O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Daimler” Ўзбекистонда завод очишдан бош тортди

Германиянинг “Daimler AG” ширкати Ўзбекистонда Mercedes-Benz автобуслари ишлаб чиқарувчи қўшма корхона очиш режасидан воз кечганини билдирди.

“Daimler” Ўзбекистонда завод очишдан бош тортди
21 views
03 August 2012 - 13:06

Германиянинг “Daimler AG” ширкати Ўзбекистонда Mercedes-Benz автобуслари ишлаб чиқарувчи қўшма корхона очиш режасидан воз кечганини билдирди.

Ширкат техник ва иқтисодий имкониятларни қайта чамалаб чиқиб, “ҳозирги иқтисодий шароитнинг мураккаблиги” боис “Ўзавтосаноат” билан бирга шундай қарорга келганини айтмоқда.

“Daimler AG” Тошкентдаги касодга учраган Чкалов авиация бирлашмаси негизида автобус ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаётган ва 2010 йилда бу борада Ўзбекистон томони билан келишувга эришган эди.

Дастлабки режага мувофиқ “Dimler AG” “Ўзавтосаноат” шикарти билан ҳамкорликда минтақа бозори учун йилига 600 дона 12 метрли шаҳар автобуслари йиғадиган “Mercedes-Benz Uzavtosanoat” қўшма корхонасини очиши ва уни ўтган йил кузида ишга тушириши керак эди.

“Daimler AG”  ширкати Ўзбекистондаги бозор имконларини қайта ўрганиб чиқиб, бу режадан воз кечганини айтди:

– Бозор таҳлили ҳозир иқтисодий шароит мураккаблигини кўрсатмоқда. “Ўзавтосаноат” билан биргаликда вазиятни ўрганиб, ҳозир завод очишнинг мавруди эмас, деган хулосага келинди¸ деди Озодлик мухбири билан суҳбатда бош қароргоҳида Штутгардда жойлашган “Daimler AG”  ширкатининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича раҳбари Ута Лейтнер.

Бугунги кунда Mercedes-Benz автобуслари Тошкент жамоатчилик транспорт тармоғининг асосий қисмини ташкил этади.

“Тошшаҳартрансхизмат” ширкатига кўра, Ўзбекистон пойтахтида ҳозир мингта Mercedes-Benz автобуси йўловчиларга хизмат қилмоқда. Келажакда ширкат 18.9 миллион долларга яна юзта автобус харид қилишни режалаган.

– Ўзбекистон билан автобуслар савдоси бўйича ҳамкорлигимиз давом этаяпти. Агар келажакда иқтисодий таҳлиллар кўнгилдагидек бўлса, балки завод очиш масаласи яна кўтарилиши мумкин, – деди “Daimler AG”  ширкатининг Штутгартдаги бош идораси Жамоатчилик билан алоқалар бўйича раҳбари Ута Лейтнер.

Икки йил аввал АҚШ Адлия вазирлиги “Daimler AG”ни йирик давлат шартномаларини қўлга киритиш мақсадида, 22 мамлакат, жумладан Ўзбекистон расмийларига ҳаммаси бўлиб, 56 миллион доллар миқдорида пора беришда айблаган эди.

Америкалик прокурорларнинг айтишларича, Daimler йирик шартномаларни қўлга киритиш учун 22 давлат жумладан Ўзбекистон ва Туркманистон расмийларига совға-саломлар ҳам улашган, ҳар бирининг нархи камида ярим миллион еврога тенг иккита зирҳланган автомобилларини юқори лавозимли туркман мулозимига тортиқ қилган.

1998 – 2008 йиллар оралиғида берилган бу пораларнинг бир қисми АҚШда жойлашган ширкатлар орқали берилган.
Daimler AG”  ширкатининг Штутгартдаги бош идораси Жамоатчилик билан алоқалар бўйича раҳбари Ута Лейтнер икки йил аввалги жанжалли ҳодисалардан хабари йўқлигини, Ўзбекистонда завод очиш режасидан воз кечилишининг асосий сабаби эса иқтисодий шароит мураккаблиги, эканини айтди.

Daimler айрим давлатлар, жумладан Ўзбекистон расмийларига пора бергани фош бўлиши ортидан АҚШ ҳукуматига 185 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлган.

Daimler раҳбари ўшанда “олинган тажрибадан тегишли сабоқ чиқардик,” деб айтган эди.

ozodlik.org