O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

70 ЁШГА КИРГАН ШОИРНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДА ТАЪҚИҚЛАНИШИГА 7 САБАБ

70 ЁШГА КИРГАН ШОИРНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДА ТАЪҚИҚЛАНИШИГА 7 САБАБ
206 views
02 December 2019 - 7:00

(Устоз Муҳаммад Солиҳнинг 70 йиллигига бағишланади)

1-сабаб:
Ҳар юртда эл кўнглидаги “изтироб сурати”ни чизган шоирлар эъзозланади. Нега Ўзбекистонда бундай эмас?

Ахир “биз ҳеч кимдан кам эмас”дик-ку.

Аслида “Бориб келдим қишлоққа, тўйиб келдим пишлоққа” қабилида шеър ёзиб юрган, ҳаётидан мамнун қофиябозлар бу юртда ҳам эъзозда.

Ҳеч бўлмаганда, уларга байрамлар олдидан атрофлардагиларни жўштириш учун “Ой Ватаним, бой Ватаним” қабилида шеър “заказ” қилиш мумкин. Бунақа шеърлар бир кун яшайди, кейин ўлади.

Ўлик шеърлар, ўлик китоблар мудроқларни уйғотолмайди. Буни яхши англаган Муҳаммад Солиҳ бу ҳақда шеър ҳам ёзган:

“Ҳеч қачон ўлолмас
Асли ўлик бўлган китоблар!..
Ҳиди ҳам чиқмайди жасадларидан
Китоб дўконига кирсангиз.
Ҳақиқий китоблар ўлиши мумкин,
Ҳидланиши мумкин
Ҳақиқий китобнинг жасади.
Шу сабаб, уларни кўммаса бўлмас,
Ёндирмаса бўлмас шу сабаб…”
(1978)

Бу шеърни шоир 1978 йили жадид боболаримиз китоблари ҳақида ёзган эди. Не тонгки, бугунги Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ таълиф этган китоблар ҳам “кўммаса бўлмайдиган, ёндирмаса бўлмайдиган тирик китоблар” рўйхатидан жой олган.

Бутун Туркистон аҳли ўз мутафаккири деб биладиган шоир асарларини шу кунда Ўзбекистондаги китоб дўконларидан топиш у ёқда турсин, мамлакат чегарасидан ўтказиш ҳам жиноят ҳисобланади.

Тирик китоблар мудроқ қалбларни уйғотиши, зулм ва мутеъликка қарши оёқлантириш мумкин. Бу тақиқнинг илк сабабидир.

***

2-сабаб:
Шоир одамларни қандай уйғотади?

Энг аввало, “алла”ларнинг ёлғонлигини фош қилиш орқали. Фольклори бой бу ўлкада “алла”дан кўпи борми?

“Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”, “Оч қорним – тинч қулоғим”, “Отангни ўлдирганга онангни бер”, “Эгилган бошни қилич кесмас”, “Ўнг юзингга урсалар, чап юзингни тут”, “Қўшнинг кўр бўлса, кўзингни қис”…

Эски замонлардаги киноявор мазмунини йўқотиб, яланғоч шиорга айланиб қолган бу каби “алла”ларнинг сон-саноғи йўқ. Ғафлат гирдобига отувчи бу “қадрият”лар эл хайрига эмаслигини билган шоир шеърхонга альтернатив йўл таклиф қилади:

“Замон сенга боқмаса гар, сен ҳам боқма замонга
Майли, яхши отинг чиқсин бир лаҳзада ёмонга!
Боқма унга, бир кун келиб оғирлашса аҳволинг,
Исбот қилгин эскирганин замон ҳақда мақолнинг.
Ҳаёти-ла ўзгартирса бир мақолни бир одам,
Бир одамнинг ҳаётига етиб ортар ўша ҳам”.
(1986)

Бу сас аллачиларни саросимага солади. Ахир кўп ўтмай хўжайинлари бўлмиш Дев келиб, қурбонлар ичидан тановул қилиш учун дўмбоқ-дўмбоқларини танлай бошлаган пайтда одамлар ширин уйқуда бўлишлари керак. Шу важдан улар ораларида ўз ишларига халақит берадиган “оромбузар қора куч” бўлишини истамайдилар. Шоирнинг исталмаган шахслар рўйхатининг бошида туришига яна бир сабаб будир.

