O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

БУҚАЛАМУНЛАР

БУҚАЛАМУНЛАР
11,091 views
16 January 2023 - 14:52

Ғалати ишлар бўляпди-да. Бир вақтлар Ортиқхўжаевни танқид қилиб ёзган қатор мақолаларимдан сўнг, мени лаънатлаб, блоклаб ташлаган бир манқурт бугун ўзи кетига тепилган ҳокимни ахлатга булаб қатор постлар қўйяпди.
Мени ҳам блокдан чиқарганига анча бўлган экану, билмабман. Постлар кўрина бошлагач қора рўйхатидан чиққанимга амин бўлдим.
Йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмай қолдим.
Ниҳоят кўзи очилибди, виждони уйгонибди деб қўйдим.
Аслида ҳаммасига ўзимиз айбдормиз. Ҳокимларни бошимизга чиқарган ҳам ўзимиз.
Сал очиқроқ, сал қаттиқроқ ёзсанг, халқ душманига чиқариб, норасмий тақиқлар қўйишади.
Нафақат ёзган одам, балки қариндош-уругигача босим бошланади.
Шунақа қўрқоқмизки, биз оқаётган оқим сассиқ,балчиқ ховузга олиб кетаётганини билиб ҳам , унга қарши сузмаймиз.
Қўшним бор. Ғирт жохапарарст эди. Хозир кўриб қолдим. Бир маҳалла одамни ўзига қаратиб, икки йил аввал мен айтган гапларни гапиряпди:
-Нафақат, ҳокимликдан сенаторликдан ҳам олиниб , жиноий жавобгарликка тортилсин!
Зора бошқа амалдорларга ҳам дарс бўлса!
Бир вақтлар шунақа деганим учун маҳалла катталарига мендай безбет, ношукурни маҳалладан хайдашни, Фаргонамга бадарга қилишни маслахат берган одамни бугун тили ўн қарич.
Аслида жамият учун Ортиқхўжаевлар эмас, мана шунақа нусхалар хавфлироқ эмасми?
Ярани посод бойламасдан аввал кўрсатсанг, ярани эмас, ўзингни кўзингни ўйишга, тилингни кесишга уринишади.
Яра йиринглаб, бижгий бошагач ҳам чидашади.
Юқоридан кимдир сассиқ мадаси танага тарқаган ярани қўпоришга буйруқ берсагина бугунгидек сайрашади. Йиқилган одамни тепиш осонроқда!
Мени ҳам жиним қўзиб, атайин икки йил аввалги постларимни эслатдим. Бир грам уялмай, ёйилиб илжайди:
-Авлиё бўпкетингей! Ўшанда тўппа-тўгри ёзган экансиз. Ижтимоий тармоқлар яхши нарсада…
Атайин, овозимни бир парда кўтариб жиғига тегдим:
-Ўзи аслида нўноқ ҳукумат истефога чиқиши, хибсга олиниши, тик отилиши керакку, лекин…унда Янги Ўзбекистон идилияси барпод бўладида.
Ортиқхўжаевдака каналарни семиришга , қутуришга жим қараб турганлар ундан кам айбдор эмас! Фақат занжир бир-бирига боғлиқда. Бутун занжирни ахлатга отгандан кўра, битта халқасини олиб ташлаган маъқул!
Унигина эмас, махалла катталарининг ҳам ранги оқариб кетди. Ёнимда турганлар сал нарроққа силжиб, ранглари оқарди:
-Эндиии, хаддингиздан ошманг! Бус-бутун ҳукуматни айбдор қилишга сизга ким хуқуқ берди?! Ёки маҳалладан қувгин бўлишни хохлаяпсизми?
Мийиғимда кулдиму, ташқарига йўналдим. Эшик олдига етган чоғ уларга ўгирилиб қарадим.
– Маҳалладанку кетарман. Фақат, битта саволимга жавоб беринг:
-Мен, мендакалар кетса яхшироқ яшайсизми?
Лаънатдан , охиратдан, қиёматдан қўрқмайдиган юҳоларга ем бўляпсизку! Уларку хоқондай яшашяпди? Сизчи? Совуқдан ўлай дедингиз. Газ, свет берилар деб, тўпалон кўтардингиз.
Аслида сиз Ортиқхўжаевга, Ортиқхўжаев сизларга муносиб эди. Ўрнига ўтиргани ҳам одам. Бошингизга чиқарсангиз оғзи ўрадай, нафси юҳодай битта аждарга айланади. Чунки тизим шунақа. Қуллар, қўрқоқларни қақшатиб кун кўрадиган тизим бу!
Ортимдан бир дунё лаънат ёғилди.
Биламан, хойин, халқ душмани, провокаторман.
Ҳеч қачон оқим билан бирга сассиқ балчиққа қараб сузмаганман. Доим ўз хақиқатим бўлган.
Биламан, бу хақиқатга қаршилар, сассиқ ховуз бўлсада чидаб яшайман дейдиганлар кўп. Бироқ , ўша кўпни ичида яхши инсонлар ҳам увол бўлаётганига ичим оғрийди.
Бир миллатни, инсониятни гултожи бўлишга арзийдиган инсонлар увол бўлаётганидан ачинаман.
Муаззам Иброҳимова