O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

HRW: Ўзбекистондаги вазият таҳлили 2014

HRW: Ўзбекистондаги вазият таҳлили 2014
17 views
27 January 2014 - 16:39

167455549_460x200Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бобида бу йил бирор жиҳатдан ижобий силжиш бўлгани йўқ.

Мамлакат ҳамон мустақил текширувга ёпиқ. Сўз эркинлиги бағоят чекланган. Ҳуқуқ ҳимоячилари тазйиққа олинади. Хорижда яшаётган фаоллар ҳам турли йўллар билан босимга учрайди. Эркин эътиқод қилганлар жазога тортилади. Катталар ва болаларни мажбуран ишлатиш амалиёти давом этмоқда.

Жиноятга қарши курашувчи тизимларва жазони ўташ муассасаларида қийноқлар мунтазам равишда қўлланади. Жорий йилнинг апрел ойидан эътиборан Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Ўзбекистон турмаларига кирмай қўйди. Чунки ташкилот бу ташрифларни ўз меъёр-талабларига биноан амалга ошира олмайди, хусусан ёрдамга муҳтож маҳбуслар билан учрашиб, улар билан алоҳида, бегона одамнинг гувоҳлигисиз гаплашиш мумкин эмас.

Вазият қанчалик оғир бўлмасин, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашга уринди, айниқса Афғонистондаги уруш юзасидан ҳамкорликни давом эттирди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз фаолияти учун қамалиши ва қийноққа солиниши мумкин. Ҳукумат халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва хорижий матбуотга Ўзбекистонда ишлашга йўл бермай келмоқда.

Республикада ўнлаб ҳуқуқбонлар сохта айбловлар билан панжара ортида ва яна бир неча фаолга қарши жиноий ишлар очилган. Айни дамда қамоқда ўтирганлардан: Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулҳумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Носим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Турабой Журабоев, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Дилмурод Саидов, Неъматжон Сиддиқов ва Аъзам Турғунов.

Тинч йўл билан мухолифатда бўлган ва айнан сиёсий фаоллиги сабаб судланиб жазоланаётганлардан: Муҳаммад Бекжонов, Ботирбек Эшқўзиев, Руҳиддин Фахриддинов, Хайрулло Ҳамидов, Баҳром Ибрагимов, Мурод Жўраев, Даврон Қобилов, Матлуба Каримова, Самандар Қўқонов, Ғайрат Меҳлибоев, Эркин Мусаев, Юсуф Рўзимуродов, Рустам Усмонов, Равшанбек Вафоев ва Акром Йўлдошев. Улар орасида кўплари оғир касал ва қийноққа солингани ҳақида маълумотлар бор.

17-январ куни Хоразмда сиёсий фаол Валерий Назаров уйи олдида аянчли ҳолда топилган. У кучли дорилар таъсири остида экани аён бўлган. Назаров ҳатто гапира олмай қолган. У 2012-йилнинг 7-декабридан бери қидирилаётган эди. Ўша куни у Конституциянинг 20 йиллиги олдидан мухолифат намойишига қатнашиш учун чиқиб кетган. Ундан сал олдин эса Назаровнинг уйи атрофини хавфсизлик органлари ходимлари ўраб олган. Сафдошларининг айтишича, фаол бедарак кетганида аслида руҳан касалхонада сақланган.

25-феврал куни Фарғонада ҳуқуқбон Неъматжон Сиддиқовнинг уйига 25 киши бостириб кириб, уни ва уч ўғлини дўппослаган. Воқеадан бир неча кун олдин Сиддиқов Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида маҳаллий мутасаддилар яширин, ноқонуний мол олиб ўтиш тизимига эга экани ҳақида маълумот тарқатган. Милиция Сиддиқов ва унинг оиласига нисбатан жиноят амалга оширилаётганини билса-да, бирор чора кўрмаган. Кейинроқ эса унинг ўзини ва ўғлиларини зўравонликда айблаб қамоққа олишган. Май ойида улар судга тортилиб, олти йилга озодликдан маҳрум этилди.

