тушиб қолди. 2017 йили Ўзбекистонимизда анча жасоратли, кескин ислоҳотлар бошланди. Айниқса, иқтисодиётда. Бу ислоҳотлар айнан 1996 йили бошланган импорт ўрнини босиш сиёсатидан воз кечишга қаратилган эди. 2017-2018-йиллардаги ислоҳотларнинг энг асосий ютуғи – ташқи иқтисодий сиёсатнинг эркинлаштирилгани ҳамда давлатнинг иқтисодга аралашувининг қисқартирилгани бўлди. Ўшанда импорт ўрнини босиш сиёсатидан ва бу сиёст келтирган салбий оқибатлардан воз кечилади, деган умид пайдо бўлди. Бироқ 2019 йилга келиб биз яна “импортни чеклаш лозим”, “маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни конкуренциядан ҳимоя қилишимиз керак”, “маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар тақдим этишимиз лозим” деган гапларни эшитдик. Яъни, бу гаплар биз 1996 йили эшитган ва конвертацияга чекловлар киритилган гаплардир. 2019 йили конвертацияга чеклов киритилмади, аммо импортни чеклашни асослашга қаттиқ ҳаракат бошланди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёз бериш учун бож тўловлари оширилди, импорт учун катта рўйхатдаги тарифсиз тўсиқлар жорий этилди, соҳаларга берилаётган имтиёздек тақдим қилиниб айрим алоҳида компанияларга турли хилдаги имтиёзларни беришга ҳаракат қилинди – бундай ҳаракатларнинг ҳаммасини биз аллақачон 1996 йили кўрган эдик. Тўғри, 1996 йилда кузатилган кескин қадамлар қўйилмади, аммо ана шу томонга ҳаракатланиш бошланди. Умид қиламизки, 2019 йилда биз кузатган ортга чекинишлар 2017 йили ўзимиз танлаб олган йўналишдан қисқа фурсатли ортга чекиниш бўлди ва 2020 йили биз яна ташқи иқтисодий сиёсатни либераллаштириш йўналишига, рақобат муҳитини барбод этишдан воз кечишга қайтамиз, Ўзбекистон иқтисодиётини яна ўз-ўзини ихоталашдан асраб қоламиз.

Би-би-си: Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг 2019 йилдаги асосий хулосалари қайсилар, сизнинг назарингизда?

Юлий Юсупов: Мен юқорида импорт ўрнини босиш сиёсатининг тамойилларини белгилаб бериш ҳаракати бошланганини айтдим ўтдим. Мен бундай сиёсат иқтисодиёт тараққиётига салбий таъсир қилади, деб ишонаман. Бундан ташқари, 2019 йилнинг асосий ҳодисаси – солиқ ислоҳоти бўлди. Ва ниҳоят бу ислоҳот 2019 йил 1 январидан бошланди. Солиқ ислоҳоти мамлакатимизга жуда зарур эди. Эски солиқ тизимида мамлакатимизнинг барқарор самарали иқтисодий ривожланиши умуман имконсиз эди. Солиқ сиёсати бунинг учун имкониятлар барпо этади. Аммо унга ҳамма дардларнинг давоси, дарров мевасини беради, эртагаёқ мамлакатимизда иқтисодий мўъжиза юз беради, деб қараш ҳам керак эмас. Лекин солиқ ислоҳотисиз тараққиёт йўли ёпиқ эди, дейиш мумкин. Солиқ ислоҳотини ҳаётга татбиқ этишда қатор хатоларга йўл қўйилди. Булар эса бизнесларга, солиқ ислоҳотининг имиджига ҳам салбий таъсир қилди. Ҳукумат йилнинг иккинчи ярмида йўл қўйилган хатоларни тузатишга киришди. Бу, агар биз яна ушбу йўналишда ишлашни давом эттирсак, озроқ вақт ўтиб янада самарали солиқ тизимига эришамиз, деган умидни уйғотади. 2019 йил яна нимаси билан ёдда қолди? Мен ташқи иқтисодий фаолият йўналишида кузатилган ислоҳотга зид ҳаракатларни қўшиб ҳисоблаб ислоҳотларимизни музлатиб қўйиш вақти бўлди, деган бўлардим. Яъни, иқтисодий ислоҳотларимиз бу йил “дам олди”, тўхтаб қолди. Ўтаётган йилда яна бир тенденция кузатилди – давлат, ҳукумат, амалдорлар, ҳаммаси ҳам эмас, айримлари оммавий ахборот воситалари, электрон тармоқлардаги танқидий чиқишларга салбий муносабат билдира бошладилар. 2017-2018 йилларда матбуотдаги чиқишларга эътибор ҳозиргига қараганда яхши, ҳокимият айтилган хатоларни тузатишга ҳаракат қилар эди. Ҳокимият матбуот чиқишларини кузатиб борар, агар танқидий чиқишни тўғри деб топса, сиёсатини ўзгартиришини кўрардик. 2019 йили ҳам жамоатчилик фикри таъсири остида сиёсатга тузатишлар киритилган ҳолатлар кўп бўлди, қайсидир норматив актлар қайтариб олинди ёки таҳрир қилинди. Аммо шу билан бирга матбуотдаги танқидий чиқишларга ёмон муносабат билдириш ҳолатларини кўриш мумкин бўлди. Босимлар таҳририятларга, муаллифлар ва блоггерларга нисбатан кузатилди. Бу, албатта, яхши тенденция эмас. Умид қиламизки, 2019 йилдаги танқидларга тоқатсизлик ёндашуви ҳам вақтинча бўлди ва ортда қолади, 2020 йилда ислоҳотларимизни давом эттирамиз. Ислоҳотлар йўналишида ҳали қилишимиз керак бўлган ишларимиз жуда кўп. Бу ислоҳотларсиз иқтисодиётнинг, мамлакатимизнинг келажаги бўлмайди.

Манба: bbc.com/uzbek