O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бир бобурсеварнинг бобуршунос билан қилган мунозараси

Бир бобурсеварнинг бобуршунос билан қилган мунозараси
8,224 views
04 November 2022 - 12:22

Бобур ижодини ўрганишда Ўзбекистонда дастлабки қадамни Абдурауф Фитрат қўйган. Гарчи Фитрат
Бобур ижодини бир бутунликда -яхлит тадқиқ қилмаган эсада, ўзининг ўнга яқин илмий мақолаларида,
қўлланмаларида Бобур ижодидан таҳлил намуналар келтирган.
Кўчирма :
Фитратнинг ”Адабиёт қоидалари. Адабиёт муаллимлари ва ҳавасмандлилари учун қўлланма (1926 йил)
дарслигида Бобур ва унинг ижоди ҳақида янги давр ўзбек адабиётшунослигида биринчи бўлиб
маълумот берган. ”Ўзбек адабиёти намуналари”(1-жилд,1927 йил) мажмуасида ”Бобурнома” нинг
Ҳиндистон қисмини табдил этиб, Ўзбекистонда илк нашр қилдирган. ”Адабиёт қоидалари ” (1926 йил
)китобида энг кўп мисол Навойи ва Бобурдан келтирган.”Аруз ҳақида ” рисоласида Бобурга ҳам аруз
назариётчиси ҳам арузнинг гўзал вазнларида шеър бита олган ҳассос шоир эканини кўрсатади «Бобур
энсклопедияси”, 14-бет ,2014 йил
Кўчирма тамом.Фитрат ҳақли равишда бобуршунос олимларнинг олдинги сафида туради.
Аммо масаланинг бошқа жиҳати борки, Фитрат ”Форс шоири Умар Хайём” деб номланган мақоласида
Умар Хайём рубойилари таҳлилида унинг рубойиларини Бобур рубойилари билан чоғиштирафи ва шундай
фикр(хулоса) ни келтиради.
Кўчирма :”Бизнинг классик шоирларимиз ичида Хайёмга яқинлашишга , ўзини Хайёмга
ўхшатишга муваффақ қилган бирдан бир шоир машҳур Бобир Мирзодир.
Бобирнинг рубойиларида бўлган очиқлик, гўзаллик, соддалик Хайёмга ўхшайдир. Лекин Бобир
Хайём каби ҳикмат, фалсафа олими бўлмаган.Бу нуқталарда унинг рубойилари Хайёмдан жуда
кейинда турадир” Фитрат, ”Танланган асарлар”, 4-том, бет
Кўчирма битди.
Ҳар қандай янгилик, ҳар бир ижод маҳсули ўзининг ибтидосида маълум бир камчилик, бирёқламаликдан
холи бўлмайди. Фитрат домланинг илк ўзбек бобуршуноси эканлигини ва бу борада хизматлари қиёссиз
эканлигини ҳисобга олган ҳолда, унинг Бобур рубойиларига берган хулосаларида ҳам балки даврнинг
ҳоли сабаб, бир ёқламаликка тош қўйганларини айтиб ўтишни жоиз билдик. Албатта бунинг далили мағзи
пуч, ҳавойи сўзлар билан эмас, равшан асос билан очиқлангуси, иншааллоҳ.Фитрат домла билан
хаёлан мунозарага киришсакда, ўзимиз бирёқламалик деб атаган фикрларни шу мунозара орқали
баён қилсак.
М У Н О З А Р А
Киши ўзи аввалдан кўрмаган, ёхуд танимаган иккинчи бир одам билан мунозара қилмаги
мумкинми? Албатта мумкин эмас. Бироқ, Фитрат афанди мен сизни танийман. Қаердан…дейсизми?
Аввало динимиз исломнинг қисқа, аммо сермазмун тарихи битилган »Мухтасар ислом тарихи” асарингиз
орқали таниганман сизни.
Мудраган Туркистон-туркийлар маконидаги улуснинг, ўзбек турки миллатининг кўнгил кўзини , онг –
тафаккурини уйғотиш умидида қилган наърангиз ”Юрт қайғуси” ни ўқиб танидим сизни.
