O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пайғамбарлар тарихи (10). Илк мўминлар ва ҳижрат

Пайғамбарлар тарихи (10). Илк мўминлар ва ҳижрат
234 views
27 February 2014 - 9:05

pt1Аллоҳу Таоло Иброҳим алайҳиссаломга Ҳазрати Ҳожар билан Исмоил алайҳиссаломни Байтул-Ҳарамга олиб боришни ваҳий этди (246).
Аллоҳу Таоло Исмоил алайҳиссалом учун Байтул Ҳарамни тайёрлаганини ва у ерни унинг қўли билан бино қилишни тақдир этгани ва у ердаги сувни ҳам унинг учун оқизишини билдирди (247).
Иброҳим алайҳиссалом Буроққа минди. Икки ёшидаги Исмоил алайҳиссаломни олдига, Ҳазрати Ҳожарни эсa орқасига миндирди (248). Буроқ эшак билан хачир ўртасида катталикдаги бир минaк (улов) бўлиб, иккита қаноти бор эди ва ҳар одими кўз қараши етган масофага бориб тушарди.
Бу саёҳатда Жаброил алайҳиссалом ҳам уларга йўлдош эди. Иброҳим алайҳиссаломга Байтуллоҳнинг жойини ва чегараларини кўрсатиб берарди.
Иброҳим алайҳиссалом қишлоқ ва шаҳарлар узра учаркан, “Эй Жаброил, шу ерга тушиш буюрилдими?”, деб сўрар (249) ва сувли водий кўрганда “ЭйЖаброил, шу ерга ин!”, дея сасланар эди.
Жаброил алайҳиссалом эсa:
– Йўқ, – деб жавоб берарди (250).
Ниҳоят Маккага келдилар.
Жаброил алайҳиссалом:
– Ин, ё Иброҳим! – деди.
Иброҳим алайҳиссалом:
– Бу ерда на деҳқончилик, на-да чорвачилик қилиш мумкин, – деб жавоб берди.
– Ҳа, шунақа. Аммо бу ерда сенинг ўғлинг уруғидан Уммий Пайғамбар чиқажак ва Калиматул-Улё у билан тамомланажакдир, – деди Жаброил алайҳиссалом (251).
У замонлар Макка салам ва самур деб аталадиган катта-кичик тиканли дарахтлар ўсган, чакалакзор қоплаган бир ер эди. Макканинг атрофида ва ташқарисида Амолика дейилган бир жамоат яшар эди. Байтуллоҳ (Каъба) ўрни ҳам у пайтда қизил тупроқли, кесакли (252), дўнг бир ер эди. Гоҳ-гоҳ келган сел бу ернинг атрофини ўйиб, олиб кетганди (253). Иброҳим алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломдан:
– Сенга буларни бу ерга ташлаб кетишим кераклиги айтилдими?, – деб сўради.
– Ҳа, – деди Жаброил алайҳиссалом (254).
Иброҳим алайҳиссалом Ҳазрати Ҳожар ва Исмоил алайҳиссаломни бутун Масжиди ҳаром турган жойнинг юксак ерида, Замзам қудуғининг юқорисида бир катта дарахт остида қолдирди (255).
Ва Ҳазрати Ҳожарга бир соябон ясашни ҳам амр қилди (256).
У пайтлар Макка кимсасиз эди, ҳатто ичишга суви ҳам йўқ эди.
Иброҳим алайҳиссалом она ва ўғилни шу ерда қолдирди ва Шомга қайтиб кетиш учун, йўлга тушди. Ҳазрати Ҳожар Иброҳим алайҳиссаломнинг орқасидан сасланди:
– Эй Иброҳим, бизни бу кимсасиз водийга ташлаб қаёққа кетяпсан? Бу Шундай бир водийки, на гаплашадиган бир одам, на-да бошқа бир зот бор, – деди (257).
Ҳазрати Ҳожар бу саволини такрорласа ҳам, Иброҳим алайҳиссалом унга қайрилиб қарамади.
Шунда Ҳазрати Ҳожар :
-Ёки бизни бу ерда қолдиришни Аллоҳ буюрдими?, – деб сўради.
– Ҳа, Аллоҳ амр этди, – деб жавоб берди Иброҳим алайҳиссалом.
Ундай бўлса, Аллоҳ бизга етар. У бизни зое этмас, ҳимоясиз қўймас, – деди Ҳазрати Ҳожар.
Иброҳим алайҳиссалом Макканинг чет тарафидаги Сания мавқеигача борди. Ҳазрати Ҳожар ва ўғлига кўринмайдиган бир ерда туриб, юзини бугун Каъба турган жойга қаратиб, қўлларини кўтарди:
– Эй Роббимиз, мен зурриётларимдан бир қисмини сенинг муқаддас бўлган уйинг ёнида, намозларини тўғри адо этсинлар дея, экинсиз бир водийга ерлаштирдим. Сен инсонлардан бир қисмининг кўнгилларини уларга майл эттир. Шукр этишлари учун уларни баъзи мевалар билан ризқлантир (Иброҳим, 37), дея Аллоҳга дуо этди (258).
Кейин Шом тарафдаги оиласи ёнига қайтди (259).

