O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ОВОЗ ЧИҚАРИБ СУРИЛГАН ХАЁЛ

ОВОЗ ЧИҚАРИБ СУРИЛГАН ХАЁЛ
17,494 views
20 February 2023 - 14:01

(20 феврал – устоз Матназар Абдулҳаким туғилган кун)

Мен Матназар ака ҳақида ёзишга доим ҳаё қилганман.
Қўрққанман.
Чунки, Матназар акага муносиб сўзни топиб айтиш доим қийин бўлган. Жуда қийин. У кишини бу дунёнинг одами эмас, десам, ҳозир чиндан бу дунёда эмас. Сўфий шоир десам, яна ошириб юборяпти деган хаёлга боришингиз мумкин. Бироқ бу ерда ҳеч бир оширма йўқ.

Ота-онамдан кейин ҳеч қандай камчилигини кўрмай яхши кўрганим, ҳар бир ўгитида бажаришдан бўлак чора йўқлигини англаганим ягона инсон – Устоз Матназар Абдулҳаким эди.

Мен Матназар акани 1994 йилларда таниганман. Қишлоқ мактабида ўқитувчи эдим. Ўзим яшайдиган Қўшкўпир туманидан 40 километр йўл босиб Урганчга Устозни кўриш учун келар, кўролмай қайтиб кетган кунларим бир неча бор уйга кўзда ёш билан қайтиб борганман.

Матназар ака биз учун фақат Адабиётнинг эмас, бу дунёнинг ойинаси эди. Онам оддий бир ўзбек аёли монанд фикрлаб, ҳар гал Матназар аканинг олдидан келсам, Устозингга айт шеърларингни у-бу газеталарда чиқаришга ёрдам берсин десалар куйиниб гапирганим эсимда: “Ойи, мен Матназар аканинг олдига бориб, шеърим газетада чиққанидан кўра кўпроқ нарса олиб келаман. Қолаверса, мен у кишининг олдига шеър чиқартириш учун бормайман”.

Матназар ака прототип эди: Ҳаётнинг, Адабиётнинг, Ҳалолликнинг, Ҳақиқатнинг, асл Одамнинг прототипи.

Унинг ҳаёти овоз чиқариб хаёл сурадиган даражада тоза эди. Бу кирланиб, бурқсиб, ачиб бораётган оламда, авлиёлар сифатини ўзида кўтариб юрган ХХ асрнинг сўз пири эди. Эҳтимол, дунёнинг қайсидир бир бурчагида Матназар ака каби одамларга нормал шахс ўлчами билан қаралар, бироқ бизнинг ўзбекча психологиядаги одамлар учун Матназар Абдулҳаким шахси ботиний бир даҳони яратади.

Хокисор файласуф бўлган дейман доим. Танқидлари шундай эдики, айтган камчилиги у кишининг оғзидан тушгач, фазилатдек кўрина бошларди. Сўзни алдамасди. Калом – илоҳий нутқ эди устоз учун.

Мактабда ўқитувчилик қилаётган йилларим орзуларим осмонининг бу қадар пастлигидан минг фиғон чекиб қишлоқ мактабида арвоҳ муаллима ўлароқ кезиб юрганман. Бу йиллар мен учун шу қадар қоронғи эдики, ўша зулматдан ёруғ оламга очилган битта дарча бор эди: Матназар аканинг мактублари. 5-10 кун оралаб келадиган мактубларда Матназар ака гоҳ Навоий ҳазрат шеърларидан, гоҳ рус адабиётидан ғойибона дарс ўтарди.

Навбатдаги хатларидан бирини олганимда Онам касал ётганди. Мен хатни очиб, Онамга овоз чиқариб ўқиб бердим. У хатда Александр Блок шеърларидан бири таҳлил қилинганди. Матназар ака шеъриятига ва рус адабиётига ихлоси баланд бўлган онам Матназар аканинг ана шу хатидан сўнг тузалиб, ўрнидан диккайиб туриб кетгани эсимда. Сўзнинг чексиз қудратига тавсиф эди бу ҳолат.

Қолаверса, ҳали икки қатор шеъри тан олинмаган бир қизалоққа мактуб битиб ўтиришни унча-мунча Шоирлар ўз вақтига ва шоирлик шарафига нисбатан тарсаки деб билишини энди-энди англаб етгандекман.(Чунончи, ўша пайтларда жуда кўп шоирлар Матназар акадай ёки у кишига яқинроқ руҳият эгалари деб тасаввур қилганман. )
Қуввайи ҳофизаси мени мудом ҳайратга соларди. Хотира майдони энг кучли сақлаш ускуналаридан ҳам қувватлироқ эди, дейману тўхтайман. Чунки устозимнинг хотира кўламини аллақандай темир матоҳ билан солиштириш устозга эмас, ўзимнинг фикрлаш тарзим учун зулмдир!