***

3-сабаб:
“Оромбузар қора кучлар”дан қўрқадиган аллачилар ҳаловатини қочирадиган ҳолатлардан яна бири уйғонган одамларнинг уларни таниб қолишидир. Ўз биродарларини Девга пешкаш чекадиган бу махлуқларни атрофдагиларга танитиб қўядиган, уларнинг суратини аллегорик тасвирлар билан чизиб бера оладиган санъаткор албатта хатарли. Уларни хавотирга солган тасвирлардан бири будир:

“Думи кесик бечора ит,
Мен сенга ачинаман холос.
Ҳолингга йиғламоқ учун
Маймун керак.
Лекин у йўқ-ку…
Ҳаммаси ҳайвонот боғида.

Думи кесик бечора ит,
Хўжайиннинг олдида
Нимани ликиллатасан энди?”.

Бу махлуқларнинг хавотир манбаи суякни бўлишиш эҳтимоли эмас. Шундай бўлсайди, улар бу тақсимга жон-жон деб рози бўлардилар. Шоир эса суякни рад қилибгина қолмай, суякка шерик бўлиш илинжида тамшанаётган бошқа таъмагирларга ҳам танбеҳ беради:

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Ёзасан юлдузлар ҳақида,
Чароғон кундузлар ҳақида,
Қошлари қундузлар ҳақида.
Шундай Ватанинг бўлатуриб,

Сен гуллар ҳақида куйлайсан.
Онангнинг ҳам кўзёшини сен
Шабнам дея ўйлайсан.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Коинот ҳақида сўзлайсан.
Тошга уриш керак бўлган бошни
Гулчамбар учун шайлайсан.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Қурол йўқ қўлингда.
Шундай ватанинг бўлатуриб,
Қўрқасан ўлимдан!
(1986)

***

4-сабаб:
Шоир “суяк”нинг (бу суяк ҳашаматли сарой, алламбало мошин, турли-турли емак ва киймак имтиёзи шаклида бўлиши мумкин) Оллоҳ таоло тафаккур билан сийлаган одам боласи учун ягона лаззат манбаи эмаслигини урғулашга уринади:

“Лаззатнинг хили кўп” деганда
Кўзлари ёғ босган мечкайнинг
Таомга муҳаббатини эмас,
Димиққан оқшомда
Ҳирсдан эриб кетган банданинг
Сассиқ тушларини эмас,
Ёлланган қулларнинг
Гўдак манглайига тўппонча тираб
Олган завқ-шавқин ҳам айтмайман.

“Лаззатнинг хили кўп” деганда
Ғалати қувончни айтмоқчиман мен:
Золим портрети ёнса гулханда.
(1983)

Зулм сўзини луғат танийдиган олимлар “бир нарсани ўз ўрнига қўймаслик, бировнинг ҳақини адо этмаслик” дея таржима қилишади. Оллоҳ учун севимсиз бўлган золимнинг портрети ёнишидан завқ оладиган шоир аллачилар наздида, табиийки, тадҳишчи (террорчи)дир.

Бунақаларни мамлакатга киритиш у ёқда турсин, ҳатто яқинлаштирмаслик керак. Минг эҳтиром билан тўрга осилган портретнинг ёнишини истаган, устига устак, тасвирдаги шахснинг золим эканини фош қилиб қўядиган шаккокка кимнинг ҳам кўзи учиб турибди?

“Бизда-чи, ўғри йўқ. Мабодо оссак/, Ҳурмат тахтасига осамиз, Вертер”, дея киноя қилган ҳам шу шоир эмасмиди?..