Замзамнинг чиқиши

Ҳазрати Ҳожар Исмоил алайҳиссаломни дарахт соясига ётқизиб, сув мешини бир шохга осди (260). У Исмоил алайҳиссаломни эмизиб, мешдаги сувдан ичирарди (261). Мешда сув тугаб, ўзи ҳам, Исмоил алайҳиссалом ҳам сувсади (262). Сув тугаган пайтда Ҳазрати Ҳожарнинг сути ҳам кесилди. Исмоил алайҳиссалом очиққанди, уни кўриб, онасининг очлиги ҳам кучайди.
Ҳазрати Ҳожар ўғлининг очлик (263) ва сувсизликдан чирпинаётганига қараб турарди (264). Болани “ўляпти” деб ўйлаб, қайғуга тушди. “Унинг ўлимини кўрмайин, ундан узоқлашай”, деди ўз ўзига (265). Фарзандининг аламли аҳволига қарашга чидай олмай, унинг ёнидан узоқлашди (266)
“Энг яқин тепа қайсиниси?”, деб атрофига боқди (267), энг яқин тепа Сафо тепаси эди. Унинг устига чиқиб, водийга қараб, қотиб турди. Бир товуш эшитмак истади, бирор кимсани кўрмак умиди ила қаради. Аммо на бир сас эшита олди, на-да бир кимса кўринди (268).
Сафо тепасидан чопиб водийга тушди ва этакларини чирмаб, худди мушкил бир иш бошига тушган инсон каби чопиб, қаршидаги Марва тепасига чиқди. У ерда ҳам атрофга жовдираб боқди, ҳеч кимни кўра олмади (269). Ҳазрати Ҳожар Сафо ва Марва орасида бориб-келиб туриши очликдан ўлаётган боласини кўрмаслик учун ва бирор кимса ёрдамга келармикан, деган умид ила қилинган ҳаракатлар эди.
Ҳазрати Ҳожар бу аснода Исмоил алайҳиссаломнинг ёнига икки марта борди ва ўғлининг ҳали ҳам жон талоши ичида кўриб, ниҳоятда маҳзун ҳолда Сафо тепасига чиққанди (270).
Шу тарзда Ҳазрати Ҳожар Сафо ва Марва орасида етти карра бориб келганди (271). Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Шу боис, инсонлар Сафо ва Марва орасида шунча бориб келадилар”, – дея буюргандир (272).
Ҳазрати Ҳожар сўнгги кез Марва тепасига чиққанда бир сас эшитди ва ўз-ўзига “жим бўл ва тингла!” деди. Кейин диққат билан тинглади. Бу сасни яна бир марта эшитди (273). Бу бир инсон овозига ўхшарди (274).
– Эй овоз соҳиби, сасингни эшиттирдинг, агар сен ёрдамга қодир эсaнг, бизга ёрдам эт! (275)
– Эй Аллоҳим, бир сас эшиттирдинг, имдодимга ҳам етиш! Етишмасанг, мен ҳам, болам ҳам ҳалок бўламиз, – дея ёлворди (276) Ҳазрати Ҳожар.
Ва шу онда Замзам қудуғи ўрнида бир Малак (Жаброил) кўринди (277). Жаброил алайҳиссалом Ҳазрати Ҳожарга:
– Сен кимсан?, – деди
– Мен Иброҳим (алайҳиссалом)нинг бу ерга ташлаб кетган завжасиман, у ердаги бола эсa менинг ўғлим, – деди Ҳазрати Ҳожар.
– Иброҳим сизларни кимга омонат топширган эди?, – деб сўради Жаброил алайҳиссалом.
– Иброҳим бизларни Аллоҳга омонат этганди, – деди Ҳазрати Ҳожар .
– У сизни энг шарафли, энг карамли ва энг етарли Роббга омонат этибди, – деди (278) ва оёғининг ўкчаси билан ерни тепди ва у жойдан сув қайнаб чиқа бошлади.
Ҳазрати Ҳожар сув исроф бўлмасин деб қўллари билан тупроқдан кичик девор ясаб, иккинчи тарафдан мешини сувга тўлдира бошлади. Сув эсa адо бўлмас, ердан қайнаб чиқишда давом этарди (279).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Аллоҳ Исмоилнинг онаси Ҳазрати Ҳожарга раҳмат айласин, агар у сувни ҳовучламасайди, Замзам бир булоқ эмас, оқар сув бўлар эди”, деганлар (280).
Ҳазрати Ҳожар бу сувдан ичди, сути келди ва боласини эмизди (281).
Малак (Жаброил) Ҳазрати Ҳожарга:
– Зое ва ҳалок бўламиз деб асло қўрқманглар. Мана шу ер Байтуллоҳнинг ўрнидир. Байтни шу бола билан унинг отаси иншо этажакдир. Муҳаққақдирки, Аллоҳ бу ишнинг аҳлини зое этмаяжак!, – деди (282).

Муҳим изоҳ

Мартин Лингс тарафиндан ёзилиб, “Очилган Сийрат Китоблари” мусобақасида Покистон ҳукуматининг мукофотига сазовор бўлган “Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳаёти” асарининг туркча таржимасида (8-9 саҳифа) “Ҳожар ва Исмоилнинг Маккага қандай келгани ҳақида билги йўқ. Улар бирорта карвон билан борган бўлишлари мумкин. Чунки водийдан катта карвон йўли ўтарди”, каби мажҳул ифодаларни ўқиб, ҳайратландик.
Ҳазрати Ҳожар билан Исмоилнинг Маккага келиши ҳақида Мартин Лингсни ҳайрон қолдиришга етарли даражада кўп билги ва хабар мавжуд. Биз бу билгиларни ўқувчиларимизга мўл-мўл тақдим этдик.
Тадқиқот ишлари осонлашган бир даврда бундай фараз ва эҳтимолларга ўрин қолдирмаслик лозим.

Журҳумларнинг Ҳазрати Ҳожарга қўшни бўлиши

Ҳазрати Ҳожар у ерда экан, Шом тарафдан (283) Журҳум жамоатидан бир гуруҳ (284) Кадо йўли билан Макканинг қуйи тарафига яқинлашганда, бир қушнинг у ерларда айланганини кўриб:
– Бу қуш айланяпти, демак бу яқинда сув бўлса керак, аммо биз бу водийда сувнинг йўқлигини биламиз-ку? – деб ҳайрон бўлишди. Кейин бир-икки кишини ўрганиш учун жўнатдилар. Улар сувни топишди ва жамоатига хабар бердилар. Журҳумлилар сув ёнига келганларида, сувнинг бошида Исмоил алайҳиссаломнинг онаси Ҳазрати Ҳожар ўтирганди (284). Журҳумлилар Ҳазрати Ҳожарга салом бердилар, у ҳам алик олди.
– Бу сув кимники? – деб сўрашди келганлар.
– Меники, – деди Ҳазрати Ҳожар .
– Бу атрофда қўноқласак, бизга изн берасанми?, – деб сўрашди Журҳумлилар.
– Шу сувга эгалик иддаосида бўлмаслик шарти билан бу атрофга қўноқлашингизга қарши эмасман, – деди Ҳазрати Ҳожар .
– Бўпти, – дейишди Журҳумлилар.
Кўришиб – гаплашадиган одамларга муҳтож бўлганидан, Ҳазрати Ҳожар учун Журҳумлилар унинг истагига уйғун эди.
Журҳумлилар у ерда қўниб, оилаларига хабар йўлладилар. Оилалари келиб уй ва барк соҳиби бўлдилар (287).
Улар катта дарахтлар устига чодир ёпиб, бошпана иншо этдилар. Она-ўғил ҳам бу соя остида ўтирадиган бўлдилар (288). Шундай қилиб, Макканинг илк аҳли Журҳумлилар бўлди (289).
Исмоил алайҳиссалом вояга ета бошлади, Журҳумлилар уни жуда яхши кўришарди (290).

