O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ДХХнинг барбод бўлган операцияси

ДХХнинг барбод бўлган операцияси
27,857 views
14 November 2023 - 0:28

Озодликка бир-биридан мустақил тўрт манбадан келган хабарга кўра¸ Рустам Мадумаров бир ой олдин яна қамоққа олинган.

Фақат бу гал Тошкент эмас¸ ундан беш минг километрча олисдаги Ҳонг Конгда.

2000-йилларда “Дадо” ансамбли солисти бўлган 46 яшар Рустам Мадумаров марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг узоқ йиллик партнëри¸ унинг собиқ эри.

У Гулнора Каримовага нисбатан давом этаëтган халқаро терговлардаги муҳим шахс.

Рустам Мадумаров Ўзбекистон Бош прокуратураси эълон қилган расмий маълумотга кўра¸ 2014 йил февралида қамоққа олинган.

Бош прокуратура Мадумаровни Гулнора Каримова аъзоси бўлган “уюшган жиноий гуруҳ” раҳбари деб эълон қилган. Мадумаров 2014 йил 24 май куни Ҳарбий суднинг ëпиқ мажлисида “узоқ йиллик” қамоққа ҳукм қилинган.

Фақат бу «узоқ йил»нинг айнан неча йиллиги айтилмаган. Рустам Мадумаровнинг қамоқ жазосини ўтаб бўлган-бўлмагани ҳақида расмий хабар йўқ.

Мадумаров ҳақидаги сўнгги расмий маълумот Британия прокуратурасига оид. Унга кўра¸ 2020 йил декабрида Рустам Мадумаров Ўзбекистонда ҳамон қамоқ жазосини ўтаëтган бўлган.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги манбалари Рустам Мадумаровнинг белгиланган қамоқ муддатини ўтаб¸ 2022 йил озодликка чиққанини билдирди.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати Озодликнинг Рустам Мадумаров айнан неча йил қамоқда ўтиргани¸ қачон чиқарилгани ҳақидаги саволига жавоб бермади.

Рустам Мадумаровнинг озодликдаги ҳаëти узоқ чўзилмади.

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор манбаларнинг Озодликка маълум қилишича¸ шу йил октябрь ойининг илк кунида Рустам Мадумаров Ҳонг Конгда қамоққа олинган.

Ўзбек қамоғидан чиққанига кўп бўлмаган Мадумаров Ҳонг Конгга ўз хоҳиши билан эмас¸ балки Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматидаги юқори лавозимли расмийлар буйруғи билан борган.

Унга Гулнора Каримовага алоқадор банк ҳисобидаги пулларни бошқа хусусий ҳисобларга ўтказиш миссияси юклатилган. Ҳонг Конгга Мадумаров ДХХнинг икки офицери ҳамроҳлигида Хитой ҳудуди орқали борган. У Хитой тасарруфидаги махсус маъмурий ҳудуд сифатида ўз қонунчилигига эга Ҳонг Конгга кириши билан қамоққа олинган.

“Аэропортда ушлашган. Ëнида борган икки ДХХчи Рустам ушланиши билан ўзларини уни танимасликка олиб¸ чиқиб кетган. Мадумаров Ҳонг Конгда пул ювиш билан шуғулланганликда айбланмоқда. Аввалига уни гаров пули тўлаб¸ олиб чиқаришга уринишди. Аммо Ҳонг Конг тарафи бунга кўнмади. Бир ойдан бери қамоқда”¸ деди Рустам Мадумаров қамалиши тафсилотларидан хабардор Озодлик манбаси.

ДХХчилар Мадумаровни нега айнан Ҳонг Конгга олиб борди?

2017 йил июлида Ўзбекистон Бош прокуратураси тергов давомида Мадумаров етакчилик қилган уюшган жиноий гуруҳнинг 12 давлат ҳудудида 1¸5 миллиард долларга яқин “легаллаштирилган маблағи” аниқланганини эълон қилган эди.

Бу рўйхатда Ҳонг Конг банкидаги 67 миллион доллар ва The Arch осмонўпар биносида ўшандаги нархи 15 миллион долларга чамаланган “пентхаус” ҳам бор.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар¸ Рустам Мадумаров ва Гулнора Каримованинг Standard Chartered Bankнинг Ҳонг Конгдаги филиалида очилган бир неча ҳисоб эгаси эканини кўрсатади. Бу ҳисобларда Мадумаров ва Каримованинг юзлаб миллион доллар пули сақланган.