***

5-сабаб:
Коньюнктура либосига бурканган аллачилар “фалон мамлакатни ранжитиб қўймайлик, писмадон давлат биздан хафа бўлиб қолмасин” деган баҳоналар билан халқни алдашга уринишади ва буни миллатимизга азалдан хос бўлган “андишалилик” билан оқлашга ҳаракат қилишади. Лекин зикр этаётганлари Девлар элу юртимизнинг дўсти эмас, билъакс, душманидир. Шулар эмасмиди ўлкамизни босиб олган, мунавварларимизни қирган, бойликларимизни талаган?

Дўст ва ё мазлумни ранжитмаслик учун жим туришни андиша дейиш мумкиндир балки, лекин душман ва ё золимни беҳузур қилмаслик учун сукут сақлаш бориб турган қўрқоқликдир.

“Андишанинг отини қўрқоқ қўйиш” нақадар инсофсизлик бўлса, қўрқоқнинг отини андиша қўйиш ҳам шу қадар инсофсизликдир.

Буни тушунган шоир ташбеҳу истиоралар воситаси ила биродарини золим ва босқинчига қарши “оғиз очиш”га даъват этади:

ГАПИР, ТУРКИСТОН

Роппа-роса минг йилдан буён
Рўза тутиб оғиз очмаган ҳамон
Турк саркардаси – Тиёншон.

Минг йил давомида у емаган нон,
Унинг насибаси – минг йиллик увол –
Тузга тўлиб бораётган туздон – Орол.

Саркарданинг гўзал қизи ўтлоқда
Оқ илонни босиб, деганида “Вой!”
Чиққан товуш, кумушранг халқа – Ой!

Ўтлоққа шитирлаб сингиб бораётган,
Бебахт Осиёдан қочаётган мангу
Бу оқ илон, муқаддас илон – Аму…

Яна ”Вой” дема қиз. Етар битта Ой.
Оғзинг очма гўзал, этма овоза.
Фақат отангга айт: оғзини очсин – Тугади рўза.
(1985)

Туркистон энди сукунатини бузиши кераклиги ва ўз эрки учун кураш бошлаш замони келганини айтаяпти шоир.

Бу чақириқни эшитиб, “туземец”нинг ўз ҳақини талаб қила бошлашидан чўчиган мустамлакачиларгина эмас, унинг қаҳридан “андиша қилган” маҳаллий вассаллар ҳам беҳузур бўла бошладилар ХХ асрнинг 80-йилларида. Шу сабабдан улар бугун ҳам бу ҳақиқатларни англаб етмаган, мудроқ мардум орасида шоир саси юксалишини истамайдилар

***

6-сабаб:

“Бу шоир фақат қандай яшамаслик кераклиги ҳақидагина шеърлар ёзганми ёки қандай бўлиш кераклиги ҳақида ҳам манзумалари борми?” дерсиз. Табиийки, бор. Мана улардан бири:

“Эрк – унинг шаффоф уйи.
Деворлари шишадан тикилган
Шаҳардаги энг ҳашаматли уй.

Дунёни кўрар у уйида туриб
Ташқаридан уни кўради дунё.
Овқат кам ейди у,
Чунки дарахтлар
Унга қарагандай бўлаверади.
У бўйдоқ,
Чунки хотин билан
Яшаш ноқулайдир бу шаффоф уйда.
Хотин-ку турaверсин,
Ҳатто ўзи ечинса
Юлдузлардан тортиниб ечинар ҳар гал”.
(1979)

Ҳаёнинг энг гўзали Яратувчининг олдидаги ҳаёдир. Холиқдан ҳаё қилган киши ўз-ўзидан халқдан ҳам ҳаё қилади. Ўғрилик қилмайди, каззоблик қилмайди, порахўрлик қилмайди, зулм қилмайди… Қисқаси, инсон деган шарафли номга муносиб бўлади. Оллоҳдан ҳаё қилган киши “қаноатли азизу қаноатсиз залил” (ҳадис) эканини яхши билади, таъмадан холи бўлади, Деву Аждарлардан иона кутмайди:

Ўз сочимдан тўқиб оламан чакмон,
Суягимдан ясайман пичоқ сопини.
Мен соямни тўшаб ухлаяжакман,
Соя ухлаяжак мени ёпиниб…

Юрак нима дейди, билмадим, лекин
Шахсан мен шунақа яшамоқчиман.
Умримдан – бор роҳат, бор соя-салқин –
Ҳаммасини юлиб ташламоқчиман.