Миллатнинг оғриғига даво излаб , бу нажотни ҳатто кўкдан тилаб” Миррих юлдузи” га қилган
нолаларингизни ўқиб танидим сизни.
Фитнага алданиб, юртни ўрисга топширишга тайёр турган юрт ойдинларига ишора бўлуви умиди билан
битилган ”Абулфайзхон” орқали танийман сизни.
Ва кесилган умиди билан Темур ҳоқон руҳига қилганингиз илтижолар оғриғидан танийман сизни.
Тилимиз-туркий тил софлигини сақлаб қолиш мақсадидаги ҳаракатингиз -«Чиғатой гурунги» гурунгларидан
танидим сизни.
Ўзбек адабиётида илк бор Бобур Мирзо фаолиятини ёритиб берганингиз туфайлидан таниганман сизни.
Афандим, биз сиз билан мунозарага кирувимиз учун етарли замин бор.Зотан, кўз ёқтирганни, ақл уни
таниганни, руҳ эса ўзига ўхшаганни истар эмиш. Румий айтади:” бир бирини тушуниш бир тилда
сўзлаш эмас, , битта туйғуни ҳис этишдир. Афандим, бир бирини тушуниш учун битта даврда яшаш ҳам муҳим эмас. Муҳими-ҳислар эгизлиги,туйғулар қариндошлиги
Афандим, сизни танимаслигим мумкинми? Афандим, аввало ” ўзини Хайёмга ўхшатишға муваффақ
бўлған” деган фикрингизни бир мулоҳаза қилсак.Бобурнинг ”ичи” ва” ташини” ойна каби кўрсатиб
берадиган ”Бобурнома” ни диққат билан ўқиган киши унинг ҳамма соҳада ўта дақиқ ёндошувини
сезмай иложи йўқ. Хусусан, руҳиятига пайваст назмга. ”Бобурнома”да назмга дохил бўлган бирор
киши йўқки, Бобурнинг ўткир назаридан холи қолган бўлса. Бобур туркий ва форсий тилда қалам сурган бир қанча замондош шоирларнинг ижоди ҳақида таърифлай туриб, ютуқ -камчиликларини ҳам холис
баҳолайди. Аямайди.”Зоҳир ва ботин улумидан ул замонда ул миқдор киши бўлмаган ” Жомийдан
тортиб, ”туркий тилда хўб ва кўп” айтган Навойигача. ”Ғазалида ранг ва ҳол” бўлган, зукко ва
тезфаҳм Бинойидан токи ”таъб назми бўлган Ҳусайн Бойқарогача. Ҳатто ”шеъри суст ва бемаза
бўлган Султон Маҳмуд таърифида ”андоқ шеър ёзгандан, ёзмағон маъқул” деб айтишдан ҳам
тортинмайди.Аммо Умар Хайём номи бирор сатрда ҳам учрамайди. Таажжубли ва ҳақли савол: Бобур
Хайёмни билганмиди ўзи? Шу жиҳатдан биз ”Хайёмға ўхшатған” фикрингизни «ўхшаган» шаклини
оламиз (зотан, сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор)
Афандим, сиз Бобур рубойилари таърифида ”очиқлик, гўзаллик ва соддалик” фикрини бердингиз.Дуруст, биз
бу ”очиқлик”, ”гўзаллик” жиҳатига розимиз, зотан бунда ҳақ сиз томонда. Аммо соддалик нуқтасини
ҳазм қилолмаймиз. Сиздан кейин то ҳозиргача кечган йиллар оралиғида ги бобуршунослар,
бобурсеварлар, бобурхонлар : умуман, у зот ҳақида икки сатр нимадир ёзган кимики бор соддалик
тушунчасига жўнлик англамини пайванд қилиб, бир сатрини албатта ”ўша” тариф билан якунлайди .
Афандим, сиз циркда доира майдон бўйлаб чопаётган отларни кўрганмисиз? Улар фақат ўша доира
атрофида ҳаракат қиладилар. Бир қадам ҳам четга чиқмайди. Бобур рубойилари талқинида биз ҳам
ўша отлар мисол: бир нуқта ,бир маромда чопяпмиз, айтадиган аксар сўзимиз ”ўша” бўлиб қолди.
