O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

HRW Россияда муҳожирларнинг оммавий ушланишини қоралади

HRW Россияда муҳожирларнинг оммавий ушланишини қоралади
173 views
09 August 2013 - 12:14

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Right Watch Россияда оммавий равишда муҳожирларнинг тутилаётгани ва ушлаб турилганини “ирқий кўзқараш, асоссиз ушлаб туриш ва муваққат жамлоқлардаги ёмон шароитлар” дея танқид қилмоқда.

130809054045_golyanovo_migrants_304x171_rianovosti

Муҳожирлар учун жамлоқ

Ҳозирда юзлаб муҳожирлар махсус жамлоқларга тўпланган ва ноинсоний шароитларда тутиб турилмоқда.

Россия зудлик билан бу каби қўлга олиш ва тутиб туриш амалларини тўхтатиши керак, муҳожирларга инсоний муносабат кўрсатмоғи лозим, дейилади инсон ҳуқуқлари ташкилотининг баёнотида.

Москва полициясининг ўтган ой охирларида муҳожирларга қарши бошлаган амалиёти оқибатида 4000 дан ортиқ киши қўлга олингани хабар қилинади.

Улар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Ветнам, Сурия, Афғонистон, Марокаш, Миср ва Қирғизистон фуқаролари бор.

“Бу йирик “тозалаш” амалиёти тўлалигича Россиянинг халқаро қонунлар қаршисидаги маъсулиятига зиддир”, – дейди HRW Россия дастури директори Татяна Локшина.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Россия ҳукумати қўлга олинган ҳар бир шахснинг фундаментал ҳуқуқларини ҳурмат қилиши керак.

Ташкилот ҳозирга қадар давом этаётган “тозалаш” амалларидан хавотирларини изҳор этган.

HRW ташкилоти ходимлари славян кўринишида бўлмаган шахсларни Россия полицияси Москва марказий метро бекатларини тўхтатиб текшираётганига гувоҳ бўлишган.

Ташкилотга кўра, бу аниқ этник кўзқараш асосига қурилган бир амалиётдир.

Ноинсоний шароитлар

130807153716_migrans_in_russia_304x171_afp_nocredit

Полиция “этник кўзқараш” асосида ишламоқда

Ҳужжатларсиз муҳожирлар ва жиноятчилик мавзуси Сентябрда кечиши кўзланган Москва ҳокимлиги учун сайловолди курашининг марказига чиққан.

Муҳожирларга қарши бу йирик амалиётга шимолий қовқозлик шахс яқинларининг гўё полициячини калтаклагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Полиция идоралари ва муваққат ҳибсхоналар тўлиб кетгани учун мулозимлар қўлбола палатка жамлоғи тиклашга қарор қилганлар.

Бу ерда электр энергияси ва алоқа йўқ, ташкилотга кўра, санитария вазияти абгор, озиқ -овқат яхши эмас ва ювинадиган сув етарлича берилмаяпти.

Махсус амалиётлар чоғида қўлга олинган муҳожирларга на таржимон ва на ҳимоячи берилади.

Шунингдек, ташкилотга кўра, уларнинг аксарияти ўз яқинларини вазиятдан огоҳ этишмаган ва бунга изн берилмаган.

Қўлга олинганларнинг баъзилари бошпана изловчилар ва ёки Россияда муқим яшаш ҳуқуқига эга бўлган шахслардир.

Россия омбудсмени Владимир Лукин матбуотга жамлоқлардаги санитария вазияти ёмон эканини айтган.

“Муҳожирлик ва ҳуқуқ” тармоғи раҳбари Светлана Ганнушкина айни жамлоқни бориб кўрган ва HRW ташкилотига, «вазият ноинсоний» деб айтган.

“Этник асосларга эга бўлган бу оммавий қўлга олиш амалиётини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Агар мулозимлар Москвада хавфсизликни яхшилаш ва тартибни тиклаш режаларида жиддий бўлишса, унда улар жиноятчиликка қарши курашга кўпроқ эътибор беришлари керак. Муҳожирларни балогардон қилиб кўрсатиб, жамоатчилик норозилигидан қочиб қолиш ҳаракатини тўхтатишлари лозим”, – деб айтган Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Россия дастури директори Татяна Локшина.

bbc.co.uk/uzbek