Сурхондарё вилоятининг Музробод туманида 200 чоғли киши 7 феврал куни газ ва электр энергияси тақчиллигидан, ичимлик сувнинг йўқлигидан, туғруқхоналарда чақалоқлар совуқдан ўлаётганидан норозилик билдирди. Музробод туманидаги Қўнғирот маркази қишлоқ фуқаролари йиғини биноси олдида тўрт кун муқаддам ўтказилган норозилик акцияси тафсилотлари Озодликка 11 феврал куни маълум бўлди.
“Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи уй бекаси Шодигул Жўраеванинг айтишича, бу норозилик акцияси стихияли тарзда ташкил бўлди.
Суҳбатдошимизга кўра, 7 февралда Қўнғирот марказида яшаётган одамлар пичоқ суякка бориб етганидан сўнг қишлоқ фуқаролар йиғини биноси олдига тўплана бошлаган, уларни бу ерга ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилмаётгани етаклаб келган.
– Газ билан свет муаммолари халқни қийнаб юборди. Газ умуман йўқ, светни суткасига 20 соат ўчиради. Қолган 4 соатида ҳам ҳар 15 минутда ўчириб ёндираверади. Халқнинг холодилниклари, компютерлари, телевизорлари, умуман ток билан ишлайдиган ҳамма нарса куйиб боряпти. Кейин биз қўзғолон кўтариб, фуқаролар йиғинига бордик ҳақиқат талаб қилиб, – дейди Шодигул Жўраева.
Суҳбатдошнинг айтишича, фуқаролар йиғини идораси олдида 200 нафардан ортиқ одам йиғилган. Бироқ қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ва котиби қочиб кетган. Шундан сўнг улар туман ҳокимиятига қўнғироқ қилиб, туман ҳокими ўринбосари, милиция бошлиғи ўринбосарини чақиртириб олишган:
– Ҳоким ўринбосари халқнинг дардини дабдаласи чиқиб кетган клубга олиб кириб эшитди. Одамлар гапирди, мустақилликнинг гуркираган замонида бизнинг болларимиз мактабдан касал бўлиб келяпти, бизнинг ҳаётимиз фожеага айланди, биз қақшаб яшаяпмиз, ичгани сувимиз йўқ, ёққани чироғимиз, исингани ўтинимиз йўқ, деди.
Бир ўқитувчи аёл гапира туриб, йиғлаб юборди. У: “Роддомда мени бир эмас, икки невара чақалоғим совуқдан музлаб ўлди!, деди. Унинг гапларига тошлар эриди, лекин раҳбарларнинг кўнгли эримади, – дейди Шодигул Жўраева.
Уй бекасининг айтишича, йиғилишда ўтирган раҳбарлар муаммоларни бартараф этиш йўлларини излашдан кўра, аксинча, халққа босим ўтказмоқчи бўлган:
– “Нимага стачка кўтаряпсизлар, нимага қўзғолон қиляпсизлар” деб, қайтанга бизга ҳужум қилди. Биз нима қилайлик, индамай ўлиб қолаверайликми? Ҳозир Қўнғирот марказига келинг, кран у ёқда турсин, ҳатто зовурларда сув йўқ. Мол, ит ўлган зовурлардаги қолиб кетган сувларни ичяпти аҳоли, – дейди Шодигул Жўраева.
“Дўстлик” маҳалласида яшовчи яна бир суҳбатдош – Раъно опанинг айтишича, сўнгги 20 йил ичида халқ бунчалик қийналмаган эди:
– Мен ҳам Шодигулнинг гапларига қўшиламан. На сув бор, на печкага ёққани ўтин бор. Совуқдан халқ ниҳоятда азоб чекяпти. Афсуски, раҳбарларимизнинг халқ дарди билан иши йўқ, – дейди Раъно опа.
Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, йиғилишда қатнашган раҳбарлар қоп-қоп ваъдалар бериб, халқни тарқалишга ундаган. Аҳоли бу ваъдаларга ишониб, уй-уйларига тарқалган. Бироқ орадан 4 кун ўтган бўлса-да, Шодигул Жўраевага кўра, бирорта муаммо ҳал қилинмаган.
– Биз энди президент номига хат тайёрлаяпмиз. Ишонамиз, президентимиз яхши одам. Бу раҳбарларни танобини тортиб қўяди. Агар шунда ҳам муаммо ҳал бўлмаса, биз 200 одам президент девонига борамиз, – дейди Шодигул Жўраева.
Озодлик бу масала юзасидан фикр олиш мақсадида Музробод туман ҳокимлиги билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ туман ҳокимлигининг телефонлари жавоб бермади.
Музробот туман ички ишлар бўлимининг навбатчиси Озодлик билан суҳбатда Қўнғирот марказида бўлиб ўтган аҳолининг норозилик акциясидан хабарсиз эканлигини айтар экан, бу саволга жавоб берадиган бошлиқлар иш ўринларида эмаслигини билдирди.