Нурато тоғлари бағрида мўжаз ва қадимий Ғозғон шаҳри жойлашган. Қадимий қалъа қўрғонлари, маҳобатли мармар масжиди, азиз авлиёлар қадамжолари, зилол ва бетакрор чашмалари, айниқса, мармар ва гранит конлари билан дунёга машҳурдир. Воҳанинг ўзига хос тили, гўзал афсона ва ривоятлари, ҳунармандчилик, деҳқончилик ва чорвачилик анъаналари бор. Буюк ипак йўлида муҳим нуқта бўлган Ғозғондан чиққан карвонлар жаҳоннинг турли минтақаларига йўл оларди. Минг йиллик тарихи давомида кўп бор ободлик ва вайронагарчиликларни кўрди. Ҳар гал унинг заҳматкаш халқи қийинчиликларни ўз елкасига олиб элни ёруғликка чиқараверди. Бу юртнинг асл хазинаси унинг иймони бут, илм ва санъатга ошуфта инсонлари эди. Дарҳақиқат, Ғозғон элининг мана шундай ифтихорларидан бири мулло Абдураҳим Муҳандисдир.
Мулла Абдураҳим 1877 йил 19 декабрида Бухоро амирлигида шайх мақомида қадр топган эшон Турдимурод ҳожи Умар ўғли хонадонида дунёга келган. Онаси Очилой мулло Охун қизи ҳам илмли аёл бўлиб, таниқли сангтарош усталар сулоласи вакили эди. Абдураҳим аввали илмни ўз отасидан ўзлаштирди, тоғалари машҳур сангтарош уста Мўмин ва имом мулло Олим Ғозғонийларга шогирд тушиб тошга ишлов бериш санъатини мукаммал ўрганишга киришади. Шундан сўнг акаси Абдурасул изидан Бухорои Шарифга йўл олиб, таҳсилни Мир Араб мадрасасида давом эттиради. Мадраса даврида диний илмлар билан бир пайтда ҳандаса илмини чуқур ўрганиб, моҳир муҳандис сифатида шаклланди. Садриддин Айний билан дўстлашиб тараққийпарварлик ғоялари билан танишади. Домла Ҳалим Ибодий билан дўстлашиб мақом санъатини мукаммал эгаллайди. Хуш овози сабаб қисқа вақтда ҳофиз сифатида ҳам ном қозонади. Мир Арабни муваффақиятли битирган акаси Абдурасул Ғозғонга қайтиб, Ҳазрати Али разиАллоҳу анҳунинг рамзий мақбаралари жойлашган “Шоҳимардон” масжидида имомлик қилади, масжид қошидаги мактабда қишлоқ болаларига таълим беради. Айни пайтда нақшбандийлик тариқати вакили сифатида ўз хўжалигини юритиш учун тоштарошлик билан шуғулланади.
Мулло Абдураҳим эса мадрасани тугатиши билан Амир Абдулаҳадхоннинг таниқли муҳандислари қаторидан жой олади. У 1900-1905 йиллар Россияда бўлиб, Санкт Петербургдаги Абдулаҳадхон масжиди, Қримдаги амирнинг Дилкушо саройи ҳамда Железноводскдаги саройларининг қурилишида иштирок этади. Ватанга қайтгач, Бухорода Ситораи Моҳи Хосса, Чилустун масжидлари қурилишида усто Ширин Муродовлар билан бирга меҳнат қилади.
