Худди минг йил тутқун қолиб,
бугун озодликка чиққан кишидай
сени қучоқлайман,
қучоқлайвераман, озодлик!
Минг йил кўрмаган бир дўстини кўриб
Ундан кўз узолмаган бир киши каби
Кўзимни узолмайман сендан, озодлик!
Қалбим марказида турганинг ҳолда
сени ҳар ерда ахтараман!
Ўзимни соғинганим каби
сени соғинаман, озодлик!
Эй, бу дунёнинг буюк неъмати
Манбаинг муқаддасдир сенинг!
Чунки сен Аллоҳ ўз зотига
Ишониш ва ишонмаслик эркини
Бизга берган куни туғилдинг!
Сен ўша тасаввурга сиғмас, азим ОЗОДЛИКнинг
Кичик парчасисан холос, Озодлик!
Муҳаммад Солиҳ
4.11.2024