O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ДХХ тазйиқига учраган Элтуз рассоми Элсевар вафот этди

ДХХ тазйиқига учраган Элтуз рассоми Элсевар вафот этди
13,467 views
15 November 2022 - 19:26

Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси, рангтасвир, графика ва карикатура устаси, етук рассом, Элтуз ижодий жамоаси аъзоси Шавкат Музаффар (Шавкат Туропов) 54 ёшида 15 ноябр куни Тошкентда оламдан ўтди.

Шавкат Музаффар Элтузга Элсевар тахаллуси билан карикатуралар чизарди.
Қатор халқаро кўргазмаларда карикатуралари эътироф ва совринларга сазовор бўлган Шавкат Музаффар 2016 йили Чехиянинг Прага шаҳрида сиëсий фаол рассомлар учун ўтказилган тренингда қатнашгани ортидан ўша даврдаги Ўзбекистон МХХ ташкилоти тазйиқларига дучор бўлди.
Бу тазйиқлар рассом ҳаётини остин-устун қилиб юборди.
Шавкат Музаффар Элтуз нашри очилган илк кунлардан бошлаб, нашр билан яқиндан ҳамкорлик қилган ва порталнинг визуал қиëфасини белгилашда катта ëрдам берган эди.
Элтуз жамоаси ўз рассоми Шавкат Музаффарнинг яқинларига таъзия билдиради.
Шавкат Музаффар 1968 йил Тошкент шаҳрида туғилди. 1993 йилда Тошкент архитектура ва қурилиш институтининг архитектура факультетини тамомлади.

1989−1993 йилларда «Ташгипрогор» ва «Узниипр» лойиҳалаш институтларида, 1993−2003 йилларда «Ўзсаноаткурилишбанк» тизимида, 2007−2010 йилларда «Муштум» ҳажвий журналида, 2015−2020 йилларда Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармасида ва Тошкент шаҳар маданият бошқармасида фаолият юритган. Шу пайтга қадар Шавкат Музаффар «Муштум» журнали ва Халқаро ислом академиясининг «Зиё» студиясида фаолият юритиб келди.
Шавкат Музаффарнинг бир қанча рангтасвир, графика, карикатура ва шунингдек ҳаттотлик асарлари АҚШ, Германия, Чехия, БАА, Франция, Жанубий Корея, Малайзия, Саудия Арабистони каби қатор мамлакатларнинг шахсий коллекцияларида, шу жумладан, АҚШ Конгресси кутубхонасининг Марказий Осиё фондида сақланади.

Рассом асарларидан бир нечтаси Чехиядаги Боҳемия унверситети раҳбари профессор Холназар Омонов коллекциясида мавжуд.

Рассом кўплаб халқаро танлов-конкурслар, кўргазмаларда фаол иштирок этган, бир қанча асарлари Европа ва Осиё мамлакатлари кўргазмаларининг каталогларидан жой олган.
Хусусан, бир неча марта дунёнинг энг нуфузли World press cartoon танловида Ўзбекистон номидан қатнашган. 2007 йил «Олтин қалам» миллий мукофотига, 2016 йил«Мустақилликнинг 25 йиллиги» медалига сазовор булган.
Аллоҳ ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат айласин Элсеварни!

Eltuz жамоаси