ЎЗЛИККА ЙЎЛ
“Адашмаган ҳайкаллар” видеоси орқали Муҳаммад Солиҳнинг ҳайкалтарошлик санъатидан хабардорлигини биласиз, демак, унинг рассомлигини ҳам биларсиз.
Аввал эслатиб ўтганимдек, Солиҳ болаликданоқ расм чизишга қизиққан. Ўтган асрнинг 60-йилларида бобоси қурган эски, кунграли, қирқ хонали уйнинг йиқилмай қолган узун деворига М.Ю.Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони” образларини оқ-қора рангда чизган расмларини қизиқиб томоша қилганман. Афсуски, ўша вақтларда фотоаппарат деган нарсалар оддий одамларда кам эди. Шунинг учун бу расмларни суратга олиб қолмаганмиз.
Аммо, бошқа бир нарса сақланиб қолган. Солиҳ ҳозиржавоблик билан воқеа-ҳодисаларни карикатура қилиб чизишга уста эди. Унинг қаламда ёки ручкада қоғозга чизган карикатуралари объектнинг у ёки бу хусусиятини акс эттириб, кўпроқ ҳазилга мойиллиги билан эътиборлидир.
Талабалик давримизда Муҳаммад Солиҳ саргузаштларга ташна, романтик кайфиятдаги ўспирин эди. У даврда бир-биримизга ҳазиллашиб шеърлар ёзардик. Шеърнинг тепасига “Қофиябозлик туркумидан” деб қўярдик. Солиҳ бу туркумдаги шеърларга карикатура чизар эди. Унинг чизган карикатураларидан айримлари менинг архивимда сақланиб қолган. Бу карикатуралар “Муштум” журналидаги карикатуралардан қолишмас эди. Шеър ва карикатуранинг тагига “Ноймутлар” ёки “Бродяга” деб имзо қўярдик.
Ҳозир “Қофиябозлик туркумидан” деб ёзилган шеърларни ва чизилган карикатураларни эсласам, бир-биримизни аёвсиз танқид қилганлигимизни, ва бу соғлом танқидда ниҳоятда самимий эканлигимизни кўраман. Танқидни тушунолмай, биздан хафа бўлган дўстларимиз ҳам бўлди.
Болаликда аксарий болалар қатори Муҳаммад Солиҳ ҳам “қизиллар” мафкураси таъсирида бўлган. Йигирманчи асрнинг 50-йилларидаги компартия ташвиқоти жуда кучли эди. Лекин айни пайтда рус адабиётидан илк намуналарни ҳам ўша даврда ўқиди Солиҳ. Садриддин Айний номидаги саккиз йиллик мактабнинг рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Елена Петровна Медведева шундай эслайди: “Солиҳ мактабда рус тили ва адабиёти фанидан яхши ўқирди. Рус шоир ва адибларининг, айниқса Пушкин ва Лермонтов асарларини севиб ўқирди. Болаликдан романтик кайфиятда эди. Бугун замонавий шеъриятнинг катта шоирига айланди”.
Болаликда қизил командирларга тақлид қилган, рус шоир ва адибларини севиб ўқиган ва уларга муҳаббат қўйган болакай армия хизматига борди-ю, дунёқараши остин-устин бўлиб кетди. Бунга сабаб биргина сўз, рус аскарларининг ўрта осиёлик аскарларга “Эй, чурки!” деган хақорати бўлган.
Муҳаммад Солиҳ ўзининг “Йўлнома” китобида бу хақоратни эшитиши биланоқ ўзининг совет эмас, туркий миллатга мансублигини англаб етди.
Бу сўз русларда мустамлакачилик ғоясининг мавжудлигини, прогрессив адабиёти билан ёнма-ён буюк рус шовинизми ҳам яшаётганини кўрсатганди.
Руснинг хақорати ёш шоирнинг кўзини очди, ўзлигини англатди. Ва ўша “чурки”ларнинг ҳақларини ҳимоя қилиш унинг бош мақсадига айланди.
Тақдирнинг ўйинини қарангки, рус адибларига муҳаббат қўйган Солиҳ, армия хизматидан кейин Туркистонни озод кўриш истагида бўлган бир миллатпарвар шоир ўлароқ, рус мустамлакачилиги, рус шовинизмининг ашаддий душманига айланди.
Рус шовинистлари ҳам уни асло унутмади. Қайта қуриш йилларида (1988) Муҳаммад Солиҳга карши “Правда Востока”да Юрий Кружилин ёзган мақоладан бошлаб 2017 йил Москвада чиқадиган Vestiuz сайтида эълон ёйинланган “Ўзбекистонга Муҳаммад Солиҳ керакми?” номли мақолагача бўлган воқеалар рус шовинизмининг Солиҳ исмини ҳали ҳам ҳазм этолмаганлигидан дарак бермоқда.
Шу ерда Муҳаммад Солиҳнинг бир шеъри эсимга тушди:
УЧОҚДА
Учар, учар баҳайбат лайнер.
Дарчаларни ялайди булут.
Аввалига кўнгиллар айнир,
Кейин… бари бўлади унут.
Кейин бирдан унут бўлади
Еpда эмас, кўкда эканинг –
Кимдир ўқир, кимдир кулади,
Кимдир ухлар ёнингда сенинг.
Кимдир бошлаб берар уйқуни…
Ва янграйди умумий хуррак.
Сен-чи, четда танҳо, биқиниб,
Ўтирасан – кўникмас юрак.
Ҳамма ухлар. Ухлайди барча.
Ёлғиз қолдинг дарча ёнида –
Ёлғиз ҳазм бўлмаган парча
Улкан қушнинг жиғилдонида.
(1981)
Ҳа, Муҳаммад Солиҳ исми осонгина ҳазм қилинадиган шахс исми эмас.
Чунки Солиҳ замон ичра кўпчилик хуррак отаётганда уйғоқ қолаоладиган нодир шахсиятлардандир.
Муҳаммад Раҳим