”Ўша хулоса сақичдек чайналаётир. Мунозарада давом этамиз
”Бобурнинг рубойиларида Хайёмники каби фикмат ,фалсафа йўқ, чунки унинг ўзи ҳикмат, фалсафа
одами эмас” Ана холос! Тақдир бир оннинг ўзида баланд толе ва толесизлик билан сийлаган, ҳаёт тарзи
шу сийловга мувофиқ тарозининг икки палласида кечган шахсни ”ҳикмат ва фалсафа одами эмас” деб
баҳо бериш…Адолатдан эмас бу, афандим!!Сўзимиз қуруқ бўлмасин важидан Бобурнинг зуваласи
фалсафага қорилган, ҳикматга айланган рубойиларини ”гапиртирсак” , раддиямизни шу тарзда асосласак.
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидир.
Яхши киши ёмонлик кўрмагай, ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидир!
Бобур рубойилари ичида энг машҳури, мактаб боласидан тортиб, катта авлод вакилигача ёд биладиган
бу рубойидаги мақсад ва ғоя шундай: Бу дунёдаги ҳаётинг гўё акс садо. Не десанг, не
қилсанг, ўзингга бехато қайтгувчи. Агар вафо қилсанг, садоқат кўрасан, жафо, жавр қилсанг, сенга
ҳам шу насиба. Киши яхши бўлса, ёмонлик кўрмайди, магарам ёмон бўлса, ёмонлик қилса
бировга, ўзига ҳам шу жазо қайтади(бумеранг мисол)Нима эксанг, шуни оласан. Буғдой эккан
буғдой олур. Арпа сепганнинг ҳосили ҳам арпа бўлур.Ёки ”Ўзинг яхши, олам яхши” деган
ҳикматни ҳам топса бўлур. Сабабки, учинчи мисрада бунинг далили бор.Ёйинки,буюк ”Қуръон”
калимаси бн айтадиган бўлсак:”Ким зарра қадар яхшилик ва зарра қадар гуноҳ қилса,ажрини олур”
”Залзала” сураси. Афандим, фалсафа бундан йироқ, ҳикмат бундан аъло бўлуви мумкинми?
Давлатқа етиб, меҳнат элин унутма,
Бу беш кун учун ўзингни асру тутма.
Боргонни, кел энди, ёд этмай эй дўст,
Бориш-келишингни лутф этиб ўксутма.
Давлатга эришганингда, амалга, мансабга минганингда, элнинг меҳнаткаш қисмини унутма, дунёбеш кун, беш кунлик ўтар дунёда ўзингни, мансабингни абадий деб ўйлама. Сени ёқлаганни
унутиб, боришингни бир марҳамат ҳисоблама, қўлингни узма, марҳамат қилдим деб ўйламаки,
кўнгуллар ўксийди.
Афандим, ”Бошинг осмонга етса ҳам, оёғинг ердан узилмасин” деган асрий ҳикматга ишора
эмасми бу ? Алалхусус, бугунги кун зодагонларига ҳукмфармоликка эришгач, халқингни унутма,оёғингни ердан узма деган эслатма йўқми бунда? Аслида инсоннинг таназуллга учраши,
эврилиши, фожеаси ҳам шу нуқтадан бошланувига ишора қилувчи бу рубойи ҳикматдан неча поғона
қуйи, афандим?
Ким ёр анга илм, толиби илм керак,
Ўргангали илм толиби илм керак.
Мен толиби илму толиби илме йўқ,
Мен бормен илм толиби илм керак.
Илк сурасининг илк ояти ”ўқи!” деган калом билан бошланган ”Қуръон”да муҳкам,ҳадислар билан собит қилинган , ислом умматининг нажоти фақат у билан эришилуви мумкин бўлган илм талаби ўта
орзумандлик билан баён этилган бу рубойини ҳикматдан ташқари, фалсафадан холи дейиш учун ”киши
адолатининг тарозиси” (Бобур сўзи) қай мартабада бўлиши керак, афандим? Афандим бу сатрлар шу
қадар уйғоқ, шу қадарли тирик ,ҳар нафасда ҳушёр!« Ҳар қандай китоб мутолаа жараёнида тирилади.