1910 йилда Абдулаҳадхон вафот этиб, тахтга ўғли Амир Олимхон ўтиради. Амир Олимхон отасини Қосим шайх азизон масжид мақбарасига тупроққа қўяди. Даҳма қурилишига усто Абдураҳим раҳбарлик қилади, Ғозғон мармаридан тайёрланган даҳма ҳамда қабртошга битилган марсиялар унинг томонидан ишланади. Амир Олимхон даври қурилишларда бош бўлган Абдураҳим Турдиев қўли остида Ғозғон ва Нуратодан йиғилган 70 га яқин сангтарошлар меҳнат қиларди. Зарафшон дарёси бўйида қурилган мирзо Чорбоғ сарой лойиҳаси ҳам, бунёдкори ҳам мулло Абдураҳим Турдиев эди. Моҳир сангтарошнинг хизмати муносиб тақдирланган. Унга шахсан Амир Олимхон томонидан қоровулбеги лавозими, “Муҳандис” мақоми ва ҳозирги Навбаҳор тумани маркази Бешрабоддан 50 гектар узумзор берилганди. Мулло Абдураҳимнинг бинокорлик ва тоштарошлик санъати ҳамон инсонларни ҳайратга солиб келмоқда. Жумладан, Нурато шаҳридаги бугунги кунда ҳам фаолиятда бўлган мармар ҳаммом, 1910 йил Деҳибаланд қишлоғига бунёд этилган масжид, маҳаллий ва хорижий музейлардан ўрин олган кўплаб мармар товоқлар, пиёлалар, қошиқлар, ҳовонча ва бошқа санъат намуналарини келтириш мумкин. Айниқса, 1906 – 1915 йиллар тўлиқ мармардан қурилган “Шоҳимардон” мақбара мажмуаси Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Тош масжид. Абдураҳим муҳандис лойиҳаси асосида шу ердаги мармар тоғни кесиб қурилган ва қибла тарафи қисман тоғга уланган. Ўзини ўзи ёритиши, акс садо берувчи деворлар, кичик кўзга ташланмас панжаралар орқали кирувчи тоза ҳаво кабутархоналар орқали ташқарига чиқиб, масжиднинг доимий мусаффолигини таъминлаб турган. Устунлари, мармар дилалари, умуман тошга битилган оят ва ҳикмати сўзлар тош хаттотлиги санъатининг бетакрор намунасидир. Тўрт устунли, тўққиз гумбазли морокко услубида қурилган масжид мўъжиза сифатида қаралади.
1920 йил сентябрь. Инқилобий тўлқинлар даврида жаҳон тамаддунидан ортда қолаётган амирликка тараққиётни келтиришдан бошқа нияти бўлмаган “Ёш бухороликлар” большевиклар фитнасига алданади. Гўёки, ёрдамга чақирилган “Қизил армия” амирликни ағдариш баҳонасида асрлар давомида сақланган Бухорои Шариф асори атиқаларини ердан ва кўкдан тўпга тутиб тарихдан супириб ташлашга киришади. Мислсиз қон тўкиб, халқнинг бир қисмини Ватанни ташлаб, хорижга қочиб кетишига сабаб бўлади. 1920-23 йиллар давомида мулло Абдураҳим Муҳандис ҳам Файзулла Хўжаев ҳукуматида тиклаш ва ривожлантириш ишларида жавлон урди. Афсуски, шўро тузуми Бухоро ҳукумати учун ҳеч қандай имкон қолдирмади. Аксинча, унинг зулм ва талончилик сиёсати халқнинг бошига чексиз кулфатлар келтирди. Миллий зулмга қарши халқнинг мард ўғлонлари қўлларига қурол тутиб, шўро тузумига қарши миллат ва дин учун ҳаёт мамот жангига киришдилар. 1923 йил шундай бир шароитда мулло Абдураҳим она қишлоғига қайтади. Бу даврда Ғозғон ҳам гоҳ “босмачилар”, гоҳ қизил аскарлар қўлига ўтиб турарди. Кунлардан бирида Ғозғонга Абдуқаҳҳор қўрбоши йигитларидан бирининг зотдор оти келиб қолади. Бу отни Баҳриддин деган киши тутиб олади. Бундан хабар топган мулло Абдураҳим унга “бу бировнинг мулки, қўйиб юбор” дейди. Баҳриддин “мулло, қўяверинг энди шўролар замони келди, босмачилар қочиб кетди” дейди. Шунда мулло Абдураҳим “агар от босмачиларга тегишли бўлса, янаям эҳтиёт бўл, бу хиёнатдир. Ўзингга ҳам қишлоққа ҳам балони чақирма” дейди. Баҳриддин “майли, мулло қўйиб юбораман” дейди – ю, отни яшириб қўяди. Шу кунлари мулло Абдураҳимнинг бир оқсоқ оти пичоққа келади ва уни сўйиб халққа тарқатади. Орадан вақт ўтиб қўрбоши йигитлари отини излаб Ғозғонга келишади. Улар Сарбозорда чойхоначи бўлган Баҳриддиндан от ҳақида сўрашади. У эса хабари бўлмаганини, бироқ яқинда мулло Абдураҳим бир от сўйиб сотди, деб туҳмат қилади. Унга лаққа ишонган ва мулло одамнинг бундай хиёнатидан дарғазаб бўлган йигитлар кечга яқин унинг уйини босади. Мулло Абдураҳим бегона кишиларнинг яқинлашаётганини кўриши билан катта қизи Ҳамидани девордан қўшни ҳовлига улоқтиради. Эшикни тамбалаб, аёли ва бошқа фарзандларини ариқ гулбаси орқали қўшнисиникига чиқариб юборади. Бешикдаги қизининг устини ёпади-ю, эшикни очади. Улар эшикдан кириши билан ҳеч нарсага қулоқ тутмай уриб кетади.
