CУЛТОН СЕГИЗБОЕВ – МИЛЛАТНИНГ ЯНА БИР ЖАЛЛОДИ
Миллат ойдинларини қатағон қилишга бош қўшганлардан яна бири Султон Сегизбоев билан танишсак.
Сегизбоев НКВД махсус учлик гуруҳи аъзоси сифатида Чўлпон, Қодирий ва бошқа ойдинларимизни ҳибсга олишга фармон берган бош жаллодлардан биридир.
Султон Сегизбоевич Сегизбоев 1899 йилда Тошкент уезди Жағалбайли овулида туғилади. Сегизбоев рус чоризмига қарши 1916 йилги қўзғолонда иштирок этган.
Сегизбоев миллий озодлик ҳаракатида қатнашган бўлса-да, у жадидлардан эмас эди. Жадидларда бор бўлган илм ва дунёқараш унда йўқ эди. Бундай курашчилар большевиклар мафкураси асирига айланиши осон эди.
Сегизбоевга большевиклар ҳаракати маъқул келади ва улар сафига киради. Бундай ташкилотчи, етакчилик қобилияти бор, партияга содиқ одамлар большевикларга ҳаво ва сувдек зарур эди.
Султон Сегизбоев каръераси инқилобнинг дастлабки йилларидан юксала бошлайди. 1918-1919 йилларда Оққўрғон коммунистлар (большевиклар) партияси волост қўмитасига раис бўлади.
1921 йилда Кронштадтда большевикларга қарши кўтарилган қўзғолонни бостиришда қатнашади. Айнан ўша ерда большевикларнинг террор усулларини кўради ва ўрганади.
1923 йилда Фарғона вилояти КП(б)нинг масъул котиби. 1924 йил Тошкент уезди партия марказий қўмитасида тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири ўринбосари.
1925 йилда Украинага ишга ўтказилади. Сторобельск округи компартиясида инструкторлик қилади. 1928-30 йилларда йирик партия арбоблари ўқийдиган қизил профессура институтида таҳсил олади.
1930-32 йилларда Ленин номидаги СССР Фанлар академияси ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги бўлимининг Ўрта Осиё филиалига директорлик қилади.
СССР Халқ комиссарлари ишчи-деҳқонлар инспекциясининг пахта-ирригация қўмитаси раҳбари. 1932-34 йиллари асли келиб чиқиши қозоқлардан бўлган Сегизбоев Қозоғистон ВКП (б)си ташкилий инструкция бўлимига раҳбарликка тайинланади. 1934-37 йиллари Қозоғистон ВКП (б) ижроия қўмитасида қишлоқ хўжалиги бўлими раиси.
Шу ўринда айтмоқчиманки, Усмон Юсупов, Сегизбоев сингари одамлар нафақат миллат ойдинларини йўқ қилишда роль ўйнадилар. Улар келажакда Кремль манфаатини кўзлаб Туркистоннинг ҳосилдор ерларини, Орол денгизини қуритишда жонбозлик кўрсатишди.
Шу йўлда улар Ўрта Осиё мелиорацияси ва тупроғидан фойдаланиш истиқбол режаларини ишлаб чиққан ва кўрсатма берган шахслар эдилар.
1937 йилда Султон Сегизбоев Шимолий Қозоғистон области ВКП(б) қўмитасининг биринчи котиби.
1937-38 йиллар, қатағон даврида Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети раиси.
Бироқ, кўплар қатори советларга қулларча хизмат қилган Сегизбоевнинг ўзи ҳам 1938 йил охирида ҳибсга олинди ва тергов учун Москвага олиб кетилди. 1939 йил 25 февралда у НКВДнинг собиқ раҳбари Ежов хатолари иштирокчиси сифатида қатл этилди.
Миллат ойдинларидан биз танийдиганлари жуда камлигини билмаймиз ҳам. Юртнинг озодлиги орзуси ва ҳаракатида қурбон бўлган ватаннинг чин ўғлонлари, мард аёл қизлари қаторида, халқнинг ўтмишдаги асл душманларини ҳам унутмаслик керак.
Ихтиёр Эсанов