Макка

Макка Арабистон ярим оролида бўлиб, Птоломейга кўра, Мағриб жиҳатидан 78 тул, 23- ва ёки 21- арз даражасида, Сурайё юлдузининг туғилгани – Саратон нуқтасининг остида ва 2- иқлимда ерлашгандир.

Макка ва Бакка исмлари ва буларнинг маънолари

Қуръони Каримда Макканинг номи бир марта Макка, иккинчи марта Бакка дея ёзилади:
“Ва у Аллоҳдирки, уларнинг (мушрикларнинг) қўлларини сиздан, сизнинг қўлларингизни эсa улардан Макка водийсида (узоқлаштирди) торттирди” (292).
“Шубҳа йўқки, инсонлар учун таъсис этилган илк байт Баккадаги муборак ва оламлар учун ҳидоят бўлган Байтдир” (293).
Макка ва Бакка номларининг имло ва талаффуз фарқларига қарамасдан айни ерга берилган ном эканини таъкидлаганлар кўп. Ва Макканинг Ҳарам ҳудудлари билан бирга бутун бўлгани ўз ичига олган жой номи эканини эътироф этганлар ҳам бор (294).
Маккага гуноҳларни йўқ қилиши ва озайтиргани, зулм этганларни ҳалок этгани (295), зўравон ва золимларнинг бўйинларини синдиргани (296), кибр ва ғурурларини (297) йўқ этгани учун ҳам Макка номи берилгандир (298).
“Қомус” таржимони Осим Афанди “Макка” бўлимини шу сўзлар билан тамомлайди: “Муаллифнинг “Басоир”да баёнига кўра, беш важиҳ муҳтамалдир: ерда сув оз бўлгани сaбабли ердан сувни оғизлари билан эмиб чиқарадилар, маъносида.
Сониян: Макка эммак – сўрмоқ маъносида, инсонни ўзига қараб тортади, сўради, жазб этади, маъносида.
Салисан: Макк, бу – Таир маъносида, гўё исённи макк этмак, даф этмак.
Рабиян: “Маккока”дан олинган суякнинг ўртаси лубт ва мухк (илик), дунёнинг васоти, хулосасидир.
Ҳомисан: усатнинг (осийларнинг) зунубини (гуноҳларини) суякдан сўриб чиқарган каби истихрож этади, бартараф қилади, маъносида”. (299).
Ёқут Улҳамовий ҳам бу 5 моддани турли манбаълардан олиб, китобига қайд этган (300).
Бакка ҳақида фараз: золим ва зўравонларнинг бўйнини синдиргани учун ва ерда кўплаб инсонлар тўплангани учун Бакка деб аталгандир (301).

Макка ҲарАм чегараси

Ривоятга кўра, Одам алайҳиссалом Жаннатдан ер юзига туширилган заҳоти Шайтон шарридан қўрқиб, Аллоҳга сиғинди. Ва Аллоҳ унга муҳофиз Малаклар йўллади ва бу Малаклар Маккани ҳар тарафдан қуршаб олдилар. Бу Малаклар турган доирани Аллоҳу Таоло Ҳарам ҳудуди ўлароқ белгилади (302).
1. Макка Ҳарамнинг чегараси Мадина йўли тарафидан:
Танъим яқинидаги Бани Гифoрларнинг уйига қадар уч милдир (303). Танъим Макка – Мадина йўлининг Ғарб тарафида. Бу йўлдаги ҳарaм қудуғининг тошлари Зот-ул ҳанзал номли тоғ йўлининг бошидадир. Бу чегаранинг олд томони Ҳарам, орқа томони – Ҳилл, Ҳарамдан ташқарисидир (304).
2. Яман йўли тарафидан:
Либн тепасидаги (Адоатуллибн) қадар 7 милдир (305). Адоат-ул либн Тиҳома тарафида, Яман йўлида. Бу ернинг чегара тошлари Ғураб тоғи устидадир. Тоғнинг ярми – Ҳарам, ярми эсa – Ҳилл, Ҳарамдан ташқаридадир (306).
3. Жидда йўли тарафидан:
Ал Ашошага қадар 10 мил (307). Жидда йўлидаги Худайбия Ҳарам чегараси тошлари Ашашага  қадар узанади. Ашашадан аввалги Ватни-Мар устидаги Соҳа Ҳарамнинг ташқарисида, Мурайр устига қараган бўлга эсa Ҳарам ичига киради (308).
4. Тoиф йўли тарафидан:
Макта тоғидаги Сания Тулҳолга қадар 7 милдир (309). Макта: Нажид ва Ироқ йўлида, Ҳарамнинг чегара тошлари Ҳарамга тегиб турган Соният-ул ҳолнинг бошидадир (310).
5. Жииррона йўли тарафидан:
Абдуллоҳ бин Ҳомид бин Асидларнинг Шибига қадар 9 мил (311).

