O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Cизни “зиёли” деганлари билан зиёли бўлиб қолмайсиз…

Cизни “зиёли” деганлари билан зиёли бўлиб қолмайсиз…
29 views
23 April 2017 - 10:00

Бу ҳам бекорчиликда хаёлга келган бир гап…

Ўқимишли

Билимли

Илмли

Зиёли. (Туркия турклари “зиёли”ни “ойдин” дейдилар).

Бу сўзлар орасидаги фарқлар ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

“Ўқимишли” дегани “билимли” дегани эмас.

“Билимли” дегани ҳам “илмли” дегани эмас.

“Билимли” ҳам “зиёли” дегани эмас.

Демак, ҳарҳолда, “зиёли” – юқори нуқта ҳисобланади…

Унга етишиш йўллари – мураккаб ва узоқ…

Ҳисоблаб кўрмоқчи бўлсангиз, умрингиз бўйи нечта китоб ўқишингиз мумкин?

Тахминан, битта китобни ўрта ҳисобда бир ҳафта ўқиб тугатишингиз мумкиндир(ҳажмига қараб).

Шундай бўлса, икки мингта китобни ўқиб чиқиш учун, тахминан, икки минг ҳафта керак бўлади…

Салкам бир умр…

Шунда ҳам қандай ўқишингизга боғлиқ…

Диққат билан, тушуниб ўқисангиз, миянгизда бир ғалаён – тўфон бошланади!

Китоб – китобни инкор қилаётганини,

Эътиқод – эътиқодни инкор қилаётганини,

Фалсафа – фалсафани инкор қилаётганини,

Тушунча – тушунчани инкор қилаётганини билиб қоласиз…

Ана шу тўфон тўзонлари орасидан ўзингизни йўқотмай, маълум бир ёруғ нуқтани илғаб олабилсангиз, шу нуқта йўлидан адашмай борабилсангизгина Зиёлиликка яқинлашасиз…

Шунчаки, сизни “зиёли” деганлари билан ЗИЁЛИ бўлиб қолмайсиз…

Ёдгор Обид

facebook.com