Шу тишларинг билан отни едингми деб милтиқ қўндоғи билан муллонинг тишларини уриб тўкиб ташлайди. Сўнг дарахтга бойлаб, ўзлари уйни тинтишга киришадилар. Мулло Абдураҳим жони омон қолганига шукр қилиб, арқонни ечиб қўшни уйга сакраб қочади.
Босмачилар чиқса мулло жойида йўқ. Шу пайт шошилинчда қолиб кетган катта ўғли 8 ёшли Аҳмаджон чиқиб қолади. Йигитлардан бири Аҳмаджонни ушлаб пешонасига милтиқ тирайди ва мулло қизилларни чақиришга кетди. Мана ўғлини отаман бир умр ўғли доғида адо бўлсин деб қичқиради. Шу пайт воқеаларни жимгина ўз хонасида кузатиб ўтирган 80 ёшли ҳожи Турдимурод шайх хоналаридан чиқади ва келиб милтиққа кўксини қўядилар. Уларга қараб ўғлимни калтакладиларинг майли айби бордир-ки ургандирсиз дедим. Уйни таладингизлар бош омон бўлса мол топилар. Лекин, бу гўдак отманг. Уни мен тарбиялаганман, мен отасиман. Мени отинглар, шу дард ўғлимга етади, дейди. Йигитлар тўхтаб, ҳожи бобо ўғлингиз отимизни ўғирлади, майли сизнинг ҳурматингиз биз ҳеч кимга тегинмаймиз. Мана бу олган молларимизга рози бўлиб дуо беринг, дейдилар. Ҳожи бобо дуо беради ва улар кетишади.
Эртаси куни халқ бу воқеадан лол қолади. Мулло Абдураҳимнинг олдига келган қишлоқ бойларидан мулло Жумабой ҳолатни эшитиб, собиқ мадрасадош дўсти мулло Абдуқаҳҳорнинг олдига йўл олади. У мулло Абдураҳимга нисбатан туҳмат бўлганини айтиб, уни хоин эмас, бир умр ҳалол меҳнат қилиб, фақирларга ёрдам қилган саҳий инсон эканини айтади. Шундан сўнг қўрбоши Баҳриддин чойхоначини сўроқ қилади ва отни унинг ертўласидан топишади. Баҳриддин қўрбошининг буйруғи билан Сарбозорда қатл қилинади ва мулло Абдураҳимга барча нарсаларини беришади. Бироқ, ҳожи Турдимурод шайх мен бу нарсаларга дуо берганман. Ҳаммаси ўғлимнинг бошдан садақа деб қайтариб олмайди.
Шўро томонидан барча қийинчиликларнинг боиси деб таърифланган босмачилик ҳаракати йўқ қилинди Бироқ, халқнинг маиший аҳволи кундан кунга ёмонлашаверди. Халқнинг осойишта ҳаётига путур етди, очарчилик авж олди. Қулоқ қилиш, бойларнинг мулкларини тортиб олиш бошланди. 1932 йил ер ислоҳоти баҳонасида мулло Абдураҳимнинг 30 гектар ери, 150 қўй, 2 туя, 1 от, сигирлари колхоз фойдасига мусодара этилди. Унинг ўзини ҳақсизлар сафига қўшиб қўйишди. Хатто, ўз ҳунари билан ҳам шуғулланишига қаршилик қилинди. Бир замонлар Бухоро амири бош меъмори бўлган мулло Абдураҳим Муҳандис шўролар даврига келиб, ҳунармандлар ширкати аъзоси сифатида қишлоғидан анча олис Нурато шаҳрида, Чашма ёнидаги тош ҳаммом олдида абгор устахонасида тонгни тунга улаб тош қиртишлар эди. Шу ҳолида ҳам ибодатини ташламади, вақт топиб бозор айланар экан муҳтожларга ёрдамини асло аямади. Қишлоқдошларининг эслашларича, бир куни Нурато бозорида бир ғозғонлик йигитнинг уйидаги гиламчасини сотаётганини кўриб қолади. Унинг ёнига бориб, нега шолчангни сотаяпсан дейди. У киши болалари учун уйида нон йўқлиги ва ночор аҳволда қолганини айтади. Мулло Абдураҳим гиламчани сотиб олиб эгасига қайтаради ва яна қўлига пул бериб, мана бунга сигир ол, соғиб сутини болаларингга ичир, ўзингни хор қилиб бу ерларга ҳеч қачон қайтиб келма дейди.