Хотираларда қолган шеър тирикдир.» (Муҳаммад Солиҳ сўзи) Далилларимизда давом этамиз.
”Ўхшатишга ҳаракат қилган ва бунга муваффақ бўлган Бобир Мирзодир” Рост дедиз, афандим!
Ўхшатишга ҳаракат қилган, ўхшаган ва баъзи жиҳатлари билан Хайёмдан ўзиб ҳам кетган яна
ўша Бобурдир!!
Далил.Хайём :
Йўқликдан пок келиб, нопок бўлдик биз,
Шўху қувноқ эдик, ғамнок бўлдик биз.
Кўзимиз тўла ёш, юракда олов
Умр елга кетди ҳамки, хок бўлдик биз.
Бобур:
Руҳим яратиб эдинг латофат бирла,
Қилдинг анга танни ҳамроҳ офат бирла
Руҳимни тан уйига келтирдинг пок,
Мундин бори элтма касофат бирла.
Ҳар иккала рубойи эътиқодий-марифий мавзуда бўлиб, Хайёмда бу инсоннинг йўқликдан покиза келиб,
нопоклик кейинроқ кечиши, шод-хуррам , қувноқ келиб, ғамга дўниши, гарчи юракда олов бўлса￾да яшаш учун, кўз тўла ёш билан хок-тупроққа айланиши баён қилинган. Бобурда ҳам
Хайёмникига уйғун руҳда бошланган, фақат қамров кенгроқ . Яъни руҳни Аллоҳ таоло беғубор,
латиф ҳолда яратгани, унга тан қафас қилингач, бало-офат кейин бошланиши, тан уйига покиза келган
… тан уйига покиза келган бу яратиқни аслига қайтувида яратилгани каби покиза қайтиши , булғанч,
нопок ҳолда қайтарилганда рад этилувидан қўрқув, қабулидан умидворлик билан якун топган.
Хайём мақсад ва ғояни дангал ташлаган, жуда аниқлик билан. Инсон туғилади(йўқликдан келади) ва
қанча яшамасин, ҳаётга ташналик не қадар бўлмасин, барибир кетади, яъни ўлади ва тупроққа
қўшилади. Хайём фикрини шу баён билан якунлайди. Туғилиш ва ўлиш. Бобур эса ўша яратиқнинг
(руҳнинг яъни) тупроққа қўшилувидан кейинги ҳолат(асл ўзлик)ни ҳам ”манзилига чиройли тарзда йўл
олишини ”баёни бн якунлайди. Яъни, Бобурда хулоса балоғатли. Бадиий жиҳатдан ҳам жозиб
устунликда(тан уйи, ҳамроҳ офат) .
Мунозара тамом.
Афандим, бизга сизнинг ХХ аср бошларида вужудга келган жадидчилик ҳаракатининг илғор вакили
бўлганингиз тарих битикларидан маълум. Хусусан, Туркистон бирлигини асраб қолмоқ ҳаракатида
миллатнинг ақл кўзини, онгини уйғотмак мақсадида қилган маърифий жиҳодингиз, миллатнинг ўзаги
бўлган тилимиз истиқболи ва софлиги қайғусида ёзган эслатма -мақолангиз, адабиёт назариясига оид
фикрларингиз ниҳоятда баланд ўринда туради. Эл дарди, юрт қайғуси, ватанни ҳур ва озод кўриш истаги
билан ёнган жасоратли хизматларингиз сизнинг бу борада сафнинг бошида эканлигига шаксиз далолатдир.
Бу борада биз авлодларга тенгсиз ўрнак, қиёссиз ибратсиз. Ҳануз қийматини сақлаб қолган ,вақт ва
давр элагидан ўтиб келаётган ғояларингиз ҳали ўз сўзини кўп айтажак. Бироқ Бобур ижодидаги бу мулоҳазаларингизга биз ҳақ беролмадик. Фикрларнинг ўсуви ўзи каби фикрлар тўқнашувидан ҳосил
бўлар. Юқоридаги фикрларимизга ҳам сизнинг ниҳоятда қийматли фикрларингиз сабаб бўлганлиги важидан
бу саркашлигимизни фикрлар тўқнашуви деб қабул қилишингизни сўрайман.

Xurshida Ataullohxon