Ва бу яратилган жазирамада
Ўткир ҳақ қуёши қолажакдир тоқ,
Токи насиб этсин менга бир марта
Умр эмас, ҳақиқат учун йиғламоқ.
(1983)

Бу сўзлар роҳатпараст аллачига ёқмайди албатта. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу мисраларни ҳайқираётган шоирнинг юртга қайтишини истамайди, ҳатто у давр шеъриятида катта бурилиш ясаган, таъбир жоиз бўлса, миллий адабиётда мактаб яратган бўлса ҳам.

***

7-сабаб:
Аллачиларни қўрқитаётган сабабларнинг энг каттаси эса шоирнинг муҳташам поэтик шуур ва мўъмин фаросатига соҳиб бўлишидир. Бундай фаросатга эга киши иймонини шайтонга сотган касларни неча фарсаҳ наридан танийди. Бундай одам инаётган нусратни ҳам, хусронни ҳам ҳис қилади. Ҳис қилибгина қолмай, бундан атрофдагиларни ҳам огоҳлантиради:

“Ногоҳ пастга тушар булутлар,
Юрар тегай-тегай деб ерга,
Нафасидан ўчади ўтлар,
Инсоният ботади терга.

Ўпка гуё қовжираб сихда,
Кичраяди улкан юраклар,
Бир зарб билан қоқилган михдай
Ерга ботиб кетар тераклар.

Този итлар каби ер искаб,
Қотиб қолар булутлар бирдан,
Кейин қаттиқ увлашар кўкка:
“Дин ҳидлари келмоқда ердан!”
(1985)

Шоир айтганидай, виждонлар тарафдир. Фитрати булғанмаган виждонлар Ҳақдан тарафдир. Улар ҳар доим Намруд оташига чўп элтаётган қарғанинг эмас, балки томчи сув элтаётган чумолининг ёнидадирлар.

Тутган сафлари боис уларга аллачилар томонидан “исёнчи”, “осойишталикни кўролмайдиган бадбин”, “тахтпараст”, “тадҳишчи” ва ҳатто “хоин” ёрлиқлари ёпиштирсалар ҳам улар йўлларидан қайтмайдилар.

Аслида аллачилар ҳар қанақа исёну хаосга қарши эмаслар. Ҳатто буни санъатни ҳаракатлантирувчи куч, деб биладилар.

Уларни энг севинтирган исён эса шайтоннинг ёнида туриб, Яратганга нисбатан туғёнга тушишдир. Бунақа исён уларнинг ишини осонлаштиради, одамларни ўзларига бўйсундириш, истаган кўйга солиш, ҳою ҳавас ботқоғига ботириш, зиллат кўчасига йўллаш имконини яратади. Бунинг аксини таъкидлаётган шоир эса, табиийки, ёқтирилмаган шахсга айланади.

***

Сўз якунида айтарим: аслида устоз шоир Муҳаммад Солиҳ асарларининг ватанида тақиқланишига 7 эмас, унинг шеърлари мисолида 70 сабаб, балки 700 сабабни ҳам келтириш мумкин эди. Аммо Интернет даври ўқувчисининг тоқатини (аниқроғи, тоқатсизлигини) ҳисобга олиб, сўзни мухтасар қилдим.

Тилагим – 150 йил мустамлакачи Толиҳлар (ёмон амал қилувчи кишилар), яна 25 йил маҳаллий Толиҳлар китоблари мажбурлаб ўқитилган юртда Солиҳлар (яхши амал қилувчи кишилар) китобларини ўқишга тез кунларда имкон туғилсин.

Абдулҳаким Ҳусайн (Ҳакимжон Ҳусанов) 
адабиётшунос