89-90 йилларни эсланг. Ўзбек тилига давлат мақомини бериш тарафдорлар бир тараф, ўрис тилига ҳам шу қатордан жой талаб қилиб чиқаётганлар иккинчи тараф бўлиб, улар ўртасида беаёв жанг бўлган. Охир-оқибат миллатпарварлар томоннинг қўли баланд келиб, советпараст ғаламислар шармандаларча мағлуб бўлган эди.
“Йиқилган курашга тўймас” деганларидек, бу ғаламислар тағин бош кўтарган кўринади. Уларнинг ўрис тилига давлат мақомини бериш учун асос қилиб келтирган далиллари куракда турмайдиган, ўта тутуриқсиз алжирашга ўхшайди. “Рус тили – Пушкин тили, Толстой тили!” деб қичқиришади.
Нима, Эсхил, Сенека, Софоклларни билиш учун қадимги юнон тилига давлат мақомини бериш керакми? Ўзбек ўқувчиси Шекспир, Шиллеру Гётеларни ҳам билади, керак бўлса ўша ўрис тилига сиғинаётганлардан ҳам яхши билади. Инглиз тилига давлат мақоми берилмаса ҳам!
Бир ҳисобда, ўзимизда ҳам айб бор: лотин алифбосига ўтиш аччиқ ичакдай чўзилиб кетди, тезда лотинга ўтиб, қонунлаштириб қўйилганда ҳар қандай душман ҳам пусиб қоларди.
Акс ҳолда ҳар хил қаланғи-қасанғилар тағин бош кўтариб, бизга кун бермайди.
Менимча бу чет эл хуфя кучларининг чиркин ишларидир. Болтиқбўйи мамлакатлари ва Украинада айнан шу тил муаммосини кўтариб, миллий низолар келтириб чақаряпти. Буни англамаслик сиёсий сўқирликдан бошқа нарса эмас.
Икки халқ ўртасида миллий низога сабаб бўлувчи хатти-ҳаракатларнинг зудлик билан олди олинмаса жамият иккига бўлиниб, даҳшатли оқибатларга олиб келиши муқаррар.
Шароф Бошбек