Гулнора Каримова қатор халқаро жиноят ишларидаги асосий фигурантга айланганига 11 йил бўлади. Ҳозиргача унинг Швейцария банкларидаги бир миллиард долларга яқин маблағи музлатилди. Аммо Каримова ва Мадумаровларнинг Ҳонг Конг банкларидаги маблағи музлатилганига оид расмий маълумот йўқ.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати Каримованинг Ҳонг Конг банк ҳисобларидаги пулларини музлатиш ва ўзига қайтариш сўрови билан расман мурожаат қилгани ҳақида ҳам расмий хабар йўқ.

Ўтган йил ëзида Канаданинг The Globe and Mail нашри Каримованики экани айтилган Ҳонг Конгдаги квартиранинг 68¸4 миллион долларга сотилганини хабар қилди. Бундан¸ мазкур мулкнинг музлатилмаганини тушуниш мумкин.

“Ўғрини қароқчи урди”?

Расмий Тошкент Каримованинг Ҳонг Конгдаги пул ва бошқа бойликларини музлатиш ҳамда уларни Ўзбекистонга қайтариш сўрови юборган тақдирда ҳам¸ Швейцария ишида кўрилгани каби¸ жараëн йилларга чўзилaди.

Шу боис¸Озодлик манбалари таъкидича¸Ўзбекистон ДХХ сидаги айрим қудратли шахслар Рустам Мадумаров воситасида Каримова пулларини норасмий ўзлаштириш ва уларни бугунги ҳокимият тепасида ўтирганларнинг хусусий ҳисоб рақамларига ўтказиш операциясини уюштирган.

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов Гулнора Каримованинг музлатилган пуллари қандай ва кимга қайтарилиши борасидаги муҳокамаларда фаол қатнашиб келади. Илҳомов Рустам Мадумаровнинг қамоққа олиниши айрим Тошкент расмийларининг Ҳонг Конгдаги пулларни давлат бюджети эмас¸ балки шахсий чўнтакларга қайтариш режасини фош қилганини таъкидлайди.

– Давлатлар ўртасида ҳуқуқий масалаларда ўзаро бир-бирига кўмак кўрсатишни назарда тутувчи механизм мавжуд. Бу механизм ўғирланган деб ҳисобланган давлат маблағларини ўша давлатга қайтаришга имкон беради. Бу ҳолатда пуллар ёки активлар давлат бюджетига қайтади. Афтидан, Мадумаровнинг Ҳонг Конгга сафарини ташкил қилган одамларнинг нияти пулларни давлат бюджетига қайтариш ва уларни давлат эҳтиёжлари ёки ижтимоий лойиҳаларга ишлатиш бўлмаган. Улар пулларни шунчаки чўнтакка урмоқчи бўлган. Бўлган воқеадан бошқача хулоса чиқариш жуда қийин. Мақсад ўғирланган бу пулларни яна бир марта ўғирлаш бўлган!

Озодлик манбалари¸ Рустам Мадумаровни Ҳонг Конгга олиб бориш операциясини бевосита президент Шавкат Мирзиёев оиласининг ДХХдаги қудратли вакиллари уюштиргани¸ пулни ҳам айнан уларнинг ўзи олмоқчи бўлганини иддао қилди.

Ўзбекистон ДХХси раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Мирзиëевнинг қудаси¸ катта куëви Ойбек Турсуновнинг отаси генерал Ботир Турсуновдир.

Айни пайтда¸ Мирзиëевнинг иккинчи куëви Отабек Умаров ҳам ДХХ раисининг ўринбосари мақомидаги расмий. Умаров ДХХ таркибидаги Президент хавфсизлик хизматининг де-факто раҳбари деб ишонилади.

Озодлик журналистик суриштируви фош қилгани каби¸ мамлакатдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг барчасида Биринчи оила вакиллари юқори лавозимларни эгаллаган.

Озодлик манбалари бир-биридан мустақил равишда¸ Мадумаров воситасида Гулнора Каримова пулларини ўзлаштириш операциясига бевосита алоқадор шахс сифатида полковник Алижон Ашуров номини тилга олди.

Айтилишича¸ Фарғона вилояти ДХХсининг собиқ бошлиғи сифатида Биринчи оиланинг фарғоналик вакиллари ишончига кирган Ашуров¸ ҳозирда Ўзбекистон ДХХсининг Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи.

Айни пайтда¸ давлат тизимларидаги барча ички хавфсизлик бошқармаларининг Алижон Ашуровга бўйсуниши айтилади.

