O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

БАХТ ДЕБ ЁЗАЯПМАН СУВНИНГ УСТИГА

БАХТ ДЕБ ЁЗАЯПМАН СУВНИНГ УСТИГА
14,238 views
25 March 2023 - 18:00

***
Сен менга уммон ташлаб кетдинг
соҳилида чиқиб югурса бўлади
йиғласа бўлади
кулса бўлади
кўзёш томчиси-ла
бахт деб ёзса бўлар сувнинг устига
(у барибир ўчиб кетади)
йиғлаб рақс тушса бўлар у ерда.

Сен менга қуёш ташлаб кетдинг
кўзларимни уриб оламан ҳар куни
нур тўқийман олам четида
хотираларни ўраман
дилимнинг синган косаларига
сузаман
аламни
фироқни
ва қора қишни
сен эса қуёшни ташлаб кетгансан.

Сен менга қайиқ ташлаб кетгансан
сузса бўлар дилнинг ичида
ўтган йилларга бориб келса бўлади
йўқотган эшкагингни ахтариб
бир умр
бир тақдир
сузса бўлади
юрагингдан қочиб кетмоқлик учун
ўчириб қўйиб қисматни
бошқа бир қисматга сузиб ўтмоққа
Сен менга қайиқ ташлаб кетгансан.

Сен менга осмон ташлаб кетдинг
тамшаниш таъмини туймоқлик учун
учишга яроқсиз қанотларни
асрамоққа
ва тикилмоққа
узоқ узоқ, жудаям узоқ
юрагингнинг қайта учолмаслиги
кесилган қанотлар тахлами
тубсизлиги қадар қайғунинг
Чуқур бир осмонни ташлаб кетгансан!

21 март 2023 йил.

Гўзал БЕГИМ