O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тошкент шаҳар маҳалла оқсоқоллари МХХ ва ИББ нинг “одамлари” ми?

Тошкент шаҳар маҳалла оқсоқоллари МХХ ва ИББ нинг “одамлари” ми?
210 views
23 October 2013 - 11:57
getImage

Ўзбекистон ИИБ сафидан кетган собиқ миршаблар маҳалла оқсоқоли курсисини эгаллаётир

Шу йилнинг ноябр-декабр ойларида Ўзбекистонда фуқаролар йиғинлари раислари: оқсоқоллар ва маслаҳатчиларининг навбатдаги сайлови бўлиб ўтади.

Бу йилги сайловда ана шу мансабларга даъвогарлар орасида республика Ички ишлар вазирлигида ишлаб, нафақага чиққан миршаблар ҳам бор.

Улардан бири Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Боғистон” маҳалла раиси вазифасини бажариб келаётган собиқ миршаб Умаржон Худойбергановдир.

Худойберганов “Боғистон” маҳалласидаги фаолиятини шу йилнинг март ойидан  бошлаган эди.

Келгуси икки ойда бўлиб ўтиши кутилаётган сайловларда Худойберганов Тошкент шаҳар, “Боғистон” маҳалла раислигига ўз номзодлигини кўрсатган.

Сайловга тараддудлар арафасида “Боғистон” маҳалла фаоллари Худойбергановга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Аммо “бу саволларга жавоб беришимдан олдин тегишли идоралардан рухсат олишим керак”, деб жавоб берди у.

“Келажакда маҳалла раислигига сизни ўша “тегишли идоралар” сайлайдими?,- дея сўради маҳалла фаоллари.

“Мен ўша тегишли идораларнинг тавсияси билан ҳозирда маҳалла раислигини вақтинча бажариб турибман. Шундай экан албатта улар билан маслаҳатлашган тарзда иш тутишга мажбурман,- деди собиқ миршаб Худойберганов.

Маҳалла фаоллари унга ўз фаолияти давомида маҳалладаги ночор оилалар, етим-есирларга ғамхўрлик кўрсатмаётгани, уларнинг ҳолидан хабар олмаётганини эслатди.

“Маҳалла ота-онанг. Маҳаллада етим-есир бор. Сиз маҳалла раиси сифатидан уларнинг ҳолидан тез-тез хабардор бўлиб туришингиз керак. Давлат томонидан уларга ажратилаётган моддий ёрдамларнинг ўз вақтида тарқатиб берилишини назорат қилиб туриш ҳам раис сифатида сизнинг вазифангиз. Бу ёрдамлар ўз эгасига етиб бормаяпти, аксинча “домком” лар жиғилдонига тушиб қолаяпти, – дея шикоят қилишда давом этдиган маҳалла фаоллари Худойберганов келгусида раислик курсисига ўтириб қолса, бу муаммоларни бартараф қилиши ёки қила олмаслиги билан қизиққанлар.

Худойберганов бу саволларга ҳам “тегишли идоралар” билан маслаҳатлашиб жавоб беришини айтди.

“Тегишли идора ким?,- дея берилган саволга жавобан Худойберганов “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати”,- дея жавоб қайтарди.

Умаржон Худойберганов яна “ана ўшаларнинг топшириғи билан ишлаймиз” , деди.

“Демак бундан чиқди эртага маҳалла раислигига ҳам сизни МХХ “сайлар” эканда?. Фуқароларнинг маҳалла раисларини сайлаш ва уни ишдан четлатишда ҳеч қанақа алоқаси йўқ эканда? , деди ажабланиб “Боғистон” маҳалласининг номзод билан учрашувга борган вакиллари.

Худойберганов асабийлашиб, тилини тишлади ва жим бўлиб қолди.

Сўнгги йиллар “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги  қонунга хилоф тарзда иш кўрилаяпти. Сайловлар шаффоф ва адолатли бўлмаяпти.

Ҳали юқорида Умаржон Худойберганов ўзи эътироф қилганидек, сайловларда МХХ ва ИББ бош-қош бўлаяпти.

Зотан ҳозирги вақтда маҳаллалардаги фаолларга нисбатан олиб бораётган муттасил таъқиб-тазйиқларда ана шунақа собиқ миршабларнинг “улуши” бор.

Бу йилги сайловларда республика бўйича 9756 нафар раис ва яна   97 минг маслаҳатчи сайланади.

 

Тошкент. ЎҲҲнинг хабари.