Ҳарам чегара тошларининг ўрнатилиши

Макка Ҳарамининг чегара тошларини биринчи марта Иброҳим алайҳиссалом ўрнатди. Унга тошларни қаерга ўрнатишни Жаброил алайҳиссалом кўрсатди (312).
Аллоҳу Таолонинг амри билан Каъбани иншо этгандан сўнгра Иброҳим ва Исмоил алайҳиссалом ўзларига ҳаж амалини кўрсатишини тилаб, Аллоҳга ёлвордилар (313)
Жаброил алайҳиссалом келиб, Иброҳим алайҳиссаломга ҳаж амалини кўрсатди. Ҳарамнинг чегараси устида тўхтади, Иброҳим алайҳиссалом бу чегара устида тошларни ўрнатди, ишоратлар қўйди ва устига тупроқ тортди.
Иброҳим алайҳиссаломнинг қўйлари шу Ҳарам чегарасидан ташқарига чиқмаганлар. Ҳарамнинг ҳар тарафига ёйилиб, ўша чегарага етганда орқасига қайтишарди (314).
Иброҳим алайҳиссалом бу чегара тошларини янгилади (315). Кейин Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг боболаридан бўлган Кусайй замонига қадар бу тошлар ўрнидан қимирламади. Кусайй уларни янгилаб, таъмир этди (316). Шунингдек, Ҳарам чегарасининг йиқилган тошларини ундан олдин Аднон бин Удаднинг янгилагани ҳақида ҳам ривоятлар бор (317).
Муса бин Уқбанинг ривоятига кўра, Қурайш мушриклари Каъба чегара тошларига тажовуз этиб, уларни қўпориб олганлар. Мушрикларнинг бу ҳаракати Пайғамбаримиз алайҳиссаломга жуда оғир келган. Жаброил алайҳиссалом келиб, Пайғамбаримизга “Ё, Муҳаммад, Қурайшликларнинг Ҳарам тошларини суғуриб олишлари сенга оғир келди ҳар ҳолда, – деди.
-Тўғри, – деди Пайғамбаримиз.
– Улар бу тошларни ўрнига қайта тикажаклар, – деди Жаброил алайҳиссалом.
Кўп вақт ўтмасдан Қурайш қабиласидан бир киши бу мавзуни очгани, кейин яна биттаси давом эттиргани ва ниҳоят, қабиланинг кўпчилиги бу мавзуни тортиша бошлади. Ҳатто ичидан биттаси чиқиб:
– Аллоҳ шу ҳарам соясида сизларни азиз қилди, тажовузлардан ҳимоя этди, сиз эсa унинг тошларини суғуриб ташладингиз. Энди, Араблар, сизни қопажак! – деди.
Кейин бу ҳақда баҳслаша-баҳслаша тошларни ерига такрор ўрнатдилар.
Шунда Жаброил алайҳисалом Пайғамбаримиз алайҳиссаломга:
– Ё Муҳаммад, Қурайшликлар Ҳарам чегара тошларини такрор ўрнатдилар, – дея хабар берди.
– Улар тошларни ўз ўрнига аниқ ўрната олдиларми? – деб сўради Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
– Улар чегара тошларининг ҳар бирини ўзлари эмас, Малак қўллари билан ўрнатдилар, – деди Жаброил алайҳиссалом (318).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Макка фатҳ этилгандан сўнгра Тамим бин Асадул Ҳузони юбориб, Ҳарам чегараси тошларини таъмир қилдириб, янгилаттирган эди (319).
Ҳалифалиги пайтида Ҳазрати Умар ҳам Қурайшийлардан 4 кишини – Маҳрама бин Навфал, Азҳар бин Абдавф, Саид бин Ербу ва Ҳувайтиб бин Абдулуззани Ҳарам ҳудуд тошларини янгилашга маъмур қилди (320).
Ҳазрати Умарнинг ҳижрий 17- йилдаги янгилашидан кейин Ҳазрати Усмон ҳам ҳижрий 26- йилда Ҳарам ҳудуд тошларини янгилатди.
Кейин Муовия бин Абу Суфён,
Кейин Абдулмалик бин Марвон,
Кейин Аббосий xалифаси Меҳдий,
Кейин 325 ҳижрийда Розий,
Кейин 616 ҳижрийда Ирбил Соҳиби Малик Музаффар,
Кейин 683‑да Яман Соҳиби Малик Музаффар Ҳарам ҳудуд тошларини янгилатди (321).