ДXХ Фарғона вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Алижон Ашуров (чапдан иккинчи)

Рустам Мадумаровни Ҳонг Конгга олиб борган иккала ДХХ офицери¸ воқеа тафсилотидан яхши хабардор мулозимга кўра¸ айнан Алижон Ашуров раҳбарлик қиладиган ички хавфсизлик департаментининг Музаффар ва Ойбек исмли офицерларидир.

ДХХ ички структурасидаги тайинловлар¸ ташкилий тузилма ва унинг раҳбарларига оид маълумот очиқланмаслиги боис¸ Озодлик Алижон Ашуров лавозими ва жорий ҳарбий унвони¸ қолаверса бу департамент ходимлари исми-шарифини расман тасдиқлаш имконига эга эмас.

Ўзбекистон ҳукуматига алоқадор расмийларнинг Озодликка шахси очиқланмаслик шарти билан билдиришича¸ Рустам Мадумаровнинг бундай “ноқонуний махсус операция”ни амалга ошириш учун юборилганда ҳибсга олиниши Тошкентда қаттиқ саросима уйғотган.

– Бу Ўзбекистон ҳукумати учун катта шармандалик. Аввалига нима қилишни билмай саросимага тушишди. Шу ҳафта бошида Ташқи ишлар вазирлиги Мадумаровнинг қамалиши бўйича Ҳонг Конг маъмуриятига норозилик нотаси юборди. Консуллик орқали унга адвокат тайинлашди. Тақдир ҳазилини қарангки¸ 2014 йили Мадумаровни Гулнора Каримова аъзо бўлган ОПГ (уюшган жиноий гуруҳ-таҳр.) раҳбари ва асосий пул ювғичликда айблаган Ўзбекистон прокуратураси ҳозир унинг халқаро пул ювиш жиноятига алоқаси йўқлигини исботлаш учун папка тўплаяпти. Мадумаровни нима қилиб бўлса ҳам Ўзбекистонга олиб келиш учун қаттиқ ҳаракат кетяпти.

Рустам Мадумаровнинг Ҳонг Конгда айнан қайси давлат сўрови билан қамоққа олингани¸ унинг учинчи давлатга экстрадиция қилиниш эҳтимоли бор-йўқлиги ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Ҳонг Конг полицияси Озодликнинг воқеа тафсилотларини аниқлаштириш учун юборган ëзма сўровига “индивидуал ишлар бўйича маълумот очиқланмаслигини” айтиш билан чекланди.

Ҳонг Конг Магистрат суди матбуот хизмати ҳам Озодликнинг Рустам Мадумаров иши бўйича юборган саволларига “no comment” дея жавоб қайтарди.

Озодлик манбалари Рустам Мадумаровга нисбатан пул ювиш айби қўйилаëтганини билдирди. Агар бу айб судда тасдиғини топса¸ у 14 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.

Гулнора Каримованинг “ишонган тоғи”

Рустам Мадумаров¸ Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларнинг тасдиқлашича¸ 2000-йилларда Гулнора Каримованинг ҳам шахсий ҳаëти¸ ҳам унинг бизнес империясида жуда муҳим ўрин тутган шахс.

Гулнора Каримова имзолаган ҳужжатда унинг 2002 йилдан Мадумаров билан бирга яшагани ëзилган. Мадумаров президент қизининг ишончини шу қадар қозонганки¸ у болалари вояга етмай ўлиб қолган тақдирда¸ Ислом ва Иманга боқувчилик қилиш ваколатини ҳам Мадумаровга васият қилган.

Каримованинг 2002 йилдан сўнг дунëнинг қатор давлатларида очилган муҳим оффшор компанияларининг номинал эгаси ҳам Рустам Мадумаров бўлган.

Хусусан¸ Ҳонг Конгда очилган Expoline Limited, Гибралтарда тузилган Swisdorn Limited каби оффшор компаниялар Рустам Мадумаров номига расмийлаштирилган. Гулнора Каримова Франция ва Ҳонг Конгдаги кўп миллион долларлик уйларни ана шу компаниялар орқали сотиб олган. Айни пайтда¸ Рустам Мадумаров бу компанияларнинг юзлаб миллионлик банк ҳисобларидан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эга бўлган.

Рустам Мадумаровни Гулнора Каримованинг собиқ эри дейиш учун ҳуқуқий асос ҳам бор. Зотан Каримова 2008 йилнинг 2 ноябрь куни Рустам Мадумаров билан расмий никоҳдан ўтган. Аммо бу никоҳ оила қуриш учун эмас¸ 2008 йилнинг 27 августида Каримова ва Мадумаров имзоланган никоҳ келишувида ëзилишича¸ “адвокатлар гуруҳи маслаҳати” асосида айрим молиявий схемаларни амалга ошириш мақсадида тузилган.

