O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

50 ëшга кирдим

50 ëшга кирдим
279 views
24 July 2013 - 13:36

522343_100432556788254_1135297453_nХозиргина Хоразмдаги отам ва онам билан гаплашдим.

Болам яҳши юрибсанми туғилган кунинг муборак дейишди.

Бундан 50 йил олдин Урганчда туғилганимда отам Ражаббой Бобожон билан онам Шукуржон телевидениеда ишлашган.

Ўша куни телевидениечилар бобом Бобо Матчоннинг боғида тонготар зиëфат қуришган.

Узуму анор¸шафтоили ва ружжалар ғарқ пишган бир мавсум

Бобо Матчонни бир оз бўлса ҳам эслайман. Боғ ўртасида баланд супада челакда гулқайчи ва арраларни қўярди. Менинг севимли ишим эса ўша челакни ағдариш бўлган.

Бошига гилам дўппи кийган оқ соқолли Бобо Матчон бу ишимдан сира жаҳли чиқмасди.

Иккала бувим мени кўп эркалагани эсимда.

Марямжон бувим 1988 йилда¸ Равшанжон бувим эса 1997 йилда оламдан ўтди.

Иккаласини ҳам ўлганида иягини рўмол билан боғлаб видолашганман.

Аммамни эслай олмайман. Мен бир ëшимда ўлиб кетган. 21 ëшида ўлган Шодмон аммамдан менга юзлаб китоблар мерос бўлди. Мен ва укам Қудрат бу китобларни бирин кетин ўқиб ташлаганмиз.

Учинчи синф пайтимда ўқитувчим Норжон опа мен ўқиëтган китобни кўриб қизариб кетган.

Мопассаннинг “Азизим” романи эди бу. Норжон опа бўлса кишига чиқмаган ëш муаллима эди.

Ëшлигимда телевидениенинг узун коридорларида ўйнар эдим. Алберт ака деган оператор мени ва укам Қудратни ўйнатарди. Билишимча Алберт ака оламдан ўтибди. Оллоҳ раҳмат қилсин уни.

Алберт ака учта темир оëқли улкан камерани пешонаси билан итариб жонли программаларни эфирга узатар эди.

Ўша пайтда видеомагнитофон бўлмагани боис спектакллар ҳам жонли ижро қилинган.

Телевидениеда мен яҳши кўрган яна бир жой бу рассом Кузнецовнинг устахонаси бўлганини яҳши хотирлайман.

Карикатураларни тез-тез чизиб ташларди. Рассомликнинг илк сабоқларини у кишидан ўрганганман.

Машинкачи бўлиб ишлайдиган онам менга бир даста оқ қоғоз берган¸ бувим Марям она эса бу қоғозларни четини тикув машинасида тикиб берган. Қарабсанки расм дафтар тайëр.

Стартер билан ëқиладиган юк машиналари ва танклар расмини чизганман.

Ҳалигача танк расмини чизишни севаман. Танкни рассом Ленардо ўйлаб топгани учунми¸ билмадим.

Орқа қўшнимиз Санъат Девонов кино артисти эди. Бир куни Санъат ака қўғирчоқ театри ҳақида ўзи рол ижро этган оқ қора кинони уйида намойиш қилиб берди.

Қўғирчоқбоз ва золим подшоҳ ҳақидаги притча филм эди бу. Мен бу филмдан таъсирланиб қўғирчоқ театри ташкил қилдим.

Кўчани нариги бетида шаҳар тугаб ëбон бошланадиган қисмида¸Пешша буванинг ташландиқ паҳса уйи ховилисидаги гужум тагида болаларни йиғиб томоша кўрсатардим.

“Гўшт-гўшт “деб аталган спектакл мазмуни ҳали ҳам эсимда.

Ўрмондаги шер “энди ов қилмайман қаридим. Ҳар куни бир ҳайвон ўзи олдимга келсин.

Мен уларни ўтирган еримда еб қўяман”¸ дейди.

Бундан норози бўлган ўрмон аҳли ҳийла ишлатиб ундан қутулишади. Унга қудуқ ичида яна бир шер бор дейишади.

Қудуқ ичидаги ўз аксини кўрган шер ўзини қудуққа отиб ҳалок бўлади.

Айнан мана шу финал пайтида парда ортида ўтирган синфдошим Марим пешша¸ сув тўлдирган қумғон жўмрагини қаттиқ пуфлар эди.

Ҳудди кимдир сувга чўккан каби биқирлаган овоз чиқарди. Хозирги замон тилида спецеффект деган бу амалимдан боллалар завқланарди.

Ҳатто Зотти деган бола ¸шер ростан ҳам чўкди деб йиғлаб юборгани эсимда.

Қўғирчоқларни ўзим ясардим. Уларни кўзлари ликкиллатадиган¸оғзиларини очиб ëпадиган мураккаб меҳанизмларни ўйлаб топардим.

