O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хоразм сегоҳи

Хоразм сегоҳи
25,496 views
19 December 2023 - 12:32

(тўйхат)

1968 йил “Комилжон Отаниёзов куйлайди” номли видеофильм Ўзбекистон телевиденияси томонидан эфирга узатилгандан кейин жуда машҳур бўлиб кетди. Ҳофизнинг худо берган сеҳрли овози бор эди. Айниқса, унинг “Хоразм сегоҳи” ашуласи биз талабаларнинг қалбимизни буткул забт этганди. Ҳофиз ижросидаги бу ашула ҳатто тушларимизга кириб чиқар эди. Бу ашула Хоразм санъаткорларининг маҳоратини белгилайдиган мезон бўлиб хизмат қилган ва Комилжон Отаниёзов ижросидан кейин ҳам санъаткорларнинг етуклик даражасини белгилайдиган мезон бўлиб қолди.

Олийгоҳда ўқиган давримизда (1966 – 1971 йиллар) мен ва синфдошларимдан Муҳаммад Солиҳ, Қурол Султонов, Соли Тажимов ҳамда Соли Рўзимовлар пойтахтнинг Ракат маҳалласидаги “Тропическая” кўчаси (ҳозирги Муҳаммаджон Турсунов номли кўча) 21-уйда ижарада турганмиз. Кечқурун дарсларимизни тайёрлаб бўлгач, баъзи болалар уйқуга кетарди.

Мен эса бундай пайтлар Муҳаммад Солиҳ билан жўровозликда “Хоразм сегоҳи”ни авжига чиқариб ижро этишга уринардим. (Дарвоқе, Муҳаммад Солиҳнинг яхшигина ашула айтишини кўпчилик билишмаса керак).

У кайфияти яхши пайтлари “Хоразм сегоҳи”ни хиргойи қилишни хуш кўрарди: “Кел, бир “Сегоҳ”ни хиргойи қилайлик”, дерди менга. Солиҳнинг кучли овози бор эди. Машҳур ҳофиз ижросидаги “Хоразм сегоҳи” бизнинг санъатга, санъаткорларга баҳо беришдаги эстетик позициямизни белгилаган мезонлардан бири бўлган десам, хато қилмайман. “Хоразм сегоҳи”ни айтмаган кунимиз йўқ эди.

Бундай пайтларда хонадон эгаси болалар уришяптимикан деб, ҳадиксираб дераза олдига келар ва бизни бирпас томоша қиларди. Кейин “талаба комилжонлар”нинг ҳар кунги бақириғидан безган Тожихон ая: “Минг бақирсаларинг ҳам Комилжон бўлолмайсанлар! Ётинглар!”, дея танбеҳ беришдан чарчамасди.

Биз “Комилжон бўлолмаслигимизни” билардик, аммо “Хоразм сегоҳи”дан куч олардик, руҳимизни унда тоблардик. Менинг олим, дўстимнинг шоир ва кучли сиёсатчи бўлишида ҳофиз ижросидаги “Хоразм сегоҳи”нинг хам ўрни бор деб ўйлайман. Чунки, унинг оҳанги инсонни курашга даъват этади, иродасини мустаҳкамлайди, синовларда енгилмаслик кўникмасини шакллантиради.

Ёшлигимизнинг бу экстази йиллар ўтиб Муҳаммад Солиҳнинг ушбу манзумасида ўз ифодасини топди:

ХОРАЗМ СЕГОҲИ
Мен ўзимни куйга соламан. Шу қадимий куйга.
Мен бошимни шу қадимий кундага қўймоққа шошиламан.
Тиззаларим титраб, зинапоялардан кўтариламан.
Бу куй, бу иншоот баланд, о нақадар баланд – нақ осмоннинг рўпарасида!
Осмон қайрамоқда қиличларини.
Мен энг юксак нуқтага кўтариламан.
Фақат куйни тўхтатманг.
Кунда қўрқинчли эмас, мен учун.
Мен учун йиқилмоқ даҳшатли бу юксакликдан…
(1982)

Ҳақиқатан ҳам ниҳоятда юксак санъат намунасидир “Хоразм сегоҳи”. Бу қўшиқни Муҳаммад Солиҳ Болтиқбўйида, Даугава дарёси бўйида латиш шоирлари даврасида марҳум шоир Рауф Парфи билан ҳам хиргойи қилгани ҳақда ёзувчи Мурод Човушнинг шу ривоятини ўқигандим файсбукда.

“Рауф Парфи айтувди:
“Бир куни денгиз соҳили ёнидаги ўрмонда ўтирдик. Гулхан атрофида Болтиқбўйининг машҳур инсонлари бор эди. Улар бирма-бир Халқ қўшиқларидан айтиб бошлашди. Мен ўйлаб кўрсам битта ҳам қўшиғимизни ёддан билмас эканман, уялиб кетдим. Шунда Муҳаммад Солиҳ Халқ қўшиғидан айта бошлади. Атрофда жимжитлик чўккан эди. Фақат гулханнинг чирсиллаб ёниши эшитилар эди. Мен шунда шоирни қучоқлаб олгим келди. Бу қайси қўшиқ эди? Афсуски ёдда йўқ. Ёзиб олмаганмиз. “Шашмақом” ёки “Сегоҳ”дан эдими…”

Мурод Човуш
(https://www.facebook.com/Chovush/videos/275813235828371/)

ADABIYOT MANZARALARI
(http://uzxalqharakati.com/archives/49825)
Умуман Муҳаммад Солиҳ учун шеър, мусиқа, тасвирий санъат ҳаммаси битта стихия эди. У ҳар уч санъат турини ҳам битта севги билан севар эди. Бунинг зуҳуруни яқинда кўрдик. Муҳаммад Солиҳнинг тўсатдан ҳайкалтарошлик билан шуғулланганини эшитиб кўплар ҳайратланишди. Холбуки Муҳаммад Солиҳ тасвирий санъатга бўлган таважжухини унинг яқинлари жуда яхши билишарди. Мен ишонаманки, агар вақт ва шароити бўлганда эди, Солиҳ шеъриятдаги каби ҳайкалртарошликда ёки рассомликда ҳам юксак чўққиларни забт этган бўларди.

Санъатнинг турли соҳаларида бирданига ўзини кўрсатган шахсиятлар бизнинг асримизда деярли йўқ. Бу хусусият Реннесанс даври шахсиятларига хос бир фазилат, албатта. Аммо бундай потенциалга эга шахсиятлар бизнинг замонимизда яшаётганини Муҳаммад Солиҳ ўз фаолияти билан секин-аста намойиш қила бошлади. Унга ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

Қуйида Муҳаммад Солиҳнинг Туркияда машҳур ҳакима, раҳматли “Ойдин Солиҳ портрети” асарини илова қилаяпман.


“Хоразм сегоҳи” жисму жонингни тарк этмасин, дўстим Муҳаммад Солиҳ! Қанийди талабаликнинг олтин дамларини эслаб, яна бир “Сегоҳ”ни хиргойи қилсак. Шундай дамлар келишини Аллоҳдан илтижо қилиб сўрайман.

Муҳаммад Раҳим