Никоҳ қайд этилишидан роппа-роса бир ой ўтиб¸ Каримова Мадумаров билан ажрашган ва 5 декабрь куни никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилган.

Никоҳ келишуви моҳияти ва унинг аксар моддалари Каримованинг бу схема орқали Рустам Мадумаров номида бўлган компаниялар мулки ва маблағини ўзига легаллаштирилган тарзда қайтариб олганини кўрсатади.

Никоҳ келишувида хусусан¸ Мадумаров ўз номига очилган компаниялар ҳисоб рақамидаги пулнинг 50 фоизи ëхуд 215 миллион долларини¸ қолаверса¸ 98 125 000 доллар пулни Каримова ҳисобига “беғараз” шаклда ўтказиб бериш масъулиятини олади.

Шунингдек¸ Каримова ва болаларининг нормал яшашини таъминлаш учун Мадумаров ажрашгандан кейинги 8 ой давомида Каримова ҳисобига ҳар ой 1 200 000 доллар ўтказишни ҳам бўйнига олади.

Ҳужжатлар¸ ажрашиш схемаси орқали Гулнора Каримова Мадумаров номидаги компания ҳисобларидан камида 322 725 000 долларни “қонуний” тарзда ўз ҳисобига ўтказганини кўрсатади.

Гулноранинг ўзи қаерда?

Гулнора Каримованинг қаерда¸ қандай аҳволда эканига оид сўнгги расмий маълумотни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова чиқарган. 2021 йил 8 октябрида у журналистларга Зангиотадаги 21-сонли умумий тартибдаги аёллар колониясида Гулнора Каримова билан учрашгани ва “ҳаммаси яхши”лигини айтган эди.

Каримованинг Швейцариядаги адвокатлари вакили ҳам сўнгги марта 2021 йилнинг 7-8 сентябрь кунлари мижози билан қамоқхонада учрашганини билдирган.

Шундан бери ўтган икки йил давомида Гулнора Каримованинг қизи Иман ва ўғли Ислом Каримовнинг онасини озод қилиш¸ унинг соғлиғи ëмонлашгани ҳақидаги мунтазам баëнотларни тўхтатгани кўрилади.

Бунинг ўрнига фақат 8 июль – Каримова туғилган кунида унинг ҳамон “тутқун”ликда қолаëтгани¸ яқинлари уни кўра олмаëтгани ҳақида қисқа пост чиқарилди¸ холос.

Лондонда яшайдиган Иман Каримова сўнгги ойларда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ўзбекистонга тез-тез сафар қилаëтгани¸ бувиси Татьяна Каримова билан бирга эканини кўрсатувчи суратлар қўймоқда. Ушбу суратларда Иман Каримова худди ўтмишдаги онаси Гулнора Каримова сингари гламур қиёфада намоён бўлади.

Озодлик манбалари иддаосича¸ Иман Каримованинг Ўзбекистонга серқатнов бўлиб қолгани сабаби ўта шахсий сир – онаси Гулнора Каримова шу йил ëзида уй қамоғига чиқарилган.

– Татьяна Акбаровна кўзи тириклигида Гулноранинг қамоқдан чиқарилишини Мирзиëевдан қайта-қайта сўраганидан сўнг¸ уни уй қамоғига чиқаришди. Албатта¸ Гулнора тармоқларда яна гапириб юбормаслиги учун хавфсизлик чоралари кўрилган. Ҳонг Конгдаги банкдан Мадумаров ўтказиши керак бўлган пул¸ аслида Гулноранинг уй қамоғига чиқиши учун тўлов эди.

Озодлик бу иддаони расман тасдиқлаш ëки инкор этиш имконига эга эмас.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматига сўров юбориш имкони йўқ – ДХХ ёпиқ идора – унинг на электрон почтаси ва на матбуот хизмати телефон рақамлари очиқ.

Бош прокуратура матбуот хизмати Рустам Мадумаровнинг Ҳонг Конгда қамоққа олингани ва Гулнора Каримованинг уй қамоғига ўтказилгани ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон Олий суди ва Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳам Рустам Мадумаровнинг қачон озодликка чиқарилгани¸ унинг хорижга чиқишига чеклов ëки тақиқ бўлган-бўлмаганига оид Озодлик саволларига жавоб бермади.

Манба: ozodlik.org