Исмоил алайҳиссаломнинг қурбон этилмак исталиши

Иброҳим алайҳиссалом Ҳазрати Ҳожар билан Исмоил алайҳиссаломни кўришни истаганда эрталаб Буроққа минар ва кун ўртасида Маккага келарди ва ўша куни Маккадан чиқиб, Шомдаги оиласи ёнига келар эди (322).
Исмоил алайҳиссалом 7 ёшга кирганда, Иброҳим алайҳиссалом Шомдаги уйида ухлар экан, тушида ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбон этганини кўрди.
Тез Буроққа миниб, Маккага келди. Ўғлини онасининг ёнидан топди (323). У ўғли Исмоил алайҳиссаломга:
– Ўғлим, бир ип ва катта бир пичоқ ол, кейин шу водийга кетамиз ва уй учун ўтин тўплаймиз, – деди. Аммо Роббининг унга амр этган вазифасини айтмади (324).
Ота-бола Шииб водийсига қараб йўлга тушдилар. Уларнинг орқасидан Шайтон ҳам йўлга тушди. Мақсади уларни Аллоҳ буюрган ишдан воз кечишга мажбур қилиш. Шайтон Иброҳим алайҳиссаломнинг йўлини кесиб:
– Эй муйсафид, қаерга боряпсан ва нима қилмоқчисан? – деди Шайтон.
Иброҳим алайҳиссалом:
– Шу водийга бориб, бир ишимни битирмак истайман, – деди Иброҳим алайҳиссалом.
– Сен, ҳар ҳолда, Исмоилни бўғизламоқчисан, шундайми? – деб сўради Шайтон.
– Сен бир отанинг ўз боласини бўғизлаганини кўрдингми? – деди Иброҳим алайҳиссалом.
– Кўрдим, у ота – сенсан, – деди Шайтон.
– Ўз боламни нечун бўғизламоқчи эканман? – деб сўради Иброҳим алайҳиссалом.
– Сен буни Аллоҳнинг амри, деб ўйлаяпсан, – деб жавоб берди Шайтон.
– Агар буни Аллоҳ амр этса, Унинг амрига бўйсуниб, буюрганини қилишни маъқул кўраман, – деди Иброҳим алайҳиссалом (326).
– Балки Шайтон тушингга кириб, ўғлингни бўғизлашни буюргандир, – деди Шайтон ва Иброҳим алайҳиссалом унинг Шайтон эканлигини тушинди:
– Эй Аллоҳнинг душмани, валлоҳи, мен у водийда Аллоҳнинг амрини бажо келтираман!, – деди у.
Иброҳим алайҳиссаломдан умидини узган Шайтон энди қўлларида арқон ва пичоқ билан отаси орқасидан келаётган Исмоил алайҳиссаломнинг йўлини тўсиб:
– Эй бола, отанг сени қаерга олиб бораяпти, биласанми? – деди.
– Оиламизга водийдан ўтин тўпламоқчимиз, – деди Исмоил алайҳиссалом.
– Валлоҳи, отанг сени бўғизламоқчи (327), у сени бўғизлаш учун опкетаяпти (328), – деди Шайтон.
– У мени нечун бўғизламоқчи? (329) Сен бир отанинг ўз боласини бўғизлаганини ҳеч кўрдингми?, – деб сўради Исмоил алайҳиссалом.
– Ҳа, сенинг отанг шунақа ота, – деди Шайтон.
– Отам мени нега бўғизласин? (330)
– У буни Аллоҳ буюрди, деб ўйлаяпти, – деди Шайтон.
– Отам Роббимизнинг айтганларини бажо келтирсин ундай бўлса, – деди Исмоил алайҳиссалом (331), – отамнинг ўз Роббига ҳар ерда бўйсуниши ва Унинг амрларини бажо келтириш отам учун хайрлидир (332). Мен ҳам амрга бўйин эгаман!
Шайтон Исмоил алайҳиссаломга ҳам гапи ўтмагач, унинг онаси ёнига борди. Ҳазрати Ҳожар уйида эди (333).
– Эй Исмоилнинг онаси! Иброҳимнинг Исмолни  қаерга олиб кетганини биласанми?, – деди Шайтон.
– Водийдан ўтин йиғишга олиб кетди, – деб жавоб берди Ҳазрати Ҳожар.
– У Исмоилни бўғизлашга олиб кетди!, – деди Шайтон (334).
– Бир отанинг ўз боласини бўғизлашини қандай тасаввур қила оласан?, – деб сўради Ҳазрати Ҳожар (335), – йўқ, ундай эмас, у ўз ўғлига ниҳоятда шафқатлидир (336).
– У буни Аллоҳ амр этди, деб ўйлаяпти, – деди Шайтон (337).
– Агар Робби буюрган бўлса, унинг амрига бўйсуниш керак (338), қаерда бўлмасин, Аллоҳга бўйсуниб, буйруғини бажариши маъқулроқдир, – деди Ҳазрати Ҳожар (339).
Шайтон Иброҳим алайҳиссалом ва унинг оила аъзоларига сўзи ўтмаганидан ғазабланиб, қайтиб кетди.
Иброҳим алайҳиссалом оиласи Аллоҳ буйруғига бўйин эгишда бирлашдилар (340). Иброҳим алайҳиссалом Сабир водийсида ўғли билан ёлғиз қолди ва унга:
– Ўғлим, сени тушимда бўғизлашим кераклигини кўрдим, – деди ва ўзига берилган буйруқни тушунтирди.
– Ота, сенга буюрилганни дарҳол бажо келтир, иншоАллоҳ, мени сабр этганлар қаторида кўражаксан, яхшилик Аллоҳнинг амрига бўйин эгмактир, – деди Исмоил алайҳиссалом ва:
– Буни онамга билдирдингми? – деб сўради отасидан.
– Йўқ, билдирмадим, – деди Иброҳим алайҳиссалом.
– Билдирмай тўғри қилдинг. Oта, мени бўғизлашдан олдин ипни қаттиқ боғлаки, мендан сенга қарши бир нарсалар исобат қилиб, ажр (мукофот)им камаймасин. Чунки ўлим оғир ва машаққатлидир. Пичоғинг бўйнимга текканида, чирпинмаслигимдан амин эмасман. Пичоғингни яхшироқ чархла, кескир бўлсин, бўғзимни дарҳол кес, тез ўлдирсин, мени роҳатга қовуштирсин. Мени юзтубан ётқиз, ёнбошимга ётқизма, чунки юзимни кўриб, риққатга келиб, Аллоҳнинг сенга берган буйруғини ҳаяллатишга сабаб бўлишингдан қўрқаман. Агар кўйлагимни онамга олиб боришни ўйласанг, шундай қил, балки унга бу тасалли бўлар, – деди Исмоил алайҳиссалом.
– Ўғлим, сен менга Аллоҳнинг буйруғи ҳақида яхши ёрдам этдинг, – деди ва уни истагани каби маҳкам бoғлади.
Пичоқни яхшилаб чархлади. Сўнгра ўғлини юзтубан ётқизди. Юзига қарамасликка интилди.
Иброҳим алайҳиссалом пичоқни Исмоил алайҳиссаломнинг бўғзига тортганида (343), пичоқ худди мисдан ясалган лавҳага урилгандай бўлди. Каттакон пичоқ Исмоил алайҳиссаломнинг бўғзини кеса олмади!
Иброҳим алайҳиссалом пичоқни икки-уч марта қайради. Лекин ҳар гал Исмоил алайҳиссаломнинг бўғзини кеса олмади.
– Ҳар ҳолда бу иш Аллоҳдандир, – деди Иброҳим алайҳиссалом (344).
Иброҳим алайҳиссаломнинг қўлидаги пичоқнинг тиғи унинг терс тарафига айланганди (345).
Шу пайт Аллоҳу Таоло тарафидан:
– Эй Иброҳим! Кўрган тушингга садоқат кўрсатдинг. Мана, сенга ўғлингнинг ўрнига бир қурбонлик юбордик, уни бўғизла, – деган амр келди.
Иброҳим алайҳиссалом қаддини кўтариб қаради ва ва ёнида Жаброил алайҳиссаломни кўрди. Жаброил алайҳиссаломнинг ёнида шохли катта қўчқор ёхуд (347) йирик тоғ эчкиси бор эди.
– Ўғлим, ўрнингдан тур – сенга бир фидя инди, – деди Иброҳим алайҳиссалом.
Ва қўчқорни Мина тепасида қурбон этди (348).
Бу такани Сабир тоғидан тушган бир ёввойи эчки экани ҳақида ривоят бўлгани каби, айни пайтда, катта шохли қўчқор бўлгани ҳақида ҳам ривоят бор (349).
Исмоил алайҳиссаломга Аллоҳ тарафидан юборилган бу қўчқорнинг иккита шохи, Каъбада узоқ вақт осилиб турган ва Каъбанинг Абдуллоҳ бин Зубайр ва Ҳажжож замонидаги ёнғинда ёнганида бу шохлар ҳам ёниб кетган.
Ривоятга кўра, ёнғингача бу қўчқорнинг қуриган бош суяги Каъба тарновида юз йиллар давомида осилиб турган экан (350).
Абудтуфайл билан Шаъбий ҳам Каъбaда иккита шохнинг осилиб турганини сўйлаган эдилар (351).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам Каъбани фатҳ этилишида унинг эшикбони Усмон бин Талҳони чақириб:
– Байтуллоҳга кирганимда қўчқорнинг иккита шохини кўрдим, аммо уларни сатр этишни (устини ёпиб муҳофаза қилишни) унутдим, сен уларни сатр эт ва кўринмайдиган қил. Чунки, Байтуллоҳда намоз қилганларнинг диққатини чалғитадиган нарсаларнинг осиғлик туриши у ерга ярашмайди (352), – деди.
Бу шохлар Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғлига фидо этилган қўчқорга оид бўлиб, Абдуллоҳ бин Зубайр Каъбани янгидан қуриш учун йиққан пайтида мазкур шохларнинг Каъба  деворидан топиб олганди. Қизил лох билан сувалган бу шохларга қўли билан тегинганда, улар уваланиб кетганди (353).
Ҳадис ровийларидан Сўфён:
– Бу қўчқор шохлари ёнғин чиққанга қадар Байтуллоҳда турган эди, ёнғинда бу шохлар ҳам ёниб кетди, – деган эди (354).