Масалан тулкини оғзига пружина ўрнатганимдан кейин унинг оғзи жуда эффектний очилган ва бундан мамнун бўлганман.

Кейин Смена ¸ Фед ва Киев фотоаппаратларида сурат олишга киришдим. Қўшнимиз Боққида яланғоч қизлар нинг расми борди.

Мен уни Киев деган фотопааратда кўчиришга уринганман. Аммо обектив кичкиналик қилган.

Ана шундан кейин обективга резина қувур улаб узайтирганман. Ҳинд киноси юлдузлари расмларини фотокопия қилардим.

Расмга ранг бериб цветной қилишни ҳам ўргандим.

Бир парча шишага қора туш билан “Урганчнинг гўзал онлари” деб ëзардим. Расм чиқарганда шу шишани қоғоз уситга қўйсам расм четида оқ ëзув чиқар эди.

Тўғрисини айтсам бу ишларни барини ошиғич завқ билан қилганман.

Мактабдаги расм тўгарагида фаол эдим. Шу боис мактаб боғидаги Ленин ҳайкални бўяш менга топширилган эди.

Мен Леннинни елкасидаги туйнукни очиб калла ва гавдани ушлаб турган мурватларни бўшатиб Ленинни бўлакларга бўлиб бир бир бронза рангига бўяб чиқдим. Фақат қайта монтаж қилганимда қўллари адашиб кетгани муаммо бўлгани эсимда.

Кейин пионерлар саройида Муҳаммаджон ака деган Маридан келган рассом менга илк бора профессионал расм сирларини ўргатди.

Шу-шу рассом бўлишга қарор қилдим. Бенков билим юртининг рангтасвир бўлимига 1978 йили кира олмадим. Қаламтасвирдан 3 баҳо¸рангтасвир ва композициядан 2 олиб қайтиб келиб ўрта мактабда яна икки йил ўқидим.

Хоразмга “халтура” қилишга келган рассомлар Исфандиëр Ҳайдаров¸ Омон Азиз¸ Ориф Муинов ва Йўлдош Қосимовлар билан танишдим.

Соқоллари ўсиб кетган дарвишсифат Омон Азиз менда жуда яҳши таасурот қолдирди. “Парвонани ишқ қилмаса маст урарми ўзиуни ўтға пайваст “деб ғазал айтадиган Омон ака¸ ўзининг генийлигидан уяладиган Исфандиëр акалар менга устозлик қилди.
Камсуқумгина Ориф ака (Оллоҳ раҳмат қилсин) менга ранг ва соë билан ишлаш техникасини ўргатди.

Кейин институтга кириб Чингиз Аҳмаров билан учрашдим. Менимча 1937 йилда отилмай қолган жадид эди бу киши.

Малик Набиев дан дарс олдим. Диплом ишимга раҳбарлик қилган рассом Янис Салпинкидидан чўҳ миннатдорман. Сони семиз¸ каптаркўкрак қизлар расмини боплаб чизадиган уста рассом. Кеча гаплашсам Исроилда экан. Салом алик қилдик

Институтни битириб Урганчдаги ўрта мактабда болаларга расмдан дарс бердим

Урганч суратлар галереясида Ўзбекистонда илк бор замонавий коллекция яратишга уриндим. Совет ҳукумати менга ишониб бу иш учун йилига 70 минг совет рубли ажратди.

Бугун санъат олимпида балқиган рассом Слава Охунов¸ Ҳакимжон Турдиев Масхуд Тўхтаев каби рассомларнинг илк ишларини Урганч галереяси учун сотиб олдик.

Галереяда менда главний хранител деган мақом бор жди. Бу мақом билан Москва ва Ленинграддаги музей раҳбарлаи билан ошна бўлдим.

50 сўмга учоқ билети олиб Москвага учардим ва тўғри Пушкин музейига бориб Боннар асарларини томоша қилардим.

Москвага ўшанда бўлакча меҳр қўйганман. “Экипаж “киносини олган киночи Митта¸Райҳон исмли ўзбек бастакори¸ рассом Давронбек¸ шоир Темур Зулфиқоров ва рассом Шавкат Абдусломов билан Москвада танишдим.

Шавкат акани ўзимга устоз деб ҳисоблайман. Шавкат ака менга рассом шунчаки бўëқчимас балки у фаол зиëли деган нарсани ўргатди.

Шавкат акадан олган ўгитни тушунганимда 1988 йил эди.

Кўз олдимда Берлин девори йиқилди.

Сиëсат пўртанаси мени¸ 25 яшар рассомни чирпирак қилиб учирди. Бу шамол эпкинида сиëсат била шуғулландим. Телеканал очиб журналистлик қилдим. Ота касб радиожурналистика билан шуғулландим…

Мана 25 йилдирки ҳамон ўша шамоллар ичида бир ҳасдек учиб юрибман.

Дарвоқе бугун фейсбукдаги қадрдонлардан табриклар олдим. Улардан Оллоҳ рози бўлсин.

facebook.com