“EM-guld” – Europa mästare (Европа устаси) – олтин мукофоти қитъада турли ижод ва спорт усталари учун тақдим этиладиган рағбатлантирувчи мукофот турларидан биридир. Бу йилги “EM-guld” мукофоти Швеция телевидениясининг “Uppdrag Granskning” (Вазифа текшириш) таҳлилий дастури ижодкорларига насиб этди. 17 апрель кунида швед Оммавий Ахборот Воситаларида (ОАВ) айни мавзу кенг ёритилиб, газеталарда дастурнинг уч нафар журналистлари суратлари пайдо бўлди.
Швед ОАВ да тағин Ўзбекистон Президжентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг номи пайдо бўлмоқда ва унинг Teliasonera билан ҳамкорликда амалга оширган афёраси яна кун тартибига келган. “Uppdrag gransknings” айни масалани таҳлил қилгани, бу билан швед жамоатчилигини жиноятдан огоҳ этгани билан нафақат Швецияда, балки бутун Европада ҳам машҳур бўлди, ҳар қалай дунё кўламини айтишдан бироз тийилганимиз ҳам маъқул.
Куни кеча Озодлик радиоси ҳам Гулнорага алоқадор Takilant дастидан Швециянинг Nordea банки ҳам жаримага тортилганлиги хабарини тарқатди (ozodlik.org).
“Гап Nordea банки ўз мижозларидан бири бўлган Takilant Ltd. ҳисоб рақамларидаги пуллар манбасини етарлича ўрганмагани ҳақида кетмоқда”. – дея хабар қилди радио. Нордея банкини Швеция солиқ бошқармаси (Skattevärket) 30 миллион швед кронаси миқдорида жарима тўлашга мажбур қилмоқда. Кўриб турганимиздек, жамият очиқ ва кучли бўлганида жавобгар томони “мен билмай қолибман”, деб жазодан омон қола олмайди. Бу каби ҳаққоний ишлашни ўзбек судларида мутлақ кўрмайсиз ҳам.
“CIRCOM Европанинг жойлардаги теле-радио дастурлари асоциациясидир”, – деб ёзади швед давлат телевидениясининг сайтида баён этилган хабарда, – “1994 йилдан буён у Европада энг яхши деб топилган дастурларни тақдирлаб келади” (svt.se/ug)
“Uppdrag granskning” йирик мобиль телефонлар оператори бўлган Teliasonera –нинг Ўзбекистонда режим билан ҳамкорлигини фош этди ва бу йилнинг энг яхши “журналистик тадқиқоти” учун ҳам айни мукофотга лойиқ топилди. Бу дастурнинг мукаммал чиқганлигининг исботи сифатида дастур муҳаррири бўлган Нильс Ҳэнссоннинг (Nils Hanson) аудиторлик текширувларини ҳам келтириш мумкин.
“Бу шуни кўрсатмоқдаки, бизнинг позицияларимиз мустаҳкамланиб бормоқда ва биз Европадаги журналистик тадқиқотлар олиб борувчи етакчи дастурлардан бирига айланди”. – дейди ишда танилиб қолган увчи кўзга Нильс Ҳенссон.
Ўзбекистон томони Швеция телевидениясининг бу дастурига нисбатан бирор муносабат билдира олгани йўқ. Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги айни мана шу таҳлилий дастурнинг кўрсатувлари сабаб, Швеция ҳукуматига ўз норозилик нотасини топширган эди. Бу ҳақида Озодлик радиоси шу йилнинг 4 январь кунида хабар тарқатганди. (ozodlik.org).
Гулнора Каримованинг Швейцарияда ва Швецияда олиб борган хуфёна ҳаракатлари ошкор этган Швеция телеканалининг бир таҳлилий дастури муаллифлари Европада энг илғор журналистлар мақомига эга бўлди.
“Ҳар ёмоннинг бир яхшилиги ҳам бор” дейдилар. Бу ёмонликнинг яхшилиги швед журналистларига насиб этди. На чора, муборак бўлсин деймиз!
Тўлқин Қораев
Швеция