1936 йил Тошкентда Файзулла Хўжаевнинг укаси Ибодулла Хўжаев ўз жонига қасд қилади. Мулло Абдураҳим воқеадан хабар топиб, унинг учун қабр тоши ясаб Тошкентга элтади. Бунинг эвазига Ф.Хўжаев патифон ва милтиқ совға қилади. Мулло Абдураҳим Ғозғонга бориши билан уларга бир кун ҳам эгалик қилмади. Мен мулло одам бўлсам, бу нарсалар нима керак деб уларни колхозга топшириб юборади. Тошкентдан қайтиши билан қаттиқ хавотирга тушиб, катта қизи Ҳамидани турмушга беради. Ўғли Аҳмаджонни уйлантирди. Иккинчи қизи Ҳакимани ҳам ёшлигига қарамай Бухорога қариндошлари Мир Араб мударриси мулло Абдурауф Ҳаким ўғлига никоҳлаб бериб юборади.
1937 йил. “Катта қирғин”. Ўзбекнинг сара фарзандлари қонини дарёдек оқизган НКВД жаллодларининг совуқ қадами кўҳна Ғозғон тупроғига кириб келди. Бундай пайтда ичи кин ва адоват билан тўлган жирканч кимсалар даври келиши сир эмас. Уларнинг Ғозғонда Файзулло Хўжаевни танийдиган одам борми деган саволига Сайфулла деган малъун уста тоштарош Абдураҳим Турдиев ҳақида сўзлаб беради. Ана шу материаллар асосида 1937 йил 14 ноябрь куни 60 ёшли нуроний инсон уста Абдураҳим Турдиевни 1920-23 йиллар жадидлар сафида бўлган, “Шоҳимардон” масжиди шайхи деб, қамоққа олишга қарор қилишади. Шу куннинг ўзида Нурато шаҳридаги устахонасидан қамоққа олиб Каттақўрғон турмасига йўлланади. Бундан хабар топган турмуш ўртоғи Пўлотой ая гўдаклари Раҳматуллоҳ, Ҳалима, Амина ва Моҳималар билан дод деганича қолиб кетади. 1937 йил 22 ноябрь куни ўтказилган ягона сўроқ вақтида мулло Абдураҳим ўзига қўйилган айбловларнинг бирортасини тан олмади. Шунга қарамай 23 ноябрь куни терговчи Гульев қандайдир кимсаларнинг кўрсатмаси асосида колхозларда очарчилик деган, Ф.Хўжаевнинг қамоққа олинганидан ташвиш билдирган, Германия билан уруш муқаррар деган каби айбловларни қўллайди. 1937 йил 28 декабрь машъум “учлик” Абдураҳим Турдиевни 10 йил меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этади.
Кўп ўтмай унинг уйига ҳам НКВД ходимлари кириб келади. Улар орасида асли ғозғонлик Бақо шўро номли малъун ҳам бор эди. Уйдан ҳеч нарса топиша олмагач, тандирхонага киришади. Бу ернинг дуд бўронида қора кунга деб олиб қўйилган бир қоп қўй жуни кўрган Бақо ходимларга имлаб тепани кўрсатаверади. Шунда Пўлотой ая “эй, Бақо мана шу жиянчаларинг учун нон олай деб олиб қўйган эдим. Сенларда ҳам виждон борми ўзи дейди”.
