“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Душанбеда 12 май куни Тошкент қарши чиқаётган CASA-1000 лойиҳасини амалга ошириш расман бошланган. Лойиҳанинг бошланиши муносабати билан ўтказилган расмий маросимда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон бош вазири Сўўрўнбай Жээнбеков, Афғонистон бош вазири Абдулла Абдулла, Покистон бош вазири Навоз Шариф иштирок этди.
Тожикистон ва Қирғизистонга умид бахш этган лойиҳа
CASA-1000 лойиҳаси доирасида Тожикистон ва Қирғизистон электр энергиясини Афғонистон ҳамда Покистонга сотиш назарда тутилади. Расмий тадбирда бу ҳақда гапирган Эмомали Раҳмон, жумладан, мана буларни айтди:
– Бу юқори кучланишли линия орқали Жанубий Осиё мамлакатлари йилига Тожикистон ва Қирғизистондан 5 миллиард киловатт соатгача бўлган миқдорда экологик тоза электр энергиясини сотиб олишлари мумкин бўлади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 170 миллион доллар бўлиб, Қирғизистон ва Тожикистондан Афғонистон орқали Покистонга 1222 километр узунликда юқори кучланишли электр тармоғи барпо этилади.
Лойиҳа Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги, АҚШ Давлат департаменти, Британия халқаро ҳамкорлик вазирлиги, Австралия халқаро тараққиёт агентлиги томонидан молиялаштирилади.
Афғонистон электр энергияси сотиб олиш фикридан воз кечди
11 май куни Душанбеда ўтган CASA-1000 анжуманида Афғонистон лойиҳа доирасида Тожикистон ва Қирғизистондан электр энергияси сотиб олиш фикридан воз кечганини маълум қилди:
– Агар биз CASA-1000 лойиҳаси асосида электр энергиясини сотиб оладиган бўлсак, у ҳолда узоқ йиллар давомида Марказий Осиёга энергетик қарам бўлиб қоламиз. Айни пайтда бизда гидроэнергетик заҳиралар ва сармоялар мавжуд. Бугунги кунда Кобул энергетик мустақилликка эришиш стратегиясини ишлаб чиққан, – деди Афғонистон энергетика ва сув таъминоти вазири Али Аҳмад Усмоний.
Унга кўра, АФғонистон лойиҳада транзит мамлакат сифатида иштирок этади. Афғонистон орқали Покистонга транзит қилинган электр энергияси учун Кобул йилига 45 миллон доллар ҳақ олади.
Ўзбекистон лойиҳа минтақа иқтисоди учун ҳалокатли эканини айтмоқда
Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳаси минтақа иқтисоди ва экологияси учун ҳалокатли бўлишини билдириб, қаршилик кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистонлик мутахасисларнинг билдиришларича, 1910 йилдан 2009 йилгача олиб борилган ҳар ойлик кузатишлар таҳлил қилинганида, аслида Тожикистон ва Қирғизистон йилига ўрта ҳисобда 3 миллиард киловат соатдан кўпроқ электр энергия дефецитига эга экани аниқланган. 1974-1986 йиллардаги камсувлик даврида эса бу дефецит йилига 5,5 миллиард киловат соатни ташкил қилган. Ўзбек мутахасислари, Тожикистон ва Қирғизистонда ортиқа энергия ресусрлари мавжуд эмас ҳамда бу икки давлат CASA-1000 лойиҳаси бўйича мажбуриятларини бажара олмайди, деган хулосага келган.
Ўзбекистонлик экспертлар, шундан келиб чиққан ҳолда, CASA-1000 лойиҳасини амалга оширилиши Тожикистоннинг Роғун ГЭСи, Қирғизистоннинг эса Қамбарота 1 ГЭСи қурилиши билан узвий боғлиқ эканини айтмоқдалар. Ўзбекистон томони фикрича, мазкур қурилишларнинг амалга оширилиши минтақа сув хўжалиги ҳамда экологиясига катта миқдорда зарар етказади.
Душанбе ва Бишкек нуқтаи назари
Душанбе ва Бишкек расмийлари эса Ўзбекистон экспертларининг хулосалари сиёсий асосларга эга, деб ҳисобламоқда. Тожикистон ва Қирғизистон томони Ўзбекистон Покистон ва Афғонистон энергетика бозорига қўшниларини киритмаслик учун мана шундай позицияда турибди, деган нуқтаи назарни билдириб келаётир.
Бугунги кунда Афғонистонга экспорт қилинаётган электр энергиясининг асосий қисми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонга сотиладиган электр энергияси миқдори 10 фоизга кўпайтирилиши ҳақида билдирган эди.
ЎХҲ хабарлар бўлими