37- ЙИЛ
Шеркон Қодирийга
-1-
Фалакка термулиб қилсам тавалло,
Қабоқ очармиди Чўлпонсиз само?
Мен минг йил қарғасам сталинларни
Тирилиб келарму Қодирий бобо…
– 2-
…Мен яҳудийман деди Ғофур Ғулом ҳам,
Бахт куйчиси Русни ватаним деди.
Калла сўрар эди мўйловдор ҳакам –
Оғир замон эди, кўп оғир эди…
Томирда қон эмас қўрқув оқарди
Қаҳҳорнинг кўзида мангу ёш қотди.
Кимдир омон қолди йўлини қилиб,
Кимдир энг яқин дўстини сотди.
Халқин сотмаганлар бўлдилар шаҳид,
Уларнинг руҳлари Ҳақники бўлди.
Сотқинларнинг иши юришиб роса-
Нишондор, унвондор «халқники» бўлди.
Бу қонли тарихдан сўз очмоқ абас
Мухтасар хулоса шул бўлди хуллас:
ОТИЛГАНЛАР СОТИЛМАДИ,
СОТИЛГАНЛАР ОТИЛМАДИ.
-3-
Кеча Қодирийни тушимда кўрдим,
сувоқлар тўкилиб тушиб келди у
ғиштин иморатнинг деворларидан
уйнинг қовурғаси ғирчиллаб кетди
шеркелбат адибнинг залворларидан:
– Нега Исталинни қарғайсан болам
неки дардинг бўлса Ўзига айтгил!
Исталин бир сабаб, бул тавқу лаънат
қўрқувнинг бахиллик кошонасидан
Исталин не қилсин, асли бул қисмат
ин қурса халқингнинг пешонасидан…
То қулсан, мутеъсан ёзиғинг шулдир
яшайсан ивирсиб соядай ғариб
кўникиб зулмга, ўлимга
кўникиб тақдирга, таҳқирга..,
вабо бўлса эди мабодо қўрқув
ҳуввуллаб қоларди юртинг боғлари…
Сўнг, бир сўз демади
ўлтирди узоқ
ҳаждан яёв қайтган ҳожидай ҳорғин.
-4-
Тарих дўнгалаги қайта айланиб
яна қайтарилса ул қаттол замон
тирилса Сталин, Берия…
Бошланса қатли-ом, қатағон –
ОТИЛГАНЛАР СОТИЛМАСДИ,
СОТИЛГАНЛАР ОТИЛМАСДИ.
тағин ўша чинорларни кесишар эди,
Беҳбудий, Фитратларни осишар эди,
яна Чўлпонларни сотишар эди
яна Қодирийни отишар эди…
-5-
Мана Қодирийнинг сўнгги сурати
ғариб тасвирга –
қайноқ кўзёшларим беради сайқал,
Қодирий дунёдан бизни деб кетиб
бизнинг фожеага қўйилган ҳайкал.
Бул кун мана ҳурмиз, озодмиз, секин
Истиқлол ёритгай зулмат тунларни,
Бошинг кўкка етсин унутма дўстим –
Қодирийсиз ўтган кунларни.
1990 йил.
Хамроқул Асқар