ҚУРБОН ҲОДИСАСИНИНГ ҚУРЪОНИ КАРИМДАГИ БАЁНИ

Қурбон келтириш ҳодисаси Қуръони каримда Шундай баён этилади:
“Иброҳим:
– (Эй Роббим,) менга солиҳ бир (ўғил) эҳсон эт, – (дея дуо қилди.) Биз унга ниҳоятда ҳалим (ювош) бир ўғлон муждасини бердик. Бу ўғлон (Иброҳимнинг) ёнида чопиб юрадиган ёшга етганда, (отаси унга):
– Ўғлим, мен сени тушимда сўйганимни кўрдим, сен бу ҳақда нима деб ўйлайсан, – деди.
– Отажон, сенга нима буюрилган бўлса, буйруқни бажо келтир, иншоАллоҳ, мени сабр қилганлардан бири сифатида кўрасан, – деди.
Шундай қилиб улар иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйсундилар. Иброҳим ўғлини юзтубан ётқизди. Биз унга: “Эй Иброҳим! Сен кўрган тушингга садоқат кўрсатдинг, шубҳасизки, биз яхши ҳаракат қилганларни шундай мукофотлаймиз”, – дедик. Ҳақиқатан ҳам бу очиқ ва аниқ бир имтиҳон эди. Биз унга буюк бир қурбонлик бердик. Сўнгра дунёга келганлар орасида унга яхши ном қолдирдик. Салом бўлсин Иброҳимга. Биз яхши ҳаракат қилганларни шундай мукофотлантирамиз. Ҳақиқатан ҳам, у инонган қулларимиздан эди. Унга Солиҳ бир пайғамбар ўлароқ Исҳоқни мужда қилдик. Ҳам унга, ҳам Исҳоққа баракатлар бердик. Ҳар иккисининг наслидан ҳам яхши ҳаракат қилган ҳам нафсига очиқ зулм қилганлар ҳам бўлди” (355).

ҚУРБОН ЭТИШ ВОҚЕАСИНИНГ ЯҲУДИЙЛАР ТАРАФИДАН ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМГА ИСНОД ЭТИШНИНГ САБАБИ

Халифа Умар бин Абдулазизнинг (101 ҳижрийда вафот этди) мусулмон бўлган бир яҳудий олимини ҳузурига даъват этди ва унга:
– Иброҳим алайҳиссаломга икки ўғлидан қайси бирининг қурбон этилиши амр қилинди? – деб савол берди.
– Исмоилнинг қурбон этилиши амр қилинди. Валлоҳи, буни яҳудийлар ҳам билишади. Аммо улар сизларга, араб жамоатига қизғанчлик қиладилар. Сизларнинг отангиз Исмоилнинг Аллоҳ амрига бўйсуниши фазилатининг Аллоҳ тарафидан эътироф этилиши уларга ёқмагани учун бу ҳақиқатни инкор этадилар ва қурбон амрининг Исҳоқ учун берилганини иддао қилишадии, – деди олим (356).
“Аҳди Отиқ” дея аталган, яҳудийлар ва насронийлар тарафидан муқаддас саналган китобда Исмоил алайҳиссалом эмас, Исҳоқ алайҳиссалом қурбон этилиши керак бўлганлиги ҳақида фикр олға сурилса-да, китобнинг матни таҳлил қилинганда, бу фикр китобга кейин киритилгани маълум бўлади.
“Таквин” китобининг 16- бобидаги 15- ва 16- моддаларида шундай дейилади:
“…ва Ҳожардан Абрамга бир ўғил бўлиб, Абрам Ҳожардан туғилган ўғлонга Исмоил тасмия айлади. Ва Ҳожардан Абрамга Исмоил туққани вақт Абрам 86 ёшда эди”,
“Таквин” китобининг 21- бобидаги 5- моддада шундай дейилади:
“… ва Иброҳим ўғли Исҳоқ туғилганида, 100 ёшда эди”.
“Таквин” китобининг 22- бобидаги 10-, 11-, 12-, 15- ва 16- моддаларида эсa:
“Аллоҳ: “Энди ягона ўғлинг, яъни севганинг Исҳоқни олиб, Мария диёрига кет ва у ерда сенга кўрсатажагимиз тоғларнинг биттаси тепасида ўғлингни ёқилажак қурбон ўлароқ тақдим айла”, – деди. Кейин Иброҳим ўғлини бўғизлаш учун қўлига пичоқ олганда, Роббнинг фариштаси “Иброҳим, Иброҳим” дея унга кўкдан нидо этди.
– Лаббайaк, – деб жавоб берди Иброҳим.
– Ўғлингга қўлингни теккизма, ҳеч нарса қилма, – деди фаршта.
– Ёлғиз ўғлингни мендан дариғ тутмаганингни, Аллоҳдан қўрққанингни билдим, – деган нидо келди. Ва Робнинг малаги иккинчи марта Аллоҳнинг сўзларини етказди:
“Зотим учун ямин этдим, сен бу ишни қилиб, ягона ўғлингни дариғ тутмадинг…” – деб ёзилган бу китобда.
Иброҳим алайҳиссаломнинг икки ўғлидан иккинчиси бўлган Исҳоқ алайҳиссаломнинг Исмоил алайҳиссаломдан 14 йил кейин туғилгани ҳисобга олинганда, Иброҳим алайҳиссаломга буюрилган “ягона ўғлини қурбон этиш” таъбири Исмоил алайҳисаломга нисбатан қўлланилгани кўриниб турибди.
Зотан, Исмоил алайҳиссалом ҳаётда экан, Исҳоқ алайҳисаломни “ягона ўғил” деб тилга олиш мантиқсиз бўларди.
Боз устига 22- бобнинг 2- моддасида “ягона ўғлингни” деб илова қилингaн иборасидан кейин “яъни, суюкли Исҳоқни” деб илова қилинганидан бунинг матнга кейин қўшилганини яққол кўрсатиб турибди.
Яна шу моддада қурбон ери сифатида “Мария” калимаси зикр этилади.
Пайғамбаримиз алайҳисалом, “Макканинг бутун йўллари, кўчалари ва Минанинг ҳар тарафи қурбон кесиладиган жойлардир” – деган (357).
Умра қурбони учун эсa: “Мана бу ер – қурбон кесиладиган жой”, – дея Марва тепалигини кўрсатган (358).
Асмоий (122-154- ҳижрий) шундай дейди:
“Абу Амр бин Аълодан (70-154- ҳижрий) “Қурбонлик бўлган зот Исмоилми ёки Исҳоқми?” – деб сўрадим. У менга:
– Эй Асмоий, сенинг ақлинг қаерда, Исҳоқ Маккага ҳеч қачон келмаган-ку! Маккада бўлган – фақат Исмоил эди. Байтуллоҳни ҳам отаси билан бирга у иншо этганди! Қурбон кесиладиган ер ҳам Макка эди” (359).

