24 йил бурунги сайлов тонгида
1991 йилнинг 29 декабри тонгини аниқ тиниқ эслайман. Соат эрталаб тўртда турдим. Осмон қоп қоронғи. Қақшатқич совуқ суяк суякдан ўтади. Ўрнимдан туриб пиëдалаб Урганч университетидаги сайлов участкасига бордим. (Ўша ерда кузатувчи эдим)
Танлов тонгги ëки 10 минут мушоҳада
Фавқуллода жиддий эдим. Бу тонгнинг миллат тонготари бўладими ë зулматда қолаварамизми деган савол жавоби топиладиган тонг эканини мутлақ англар эдим.
Уйимдан Университетгача бўлган масофани ўн минутда босиб ўтдим.
Ўша ўн минут ичида зиммамиздаги маъсулиятнинг нақадар катталигини ўйладим.
Танлов тонги эди. Аммо бу танлов бир мартами ëки бир умргами¸ бу савол жавобини сайлов қутиси олдига келган ватандошлар топиши лозим эди.
Соҳтакорлар билан кураш
Сайлов участкасига етиб борсам Оближрокомга оид Виллис машинада обкомкомсомолда ишлайдиган икки йигитча мендан олдин келиб олдиндан таëрланган сайлов варақаларини пачкаси билан ташлашга урингану¸ аммо бу уриниш амалга ошмаган.
Сайлов участкасида қоровуллик қилган рассом болалар бу ҳаракатга йўл беришмаган.
Обкомсомолда ишлайдиган йигитни оëқ қўлини арқон билан боғлаб ерга ëтқизиб қўйишибди.
Уни қўлида 431 дона Каримовга овоз берилган сайлов варақаси.
Мен милиция чақириб бу комсомол йигитни сайлов қонунини бузган ҳуқуқбузар ўлароқ таслим қилдим.
Ўша пайт милицияси ҳам Эрк тарафида эканини эслайман.
Комсомол болани боғланган кўйи 15 сутка ҳибсга олиб кетишди.
Каримовга овоз берилгансоҳта варақаларни қутига ташлашга уринган Урганч туманидаги мактаб директорини эса курсига тескари боғлаб қўйиб видеога олиб айбига иқрор қилдиришганиига ҳам гувоҳ бўлдим.
Чегара билмас докторлар ва соҳибжамол комутаторлар
Эрк бош штаби Горздрав биносида эди. Горздрав бошлиғи эркчи Ҳакимбой ака бинони сайлов учун бўшатиб берди. Рассом Давронбек Йўлдошев ўзининг янгигина 07 жигулисини сайловда ҳизмат қилиш учун баки тўла бензини билан ажратиб берди.
Урганчдаги маршруткачи йигитлар ҳам ўз машиналарида Эркка ҳизмат қилишди.
Ўша пайтда мобил телефон тизими йўқ эди. Урганч ГТС даги телефончи қизлар ҳам Эрк аъзоси эди.
Бу соҳибжамол ватанпарварлар бутун вилоятдаги эркчилар орасидаги алоқани таъминлашди.
Шуни сал тушунтириб берсам. Масалан мен турган Университет биноси олдида телефон автомат бор эди.
Мен бу автоматга тийин солмасдан 09 ни териб Султонпошшани сўрар эдим. (Султонпошшо ГТС бошлиғи) Султонпошшо мени хоҳлаган одам билан улар эди. Масалан Тошкент билан ҳам улаган.
Демократия учун аталган гўммалар
Овоз берилган сандиқларни қўриқлаш масаласи фавқуллода жиддий эди. Урганчдаги Худфонддниг 30 дан ортиқ ходими бунга жалб қилинди. Улар ҳатто овқат ейиш учун ҳам сандиқ ëнидан айрилишмади. Обшепит тизимида ишлайдиган Эркчилардан бири бу назоратчиларни овқатлантиришни ўз зиммасига олди.
Махсус машинада барча сайлов участкаларидаги кузатувчиларга овқат етказиб берилди. Ўша кунги меню эсимда. Гўмма¸ қайнаган тухум ва нон. Термосда қайноқ чой. Шакар. Қаҳатчилик даври учун катта нарса эди. Демократия учун эҳсон қилинган гўммалар эди бу.
Радиохулиганлар
Сайлов учун давлатдан бир тийин олмадик. Ҳар ким қўлидан келганича ëрдам берди.
Янгибозорлик Комилжон оға бир сезон шолисини сотиб пулини берди.
Хивалик ўймакор уста эса иккита эшикни сотиб пулини берди.
Бу пулларга сайлов плакатларини қўлбола усулда босиб чиқардик.
Давлат ТВ ва радиосида чиқиш лимитланган эди. Шу боис биз радиохулиганлар қўлига пул бериб ҳар куни сайлов тарғиботи янграган кассеталарниу қўйдирдик.
Овозларни санаш
Сандиқдаги овозларни санаш чоғи мен меҳнат самарасини кўрган ишчи каби севиндим.
Йил бўйи ишлаб мўл хосил олган деҳқон каби шодландим.
Шоҳ асарни яраган рассом каби ғурурга тўлдим.
Одамлар Муҳаммад Солиҳга овоз беришган эди.
Битта воқеани яҳши эслайман. Юролмайдиган қари кишлар учун махсус қути бор эди. Бу қути МСК га оид машинада сайловчини уйига олиб борилар эди.
Ҳонимжон момо деган 90 дан ошган кампирнинг уйига бордик. Хонимжон момо “Мен Соғлиқ деган киши учун овоз бераман” деди.
МСК ҳодими Соғлиқ дегани ким у деб савол берди. Кампир кўрпачани тагидан плакат чиқариб Муҳаммад Солиҳнинг расмини кўрсатди.
Овоз бериб бўлинганидан кейин МСК ҳодими кулиб “Эна сиз улли ëшуллига қарши овоз бердингизку” деди.
Кампир бўлса “майли шуниинг учун мени қамаса қамий қўйсин” деб жавоб берди.
Овозларни санар эканмиз ҳукумат вакилларини юзлари бездай оқара бошлади. Баъзиларини юраги ëмон бўлиб доктор ҳам чақирдик. Каримовнинг ютқазгани¸ ютқазганда ҳам шармандали ютқазгани аëн эди…. (давомини кейин ëзаман)
Шуҳрат Бобожон