Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, 26 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти администрациясининг собиқ мулозими, президент Шавкат Мирзиёевнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов “қуролли ҳужум”га учраган.
Бир-биридан мустақил икки манбанинг билдиришича, маҳаллий вақт билан тунги соат 1.40 лар атрофида икки номаълум шахс Алламжоновнинг Тошкент вилояти Қибрай туманидаги уйи яқинида у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узган. Ҳодисада Алламжонов ва ҳайдовчисининг зарар кўрмагани, ҳужум уюштирган шахслар воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган.
Бош прокуратура Қибрайдаги ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди:
“26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг бошқарувидаги “Range Rover” русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролидан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинишган”.
Расмий баёнотда ҳужумга учраган машина ичида Комил Алламжонов бўлган, бўлмаганига аниқлик киритилмаган.
“Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган”, дейилади баёнотда.
Бош прокуратура ҳодиса юзасидан тезкор-тергов гуруҳи тузилгани ва ҳужумчиларни қўлга олиш, улар шахсини аниқлаш тадбири бошланганини билдирган.
Қибрай кўчаларида фавқулодда ҳолат экани, ички ишлар ва бошқа хизматларнинг давлат рақамидаги машиналари кўплиги, айрим кўчалар ёпиб қўйилганини Озодликка ҳодиса юз берган ҳудудга яқин яшашини айтган қибрайлик тадбиркор ҳам тасдиқлади.
Амалиёт тафсилотлари ва терговга яқин эканини билдирган манба ҳодиса “суиқасд” сифатида малакаланаётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳодиса Алламжонов ўзининг шахсий автомашинасида Қибрай туманидаги уйи яқинидаги поезд йўлидан ўтаётганида содир бўлган.
“Қоронғуда йўл четида машинани кутиб турган мотоциклдаги икки шахс машинага “Макаров” пистолетидан беш марта ўқ узган ва қочиб кетишга муваффақ бўлган. Алламжонов ва ҳайдовчиси зарар кўрмаган, лекин машинада ўқ излари бор. Ҳозир камералар “кўтарилиб”, ҳужум қилганларнинг шахсини аниқлаш бўйича иш олиб бориляпти”, деди манба.
Президентнинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева хориж сафарида эканини айтган ҳукуматдаги манба юқори раҳбарият ва шахсан президент Мирзиёевнинг ўзи ҳодисадан хабардор эканига шубҳа қилмаслигини билдирди.
Унинг айтишича, Алламжонов, гарчи президент администрациясидан кетган бўлса ҳам президент Мирзиёев командасидаги ва унга яқин одам саналади.
“Бу сайлов олдидан президентга қарши саботаж ҳам бўлиши мумкин. Жуда жиддий, Ўзбекистоннинг яқин тарихида кўрилмаган воқеа”, деди манба.
Айни пайтда тармоқларда “суиқасд” ҳодисасига шубҳа билдирилган постлар ҳам кўпайди.
Алламжоновнинг ўзи ўтган йили Озодликка берган интервъюсида ҳукуматдаги мавқеъидан ўзининг бизнес манфаатларини илгари суришда фойдаланганини рад этган.
Алламжонов ва яқин-яқингача у билан тандемда ишлаб келган президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ўзларини матбуот эркинлиги ва очиқлик тарафдори сифатида тақдим қилиб келишган, аммо сўз ва матбуот эркинлигининг аҳволи ёмонлашган охирги икки йилда уларнинг бу борадаги чиқишлари камайгани кузатилганди.