Пўлотой ая одамлардан мулло Абдураҳимнинг Хатирчи тумани, “Зарафшон” колхози 1-бригадасига келтирилгани ҳақида хабар топади. У ўғли Аҳмаджон ва унинг амакиси Муҳаммад Абдурасул ўғлини олиб, эшакда “Зарафшон” колхозига йўл олади. Улар эрта тонгда манзилга етиб бориб, ҳеч ким кўрмасин деб пахтазорга яширинади ва ариқда ётиб вазиятни кутадилар. Тонг ёришганида маҳбуслар қуролланган ҳарбийлар назорати остида ишга кета бошлайди. Улар орасида мулло Абдураҳим кўриниши билан Пўлотой ая, Аҳмаджон ва Муҳаммаджонлар унинг олдига югуриб боришади. Пўлотой ая қўлидаги тугунни топшириб, ҳаммаси йиғлашиб кўришадилар. Мулло Абдураҳим болаларнинг юпун уст-боши ва яланг оёқлари қараб эзилар экан, Муҳаммаджонни қийнаб қўйибсизку, бўлди энди бошқа келманглар, мени яқинда олиб кетишади. Сизларни Худонинг паноҳига топширдим дейдилар. Мана шу уларнинг охирги кўришишлари бўлди. Бошқа на хат, на бир ишончли хабар келди…
Мулло Абдураҳим қамоққа олинганида акалари Абдурасул сўфи юмуш билан Шофирконга кетган эди. Уйга келиши билан бўлган воқеъликлардан хабар топади ва кичик қизлари Салима билан қадимий китобларини тандирхона дудбўронига яширади. Бироқ, унинг изини пойлаб юрган қўшниси Абдулла шўравий деган малъун, бу хабарни НКВДга етказади. Улар етиб келиб китобларни топади ва уни ҳам қамоққа тиқишади. Мулло Абдурасул Тошкентга Зангиотага қамоқхонасида бўлиб, ҳеч бир айби бўлмаган ҳолда 5 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади. Минг хил азоб уқубатлар ортидан фақат 1944 йилга келибгина қишлоққа тирик қайтиб келишга муваффақ бўлади. Шу тариқа Ғозғон элининг таниқли инсонлари мулло Абдураҳим ва мулло Абдурасуллар шўро қатоғон сиёсати қурбонига айландилар. Бири бутунлай маҳв этилди, иккинчиси таҳқир ва тазйиқлар остида мажруҳ ҳолатга келтирилди.
Кимсан мулло Абдураҳим Муҳандис фарзандлари шўролар ҳукумати томонидан илонбачалар деган тамғага учради. Бир вақтлар уларга тегишли данғиллама ҳовлига шўро ва колхоз раислари келиб жойлашдилар Катта меҳмонхонасига эса мактаб очишди. Шайх Турдимурод ҳожининг ҳовли боғларига колхоз клуби ва истироҳатгоҳи қурилди. Уйнинг ҳақиқий эгалари бўлса ҳовли четидаги бир вақтлар омборхона бўлган вайрона кулбаларга жойлашадилар. Аҳмаджон ва Раҳматуллоҳ колхозга кириб туну кун ишлаб деҳқончилик орқасидан оилаларини тебрата бошлайдилар.
1941 йил собиқ Иттифоқ жаҳон урушига тортилгач, Аҳмаджон “халқ душмани”нинг ўғли деган тамғани йўқотиш мақсадида фронтга кетиш учун ариза берди. Рад этилгач, орият учун Бухоро вилоятидан рўйхатдан ўтади ва урушга кетади. Орадан олти ой ўтиб оёқларидан оғир яраланиб, ногирон бўлиб уйга қайтади. Уруш майдонидан тирик қайтди, бироқ шўролар жамиятида қадр топмади. Уни ҳеч ким ишга олмади. Ўн беш ёшли Раҳматуллоҳ деҳқончилик қилиб оилага бош бўлди. Пўлотой ая Ҳалима қизини мулло Абдураҳимни дўстининг ўғлига турмушга беради. Бироқ, фарзанд кўргач, кўп ўтмай Ҳалима касаллик туфайли фарзанди билан бирга вафот этади.