“Менда Мажнундан фузун ошиғлиқ истеъдоди вор”, “Азал котиблари ушшоқ бахтин қора ёзмишлар”(Фузулий), “Фарҳод ила Мажнунға ошиғлик ишин ўргат”(Навоий), “Сенсиз ташланса боғга, кўзёшли нигоҳ сувда, Мен бир ойина янглиғ, қолган каби боғ сувда.”(Бедил), “Энг кичик заррадан Юпитергча”(Ғафур Ғулом), “Кўкси тўла кумуш соқол, қўлда кумуш узук, Эмишки, ўзи ҳам яхлит кумушдан”(Асқад Мухтор), “Нилуфар – сувдаги ойнинг қўшниси”(Муҳаммад Солиҳ), “Мана бундай унинг юзлари”(Муҳаммад Раҳмон) каби шеърлардан соатлаб ёддан ўқиб берардилар. “Демон” достонини Усмон Носир таржимасида, Фарҳод, Ширин, Лайли, Мажнун, Татьяна монологларини ҳар бирини ёд билардилар. Ва буларни ёд билишим шартлигини айтмай уқтирардилар.
Тошкентга қилган сафарларидан бирида биз шогирдлар 6-7 километрлик масофа оралиғидаги манзилга яёв боришга аҳд қилдик.

Ўша манзилга етгунимизга қадар Матназар ака тўхтамасдан ёддан шеър ўқиганлар. Булар ўзбек ва рус тилларида турли муаллифларнинг шеърлари эди.

Матназар ака юксак даражада илм эгаси бўлган ҳолда илмидан ҳеч қачон кибрланганини, моддий дунё ашёлари билан мақтанганини кўрган эмасман. Дўрмон Ёзувчилар меҳмонхонасида тез-тез келардилар. Дўрмонда яшайдиган халқ ёзувчиларидан бири Матназар акага ҳар гал келганида бир саволни берар экан: “Ҳа-а, Матназар, Хоразмда гўшт неча пул, картошка қанча, гуруч-чи?” Матназар ака эса самимий жавоб қайтаради: “…ака, мен гўштни нархини билмайдиган даражада бахтли одамман.”

Матназар ака, бу гапларни сўзининг безаги учун айтмагани аниқ. У чиндан ҳам бу дунёнинг ашқол-дашқоллари билан алоқани узган одам эди.

Биз ўзини ҳақиқий маънода Адабиётга бахш этган Шоирлар ҳақида гапирганда асосан Рауф Парфини эталон қилиб оламиз. Баъзида, шахсияти, адабий фаолияти намойишкорона ошкор бўлмаган шоирлар борлигини эслашга келганда фикрий танбалликка бериламиз. Хусусан, Матназар Абдулҳакимни ҳам Адабиётни жойнамоз ўлароқ яшаб ўтган, Адабиётдан ташқаридаги ҳаётни тан олмаган шоир, таржимон, олим сифатида ҳамма-ҳамма билишини истайман.

“Ундай қилма эмас, ундай бўлма”, дея беозор насиҳат қиларди Устоз доим. Мактуб ёзаркан, бадхатлигини Жомий ҳазратга менгзаганди. Шу боис, Алишер Навоийнинг “Ҳамсатул мутаҳаййирин” асарини топиб ўқишга ва Жомий билан Навоий ёзишмаларида тилга олинган хаттот воқеаси сабаб Жомий ҳазратнинг хати ҳунук бўлганлигини билишга эришганман.

Ҳар бир ҳолатга, ҳар бир воқеликка асарлар орқали мисоллар келтириш Матназар акага хос адабий тарбия приёми эди.
Сўзларни ушлаб кўрарди, тингларди, маъносига, оҳангига ошиқ бўларди. Ҳазрат Навоийнинг “Эй Навоий, сўзда маъни йўқтурур, маънида сўз” сатрларини тез-тез такрорларди.

Матназар аканинг бадиий диди, у тилга оладиган адиблар, файласуфлар, эстетлар мен учун тайёр адабиётлар рўйхати эди. Устоз бизни имо тили билан, ишора тили билан тарбия қилди. Руҳимизнинг, туйғуларимизнинг яшовчанлик кучини оширди.
Дардтортарлик туйғусини бахш этди.

Матназар ака, шеърий идроки дунёнинг энг гўзал алфавитида ёзилган бадиий ҳукмга ўхшайди. Фикр, гўзаллик ва жозиба битта сўзда туташади. Сўз қайиғи дарёга тушади. Шоирнинг титроқлари бизга ҳам юқади.
Ҳар битта воқелик ичимизда ўз тарихини яратади. Дали туйғулар аро чақинлар чақади. Далилик ва донишмандлик орасида кўз илғамас ипларнинг маҳкам туташиб кетганини кўраман.

Матназар аканинг шеърияти ва шахсиятидаги биллур чизиқлар кўнгилнинг бойланган тугунларини ечиб юборади. Ва шеър билан кўнглимизни массаж қилишга киришади. Зотан бу – гул ифори димоғимизни қалқитганидек дилни орзиқтирувчи бир бадиий массаждир.

19.09.2022

PS Устоз билан бирор марта суратга тушишга юрак бетламаган экан. Йиллар ўтиб сурати билан суратга тушиш насиб этди.

Go’zal Begim