O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ëқилғисиз қолган Яккабоғ марказий касалхонаси ёпилди

Ëқилғисиз қолган Яккабоғ марказий касалхонаси ёпилди
151 views
10 February 2012 - 8:02

Об-ҳавонинг кескин совиб кетиши, газ ва электр таъминотининг йўқлиги боис Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани марказий касалхонаси беморларни қабул қилишни тўхтатди.

Яккабоғ туманидаги марказий касалхонанинг ёпилгани ҳақида хабарни етказган Озодлик манбасига кўра, унинг хотинини ҳам касалхонага қабул қилишмаган:

– Аёлим аввал грипп бўлди, у бу дори ичиб юрди, лекин баттар бўлди. Йўтали тўхтамай жуда мазаси қочиб қолди. Райондаги касалхонага олиб борсам, палаталар совуқ, бу ерда баттар бўлади, яхшиси уйда даволанг, деб қайтариб юборди, дейди исми сир қолишини сўраган манба.

Унинг айтишича, касалхонадаги беморларга ўн кун олдин жавоб бериб юборилган.

Озодлик бу хабар ортидан Яккабоғ туманидаги марказий касалхонаси билан боғланди. Ўзини таништирмаган дўхтир касалхона ёпилганини тасдиқлар экан, ҳали яқин кунлар ичида унинг очилиши гумон эканлигини айтди:

– Ҳа, балниса ёпилган. Фақат шошилинч хизмат кўрсатяпмиз, жарроҳлик талаб қилинадиган бўлса движокларни ёқиб ишлаймиз, бошқа касал ётқизганимиз йўқ. Чунки, шароит йўқ, совуқ. 10 февралгача дейишганди, назаримда яна чўзишса керак,  дейди касалхона шифокори.

Вилоятнинг бошқа туманларидаги қишлоқ касалхоналарида ҳам айни аҳволда. Бу ҳақда гапирган косонлик Шомуротнинг айтишича, беморлар совуқ касалхонадан кўра, уйларида ётиб даволанишни маъқул кўрмоқда:

– Свет ҳам йўқ, газ ҳам йўқ, совуқ, касаллар ётмайди. Менинг битта қўшним дўхтир, уйидан касалхона очиб олди. Ҳозир одамлар шунга келиб даволанаяпти, дейди Шомурот.

Чироқчи туманидаги қишлоқ касалхоналаридан бирида ишлаётган шифокор исми сир қолиши шарти билан ўз касалхонасининг электр қуввати кўрмаганига анча бўлганини айтади:

– Свет деган нарсани ҳамма эсдан чиқариб юборди. Движок жонимизга оро кираяпти, дейди бу шифокор.

Газ ва электр энергияси тақчил бўлиб турган айни кунларда Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида жойлашган аксарият касалхоналар движокларга таяниб қолган. Бироқ бу движокларга ҳам ҳар доим бензин топиб бўлмаслиги айтилади.

Қамаши туманида истиқомат қилувчи Ҳасан Чориев Озодликнинг ўтган дастурида, жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган беморлар касалхонага ўзлари билан бензин олиб боришларига тўғри келаётгани ҳақида гапирган эди.

ozodlik.org