ИСМОИЛ АЛАЙИССАЛОМНИНГ МЕРГАНЛИГИ

Исмоил алайҳиссалом Журҳумийларнинг болалари билан ўсди, улардан ўқ отишни ўрганди (360). Йигитлик чоғига етганда Аллоҳ унга араб ёйини берди. Бу ёй билан истаган нишонини урар эди (361).
Алсам қабиласидан бир жамоат ўқ отишда мусобақалашаётганда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга:
– Эй Исмоил ўғиллари, ўқ отинглар, отангиз ҳам моҳир ўқчи эди, – деган эди.
Журҳумийлар ов гўшти билан кун кечирардилар. Макка ҳарамининг ташқарисига чиқиб ов қилардилар. Исмоил алайҳиссалом ҳам улар билан бирга овга чиқарди (363). У овчилик санъати бўлган бутун ҳаракатларни, сакраш, сапчиш, отиб тушириш, ўлжасини парчалаш ва ҳаказоларни севарди (364).

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЧЎПОНЛИГИ

Журҳумийлар Маккага жойлашганларида Исмоил алайҳиссаломга еттита эчки беришганди, бу ҳайвонлар унинг илк моли эди (365). Исмоил алайҳиссаломнинг подаси Ҳарам ҳудудлари ичидан чиқмаган ҳолда ўтлар эди (366).

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЧАВАНДОЗЛИГИ

Исмоил алайҳиссалом мерганликда бўлгани каби чавандозликда ҳам моҳир эди. Ёввойи отларни ушлаб, қўлга ўргатган ва уларга минган илк инсон эди. Ундан аввал ваҳший ҳайвонларга минилмас эди (367). Аллоҳу Таоло унга денгиздан юзта от чиқариб берганди. Аҳиллашган отлар кечалари истаган тарафга кетар, аммо сўнгра Аллоҳнинг амри билан яна Исмоил алайҳиссаломнинг уйи олдида тўпланар эди. Бу отларни Исмоил алайҳиссалом ва ўғиллари тутиб минар эдилар (368).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Oт боқинг, отни мерос ўлароқ олинг ва мерос қолдиринг. Чунки от сизга бобонгиз Исмоилнинг меросидир”, деган (369).

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ СУННАТ БЎЛИШИ ВА АРАБЧАНИ ЎРГАНИШИ

Исмоил алайҳиссалом 13 ёшида суннат бўлди (370). Журҳумийлардан арабчани ўрганди (371). Арабчани ўрганганида 13 ёшда бўлиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғиллари ичида Ҳижозда арабчани тўғри талаффуз қилган киши эди (372).
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан саҳобийлари:
– Ё Расулуллоҳ, сен бизнинг ичимизда арабчани фасоҳат ва очиқ ифода билан гапиришга қандай эришдинг?” деб сўраганлaрида, Пайғамбаримиз:
– Aрабча бузила бошлаганида Жаброил алайҳиссалом бобом Исмоил алайҳиссаломнинг луғатини менга топ-тоза шаклда тақдим ва талқин этди, – деди (374).
Нуҳ тўфонидан кейин Бобилда тўпланган одамлар ҳам сурёнийча гаплашар эди (375).
Иброҳим алайҳиссалом эсa Кусадан чиқиб, Фирот дарёсидан кечгандан сўнг Аллоҳ тарафидан иброний тилида гапиртирила бошлаганди (376).

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УЙЛАНИШИ ВА ҲАЗРАТИ ҲОЖАРНИНГ ВАФОТИ

Исмоил алайҳиссалом вояга етганда, Макка атрофида истиқомат қиладиган имлоклардан бир қизга уйланди, аммо ундан фарзанд кўрмади (378). Бу Саъд қизи Жаддо (379) ва ёки Саид бин Усамонинг қизи Умаро эди (380).
Исмоил алайҳиссалом 20 ёшда экан, онаси Ҳазрати Ҳожар вафот этди, ёши тўқсон атрофида эди. Исмоил алайҳиссалом онасини Маккада (бугунги Каъбага боғланган, ярим доира шаклида бир девор билан ўралган) Ҳижр деб номланган ерга дафн этди (381).

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЎҒЛИНИ ВА ОИЛАСИНИ КЎРИШГА КЕЛГАНИ

