Иккинчи жаҳон урушида иттифоқчи қўшинлар Нормандияга киритилишининг 70 йиллиги муносабати билан уюштирилаётган тантана ташкилотчилари олдида мураккаб бир вазифа турибди: ким фахрли трибунада россия президенти билан ёнма-ён ўтиради…
Немис газетаси Bild нинг ёзишича, Нормандияга иттифоқчиларнинг киритилиши 70 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ташкилотчиларини дунё лидерларидан кимни Россия президенти Владимир Путин билан ёнма-ён ўтқазиш билан боғлиқ масала қийнамоқда.
28 май, чоршанба куни Bild газетаси тарқатган хабарга кўра АҚШ президенти Барак Обама, Буюк Британия қироличаси Елизавета II ва тантананинг кўплаб бошқа иштирокчилари 6 июнь куни Францияда бўлиб ўтадиган тадбирда россия президенти билан ёнма-ён ўтирмасликка ва у билан умумий суратларда кўринмасликка “ишора қилишган”.
Нормандиядаги байрамга тайёргарлик арафасида “Ғарбнинг қандай қилиб протоколдан чиқмаган ҳолда Россиянинг Қиримни аннексия қилиши ва Украинадаги ҳаракатларига нисбатан протест билдира олиши масаласида қизғин мунозара кетмоқда”, деб ёзади нашр.
Германия канцлери Ангела Меркель Путинга нисбатан аниқ масофа сақлашни талаб қилаётганлардан бири ҳисобланади.
Нацистлар Германияси устидан ғалаба қозонган буюк давлатлардан бирининг вакилини намойишкорона четлаб қўйишнинг иложи йўқ. Чунки бу унинг учун ҳақоратдек туюлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ташкилотчилар қатнашчиларни одатда бу каби тадбирлар ортидан уюштириладиган икки томонлама учрашувларда россия президенти билан учрашишдан бош тортишни таклиф қилишмоқда.
Фахрли трибунада Путин билан ёнма-ён кимни ўтқазиш бўйича якуни қарор бериш тадбир мезбони сифатида Франция президенти Франсуа Олланд зиммасига тушган, деб ёзади Bild.
ЎХҲ ахборот бўлими