O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Олам қандай яралгани жавоби музлатилган аксилмоддада жамланганми?

Олам қандай яралгани жавоби музлатилган аксилмоддада жамланганми?
10,376 views
15 April 2024 - 13:35

Музлатилган аксилмодда олам яралишига жавоб топиши мумкинми? У жуда ноёб ва сониянинг 142 миллиарддан бир улушича пайдо бўлиб, йўқолади.

Позитроний катта энергия юзага келтира олади. У борлиқ ибтидосида мавжуд бўлган аксилмодда ҳақида маълумот бериши мумкин. Уни ўрганиш физикада, саратонни даволашда ва ҳатто фазовий саёҳатда қўл келиши мумкин.

Аммо шу кунгача бу “қочоқ” нарсани ўрганиш деярли имконсиз эди, чунки уни тутиб олиш жуда қийин.

Ҳозир олимлар бир иложини қилмоқчи – уни лазер ёрдамида музлатиб қўйиш.

“Физиклар позитронийни севишади,” дейди Ядро тадқиқотлари бўйича Европа ташкилотида (Cern) илмий тадқиқотга раҳбарлик қилаётган доктор Руггеро Каравита. “Бу атом аксилмодани ўрганиш учун роса боп атомдир.”

“Ҳозир бутун бошли тадқиқот соҳасига йўл очилмоқда.”

Позитроний нима ўзи?

У ўзига хос экзотик атом бўлиб, ҳам модда, ҳам аксилмоддадан иборат – жуда ғалати нарса.

Атрофимиздаги олам моддадан иборат, юлдузлар ҳам, сайёралар ҳам, ўзимиз ҳам.

Аксилмодда эса унинг зидди. Борлиқ ибтидосида модда ва аксилмодда миқдори тенг бўлган. Ҳозир аксилмодда оний лаҳза пайдо бўлади ва йўқолади. Космосда ҳам табиий шаклда жуда оз миқдорда бор.

Борлиқда нега модда ҳукмрон экани ва демакки, мавжудлигимиз сабабини кашф этиш бизни Борлиқ эволюцияси ҳақидаги янги бир назарияга бошлаб боради. Бунда позитроний муҳим вазифа бажаради, дейди ушбу илмий лойиҳа устида ишлаётган докторант Лиза Глоглер.

”Позитроний жуда оддий тизимдир. У 50% модда ва 50% аксилмоддадан иборат. Агар бу иккиси ўртасида қандайдир фарқ бўлса, буни ана шу жойда кўрамиз”, дейди у.

Музлаган позитроний устидаги илк тажрибалардан бири унинг аксилмодда қисми Эйнштейннинг Умумий Нисбийлик назариясига мос келадими ёки йўқлигини аниқлашга қаратилди.

Қуйидаги диаграмма позитроний нимаси билан ноёб эканини кўрсатади.

Атрофимиздаги дунёни ташкил этган материя атомлардан иборат. Уларнинг энг оддийси водород, коинотда энг кўп тарқалган элементдир. У мусбат зарядланган протон ва манфий зарядланган электрондан иборат.

Позитроний эса электрон ва унинг антимодда эквиваленти позитрондан иборат.

У биринчи марта 1951 йилда АҚШ олимлари томонидан кашф этилган. Аммо ўшанда уни ўрганиш қийин эди, чунки у жуда енгил атом бўлганидан жуда кўп ҳаракат қилади.

Аммо совутиш атомларни секинлаштиради ва уларни ўрганишни осонлаштиради.

Ҳозиргача вакуумдаги позитронийнинг энг паст ҳарорати 100°С атрофида эди. Cern жамоаси ҳозирда лазерли совутиш деб аталадиган техника ёрдамида ҳароратни -100°С га туширди. Бу мураккаб жараён бўлиб, унда лазер нури атомларга йўналтирилади, бу уларнинг кучли тебранишини тўхтатади. Тадқиқот Physical Review Letters илмий журналида чоп этилди.

Суонси университетининг тадқиқотда иштирок этмаган позитроний бўйича мутахассиси профессор Майкл Чарлтоннинг айтишича, тадқиқотда фойдали бўлиши учун позитронийни -260С атрофида музлатиб қўйиш керак, аммо лазер усули тадқиқотчиларга олдинга йўл очди.

“Бу жуда кўтаринки биринчи қадамдир”, деди у BBC News’га. “У эшикни очади ва сиз позитроний физикасининг янги даврига чорлайдиган ёруғликни кўрасиз.”

Cern гуруҳи музлатилган позитронийни қидираётган ягона жамоа эмас. Токиодаги KEK Slow Positron маркази жамоаси шунга ўхшаш натижаларни эълон қилмоқчи.

Бу тадқиқотлар бутун дунё бўйлаб илмий пойга бўлиб чиқди, чунки бу ғалати атомнинг потенциал катта амалий нафи бор. Электрон ва позитрон бирлашганда, жуда катта энергия чиқарадилар. Бу кучли гамма лазерларни яратиш учун ишлатилиши мумкин.

Юлдузлараро саёҳат

Баъзида позитронийдан тиббий тасвирлаш, саратон касаллигини даволаш, баъзилар ҳатто ёруғлик тезлигига яқин космик кемаларни яратиш ва юлдузлараро саёҳатни амалга ошириш учун фойдаланиш ҳақида гапиришмоқда.

Тадқиқот Cern аксилмодда мажмуасида олиб борилди. Улар яқинда коинотдаги энг кўп миқдордаги водород аксилмодда атомларини яратдилар.

Ўтган йили тадқиқотчиларнинг алоҳида гуруҳи аксилводороднинг тортишиш кучига турлича жавоб бериши, у ташланганда юқорига ёки пастга тушишини кузатиш орқали синаб кўрдилар. Улар ташланганда пастга ҳаракатланиши аниқланди. Аммо бу ҳаракат тезлиги модданикидан қанчалик фарқ қилиши ҳозирча аниқ эмас.

Манба: bbc.com/uzbek