Иброҳим Алайҳиссалом Ҳазрати Ҳожар ва ўғли Исмоилни кўриб келиш учун Ҳазрати Сорадан изн истади. Ва Ҳазрати Ҳожарнинг уйида ётиб қолмаслик шарти билан изн олишга муваффақ бўлди, Маккага келди (382).
Иброҳим алайҳиссалом Маккага келганда, Исмоил алайҳиссалом Умаро исмли хотинга уйланган (383) ва Ҳазрати Ҳожар вафот этганди (384).
Иброҳим алайҳиссалом ўғлининг уйини сўради, унга кўрсатишди, аммо Исмоил алайҳиссалом уйда йўқ эди (385). У Исмоил алайҳиссаломнинг хотинига салом берди ва:
– Исмоил қаерда (386), соҳибинг қаерда?” деб сўради. Умаро:
– Бу ерда эмас, овга кетган (387). Бизлар учун ризқ излашга, овга чиқди (388)”, – деди.
Исмоил алайҳиссалом Ҳарам ҳудудларидан ташқарига чиқиб ов қиларди (389). Умаро қўпол ва бадфеъл хотин эди (390). Иброҳим алайҳиссалом ундан:
– Уйингда меҳмон учун ер борми, егулик-ичгулик борми? – деб сўради.
– Бу ерда ҳеч нарса, ҳеч ким йўқ, – деди Умаро (391).
– Қандай кун кечираяпсизлар? – деб сўради Иброҳим алайҳиссалом.
– Аҳволимиз жуда ёмон. Қашшоқлик ичидамиз, – деб жавоб берди Умаро.
– Эрингга мендан салом сўйла (392). Ва унга де-ки, бу ерга бир чол келди, кўриниши шунақа-шунақа, у “сенинг уйинг эшигига рози эмасман, деди”, деб айт (393). Исмоил бу эшикни алмаштирсин, – деди Иброҳим алайҳиссалом (394).
Ва орқасига қайтди, Шомга кетди (395).
Исмоил алайҳиссалом уйига қайтганида,”Биров мени сўрадими?”, деб хотинидан сўрарди (396). Бу сафар уйига кирган заҳоти, бир нарсани сезди (398), отасининг ҳидини олди (399) ва хотинига юзланди:
– Уйга биров келдими?, – деб сўради ундан.
– Ҳа, бир чол келди, – деди Умаро ва чолнинг нималар деганини битта-битта айтиб берди (400). Шунингдек, Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳол ва шонини истиҳфофли бир шаклда тасвирлади (401).
– Сени сўради, қандай кун кечираётганимизни сўради, мен қашшоқликдан шикоят қилдим, – деди Умаро.
– Сенга бирор васият қилдими (402), сенга нима деди? (403), – деб сўради Исмоил алайҳиссалом.
– У сенга салом айтишимни ва уй эшигини алмаштиришинг кераклигини айтди(404), эрингга айт, уйнинг эшигини янгиласин, деди у чол, – деди Умаро (405).
Исмоил алайҳиссалом:
– Бу чол – менинг отам, у менга сендан айрилишимни буюрибди, (406), сен менинг уйимнинг эшигисан (407), – деди ва Умародан айрилди (408).
Сўнгра Умарони отасининг уйига жўнатди (409).

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТАКРОР УЙЛАНИШИ

Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссаломни кўришга келганда, Журҳумийларнинг гўзал арабчасини эшитиб, ўғлини ҳам бу тилда гапиришини кўриб, унга араблардан бир қизга уйланишни тавсия қилди (410).
Исмоил алайҳиссалом араблардан Мудод бин Амрнинг қизини ёқтирди ва отасидан уни истади (411). Кейин у қизга уйланди (412).
Қизнинг исми Роъла (413) ва ёки Саййида (414) бўлиб, ширинсўз, хушфеъл ва назокатли бир хоним эди (415).

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МАККАГА ТАКРОР КЕЛИШИ

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ истагани қадар Шомда қолди (416) ва ниҳоят ўғли Исмоилни кўриш учун Маккага бориб келишга Ҳазрати Сорадан изн сўради. Исмоил алайҳиссаломнинг уйида ётиб қолмаслик шарти билан изн олди. Маккага келиб, Исмоил алайҳиссаломнинг уйига борди (417). Аммо уни яна уйдан тополмади (418). Унинг иккинчи хоними қаршисига чиқди. Иброҳим алайҳиссалом унга салом берди. Хотин ҳам алик олди (419).
– Эринг қаерда, қаерга кетди? – деб сўради Иброҳим алайҳиссалом (420).
– Овга кетди (421), ризқимизни излаб кетди, – деди Роъла.
– Қалайсизлар, қандай кун кечираяпсизлар? – деб сўради Иброҳим алайҳиссалом.
– Биз мўл-кўллик ичида яшаяпмиз, алҳамдулиллоҳ (422), ўзи ҳам, иншАллоҳ, ҳозир келиб қолади, Аллоҳ сени ёрлақасин (423), тушиб чой-пой ичсанг бўлмайдими?, – деди Роъла (424).
– Уйингда мисофирга ер борми?, – деди Иброҳим алайҳиссалом.
– Ҳа, бор, – деди Роъла (425).
– Нима ейсизлар уйда?
– Гўшт.
– Нима ичасизлар?
– Сув.
– Аллоҳим, буларга гўшт ва сувларини баракатли айла, – деб дуо қилди Иброҳим алайҳиссалом (426).
Шу дуо боис сув билан гўштнинг инсон соғлиги билан уйғунлиги ҳеч бир ерда Маккадаги каби мукаммал эмас (427). Бошқа ерларда гўшт ва сув қоришими қоринни оғритади (428).
Агар ўша куни Иброҳим алайҳиссалом ўғлининг уйида нон ва буғдой ёки арпа ёки хурмо ҳақида дуо қилсайди – Макка буғдой, арпа ва хурмоси мўл бир ер бўлиб (429), тупроғи зироатга уйғун бўларди (430).
Иброҳим алайҳиссаломга
– Кел, сенинг бошингни ювайин, – деди Роъла.
Иброҳим алайҳиссалом ҳoзирдa “Мақоми Иброҳим” деб аталган тош устига оёғини қўйди ва тошда унинг оёқ изи қолди (431).
Иброҳим алайҳиссалом Роълага шундай деди:
– Эрингга салом айт (432) ва унга уйнинг эшиги тузалганини билдир (433). Уй эшигига яхши қарасин (434). Бир чол келиб, эшигини ўзгартирмаслигингни айтди, дегин (435). Унга яхши қара, деб амр қилди, дегин (436).
Исмоил алайҳиссалом уйга қайтганда отасининг ҳидини сезди (437) ва Роълага:
– Биров келдими? – деди.
– Ҳа (438), хушсуврат (439) бир чол, хушбўйли бир мўйсафид келди. Ва менга шундай-шундай деди, сенга ҳам шуларни айтди. Унинг бошини ювдим. Мана, мақом устида унинг оёқ изи бор (440), – дея Иброҳим алайҳиссаломни мадҳ этди (441).
Исмоил алайҳиссалом отасининг оёқ босгани тошни ўпди (442).
– У сенинг қаерга кетганингни сўради, мен айтдим. Қандай яшаётганимизни сўради, мен “мўл-кўллик ичидамиз”, дедим, – деди Роъла.
– Менга бирор тавсия қилдими?, – деб сўради Исмоил алайҳиссалом.
– Ҳа, – деди Роъла (445). – Бу мўйсафид “эрингга айт, уйнинг эшиги энди тузалибди (444), бу эшикка яхши қарасин”, деди ва сенга салом айтди.
– У менинг отам Иброҳим алайҳиссаломдир (445), сен эсa менинг эшигимсан, сендан айрилмаслигимни амр этибди менга, – деди Исмоил алайҳиссалом (446).

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.