Агар Фейсбукда дўстлигингизда бор бўлса, кўргандирсиз, ўзингизга рўбарў келгандир. Мен уни Турк дунёсидаги энг ғамгин инсон, деб ҳисоблайман. Ва мен ҳақсиз ҳам эмасман. Муҳаммад Солиҳ Бек – ўзбекистонлик. Мен учун Ўзбекистон Муҳаммад Солиҳ Бек орқали маъно касб этади.
У замонавий ўзбек шеъриятининг улкан борлиги, поэтик тафаккурнинг эркинликка тўлиб-тошган ифодасидир. Уни юртида жуда севишади. Пинҳона севишади. Уни очиқдан-очиқ севиш Ўзбекистонда тақиқланган. Илгари, Ислом Каримов даврида, бу тақиқ янада қаттиқроқ эди, ҳозир ҳам тақиқланган.
Муҳаммад Солиҳ Бекнинг юзи мазлум Турон жуғрофиясининг тасвирига ўхшайди. “Туронлилармиз биз, ишимиз оддий – салафлармиз биз; чўлларда ўсган бир алафмиз; қавмимиз бошига ангалкалафмиз”, каби бир тимсол.
Муҳаммад Солиҳ Бек Турк дунёси ва Ўзбекистонга бўлган садоқати йўлида хам ўз ғуруридан воз кечмади. Дардни юрагига йиғиб, 30 йилдан бери кўтариб юрса-да, ғурурини таслим этмади. Ўзбекистон соғинчи унинг учун дардга айланди ва у бу дардни шеърга айлантириб яшаяпти.
Фузулийнинг айтишича: “Can çıxır təndən könül zikri-ləbi yar eyləgəc; Tən bulur can yenlədən ol ləfzi təkrar eyləgəc”. (“Жон тандан чиқар, кўнгил зикри лаби ёр айлагач; тан такрор жон бўлади, у сўзни такрор айлагач”.)
Муҳаммад Солиҳ Бек жангу-жадалдан кўпикланиб оққан Турон ишқи эмас; қалбларга шеър каби оқаётган Турон севгисидир.
Муҳаммад Солиҳ Бек Туронни коррупция йўллари сингари эмас, балки буюк ва озод келажак сифатида севадиган инсондир.
Муҳаммад Солиҳ Бек жуда катта бир севгидир. Эркинликдир. Шу кадар буюкки, Ўзбекистонга сиғмади ва уни у ердан ҳайдаб чиқаришди:
“Ватан. Миллат. Номус.
Шу уч баландпарвоз тутқуга
Парчинланган ҳолда яшадим.
Ниҳоят қадар келиб вуқуга
Илк иккисин мендан узиб ташлади.
Бири билан қолдим бу заминда
У билан ўлчайман ҳар бир онимни
Олишлари учун уни ҳам мендан
Олишлари керак аввал жонимни”.
Муҳаммад Солиҳ каби инсонлар Турк дунёсига сургун руҳлар каби ярашади, тақиқланган китобдек, занжирланган Прометейдек, юртидан ҳайдалган бир устод, ва нихоят изтиробдек… ярашади.
Чунки Муҳаммад Солиҳ каби инсонларнинг ўзи бир озодликдир.
5.11.2024