Ғозғонда Пашшот деган қадимий шаҳар қолдиқлари бўлиб, тоғ тагида жойлашган бу ер деҳқончилик учун қулай ва булоқларга эга эди. Аҳмаджон оиласи, укалари, сингиллари ва оналари билан шу ерда деҳқончилик қилиб оғир шароитда кун кечиришарди. Амина Пошшотда ишлаётган пайтида тинкаси қуриб ҳушидан кетади. Қишлоқдан 10 км бўлган тоғлар орасидан Аҳмаджон ва Раҳматжон уни йиғлаб йиғлаб елкаларида опичлаб қишлоққа олиб келадилар. Афсуски, сочлари ер супирадиган, чиройда тенги йўқ фариштагина қиз, ҳали 17 баҳорни кўрмай жон таслим қилади. Орада кичкина Моҳима ҳам касал бўлиб қолади ва бир йилга борар бормай вафот этади. Бу азоблар Пўлотой момонинг соғлиғига путур этказиб, адо қилди.
1948 йил Аҳмаджон ўғил кўради ва унга Ҳомид деб исм қўяди. Аввалги фарзандларини тупроққа қўйгани учун уни еру кўкка ишонмайди. Сталин вафотидан сўнг шўролар мамлакатида ҳукм сура бошлаган илиқлик йилларида Пўлотхон ая турмуш ўртоғининг қисмати ҳақида суриштириб тинимсиз аризалар ёза бошлайди. Хусусан, 1959 йил 18 апрель санаси билан Бухоро шаҳридан қизи Ҳакима номидан Самарқанд вилояти ижроқўми номига ариза ёзади. Унда Пўлотхон ая турмуш ўртоғи Раҳим Турдиевнинг ноҳақ қамоққа олингани ва 1937 йил декабрдан буён ундан ҳеч бир хабар йўқлигини, 4 нафар фарзанди отасининг тақдири ҳақида ҳамон хабар кутаётганини маълум қилади. Шу ариза ортидан иш қайта кўриб чиқишга топширилди. 1960 йил 27-28 апрель кунлари собиқ гувоҳлар Шомурод Чўлиев ва Сайфулла Сафаровлар чақирилади. Қайта сўроқлар жараёнида мулло Абдураҳимнинг ҳеч бир айбсиз маҳв этилгани маълум бўлди. 1960 йил 19 май куни Самарқанд вилоят суди мулло Абдураҳим Турдиевни оқлаб ҳукм чиқарди… Бугун Ғозғонда машҳур сангтарошлар сулоласининг еттинчи авлоди вакили мулло Абдураҳим Турдиевнинг невараси уста Тоҳир Раҳимов “Шуҳрат” медали ва “Эл юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган.
Дарҳақиқат, мулло Абдураҳим Турдиев нафақат қори, йирик уламо, шайх, балки буюк меъмор, моҳир муҳандис, машҳур хаттот, хушовоз ҳофиз ҳам эди. Халқимизнинг асрлар давомида жилоланган тоштарошлик санъати анъаналарининг билимдони мулло Абдураҳим томонидан яратилган бино иншоотлар, Ситораи Моҳи Хоса саройи ва Аркдаги ғозғон мармаридан тайёрланган шерлар, мармар устунлар, қабртошлар ва улардаги хаттотлик санъати каби кўплаб асарлари ҳамон санъатга ошуфта инсонларни ҳайратга солиб келмоқда. Машъум тоталитар тузум халқимизнинг минглаб бундай олиму уламоларини, зиёлиларини, беназир санъаткорларини маҳв этди. Аллоҳим шаҳид кетган боболаримизнинг маконларини жаннат этсин.
(Суратларда: мулло Абдураҳим Муҳандис, унинг ишлари ва абираси уста Шавкат Аҳмедов фарзандларига бобомерос касбини ўргатмоқда)
Bahrom İrzayev







Мустақиллик декларацияси қабул қилинган кун
Каримберди Тўрамурод: Биз байрам қиладиган кунларга оз қолди
Шуҳрат Бобожон: “Бир рассом яшаган эди…”
МУҲАММАД СОЛИҲНИНГ 1989 йил 19 январда СССР ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ПЛЕНУМИДАГИ НУТҚИ
Қирғиз президенти Ўзбек ёзувчиси китобини чиқарди – бунинг ортида қандай сабаблар турибди?