O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Энг буюк неъмат — ақл бўлади

Энг буюк неъмат — ақл бўлади
383 views
12 February 2016 - 14:16

198287_originalАбдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(7-қисм)

Арабистон ерлари бутпарастлик зулматига ғарқ бўлиб кетган замонларда ҳазрат Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ томонидан расуллик мақомига эришгандан сўнг у арабларни ақлий далиллар билан Худои воҳид — ягона Аллоҳ ибодатига далолат этди. Уларнинг ёлғон ва хато эътиқодларини тўғри ва қатъий сўзлар билан инкор этиб, ботилга чиқарди. Улардан баъзилари дарров расолатпаноҳга ишониб, ота-боболарининг динларини тарк этдилар. Булар хулафои рошидин71 ва баъзи асҳоби киромийлар72 эдилар. Ажабо, булар нима учун бир неча минг йиллик динларини тарк этиб, ислом динига кирдилар.

Ҳазрати Расули акрамдан улар пулу мол ёки мансаб талаб қилдиларми? Асло. Ёки Пайғамбардан қўрқдиларми? Йўқ. Ёки ислом душманлари айтганларидек, ҳазрати Расул алайҳиссалом сохта Пайғамбар эди-ю, улар унинг шериклари бўлганми? Ҳеч қачон… Шундай экан, нима учун улар қадимий динларини тарк этдилар?

Жавоб: Сабаби шу эдики, ислом ҳақ дин бўлиб, уларнинг эътиқодлари ботил эди. Улар ёлғондан ҳақни ажратиб, ёлғонни тарк этдилар. Хўш, ҳақиқатни ёлғондан қандай қилиб ажратиб олдилар? Албатта, ақл воситаси билан!

Абужаҳл73 ва Абулаҳаб74га ўхшаган араблар ҳазрат Пайғамбар таклифи ва даъватларини рад этдилар, зеро ҳасад ва адоват уларнинг ақл ва тафаккур ойналарини қоплаб олган эди, улар ҳақиқат ва ёлғон фарқига бормадилар ва жаҳолатда қолдилар. Худо кўрсатмасин-у, ақл бўлмаганда ё одамларнинг ақллари ҳасад ва адоват зулматида қолиб кетганда эди, бирон-бир одам ислом динини қабул қилмаган ва бугун ер юзида милйўн-милйўн мусулмон ҳам бўлмаган бўларди. Шундай экан, охират саодатининг раҳбари ҳам ақл экан. Дунё ва охират саодатига бизни бошловчи нарса, албатта, Аллоҳнинг энг буюк неъмати — ақл бўлади. Модомики, одамлар ва махлуқлар ўртасидаги фарқ шу саодати дорайнга етишишда экан ва икки олам саодатига ақл бошлар экан, айтиш мумкинки, агарда ақл бўлмаганда одам бундай саодатга муяссар бўлмасди ва ночор махлуқ даражасига тушарди. Дини мубини ислом фақат ақлга буюк мартабани берган. Агарда Қуръони каримни мутолаа этсангиз, ҳар саҳфасида ақлга, идрок ва тафаккур қилишга амр этилганлиги, мушрикларни эса ақлсизлик ва фикр юритмасликлари учун мазаммат қилинганлигини кўрамиз. Жумладан, «Аллоҳ ўз оятларини одамларга баён қилади, токи улар тафаккур этсинлар»75.

«Аллоҳ ўзининг ҳукмлари ва далилларини баён қилди, токи сизлар тафаккур ва тааққул (идрок) билан фарқ қилинг»76.

«Аллоҳ осмондан ёмғир юбориб, қуруб ётган ерларни кўкаламзор қилди. Шунинг ўзи оқиллар учун Аллоҳнинг борлигига етарли далилдир», – дейдилар77. Бу оятдаги «фурқон» сўзига баъзи муфассирлар «Қуръон» деб шарҳ берганлар, лекин бу тафсир тўғри эмас, зеро оятнинг боши «Назала алайка ал-китоб»дан мурод Қуръондир»78 деган маънини ифодалайди. Агарда «фурқон» сўзининг маъноси ҳам «Қуръон» бўлганда такрор келарди, бундай такрорлар Қуръони каримнинг балоғатидан далолат бермайди. «Фурқон» сўзининг маъноси «фарқ этувчи»дир. Масалан, «Вама анзална ала абадна явм ал-фурқона»79 деган оятдан мурод ёмон озуқадир. Бу оятда «фурқон»дан мурод ақлдир, ақл ҳақни ботилдан ажратади. Бу ҳолатда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Эй Муҳаммад! Аллоҳ Қуръони каримни сенга нозил қилди, ундан олдин Таврот ва Инжилни нозил этган эди. Буларнинг ҳаммасини одамларга ҳидоят учун юборди, одамларга ақл берди, ақл орқали ҳақ бўлган китобларни юборди, токи шу китобларга қараб ёлғон ақидаларнинг фарқига борсинлар. Шу китоблар ҳидоятига ва ўз ақлларининг далолатига илтифот этмайдиганлар эса қаттиқ азобга гирифтор бўладилар».

«Худо унга ақл ато этган киши нажот топади» («Жомеъ ус-сағир»дан). «Ҳар бир ишнинг фатвосини ақлингдан сўра, гарчи муфтийлар фатво берсалар ҳам (яъни муфтийлар фатволарини билиб-билмай ижро этмагин)». «Савоб иш — бу ақл рози бўлган ва виждон ундан сокин бўлган ишдир. Гуноҳ эса бу ақл ундан рози бўлмаган ва виждон ундан азоб тортганидир. Агар муфтийлар сенга фатво берсалар ҳам», — дейилган «Ал-жомеъ ус-сағир»да.

(давоми бор)

71.Хулафои рошидин — ҳақ йўлидаги халифалар: Абубакир, Умар, Усмон ва Али.
72.Асҳоби киромийлар — Пайғамбарнинг иззат-икромга эга бўлган суҳбатдошлари.
73.Абужаҳл — исломни қабул қилишдан бош тортган қабила бош- лиғи.
74.Абулаҳаб — Қуръони каримда номи зикр қилинган кофирлар- дан бири.
75.Қуръони карим, Бақара сураси, 266-оят (тарж.).
76.Қуръони карим, Бақара сураси, 269-оят (тарж.).
77.Қуръони карим, Рум сураси, 24-оят (тарж.).
78.«Назала алайка ал-китоб»дан мурод Қуръондир» — «Сенга ки- тоб нозил қилинди» сўзларидан мурод Қуръондир».
79.«Вама анзална ала абадно явм ал-фурқона» — «Бу (китоб)ни ибодат қилиш учун, фарқлаш кунини билдириш учун юбордик».