Американинг Foreign Policy журнали ва The Fund for Peace жамоат ташкилоти дунё давлатларининг лаёқатсизлиги (Failed States Index) бўйича навбатдаги махсус рейтингни эълон қилди. Унга кўра Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон лаёқатсизлиги энг юқори бўлган давлатлар сирасига киритилди.
Ўнинчи маротаба чоп қилинаётган янги рейтинг натижаларига кўра Ўзбекистон 86,3 балл билан 48 ўринни эгаллаган ва энг лаёқатсиз давлат деб топилган. Ўтган йили мамлакат 44 ўринга лойиқ деб топилган эди.
Тожикистон бир йил ичида ўз ҳолатини бир поғонага яхшилаган. 2013 йилдаги 51 ўринга лойиқ деб топилган бўлса 2014 йилда 55 ўриндан жой олган ва бу йили 84,6 балл тўплаган.
Қирғизистон эса янги рейтингда ўз ҳолатини 10 поғонага юксалтирган. Ўтган йилги 48 ўриндан бу йили 58 ўринга кўтарилган Қирғизистонга жорий йилда 83,9 балл берилган.
Туркманистон эса лаёқатсизлар рейтингида 2013 йилги ҳолатидан етти поғона пасайиб 78,2 балл билан 74 ўринни эгаллади. Шу сабабли ҳам давлат ушбу рейтингда лаёқатсиз эмас, балки шунчаки “беқарор” давлат деб аталди.
Марказий Осиё давлатлари ичида Қозоғистоннинг ҳолати анча юқори бўлиб 68,5 балл билан 111 ўринга лойиқ деб топилган.
Энг тинч ва барқарор давлатлар учлигини бу йил ҳам ўтган йилдаги сингари скандинавия давлатлари бўлган Финляндия (178 ўрин), Швеция (177 ўрин) ва Дания (176 ўрин) эгаллаган. Мазкур давлатлардан сўнг рўйхатни Норвегия (175 ўрин), Швейцария (174 ўрин), Янги Зеландия (173 ўрин), Исландия (171 ўрин), Ирландия (170 ўрин) ва Австралия (169 ўрин) давом эттиради.
Энг ёмон давлатлар сифатида Жанубий Судан (1), Сомали (2), Марказий Африка Республикаси (3), Конго демократик республикаси (4) ва Судан (5) тан олинган.
ЎХҲ ахборот бўлими