Июн ойида Ўзбекистон ҳукумати қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Толекан Исмоиловани Тошкент аэрпортидан депортация қилиб юборди. У мамлакатга киритилмади. Қорақалпоғистонда эса қамоқдаги журналист Солижон Абдураҳмоновнинг озод этилишини талаб қилаётган фаол Эргашбой Раҳимов ҳақоратда айбланиб, 30 кундан ошиқ вақт мобайнида ҳибсда ўтириб чиқди.

Август ойиа 60 ёшли Бобомурод Раззоқов, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Бухоро вилоятидаги вакили, одам савдосига алоқадорлик айблови билан тўрт йилга кесилди. 23-август куни Жиззахда 75 ёшли фаол Тўрабой Жўрабоев беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Май ойида қамоққа олинган бу шахс пора олганликда айбдор деб топилган. Даъвогарлар шикоятини қайтиб олган лекин жиноий иш бекор қилинмаган. Жўрабоев аслида коррупцияга қарши курашиб ном қозонган фаол.

Июл ойида Тошкент шаҳарсуди ҳозирда Францияда яшаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Атаева, унинг отаси ва укасини 6, 7 ва 9 йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарди. Судланувчиларнинг бирортаси ватанда эмас. Уларга молиявий товламачилик айби қўйилган. Прокуратура бу шахсларни огоҳлантирмаган ва суд уларсиз ёпиқ ва яширин тарзда ўтган.

Сентабр ойида Хоразмда журналист Сергей Наумов ҳибсга олинди. Нозик сиёсий ва ижтимоий мавзулардаги, хусусан этник камситишлар ҳақидаги танқидий мақолалари билан танилган мустақил мухбир “саҳналаштирилган” жиноятда – кўчада бир аёлга ҳужум қилганликда айбланган. Наумов 12 кун қамоқда сақланган, ҳуқуқлари топталган, унга адвокат олиш имконияти берилмаган.

Андижондаги қатлиом

Саккиз йилдирки, ҳукумат Андижон шаҳрида юзлаб одамлар қандай нобуд бўлгани юзасидан мустақил текширув олиб боришга йўл бермай келмоқда. 2005-йилда маҳаллий тадбиркорлар терроризмда айбланиб судланар экан, норози омма намойишга чиққан ва вазият мураккаб тус олиб, воқеа қонли тугаган эди. Ҳукумат ғалаённи куч билан бостирган. Юзлаб инсонлар ўлдирилган. Гувоҳларнинг кўпи судланди, бу борада оғиз очган фуқаролар жазоланди.

Бу йилнинг 13-майида ҳуқуқбонлар Елена Урлаева ва Аделаида Ким Тошкентда бу фожиа қурбонларини хотирлаб, шаҳардаги ёдгорликлардан бирига гул қўймоқчи бўлганида, органлар уларни олиб кетган ва сўроқ қилган.

Адлия ва қийноқлар

Ўзбекистон ҳибсхона ва турмалари – қийноқлар макони. Қийноқлар – маҳбусни жиноятга иқрор қилдириш усули. Қаттиқ таёқлар ва пластмасса бутилкалар билан уриш, қўл ва оёқдан осиб қўйиш, жинсий тажовуз ва азоблаш – кенг тарқалган ҳоллар.

2008-йилда “habeas corpus” таништирилганидан бери вазият ижобий томонга ўзгарди дейишга асос йўқ. Ҳибсга олинган шахс кўп ҳолларда суд олдига ўз вақтида келтирилмайди ва расмий айбловсиз панжара ортида сақланади. Қонунга зид равишда уларга адвокат берилмайди. Сиёсий жиҳатдан нозик ишларда айбланган фуқароларни ҳимоя қилиб танилган адвокатлар, 2009-йилда уларнинг мустақил уюшмаси бекор қилиниб, ҳукумат назорати остида янги кенгаш тузилгач, лицензиядан айрилган.

Ҳукумат қийноқларга йўл қўйилмайди, дея ҳақиқатни инкор этиб келади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқларга қарши махсус вакили 2003-йилда берган тавсиялар тадбиқ этилмаган ва ўтган 10 йил ичида турли халқаро ташкилотларнинг маслаҳат ва йўриқномалари ҳам четга сурилган.

Раҳбарият қийноқлар юзасидан даъволарни изчил текширмайди. HUMAN RIGHTS WATCH эса қийноқлар, жумладан қамоқхоналардаги ўлим ҳоллари ҳақида ишончли маълумотлар олишда давом этмоқда. Жорий йилнинг март ойида Тошкентда 16 ёшли Григорий Григорьев, ҳуқуқ ҳимоячиси Лариса Григорьеванинг ўғли, ўғриликда айбланиб судланган. Судя айбланувчининг дардини эшитмаган. Аслида Григорьев милиция томонидан дўппосланган ва куч билан жиноятга иқрор қилинган.

Июн ойида Урганчда протестант насроний Сардорбек Нурметовни китоб билан боши ва кўкрагига қаттиқ уришган. Оёқлари ҳам жароҳатланган тақводор касалхонага яқинлаштирилмаган. Унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаган. Нурметов милицияга шикоят қилганида, унинг ўзини уйида ноқонуний диний китоблар сақлаганликда айблашган.

Мажбурий стерилизация

HUMAN RIGHTS WATCH эга ишончли маълумотларга кўра, икки ва ундан ортиқ фарзандли оналар туққанидан кейин айрим ҳолларда мажбуран бепушт қилинган. Бу воқеалар қишлоқ жойларда кузатилган. Баъзи ҳудудларда шифокорлар аёлларни босим остига олган. Зарур маълумот берилмаган ҳолда ва тиббий жиҳатдан хавфли шароитда жарроҳлик амалиёти олиб борилиб, оналар рози бўлмаса-да, стерилизация қилингани маълум.

Диний эркинлик

Ҳукумат эркин эътиқод қилишга ҳаракат қилган мусулмонларни таъқиб этиб, уларни асоссиз қамашда давом этди. Маҳбуслар қийноққа солинди. Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳи апрел ойида чиқарган таҳлилномага кўра, мамлакатда тақрибан 12 минг киши “диний экстремизм” деган мавҳум айбловга биноан қамоқда ўтирибди ва 200 дан зиёди бу йил судланган.

Турк уламоси Саид Нурси қолдирган тариқатни ўрганган мусулмонлар исломий экстремизмда айбланиб қамоқда. Шунингдек, ҳукумат тинч йўл билан диний фаолият олиб борган насронийларга жарима солади, уларни ноқонуний дарсларда айблаб, жазолайди.

Диний сабаблар билан қамалганлар одатда қамоқхонада тартиб-қоидани бузганликда айбланиб, жазоси узайтирилади. Бу эса суд адолатли равишда чиқарадиган ҳукм эмас. Бундай асоссиз қарорлар ҳукумат диндор маҳбусларни турли баҳоналар билан озодликка чиқармасликка ҳаракат қилаётганини англатади.

Мажбурий меҳнат

Ўзбекистонда болаларва катталар ёппасига пахтага олиб чиқилади. Бир миллиондан ошиқ киши ва ўқувчилар, 15-17 ёш орасидагилар, айрим ҳолларда эса ҳатто 9 ёшлилар ҳам кузда қарийб икки ой мобайнида пахта теради. Меҳнаткашлар аксарият ҳолларда далада оғир шароитларда яшайди, санитария талабларига риоя қилинмайди, ичимлик суви танқис. Турли касалликлар тарқалади, одамлар ишдан ва ўқишдан қолади. Теримчилар кундалик нормани бажариши керак, аммо уларга бунинг учун жуда оз ҳақ тўланади. Айрим ҳолларда умуман тўланмайди.

Халқаро босим остида ҳукумат эндиликда пахта далаларига камроқ болаларни олиб чиқмоқда. Бунинг ўрнига ўсмирлар ва катта ёшдагиларнинг сони оширилган. Мажбурий меҳнат жамият ҳаётига кўп жиҳатдан салбий таъсир кўрсатади. Зарур хизматлар кўрсатиш секинлашади ёки умуман тўхтаб қолади. Чунки шифокорлар, тиббий ходимларва давлат муассасаларининг бошқа хизматчилари пахта тераётган бўлади. Ўқитувчилар ҳам теримда. Ҳаммадан квотани бажариш талаб қилинади.

Йиллар давомида теримни кузатишга рухсат ололмаган Халқаро Меҳнат Ташкилоти 2013-йилда чекланган тарзда мониторинг қилишга муваффақ бўлди. Бироқ унга фақат болалар тераяптими ёки йўқлигини кўриш ва буни ҳукумат вакиллари билан биргаликда текшириш имконияти берилди. Миссия мустақил равишда маълумот йиға олмади, теримчилар билан эркин гаплаша олмади ва натижада унингякуний ҳисоботи ҳақиқатни қанчалик акс эттириши мумкинлигига ишонч пасайди.

Муҳим халқаро ўйинчилар

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бобида бирорхалқаро орган билан ҳисоблашмайди ва бунинг учун уни ҳеч бир томон жавобгарликка тутаётгани йўқ. 11 йилдирки, БМТнинг бирор махсус вакили бу давлатга киритилмаган. Ўзбекистон бу ташкилот берган тавсия ва кўрсатмаларга бефарқ. Апрел ойида республика расмийлари Умумбашарий Даврий Муҳокама (Universal Periodic Review) пайтида шуни кескин таъкидладики, “Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар йўқ”. Шунингдек, уларнинг айтишича, Андижон иши ёпилган ва ҳукумат бу борада ҳеч ким билан гаплашмайди. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни тузатиш йўлида берилган тавсияларнинг кўпи Ўзбекистон ҳукумати назарида ўринсиз, яъни реал ҳолатга тўғри келмайди.

Европа Иттифоқининг бу масаладаги позицияси заиф. Ўзбекистонда ҳуқуқ ва эркинлик қанчалик топталмасин, блок бу борада на очиқ гапиради, на ташвиш билдиради. Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 2010-йилда қабул қилган ҳужжатда ислоҳотларга чақирган, лекин Ўзбекистон уни писанд қилмаган. Шунга қарамай блок бирор чора кўрмади. 2012-йилда Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кетрин Эштон Тошкентга борганида республикада инсон ҳуқуқлари нақадар поймол этилиши ҳақида жамоатчилик олдида ҳеч нарса демади.

АҚШ ҳукумати ҳам Ўзбекистоннинг ҳуқуқбузар ҳукумати билан бу борада жиддий гаплашмади. Обама маъмурияти учун Ўзбекистон орқали ўтадиган Шимолий Таъминот Тизими ўта муҳим. 2009-йилдан буён бу йўналишдан Афғонистонга ноҳарбий юк ташилади.

2004-йилдан бери АҚШ Конгресси Тошкент билан алоқаларни чеклаб қўйган эди. Инсон ҳуқуқларига доир аҳвол талабга жавоб бермаслиги боис ва 2005-йилда Андижонда содир этилган қатлиом кетидан ҳамкорлик янада чекланган эди. Лекин 2012-йил бошида Обама маъмурияти бу чекловларга истисно тарзида Ўзбекистонга ҳарбий кўмак кўрсата бошлади. Конгресс бунга рухсат берди.

Давлат департаменти Ўзбекистонни одам савдосига қарши курашда жуда суст ҳаракат қилаётган давлат деб ҳисоблайди ва мажбурий меҳнат ҳамон бутун тизимни қамраб олган муаммо экани сабаб бу йил уни ўз махсус рўйхатида энг паст поғонага туширди. Аммо Обама маъмурияти давлат хавфсизлигини таъминлаш шуни талаб қилади дея Тошкентга нисбатан санксияларнинг тегишли қисмларини бекор қилган.

HUMAN RIGHTS WATCH